ИЛОВАЛАР
1. ЯҲОВА
Худонинг исми Яҳова бўлиб, «У бўлдиради» деган маънога эга. Яҳова қодир Аллоҳ ва У бутун борлиқни яратган. У нимаики ният қилса, барчасини амалга ошириш учун қудратга эга.
Ибронийчада Худонинг исми тўртта ҳарф билан ёзилган. Ўзбек тилида эса ЙҲВҲ ҳарфлари билан ифодаланади. Муқаддас Китобнинг асл нусхасида иброний тилида ёзилган қисмида Худонинг исми тахминан 7 000 марта учрайди. Дунёнинг турли жойларида одамлар Яҳова исмини ўз тилларига қараб турлича талаффуз қилишади.
2. МУҚАДДАС КИТОБ «ХУДО ТОМОНИДАН ИЛҲОМЛАНТИРИЛГАН»
Муқаддас Китобнинг Муаллифи Худо, бироқ унинг ёзилишида У одамлардан фойдаланган. Буни раҳбар ўз котибига хат ёзишни буюрганига ўхшатиш мумкин. Хатда раҳбарнинг фикрлари ёзилган. Худо муқаддас руҳи ёрдамида бу кишиларни Унинг фикрларини ёзишлари учун йўналтирган. Масалан, улар ваҳийлар ёки тушлар орқали олган хабарларини ёзиб қўйишган.
3. ПРИНЦИПЛАР
Принциплар — Муқаддас Китобдаги асосий ҳақиқатни тушунишга ёрдам берадиган таълимотлардир. Масалан, «ёмон одамлар билан мулоқот қилиш яхши хулқни бузади» деган принцип биз мулоқот қилаётган одамлар бизга яхши ёки ёмон таъсир қилиши мумкинлигини тушунишимизга ёрдам берди. (1 Коринфликларга 15:33) «Инсон нима экса, шуни ўради» деган принцип эса, қилаётган ишларимизнинг оқибатларидан қочиб қутула олмаслигимизни кўрсатяпти. (Галатияликларга 6:7)
4. БАШОРАТ
Бу Худодан келган хабарни билдиради. Башорат орқали Тангрининг иродаси тушунтирилиши, ахлоқий таълим-тарбия ёки амр берилиши, ҳукми эълон қилиниши мумкин. Шунингдек, бу келажакда юз берадиган қандайдир воқеаларни олдиндан айтиб беришни ўз ичига олади. Муқаддас Китобда ёзилган кўплаб башоратлар аллақачон амалга ошган.
5. МАСИҲГА ОИД БАШОРАТЛАР
Муқаддас Китобда ёзилган Масиҳга оид кўплаб башоратлар Исода амалга ошган. «Масиҳга оид башоратлар» номли рамкага қаранг.
▸ 2- боб, 17- хб., изоҳ.
6. ХУДОНИНГ ЕРГА НИСБАТАН НИЯТИ
Яҳова ерни жаннат бўлиши учун яратган. Унда Яҳовани яхши кўрадиган инсонлар яшаши керак эди. Унинг нияти ўзгармаган. Яқинда Худо ёвузликни йўқ қилади ва Ўз хизматчиларига абадий ҳаётни ато этади.
7. ШАЙТОН ИБЛИС
Шайтон Худога қарши исён кўтарган фариштадир. Шайтон сўзи «душман» деган маънога эга, чунки у Яҳовага қарши курашяпти. У Иблис деб ҳам аталган. Бу сўзнинг маъноси «туҳматчи» дегани. У Худо тўғрисида ёлғон гапираётгани ва одамларни алдаётгани учун шундай ном олган.
8. ФАРИШТАЛАР
Худо фаришталарни Ерни яратишдан анча олдин яратган. Улар осмонда яшаш учун яратилган. Уларнинг сони юз миллионларни ташкил этади. (Дониёр 7:10) Уларнинг ҳар бири шахсий исм, феъл-атвор ва ирода эркинлигига эга. Худога садоқатли фаришталар камтарлик ила одамлар уларга топинишини рад этишади. Улар турли мавқе ва вазифаларга эга. Масалан, Яҳованинг тахти олдида хизмат қилиш, Унинг хабарларини етказиш, Яҳованинг ердаги хизматчиларини ҳимоя қилиш ва йўналтириш, Худонинг ҳукмларини ижро этиш ҳамда ваъзгўйлик ишини қўллаб-қувватлаш. (Забур 34:7; Ваҳий 14:6; 22:8, 9) Келажакда эса, улар Исо билан бирга Армагеддон жангида иштирок этишади. (Ваҳий 16:14, 16; 19:14, 15)
9. ГУНОҲ
Яҳованинг иродасига қарши бўлган ҳар қандай туйғу, ўй-фикр ёки иш гуноҳ деб аталади. Гуноҳ Аллоҳ билан муносабатларимизга путур етказади. Била туриб гуноҳ қилмаслигимизга кўмаклашиш учун Аллоҳ бизга қонунлар ва принципларни берган. Бошида Яҳова ҳамма нарсани мукаммал қилиб яратган эди. Аммо Одамато билан Момоҳаво Яҳовага қулоқ солмай гуноҳ қилишди ва номукаммал бўлиб қолишди. Оқибатда улар қариб ўлишди. Одаматодан гуноҳни мерос қилиб олганимиз учун биз ҳам қариймиз ва ўламиз.
10. АРМАГЕДДОН
Бу Худонинг жанги бўлиб, унда Шайтоннинг дунёси ва бутун ёвузлик йўқ қилинади.
11. ХУДОНИНГ ШОҲЛИГИ
Худонинг Шоҳлиги Яҳова самода ўрнатган ҳукуматдир. Исо Масиҳ бу Шоҳликнинг Шоҳи сифатида бошқаряпти. Келажакда Яҳова ушбу Шоҳлик воситасида барча ёвузликни йўқ қилади. Худонинг Шоҳлиги бутун ер юзи устидан бошқаради.
12. ИСО МАСИҲ
Исо Худонинг илк ижоди. Яҳова уни бутун инсоният учун жонини фидо қилсин деб ер юзига юборган. Исони ўлдиришганидан кейин Яҳова уни тирилтирган. Ҳозир Исо Самовий Шоҳликнинг Шоҳи сифатида самода бошқармоқда.
13. 70 ҲАФТА ҲАҚИДАГИ БАШОРАТ
Муқаддас Китобда Масиҳ қачон келиши ҳақида башорат қилинган эди. Бу «69 ҳафта» деб номланган муддатнинг сўнгида юз бериши керак эди. Бу муддат мил. авв. 455 йилда бошланиб, мил. 29 йилда тугаган.
Ушбу муддат айнан мил. 29 йили тугаганини қаердан биламиз? «69 ҳафта» мил. авв. 455 йили Нахимиё Қуддусга келиб, уни қайта қуришга киришганида бошланган. (Дониёр 9:25; Нахимиё 2:1, 5–8) Биламизки, бир ҳафтада етти кун бор. Аммо бу башоратдаги ҳафта етти кундан эмас, етти йилдан иборат. Чунки Муқаддас Китобдаги башоратларда кунлар бошқа қоидага кўра, яъни «бир кун эвазига бир йил» деб ҳисобланган. (Саҳрода 14:34; Ҳизқиё 4:6) Агар бир ҳафта етти йил давом этса, демак, «69 ҳафта» 483 йилга тенг (69 x 7). Агар мил. авв. 455 йилдан 483 йилни айирсак, мил. 29 йилга келамиз (чунки нолинчи йил бўлмаган). Айнан шу йили Исо сувга чўмиб, Худо тайинлаган Масиҳ бўлган! (Луқо 3:1, 2, 21, 22)
Масиҳ ҳақидаги бу башоратда етти йилдан иборат бўлган яна «бир ҳафта» ҳақида айтилган. Ушбу муддат мил. 29 йили бошланиб, мил. 36 йили ниҳоясига етган. Ушбу муддат оралиғида, яъни мил. 33 йили Масиҳ ўлдирилган. Мил. 36 йилнинг бошида эса Худонинг Шоҳлиги ҳақидаги хушхабар фақат яҳудийларга эмас, балки бошқа халқ вакилларига ҳам ваъз қилина бошлаган. (Дониёр 9:24–27)
14. УЧЛИК ҲАҚИДАГИ СОХТА ТАЪЛИМОТ
Муқаддас Китоб Худованд Яҳова Яратувчи, Исо эса Унинг илк ижоди эканини ўргатмоқда. (Колосаликларга 1:15, 16) Исо Қодир Аллоҳ эмас. У асло Худога тенг эканини даъво қилмаган. Аксинча, у: «Отам мендан улуғроқдир»,— деб айтган. (Юҳанно 14:28; 1 Коринфликларга 15:28) Аммо айрим динларда учлик ҳақидаги таълимот мавжуд. Улар Худо учта шахсдан, яъни Ота, Ўғил ва муқаддас руҳдан иборат деб ўргатишади. Аслида «учлик» сўзи Муқаддас Китобда умуман учрамайди. Бу таълимот сохта.
Муқаддас руҳ Худонинг фаол қудрати, яъни Унинг амалдаги кўзга кўринмас кучидир. Бу куч ёрдамида У Ўз иродасини амалга оширади. Муқаддас руҳ шахс эмас. Масалан, илк масиҳийлар «муқаддас руҳга тўлишган». Яҳова эса: «Мен ҳар қандай инсон устига Ўз руҳимни ёғдираман»,— деб айтган. (Ҳаворийлар 2:1–4, 17)
15. ХОЧ
Нима учун Исонинг чинакам издошлари Худога топинганда хочдан фойдаланмайди?
Узоқ вақтдан бери сохта динда хочдан фойдаланиб келиняпти. Қадимда хоч табиатга сиғиниш ва бутпарастларнинг ахлоқсиз удумлари билан боғлиқ бўлган. Исонинг ўлимидан кейинги илк 300 йил давомида масиҳийлар Худога топинганда хочдан фойдаланмаган. Кейинчалик Рим императори Константин хочни христиан динининг рамзига айлантирган. Христиан дини кенг тарқалиши учун бу рамздан фойдаланилган. Аммо хочнинг Исо Масиҳга ҳеч қандай дахли йўқ. Бир энциклопедияда шундай дейилган: «Хоч христианликдан аввал мавжуд бўлган ва христиан бўлмаган маданиятларга хос эди». («New Catholic Encyclopedia»)
Исо хочда ўлмаган. «Хоч» деб таржима қилинган юнонча сўз аслида «тик устун», «хода» ёки «дарахт» деган маъноларга эга. Бир асарда қуйидагича ёзилган: «[Янги аҳд] ёзилган юнон тилида бу иккита хода бўлгани ҳақида ҳеч нарса айтилмаган». («The Companion Bible») Демак, Исо тик устунда ўлган.
Яҳова Унга топинганда сурат, ҳайкал ёки рамзлардан фойдаланишимизни хоҳламайди. (Чиқиш 20:4, 5; 1 Коринфликларга 10:14)
16. ҚУТЛУҒ КЕЧЛИК
Исо шогирдларига унинг ўлимини хотирлаш учун Қутлуғ Кечлик маросимини ўтказишга амр берган. Исонинг издошлари бу маросимни ҳар йили 14- нисон куни ўтказишади. Қадимги исроилликлар бу санада Фисиҳ байрамини нишонлашган. Нон Исонинг танасини, шароб эса унинг қонини билдиради. Бу рамзлар Қутлуғ Кечлик маросимида қўлдан қўлга узатилади. Исо билан осмонда бошқарадиганлар нондан еб, шаробни ичишади. Ким ер юзида абадий яшашга умидвор бўлса, ҳурмат юзасидан бу маросимга келади, аммо нон ва шаробни истеъмол қилмайди.
17. ЖОН
«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси»да, «жон» сўзи асосан 1) одамга, 2) ҳайвонга ёки 3) одам ё ҳайвоннинг ҳаётига ишора қилади. Мана бир нечта мисол:
Одам. «Нуҳ пайғамбарнинг даврида... бир неча киши, яъни атиги саккиз жон сувдан омон қолган эди». (1 Бутрус 3:20) Бу ерда «жон» сўзи одамларни, яъни Нуҳни, унинг хотинини, учта ўғли ва келинларини назарда тутади.
Ҳайвон. «Ёнингиздаги барча тирик жон — қушлар, ҳайвонлар, сизлар билан биргаликда ер юзидаги бутун жонзотлар, яъни кемадан чиққан ва ер юзидаги жамики тирик мавжудотлар билан аҳд қиляпман». (Ибтидо 9:10)
Инсон ёки ҳайвоннинг ҳаёти. Яҳова Мусога шундай деган: «Жонингни олмоқчи бўлганларнинг ҳаммаси ўлди». (Чиқиш 4:19) Исо ер юзида яшаганида шундай деган: «Мен яхши чўпонман. Яхши чўпон қўйлари учун ўз жонини ҳам аямайди». (Юҳанно 10:11)
Бундан ташқари, киши бирон ишни «бутун жони» билан бажарса, у буни иштиёқ билан ҳамда бор қобилиятини ишга солиб қилишини англатади. (Матто 22:37; Қонунлар 6:5) Қолаверса, Муқаддас Китобда «жон» ўлиши ҳақида айтилган. (Ҳизқиё 18:4, 20; Ёқуб 5:20)
18. РУҲ
Муқаддас Китобнинг асл нусхасидан «руҳ» деб таржима қилинган ибронийча ва юнонча сўзлар турли маънога эга. Бироқ бу сўзлар доим кўзга кўринмас нарсаларга нисбатан, жумладан, фаришталар, жинлар ҳамда Худонинг фаол кучи, яъни муқаддас руҳга нисбатан қўлланилади. (Матто 12:43; Луқо 11:13) Муқаддас Китоб одамнинг ўлимидан кейин яшашни давом эттирадиган руҳи бор деб ўргатмайди.
19. ЖАҲАННАМ
(Ибронийча ге ҳинном, яъни «Ҳинном водийси». «Жаҳаннам» сўзи ушбу иборадан келиб чиққан.) Қадимги Қуддус яқинида жойлашган бу водийда ахлатларни ёндиришган. Исонинг даврида ҳайвонлар ёки одамларни тириклайин ёндириш ёки қийноққа солиш учун бу водийга улоқтиришгани тўғрисида ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, жаҳаннам инсоннинг жони оловда мангу азобланадиган кўринмас жойни англатмайди. Исо одамнинг жаҳаннамга ташланиши ҳақида гапирганда, унинг батамом йўқ қилинишини назарда тутган. (Матто 5:22; 10:28)
20. ИСОНИНГ НАМУНАЛИ ИБОДАТИ
Исо шогирдларига ибодат қилишни ўргатганида шундай сўзларни айтган:
«Исминг муқаддас бўлсин»
Яҳова ҳақида ёлғон гапирилди ва исмига ёки шаънига доғ туширилди. «Исминг муқаддас бўлсин» деб ибодат қилганимизда, Унинг исми ёки шаъни оқланишини сўраймиз. Келажакда осмондаги ва ердаги барча мавжудотлар Худонинг исмига шараф келтириб, ҳурмат кўрсатишади.
«Шоҳлигинг келсин»
Бу сўзларни айтиб ибодат қилганимизда, Худонинг Шоҳлиги Шайтоннинг ёвуз дунёсини йўқ қилиб, бутун ер юзи устидан бошқаришини ва ҳамма ёқ жаннатга айланишини сўраган бўламиз.
«Ерда ҳам Сенинг ироданг бажо бўлсин»
Мазкур сўзларни айтиб ибодат қилганимизда, Яҳова одамзодни яратганида ният қилганидек, Унга итоаткор ва мукаммал инсонлар жаннатда абадий яшашини сўраган бўламиз.
21. ТЎЛОВ
Яҳова инсонларни гуноҳ ва ўлимдан қутқариш учун тўлов тақдим этди. Мазкур тўлов илк инсон Одамато йўқотган мукаммал ҳаётни қайта сотиб олиш ҳамда Яҳова билан бузилган муносабатларни қайта тиклаш учун тўланадиган нарх бўлган. Худо барчани гуноҳдан фориғ қилиш мақсадида Исони жонини фидо қилиши учун ер юзига юборди. Унинг ўлими туфайли барча инсонлар мукаммалликка эришиб, абадий яшаш имконига эга бўлишади.
22. НЕГА 1914 ЙИЛ МУҲИМ САНА?
Дониёр 4- бобдаги башоратдан Худо 1914 йилда Самовий Шоҳлигини ўрнатиши кераклиги ҳақида билиб оляпмиз.
Башорат. Яҳова шоҳ Навуходоносорга башоратли туш кўрсатади. Бу тушда катта дарахт чопиб ташланади ва у ўсмаслиги учун «етти даврга» қадар тўнкаси темир ва мис билан боғлаб қўйилади. Бу давр тугагач, дарахт яна ўсиши керак эди. (Дониёр 4:1, 10–16)
Бу башорат бизга қандай тааллуқли? Дарахт Худонинг ҳукмдорлигини билдиради. Яҳова Исроил халқини бошқариш учун узоқ йиллар давомида шоҳлардан фойдаланган. Бу шоҳлар Қуддусдан туриб халқни бошқарган. (1 Солномалар 29:23) Аммо шоҳлар Худога садоқатсизлик қилгани учун уларнинг бошқарувига чек қўйилди. Мил. авв. 607 йили Қуддус вайрон қилинди. Бу «етти даврнинг» бошланиши эди. (4 Шоҳлар 25:1, 8–10; Ҳизқиё 21:25–27) Исо: «Қуддус... ўзга халқлар даври тугагунча улар томонидан оёқ ости қилинади»,— деб айтганида, «етти даврни» назарда тутган. (Луқо 21:24) Демак, Исо ер юзида бўлганида «етти давр» ҳали тугамаган эди. Яҳова «етти давр» сўнгида бир Шоҳ тайинлаши ҳақида ваъда берган эди. Ушбу янги Шоҳнинг, яъни Исонинг бошқаруви бутун ер юзи бўйлаб яшаётган Худонинг халқига абадий баракалар келтириши керак эди. (Луқо 1:30–33)
«Етти давр» қанча давом этиши керак эди? «Етти давр» 2 520 йилга тенг. Агар мил. авв. 607 йилдан 2 520 йилни айирсак, 1914 йилга келамиз (чунки нолинчи йил бўлмаган). Айнан шу йили Яҳова Исо Масиҳни Самовий Шоҳликнинг Шоҳи этиб тайинлади.
Хўш, 2 520 йил қаердан пайдо бўлди? Муқаддас Китобга кўра, уч ярим муддат 1 260 кунга тенг. (Ваҳий 12:6, 14) Демак, иккига кўпайтирилган уч ярим муддат, яъни «етти давр» 2 520 кунга тенг бўлади (1 260 x 2). Муқаддас Китобдаги «бир кун эвазига бир йил» деган сўзларга кўра, 2 520 кун 2 520 йилга тенг бўлади. (Саҳрода 14:34; Ҳизқиё 4:6)
23. БОШ ФАРИШТА МИКОИЛ
Муқаддас Китобда айтилишича, фақат битта бош фаришта бор ва унинг исми Микоил. (Дониёр 12:1; Яҳудо 9)
Микоил Худо қўшинининг саркардаси бўлиб, садоқатли фаришталарга бошчилик қилади. Ваҳий 12:7 да шундай дейилган: «Микоил ўз фаришталари билан аждаҳога қарши жанг қилди. Аждаҳо ҳам ўз фаришталари билан уларга қарши чиқди». Ваҳий китобида ёзилишича, Исо Худо қўшинининг саркардаси, демак, Микоил Исога берилган яна бир исм. (Ваҳий 19:14–16)
24. ОХИРГИ КУНЛАР
Худонинг Шоҳлиги Шайтоннинг дунёсини йўқ қилишидан олдинги давр «охирги кунлар» деб аталади. Башоратга кўра, бу давр мобайнида ер юзида муҳим ҳодисалар рўй беради. Бу давр «замон охирлаб бориши» ва «Инсон Ўғлининг ҳозир бўлиши» деб ҳам аталади. (Матто 24:3, 27, 37) «Охирги кунлар» 1914 йили Худонинг Шоҳлиги самода ўрнатилганда бошланди ва Армагеддонда Шайтоннинг дунёси йўқ қилиниши билан тугайди. (2 Тимўтийга 3:1; 2 Бутрус 3:3)
25. ТИРИЛИШ
Худо вафот этган одамларни ҳаётга қайтариши тирилиш деб аталади. Муқаддас Китобда тўққизта киши тирилгани ҳақида айтилган. Бу кишилар Илёс, Элишай, Исо, Бутрус ва Павлус томонидан тирилтирилган. Улар бу мўъжизани фақат Худонинг қудрати билан қила олишган. Яҳова «адолатли ва адолатсиз одамларни» ҳаётга қайтаришга ваъда беряпти. (Ҳаворийлар 24:15) Шунингдек, Муқаддас Китобда баъзилар самодаги ҳаётга тирилиши ҳақида ёзилган. Худо уларни Исо билан бирга самода яшашлари учун танлаб олган. (Юҳанно 5:28, 29; 11:25; Филиппиликларга 3:11; Ваҳий 20:5, 6)
26. СЕҲР-ЖОДУ (ЖИНЛАР ВА РУҲЛАР БИЛАН АЛОҚА ҚИЛИШ)
Сеҳр-жодуга шахсан ёки азайимхон каби воситачи орқали жинлар билан алоқа қилиш киради. Сеҳр-жоду билан шуғулланадиганлар одам ўлганидан кейин руҳи чиқиб, кучли арвоҳга айланади деган сохта таълимотга ишонишади. Одамлар Худога итоатсизлик қилиши учун жинлар уларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилишади. Мунажжимлик, фол очиш, афсунгарлик, ирим қилиш, оккультизм ва ғайритабиий кучлар сеҳр-жодуга киради. Китоб, журнал, гороскоп, фильм, плакат ва ҳатто қўшиқларда сеҳр-жоду, жинлар ҳамда ғайритабиий кучлар гўё безиён ва қизиқарли қилиб кўрсатилади. Шунингдек, дафн маросими билан боғлиқ урф-одатлар, ҳар йили ўтказиладиган маъракалар, худойи ҳамда марҳум ёнида ухламай чиқиш кабилар ҳам жинлар ва руҳлар билан алоқа қилишга киради. Айрим кишилар жинлардан куч олиш учун гиёҳванд моддаларни қабул қилишади. (Галатияликларга 5:20; Ваҳий 21:8)
27. ЯҲОВАНИНГ ҲУКМДОРЛИГИ
Яҳова Қодир Тангридир ва У бутун коинотни яратган. (Ваҳий 15:3) Шунинг учун У барча нарсанинг Эгаси бўлиб, ҳамма ижодлари устидан бошқариш учун мутлақ ҳокимиятга эга. (Забур 24:1; Ишаё 40:21–23; Ваҳий 4:11) У Ўзи яратган ҳар бир мавжудот учун қонунлар ўрнатган. Шунингдек, У бошқаларни бошқарувчи этиб тайинлаш ҳуқуқига эга. Агар Яҳовани яхши кўриб, Унга бўйсунсак Унинг ҳукмдорлигини қўллаб-қувватлаган бўламиз.
28. АБОРТ
Аборт — ҳали туғилмаган болани била туриб ҳаётдан маҳрум қилиш дегани. Бу ерда ҳомиланинг бахтсиз ҳодиса ёки бошқа сабабларга кўра тушиб қолиши ҳақида гап кетмаяпти. Ҳомила пайдо бўлган пайтдан бошлаб она қорнидаги бола Худонинг назарида алоҳида шахс ҳисобланади. Шунинг учун аборт қилиш қотиллик билан баробар.
29. ҚОН ҚУЙИШ
Ушбу тиббий муолажа пайтида инсонга қоннинг ўзи ёки унинг тўртта таркибий қисмларидан бири қуйилади. Бу бошқа инсоннинг қони ёки одамнинг ўзидан олиб, сақланган қон бўлиши мумкин. Қоннинг тўртта таркибий қисмларига қизил қон таначалари (эритроцитлар), оқ қон таначалари (лейкоцитлар), қон пластинкалари (тромбоцитлар) ва плазма киради.
30. ТАРБИЯ
Муқаддас Китобда «тарбия» деб қўлланган сўз доим ҳам жазолашни англатмайди. Кимгадир тарбия берганимизда унга йўл-йўриқ кўрсатамиз, таълим берамиз ва тузатамиз. Яҳова тарбия бераётиб, ҳеч қачон шафқатсиз ёки қўпол муносабатда бўлмайди. (Ҳикматлар 4:1, 2) Яҳова бу борада ота-оналарга ажойиб ўрнак кўрсатяпти. Инсон У бераётган тарбияни яхши кўриб қолиши мумкин, чунки бунинг фойдасини ўзида ҳис қилади. (Ҳикматлар 12:1) Яҳова Ўз хизматчиларини яхши кўради ва уларга таълим-тарбия беради. Аллоҳ уларнинг нотўғри фикрлаш тарзини тузатиш учун йўл-йўриқ кўрсатади. Бу туфайли улар Аллоҳга маъқул тарзда фикрлаш ва йўл тутишни ўрганишади. Ота-оналар эса болаларига тарбия бераётиб, нима учун улар итоаткор бўлишлари кераклигини тушунишга ёрдам беришади. Бунга, шунингдек, болаларга Яҳовани, Унинг Каломи бўлмиш Муқаддас Китобни севишни ҳамда ундаги принципларни тушунишни ўргатиш киради.
31. ЖИНЛАР
Жинлар кўзга кўринмайди. Улар ғайриоддий кучга эга руҳий мавжудотлар, яъни ёвуз фаришталардир. Улар Худога итоатсизлик қилиб, Унинг душманларига айланишганида ёвуз бўлиб қолишган. (Ибтидо 6:2; Яҳудо 6) Жинлар Шайтон Яҳовага қарши кўтарган исёнга шерик бўлишган. (Қонунлар 32:17; Луқо 8:30; Ҳаворийлар 16:16; Ёқуб 2:19)