ИККИНЧИ БОБ
Муқаддас Китоб Худодандир
1, 2. Нима учун Муқаддас Китобни бебаҳо совға деса бўлади?
ДЎСТИНГИЗДАН совға олсангиз, нималарни ҳис қиласиз? Совғани тезроқ очиб кўришни истайсиз. Дўстингиз сиз ҳақингизда ўйлаганидан бахтиёр бўласиз ва унга миннатдорчилик билдирасиз.
2 Муқаддас Китобa Худонинг совғасидир. Унда бошқа ҳеч қаерда учрамайдиган маълумот бор. Масалан, бу китобда Худо осмон, ер ҳамда биринчи эркак ва аёлни яратгани тўғрисида айтилган. Шунингдек, Муқаддас Китобда муаммоларимизни ечишга ёрдам берадиган принциплар мавжуд. Ундан Худо ер юзида яхши шароитлар ўрнатиш борасидаги ниятини қай йўсин амалга оширишини билиб оламиз. Ҳа, Муқаддас Китоб бебаҳо совғадир!
3. Муқаддас Китобни тадқиқ қилсангиз нималарни билиб оласиз?
3 Муқаддас Китобни тадқиқ қилар экансиз, Худо Унинг дўсти бўлишингизни истаётганини билиб оласиз. У ҳақида қанчалик кўп билим олсангиз, дўстлигингиз шунчалик мустаҳкамланиб боради.
4. Нега Муқаддас Китобга ўхшаш китоб йўқ?
4 Муқаддас Китоб бутунлайин ёки қисман 3 000 дан зиёд тилларга ўгирилган ва унинг миллиардлаб нусхалари чоп этилган. Дунёнинг 90 фоиздан ошиқ аҳолиси уни ўз она тилида ўқиши мумкин. Ҳар ҳафта миллионтадан зиёд одам Муқаддас Китобга эга бўлмоқда! Дарҳақиқат, Муқаддас Китобга ўхшаш китоб йўқ.
5. Нега Муқаддас Китобни «Худо томонидан илҳомлантирилган», деб айтиш мумкин?
5 Муқаддас Китоб «Худо томонидан илҳомлантирилган». (2 Тимўтийга 3:16 ни ўқинг.) Аммо айримлар «Муқаддас Китобни одамлар ёзган-ку, у қанақасига Худодан бўлиши мумкин?» деб ўйлашади. Унинг ўзида бу саволга шундай жавоб бор: «Одамлар муқаддас руҳ бошқаруви билан Аллоҳнинг фикрларини гапиришган». (2 Бутрус 1:21) Буни раҳбар ўз котибига хат ёзишни буюрганига ўхшатиш мумкин. Хатда раҳбарнинг фикрлари ва буйруқлари ёзилган. Демак, хат котибники эмас, балки раҳбарникидир. Шунга ўхшаб, Муқаддас Китобни ёзишда Худо одамлардан фойдаланган бўлса-да, китобнинг асл Муаллифи Унинг Ўзи. Худо бу кишиларни Унинг фикрларини ёзишлари учун йўналтирган. Чиндан ҳам, Муқаддас Китоб «Аллоҳ каломидир». (1 Салоникаликларга 2:13; 2- иловага қаранг.)
МУҚАДДАС КИТОБ АНИҚ ВА ИШОНЧЛИ
6, 7. Нега Муқаддас Китобда қаламга олинганлар бир-бирига уйғун дея оламиз?
6 Муқаддас Китоб 1 600 йилдан зиёд вақт мобайнида ёзилган. Уни ёзган одамлар турли даврда яшашган. Уларнинг айримлари ўқимишли бўлишган, айримлари эса йўқ. Масалан, улардан бири табиб бўлган. Бошқалари эса деҳқон, балиқчи, чўпон, пайғамбар, ҳакам ва шоҳлар бўлишган. Турли одамлар ёзганига қарамай, Муқаддас Китобда қаламга олинганлар бир-бирига уйғунb.
7 Муқаддас Китобнинг илк бобларида инсониятнинг муаммолари нимадан бошлангани ҳикоя қилинади. Охирги бобларида эса Худо қай йўсин бу муаммоларни ҳал қилиб, ер юзини қайтадан жаннатга айлантириши тўғрисида баён этилади. Муқаддас Китоб инсониятнинг бир неча минг йиллик тарихини ўз ичига олган ва унда Худонинг иродаси ҳамиша амалга ошиши очиб берилган.
8. Муқаддас Китоб илмий жиҳатдан аниқ эканига мисоллар келтиринг.
8 Муқаддас Китоб илмий китоб эмас, аммо илмий масалаларга келганда у доим аниқ. Худодан келган китоб айнан шундай бўлиши керак эмасми?! Масалан, Левилар китобида касаллик тарқалишини тўхтатиш учун Худонинг исроилликларга берган йўл-йўриқлари ёзилган. Бу маълумот одамлар бактерия ва вируслар қандай қилиб касалликка сабаб бўлишини билиб олишидан анча олдин ёзилган. Шунингдек, Муқаддас Китобда ер «бўшлиққа осиб қўйилгани» ҳақида аниқ айтилган. (Аюб 26:7) Қолаверса, ҳали аксарият одамлар ерни ясси деб юрганида, Муқаддас Китобда у курра экани ҳақида айтилган. (Ишаё 40:22)
9. Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлиги нимани кўрсатяпти?
9 Муқаддас Китоб тарихий жиҳатдан ҳам ниҳоятда аниқ. Кўпгина тарихий китоблар бутунлай аниқ эмас, чунки уларнинг ёзувчилари ростгўй бўлишмаган. Масалан, улар ҳар доим ҳам ўз халқининг мағлубиятлари ҳақида ёзишмаган. Муқаддас Китоб ёзувчилари эса, аксинча, Исроил халқи мағлубиятга учрагани ҳақида рўйирост ёзишган. Улар ҳатто ўз хатоларини очиқдан-очиқ баён этишган. Масалан, Мусо пайғамбар Саҳрода китобида жиддий хатога йўл қўйгани ва Худо бу учун уни жазолагани ҳақида айтиб ўтган. (Саҳрода 20:2–12) Муқаддас Китоб ёзувчиларининг ростгўйлиги бу китоб Худодан эканини кўрсатяпти. Демак, унда ёзилганларга ишонишимиз мумкин.
АМАЛИЙ МАСЛАҲАТЛАРГА БОЙ КИТОБ
10. Нима учун Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар бугунги кунда ҳам амалий?
10 Муқаддас Китоб «Худо томонидан илҳомлантирилган бўлиб, ўргатиш, танбеҳ бериш, тузатиш... учун фойдалидир». (2 Тимўтийга 3:16) Ҳа, Муқаддас Китобдаги маслаҳатлар бугунги кунда ҳам амалий. Яҳова инсон табиатини билгани учун бизнинг ўй-фикрларимиз ва туйғуларимизни тушунади. У бизни ўзимиздан ҳам яхшироқ билади ва бахтли бўлишимизни истайди. Худо биз учун нима яхши ва нима ёмон эканини билади.
11, 12. а) Матто 5–7- бобларида Исо пайғамбар қандай ажойиб маслаҳатлар берган? б) Муқаддас Китобдан яна нималарни билиб олишимиз мумкин?
11 Матто китобининг 5–7- бобларида қай йўсин бахтга эришиш, бошқалар билан тил топишиш, ибодат қилиш ва пулга тўғри муносабатда бўлиш ҳақидаги Исо пайғамбарнинг ажойиб маслаҳатлари ёзилган. Бу маслаҳатлар 2 000 йил аввал берилганига қарамай, ҳозир ҳам амалий ва ўз қадрини йўқотгани йўқ.
12 Шунингдек, Муқаддас Китобда Яҳова оилада бахтга эришиш, ҳалол ишчи бўлиш ва атрофдагилар билан тинч-тотув ҳаёт кечиришга ёрдам берадиган принципларни тақдим этган. Муқаддас Китобдаги принциплар ким эканимиздан, қаерда яшашимиздан ва қандай муаммоларимиз борлигидан қатъи назар, бизга доим ёрдам беради. (Ишаё 48:17 ни ўқинг; 3- иловага қаранг.)
БАШОРАТЛАР КИТОБИ
13. Ишаё пайғамбар Бобил шаҳри тўғрисида нимани башорат қилган?
13 Муқаддас Китобдаги кўпгина башоратлар аллақачон амалга ошган. Масалан, Тангри Яҳова Ишаё пайғамбар орқали Бобил шаҳри вайронага айланишини башорат қилган. (Ишаё 13:19) Башоратда шаҳар қандай қилиб забт этилиши батафсил айтилган. Шаҳар улкан дарвозалар ва дарё билан ҳимояланган эди. Ишаё пайғамбар эса дарё қуриб, дарвозалар очиқ қолишини башорат қилган. Ҳужумчилар шаҳарни жангсиз қўлга киритиши ҳам айтилган. Ишаё пайғамбар ҳатто Бобил шаҳрини забт этадиган кишининг исми Кир бўлишини каромат қилган. (Ишаё 44:27–45:2 ни ўқинг; 4- иловага қаранг.)
14, 15. Ишаё пайғамбарнинг башорати қандай амалга ошган?
14 Башорат ёзилганидан 200 йил ўтиб, қўшин Бобилга ҳужум қилиш учун саф тортган. Қўшинга ким бошчилик қилган? Худди башоратда айтилганидек, бу Форс шоҳи Кир бўлган. Ишаё пайғамбар башорат қилганидай, Кирнинг қўшини Бобилга бостириб кира олганми?
15 Ҳужум қилинган кечада бобилликлар зиёфат қилаётган эди. Улар шаҳарнинг улкан деворлари ҳамда дарё ортида ўзларини бехатар ҳис қилишган. Шаҳар ташқарисида эса Кир ва унинг қўшини дарё сувларини бошқа тарафга буриш учун канал ковлашган. Сув сатҳи пасайган ва форс аскарлари дарёни осонгина кечиб ўтишган. Бироқ қўшин Бобил деворларидан қандай ошиб тушган? Башоратда айтилганидай, шаҳар дарвозалари очиқ қолдирилган ва аскарлар шаҳарни жангсиз қўлга киритишган.
16. а) Ишаё пайғамбар Бобилнинг келажаги ҳақида нимани башорат қилган? б) Ишаёнинг башорати амалга ошганини қаердан биламиз?
16 Ишаё пайғамбар вақти келиб Бобилда ҳеч ким яшамаслиги ҳақида башорат қилган. У шундай деб ёзган: «Ҳеч қачон унда одам яшамайди, авлодлар оша ҳеч кимса маскан қурмайди». (Ишаё 13:20) Бу сўзлар амалга ошдими? Ироқнинг Бағдод шаҳридан қарийб 80 километр жанубда, аввал Бобил шаҳри бўлган жойда ҳозир фақат харобалар қолган. Ҳозирги пайтда у ерда ҳеч ким яшамайди. Яҳова Бобилни «ҳалокат супургиси билан супуриб ташлаган». (Ишаё 14:22, 23)c
17. Нега Худонинг барча ваъдаларига ишонишимиз мумкин?
17 Муқаддас Китобдаги кўплаб башоратлар амалга ошгани унда келажак борасида ёзилган сўзларга ҳам ишонишимиз мумкинлигини кўрсатяпти. Яҳова ер юзини жаннатга айлантириш ҳақидаги ваъдасини ҳам бажаришига амин бўлишимиз мумкин. (Саҳрода 23:19 ни ўқинг.) Дарҳақиқат, абадий ҳаётга бўлган умидимиз бор. «Ёлғондан холи бўлган Худо бу умидни азалий вақтларданоқ ваъда қилиб берган». (Титусга 1:2)d
МУҚАДДАС КИТОБ ҲАЁТИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИШГА ҚОДИР
18. Павлус «Худонинг каломи» тўғрисида нима деган?
18 Шуни билиб олдикки, Муқаддас Китобга ўхшаш китоб йўқ. У уйғун ва илм-фан ёки тарихий масалалар ҳақида гап кетганда доим аниқ. Бу китобда биз учун ажойиб маслаҳатлар бор ва унда ёзилган кўплаб башоратлар аллақачон амалга ошган. Аммо Муқаддас Китоб бундан ҳам кўпроғига қодир. Унинг ёзувчиларидан бири бўлмиш Павлус шундай деган: «Худонинг каломи жонли бўлиб, кучли таъсирга эга». Бу сўзлар нимани англатади? (Ибронийларга 4:12 ни ўқинг.)
19, 20. а) Қай йўсин Муқаддас Китоб ўз-ўзингизни англашга ёрдам беради? б) Муқаддас Китобдек совға учун миннатдор эканингизни қандай кўрсата оласиз?
19 Муқаддас Китоб ҳаётингизни ўзгартиришга қодир. У ўз-ўзингизни англашга, яъни қалбингиз тубидаги ўй-фикрлар ва ҳис-туйғуларни тушуниб етишингизга кўмаклашади. Масалан, биз Аллоҳни яхши кўрамиз деб ўйлашимиз мумкин. Бироқ Уни яхши кўришимизни исботлаш учун Муқаддас Китобда ёзилганларни амалда қўллашимиз лозим.
20 Ҳақиқатан ҳам Муқаддас Китоб Худодандир. У сиздан бу китобни ўқишни, тадқиқ қилишни ва қадрлашни кутади. Бу совға учун миннатдор бўлинг ва уни тадқиқ қилишда давом этинг. Шунда Худонинг инсониятга нисбатан нияти қандай эканини тушунасиз. Ушбу ният ҳақида келаси бобда кўпроқ билиб оламиз.
a Муқаддас Китоб таркибига кўпчиликка Таврот, Забур ва Инжил сифатида таниш бўлган китоблар киради.
b Айрим одамлар Муқаддас Китобда зиддиятлар бор дейишади, аммо бу ҳақиқатдан йироқ. Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Муқаддас Китобда қандай хабар ёзилган?» номли рисоланинг 3- ва 31- саҳифаларига қаранг.
c Муқаддас Китоб башоратлари тўғрисида кўпроқ билишни истасангиз, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган «Ҳаммабоп Китоб» деб номланган рисоланинг 27–29- саҳифаларига қаранг
d Бобилнинг вайрон бўлиши ҳақидаги башорат Муқаддас Китобдаги амалга ошган башоратлардан бири, холос. Исо Масиҳга оид башоратлар ҳақидаги маълумотни 5- иловадан топишингиз мумкин..