ИМОНЛАРИГА ЭРГАШИНГЛАР
У билан бирга яна етти киши сақланиб қолди
ЁМҒИР шиддат билан қуйган сари, Нуҳ пайғамбар ва унинг оиласи бир-бирларини қаттиқ қучоқлаб ўтиришибди. Милтиллаётган лампамойнинг шуъласи уларнинг чеҳраларини ғира-шира ёритиб турибди. Катта очилган кўзлари билан улар кеманинг томи ва деворларига жала қуяётганини тинглаб ўтиришибди. Атрофни ҳайратда қолдирадиган шовқин қамради.
Нуҳ севимли оила аъзолари бўлмиш садоқатли хотини, учта жасоратли ўғиллари-ю уларнинг хотинларининг чеҳраларига боқади ва шубҳасизки қалби чуқур миннатдорлик ҳиссига тўлади. Эҳтимол у, ушбу зимистон кунларда, яқинлари соғ-омон ва ёнида эканидан тасалли топаётгандир. Албаттаки, ибодати шиддатли ёмғирнинг шовқини узра эшитилсин деб, у баланд овозда оиласи учун Худога миннатдорлигини изҳор қилди.
Нуҳ кучли имон эгаси бўлган. Нуҳнинг имони туфайли Худованд Яҳова унга ва оиласига ҳимоя ато этган (Ибронийларга 11:7). Бироқ бу, ёмғир бошланди, энди улар имонни намоён этишлари керак эмас, деганими? Йўқ албатта. Чунки келажакдаги оғир кунларда улар бундай фазилатга ҳар қачонгидан кўра муҳтож эдилар. Бугунги қийин дамларда бизга ҳам кучли имон керак. Шундай экан, келинг, Нуҳнинг имонидан нимани ўрганишимиз мумкинлигини кўриб чиқайлик.
«ҚИРҚ КЕЧАЮ ҚИРҚ КУНДУЗ»
«Қирқ кечаю қирқ кундуз тинмай ёмғир ёғди» (Ибтидо 7:4, 11, 12). Сув сатҳи тобора кўтарилди. Нуҳ, Худоси Яҳова бир вақтнинг ўзида солиҳларни ҳимоя қилиб, фосиқларни жазолаганини ўз кўзи билан кўрди.
Тўфон, фаришталар орасида юз берган исённи бартараф қилди. Кўпгина фаришталар Шайтон тарқатган худбин нуқтаи назардан заҳарланиб, осмондаги «маконини» тарк этишди ва аёллар билан жинсий алоқада бўлишди. Натижада, улардан нефилимлар деб аталмиш девқомат фарзандлар дунёга келди (Яҳудо 6; Ибтидо 6:4). Бундан Шайтон роса хурсанд бўлгани шубҳасиздир. Чунки бу исён, Яҳованинг ер юзидаги барча ижодларининг гултожи бўлмиш одамзоднинг қирилиб кетишига олиб келиши мумкин эди.
Сув сатҳи ошгани сайин, исёнкор фаришталар қиёфасини ўзгартириб, руҳий оламга қайтиб кетишди ва бундан кейин ҳеч қачон инсон қиёфасига кира олишмасди. Бу ёвуз фаришталар, тўфонда хотинлари ҳамда болаларини ташлаб кетишди, натижада улар бошқалар билан бирга ўлиб кетишди.
Бундан деярли етти аср олдин Худованд Яҳова, Ханўх пайғамбар орқали ёвуз ва бетавфиқ одамларнинг йўқ қилиниши ҳақида огоҳлантириб келган (Ибтидо 5:24; Яҳудо 14, 15). Нуҳнинг кунларига келиб, одамлар ер юзини хароб қилишди ва уни зўравонликка тўлдириб, янада разиллашиб кетишди. Энди эса уларнинг қирилиб кетиш вақти келди. Хўш, бундан Нуҳ ва унинг оиласи хурсанд бўлишдими?
Йўқ! Қолаверса раҳмдил Тангри ҳам бундан қувонмаган (Ҳизқиё 33:11). Аллоҳ Яҳова иложи борича кўпроқ инсонлар қутқарилиши учун барча нарсани қилди. Аввал У, Ханўхни огоҳлантириш учун юборди, кейин эса Нуҳга кема қуришни буюрди. Нуҳ ва унинг оиласи ҳамма одамларнинг кўзи олдида бундай улкан лойиҳани ўнлаб йиллар мобайнида бунёд этишди. Бундан ташқари, Тангри Яҳова Нуҳ пайғамбарга «адолат йўлини хабарлаб юриш» вазифасини топширди (2 Бутрус 2:5). Ундан олдин яшаган Ханўх каби, Нуҳ ҳам бўлажак ҳукм ҳақида одамларни огоҳлантирди. Хўш, улар бунга қандай муносабат кўрсатишди? Бўлиб ўтган воқеаларни осмондан кузатган Исо, кейинчалик Нуҳ давридаги одамлар ҳақида: «Тўфон келиб, барини қириб ташламагунча, улар парво қилишмаган»,— деб айтди (Матто 24:39).
Келинг, Яҳова кеманинг эшигини ёпганидан кейин, Нуҳ ва унинг оиласи илк 40 кунни қандай ўтказганини бир тасаввур қилайлик. Кундан-кунга шиддатли ёмғир кеманинг томига урилиб ёғаётган пайтда, саккизта одам ҳар хил юмушлар билан банд эди. Улар бир-бирларига ғамхўрлик қилишар, уйларини саранжом-саришта сақлашар ҳамда ҳайвонларни боқишар эди. Бир маҳал, улкан кема жойидан қўзғалиб, сузиб кетди! Сув сатҳи ошгани сайин кема чайқала-чайқала, «ердан юқорига кўтарилди» (Ибтидо 7:17). Қодир Тангри Яҳова ажойиб кучини қандай намоён этганини бир тасаввур қилинг-а!
Нуҳ пайғамбар Аллоҳдан миннатдор бўлгани муқаррар. Боиси, унинг ва оиласининг ҳаётлари сақланиб қолган ҳамда Яҳова раҳмдил бўлиб, барча инсонларни тўфон ҳақида огоҳлантириш учун улардан фойдаланган. Нуҳ ва унинг оиласи заҳмат чекиб меҳнат қилишаётганда, уларнинг уринишлари беҳуда бўлиб туюлгандир. Одамлар ниҳоятда бепарво бўлишган! Бир ўйлаб кўринг, эҳтимол Нуҳнинг ака-укаларию опа-сингиллари ва жиянлари бўлгандир. Лекин улардан бирортаси унинг сўзларига парво қилмади. Фақатгина яқин қариндошлари унга қулоқ солишди (Ибтидо 5:30). Энди, бу саккизта киши кеманинг ичида хавфсизликда эди ва одамларда тирик қолиш имкони бўлиши учун қилган ҳамма ҳаракатларини эслаб, тасалли топишгани турган гап.
Нуҳнинг давридан бери Тангри Яҳова ўзгармаган (Малаки 3:6). Исо алайҳиссалом айтганидай, бизнинг замонамиз ҳам кўп томонлари билан «Нуҳ пайғамбар даврига» ўхшаш бўлади (Матто 24:37). Биз, катта аҳамиятга эга ва шу билан бирга оғир даврда, бу разил дунёнинг йўқ бўлиш вақтида яшаяпмиз. Бугунги кунда ҳам Худонинг халқи, тинглашни хоҳлаган барча инсонларга огоҳлантирувчи хабарни етказишмоқда. Сиз-чи, ушбу хабарга қандай муносабат билдирасиз? Айтайлик, сиз бу ҳаётбахш хабарни қабул қилдингиз, бошқалар билан ҳам уни баҳам кўрасизми? Нуҳ ва унинг оиласи бунда бизга аъло ўрнакдир.
«СУВДАН ОМОН ҚОЛГАН ЭДИ»
Кема сув тўлқинлари бўйлаб сузган маҳалда, унинг ичидагилар, катта-катта ёғочлар ғарч-ғурч қилиб ғичирлаётганини эшитишаётгандир. Хўш, Нуҳ кема сув тўлқинларига бардош беролмай, бузилиб кетиши ҳақида ташвишланганмиди? Асло. Бугунги кунда, шу каби шубҳалар ҳамма нарсага ишончсизлик билан қарайдиган одамларда пайдо бўлиши мумкин, аммо Нуҳ бундайлардан эмас эди. Муқаддас Китобда: «Имони билан Нуҳ пайғамбар... кема қурган»,— деб ёзилган (Ибронийларга 11:7). Қизиқ, қандай имон билан? Яҳова Таоло, Нуҳ ва у билан бирга бўлган барча тўфондан омон қолишини ваъда қилиб, ўзгача шартномага ўхшаган аҳд тузган (Ибтидо 6:18, 19). Наҳотки, коинот, ер юзи ва бутун жонзотни яратган Шахс кемани сақлаб қолишга қодир бўлмаса? Албатта, У қодир! Нуҳ, Худованд Яҳова Ўз ваъдасини бажаришига ишонч ҳосил қилган. Айнан шундай бўлди! Нуҳ ва унинг оиласи «сувдан омон қолган эди» (1 Бутрус 3:20).
40 кун ва 40 кеча ўтгач, ёмғир тинди. Бизнинг календаримизга кўра, бу воқеа милоддан аввалги 2370- йилнинг декабрь ойида юз берди. Бироқ Нуҳ оиласининг кемадаги саёҳати ўз якунига етмади. Бу кеманинг ичида кўпдан-кўп жонзотлар бор бўлиб, ёлғиз ўзи жаҳон океанида, энг баланд тоғларнинг чўққилари устида сузиб юрган (Ибтидо 7:19, 20). Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Ҳом ва Ёфаснинг зиммасига нақадар оғир вазифа юкланганини бир тасаввур қилинг. Улар ҳайвонларни боқишлари, уларни даволашлари ва тоза сақлашлари керак эди. Шубҳасизки, ёввойи ҳайвонларнинг бари кеманинг ичига бўйсуниб киришларига ғамхўрлик қилган Шахс, улар тўфон пайтида ҳам ювош бўла олишларига ҳисса қўшганa.
Нуҳ, кемада бўлаётган барча ҳодисани батафсил ёзиб қўйгани муқаррар. У ёмғир қачон бошланиб, тугаганини аниқ қилиб ёзди. Қолаверса, у сувлар 150 кун давомида ер юзини қоплаб турганини ҳам айтди. Охири, сувлар камая бошлаб, кунларнинг бирида кема ҳозирги Туркия ҳудудидаги «Арарат тоғи чўққиларига» астагина тўхтади. Бу, милоддан аввалги 2369- йилнинг апрель ойида бўлди. 73 кун ўтгач, июнда тоғларнинг чўққилари кўринди. Уч ойдан кейин, сентябрда Нуҳ кема томининг бир қисмини бузмоқчи бўлди. Бу оғир иш мукофотлангани аниқ, чунки ўшанда кеманинг ичига қуёш ёруғи ва тоза ҳаво кирди. Бундан олдин, Нуҳ ер юзи яшаш учун қанчалик яроқли эканини текширишни бошлади. Аввал у, қарғани кемадан чиқарди. Қарға у ёқдан бу ёққа учиб, эҳтимол кеманинг томида дам олгандир. Сўнг эса, каптарни учириб чиқара бошлади. У ин қуриш учун жой топмагунча, ҳар доим кемага қайтарди (Ибтидо 7:24–8:13).
Нуҳнинг ҳар кунги ишлари орасида маънавий ишлар биринчи навбатда бўлгани аниқ. Бутун оила доимо йиғилиб, бирга ибодат қилишганини ва ғамхўр самовий Отаси ҳақида суҳбат қуришганини тасаввур қилишимиз мумкин. Нуҳ ҳар бир муҳим қарор борасида Яҳовага таянган. У ҳатто «ер бутунлай қуп-қуруқ» бўлганини кўрганда ҳам, кеманинг эшигини дарров очмади ва у ерда бир йилдан зиёд вақт давомида бўлганларни ҳам чиқара бошламади (Ибтидо 8:14). Аксинча, у Яҳовадан садо чиқишини кутди!
Оила бошлари бу садоқатли кишидан кўп нарсага ўрганишлари мумкин. У тартибли, меҳнаткаш ва сабр-тоқатли бўлиб, унинг ғамхўрлиги остига топширилган барчанинг ғамини ерди. Энг асосийси, Нуҳ учун Яҳованинг иродаси барча нарсадан устун эди. Нуҳнинг имонига тақлид қилсак, биз яхши кўрган ҳамма инсонлар учун баракалар келтира оламиз.
«КЕМАДАН ЧИҚ»
Ниҳоят, Тангри Яҳова: «Кемадан чиқ, хотининг, ўғилларинг, келинларинг ҳам сен билан бирга кемадан чиқишсин»,— деб буюрди. Аллоҳга қулоқ солиб, Нуҳ ва унинг оиласи кемадан чиқди, уларнинг ортидан ҳамма ҳайвонлар ҳам чиқишди. Ҳаммаси тўполон ва тиқилинчда чиқдими? Йўқ. Худонинг Каломида: «Жонзотлар ўз жуфти билан кемадан чиқди»,— дейилган (Ибтидо 8:15–19). Ташқарига чиққач, тоғда тоза ҳаводан нафас олиб, Нуҳ ва унинг оиласи Арарат тоғининг чўққиларига назар ташлашди. Олдиларида топ-тоза ер турарди. Зўравон нефилимлар, исёнкор фаришталар ва ёвуз одамлардан из ҳам қолмади!b Одамзод ҳаётни янгитдан бошлашлари мумкин эди.
Нуҳ кемадан чиқиб, нима қилиши кераклигини билганди. Авваламбор у, Худога миннатдорлигини изҳор қилди. У қурбонгоҳ қурди ва кемага олинган «етти жуфт» ҳайвонларнинг ичидан Аллоҳ ҳалол, деб билганларидан бир нечтасини қурбонлик қилиб куйдирди (Ибтидо 7:2; 8:20). Ушбу қурбонликни Тангри Яҳова маъқул кўрдими?
Бу ҳақда Муқаддас Китобда мана нима дейилган: «Эгамиз қурбонликнинг хушбўй ҳидидан мамнун бўлди». Одамзод ер юзини қабиҳликка тўлдириб юборганида, Худонинг қалби оғриқ билан тўлганди. Эндиликда эса, Аллоҳ Унинг иродасини амалга оширишга шай турган садоқатли оилани кўриб, юрагида хотиржамликни ҳис қилди. Яҳова, Нуҳ ва унинг оиласидан мукаммалликни кутмаганди. Юқоридаги оятнинг давомида: «Инсоннинг кўнглида болалигиданоқ қабиҳ ният бор»,— дейилган (Ибтидо 8:21). Келинг, тўфондан кейин Аллоҳ Яҳова одамзодга меҳр-шафқатини қандай намоён қилганини кўриб чиқайлик.
Аллоҳ ерни қарғишидан халос этди. Одамато ва Момоҳавонинг исёнидан кейин Худо ерни лаънатлагани сабабли ерга ишлов бериш ҳаддан ортиқ оғир бўлиб қолди. Нуҳнинг отаси Ламак, ўғлига Нуҳ деб исм қўйди. Эҳтимол бу исм «ором» ёки «тасалли» маъносини англатар. Шу боис, Ламак унинг ўғли орқали инсониятга ором, яъни қарғишдан халос бўлиш ато этилишини башорат қилган. Ушбу башоратнинг амалга ошишини ҳамда ерга ишлов беришдаги уринишлар кўпроқ ҳосил келтиришининг гувоҳи бўлишини билиб, Нуҳ жуда хурсанд бўлгандир. Тез орада Нуҳ деҳқончилик билан шуғуллангани ажаб эмас! (Ибтидо 3:17, 18; 5:28, 29; 9:20).
Шу вақтнинг ўзида Яҳова Нуҳнинг барча авлодларига амал қилишлари учун бир нечта оддий ва аниқ қонунлар берган. Улар қаторига, қотилликнинг тақиқланиши ва қондан нотўғри фойдаланиш кирган. Аллоҳ шунингдек, одамзод билан аҳд тузиб, бундан кейин ҳеч қачон тўфон орқали ер юзидаги барча тирик жонзодни йўқ қилмаслигини ваъда берган. Сўзларининг тасдиғи сифатида, Худо илк бор ажойиб ҳодисани, яъни камалакни ҳосил қилган. Ҳалигача, осмонда ҳар сафар пайдо бўладиган камалак Яҳованинг ушбу меҳрибон ваъдасини эслатади (Ибтидо 9:1–17).
Агар, Нуҳ тўғрисидаги ҳикоя шунчаки ширин бир эртак бўлганида, камалакнинг пайдо бўлиши унга яхши якун ясарди. Аммо Нуҳ чиндан ҳам яшаган инсон бўлиб, ҳаёти унча осон кечмаганди. Ўша замонда одамлар биздан анча кўп яшашарди ва олдинда Нуҳни унга оғриқ келтирган яна 350 йил кутарди. Бир куни у жиддий хатога йўл қўйди — ортиқ даражада шароб ичиб қўйди. Унинг невараси Канъон эса, унинг бутун оиласи учун натижаси ёмон бўлган жиддий гуноҳга қўл уриб, бу вазиятни янада оғирлаштирди. Ўзининг узоқ ҳаёти давомида Нуҳ, Нимрўднинг замонидаги одамлар бутпарастликка ва зўравонликка берилиб кетиш билан гуноҳга ботишганини кўрди. Лекин Нуҳнинг ҳаётида ёқимли дамлар ҳам бўлди. У ўғли Сом, ўз оиласи учун имонда ўрнак бўлгани билан фахрлана олди (Ибтидо 9:21–28; 10:8–11; 11:1–11).
Биз ҳам Нуҳ пайғамбар сингари қийинчиликларга қарамай, садоқатли бўлишимиз керак. Ўзгалар ҳақ Тангрини рад этадими ёки Унга хизмат қилишни тўхтатадими, Нуҳ каби ҳақиқат йўлида мустаҳкам қолишимиз даркор. Худованд Яҳова қийинчиликлар остида содиқ қолишимизни ниҳоятда қадрлайди. Келинг, Ҳазрати Исонинг: «Фақат охиригача чидаган қутулади»,— деган сўзларини доимо ёдимизда сақлайлик (Матто 24:13).
a Баъзиларнинг тахмин қилишича, Худо ҳайвонларни кемага киритиб, уларни уйқу ҳолатига солди ва шу йўсин озуқа тежаларди. Нима бўлган тақдирда ҳам, Парвардигори Олам кеманинг ичида бўлганларнинг ҳаммасини тирик қолдириш ваъдасини амалга оширди.
b Шунингдек тўфондан кейин Адан боғи ҳам ер юзидан йўқ бўлиб кетгани эҳтимолдан йироқ эмас. Шу йўсин, 1 600 йил давомида бу боққа киришга йўл қўймай уни ҳимоя қилган карублар учун хизматларини тугатиб, осмонга қайтиш вақти келган эди (Ибтидо 3:22–24).