ЎН УЧИНЧИ БОБ
Оила ажралиш арафасида турганда
1, 2. Оилада можаролар бор бўлса, ўзимизга қандай савол беришимиз лозим?
ИТАЛИЯДА яшовчи Лючияa исмли аёл 1988- йилда руҳан тушкунликка тушган эди. Сабаби турмуш қурганлигидан ўн йил ўтар-ўтмас, оиласи ажралиш арафасида турганди. У эри билан бир неча марта ярашмоқчи бўлган-у, лекин уринишлари пучга чиқди. Шунинг учун Лючия эри билан характерлари тўғри келмаганлиги сабабли уйдан кетиб, иккита қизини ёлғиз ўзи тарбиялай бошлади. Ўша вақтни эслаб, Лючия: «Оиламизни сақлаб қолишнинг иложи йўқлигига амин эдим»,— деб бўлишди.
2 Мабодо сизнинг оилангизда ҳам муаммолар бор бўлса, Лючиянинг ҳис-туйғуларини тушунарсиз. Эҳтимол, никоҳингиз можароли бўлиб, уни сақлай олмасам керак, деб ўйлаётгандирсиз. Борди-ю шундай бўлса, қуйидаги савол устидан мулоҳаза юритиш фойдали бўлади: «Оилам муваффақиятли бўлиши учун Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қиляпманми?» (Забур 118:105).
3. Гарчи ажралиш ҳоллари ривожланиб кетган бўлса-да, ажрашганлар ва уларнинг яқинлари қандай аҳволга тушишади?
3 Эру хотинлар орасида келишмовчиликлар пайдо бўлганда, эҳтимол муаммони ажралиш билан ҳал қилиш осон туюлиши мумкиндир. Гарчи кўп давлатларда ажралишлар сони анчага ўсган бўлса-да, тадқиқотларнинг кўрсатишича, ажрашиб кетган эркагу аёлларнинг катта фоизи бундан афсусланишмоқда. Чунки улардан кўпчилиги, оилани сақлаб қолганларга қараганда, жисмоний ва руҳий касалликларга дучор бўладилар. Ота-онаси ажрашиб кетган болалар йиллар мобайнида саросимага тушиб, азоб чекиб юришади. Оиласи бузилиб кетганларнинг ота-онаси ҳамда дўстлари жафо чекишади. Шундай экан, никоҳнинг Асосчиси бўлмиш Парвардигорнинг бунга нисбатан муносабати қандай?
4. Никоҳдаги муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?
4 Ўтган боблардан билиб олганимиздай, Аллоҳнинг иродаси бўйича, никоҳ умрбод давом этиши керак эди (Ибтидо 2:24). Унда нега шунча кўп оилалар ажрашиб кетмоқда? Бу тасодифан бўлмайди. Кўпинча бунинг огоҳлантирувчи белгиларини анча олдин пайқаш мумкин. Оилада унча кўзга ташланмайдиган муаммолар аста-секин ўсиб бориб, енгиб бўлмайдигандек туюла бошлайди. Аммо бу муаммолар Муқаддас Китоб ёрдамида вақтида ҳал қилинса, ажралишнинг олдини олиш мумкин.
ХАЁЛПАРАСТ БЎЛМАНГ
5. Ҳар бир оила қандай вазиятга тайёр бўлиши керак?
5 Гоҳида оиладаги муаммоларнинг сабаби турмуш ўртоқларнинг ушалмаган орзулари бўлади. Ишқий ҳикоялар, оммабоп журналлар, теледастурлар ва кинофильмлар одамларда ҳақиқий ҳаётдан анча узоқ бўлган умид ва орзуларни уйғотади. Орзулари амалга ошмаган инсон эса ўзини алданган ҳис этиб, норозилик билдиради ва ҳатто аччиқланади ҳам. Хўш, қандай қилиб номукаммал кишилар оилада бахтга эришишлари мумкин? Бахтга эришиш учун, ўзаро яхши муносабатларга эга бўлишга жон куйдириш зарур.
6. а) Муқаддас Китобнинг никоҳга бўлган нуқтаи назари қандай? б) Оиладаги низоларнинг айрим сабаблари қандай?
6 Муқаддас Китоб — амалий китобдир. Унда никоҳ ҳам қувонч келтириши мумкин, ҳам оила қурганларнинг «боши қайғуда бўлади», деган огоҳлантириш мавжуд (1 Коринфликларга 7:28). Юқорида айтиб ўтилгандай, умр йўлдошлар номукаммал бўлиб, хато қилишга мойилдирлар. Уларнинг ақли, ҳис-туйғулари ва тарбияси бир-биридан фарқ қилади. Баъзида, эру хотинларнинг келишмовчиликлари пул, фарзанд ва қариндошлар дастидан бўлади. Агар турмуш ўртоқлар бир-бирига кам вақт ажратиб, жинсий ҳаётларида муаммолари бўлса, бу ҳам оиладаги низоларга сабаб бўлиши мумкинb. Тўғри, буларнинг барчасини ҳал қилиш учун вақт керак, шундай экан жасоратли бўлинг! Эру хотинларнинг кўпчилиги бундай можароларни бартараф этиш учун, икковига ҳам маъқул келадиган йўлни ахтаришади.
КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИНГ
7, 8. Турмуш ўртоқлар орасида тушунмовчиликлар пайдо бўлганда, қайси маслаҳатга риоя қилиш лозим?
7 Аксарият одамларга тушунмовчиликлар содир бўлганида ранжитилган ҳис-туйғулари ёки хатолари ҳақида гапирганда, хотиржамликни сақлаш қийин кечади. «Менимча тушунмовчилик юз берди», дейишнинг ўрнига инсон ҳис-ҳаяжонга берилиб, пашшадан фил ясаши мумкин. Шунда кўплар: «Сиз фақат ўзингизни ўйлайсиз» ёки «Сиз мени севмайсиз»,— деган гапларни айтишади. Бунга жавобан турмуш ўртоғи баҳслашгиси келмай, индамай қўя қолиши мумкин.
8 Бундай қилишдан кўра Инжилдаги: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар»,— деган маслаҳатга риоя қилиш афзалроқдир (Эфесликларга 4:26). Масалан, 60 йилдан зиёд оилада бахтли ҳаёт кечирган турмуш ўртоқлардан, бунга қандай эришганлари ҳақда сўрашганида, жавобан эр: «Келишмовчиликлар қандай бўлишидан қатъий назар, уларни ҳал қилмагунча ухламаймиз, деб ўзимизга одат қилиб қўйганмиз» — дея бўлишди.
9. а) Муқаддас Китоб бўйича мулоқотнинг муҳим қисмига нима киради? б) Эру хотинлар кўпинча қандай йўл тутишлари лозим?
9 Умр йўлдошларнинг фикрлари тўғри келмаганда, ҳар бири «эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтда оғир бўлиши» даркор (Ёқуб 1:19). Эру хотин бир-бирини диққат билан тинглагандан сўнг, икковлари кечирим сўраш кераклигини тушунишлари мумкин (Ёқуб 5:16). «Сизни хафа қилганим учун кечиринг», каби самимий сўзларни айтишга камтаринлик ва жасорат керак. Турмуш ўртоқлар муаммоларни айнан шундай йўл билан ҳал қилишлари таҳсинларга сазовор. Зеро бу нафақат келишмовчиликларни ҳал қилишга, балки мулоқот мамнуниятли бўлишига ёрдам берувчи самимий ва яқин муносабатларни ривожлантиришга кўмаклашади.
ЭР-ХОТИНЛИК ВАЗИФАСИНИ БАЖО КЕЛТИРИШ
10. Ҳаворий Павлуснинг қайси маслаҳати бугунги кунда ҳам ҳимоя ҳисобланади?
10 Ҳаворий Павлус Коринфдаги жамоатга мактуб ёзганида, «зинога йўл қўймаслик учун» турмуш қуришни маслаҳат берган эди (1 Коринфликларга 7:2). Бугунги кунда ахлоқий вазият қадимги Коринфдагидан кам эмас, эҳтимол беш баттардир. Худобехабар одамлар ахлоқсиз мавзуларни очиқчасига муҳокама қилиши, ўзига эътибор қаратадиган кийим кийиши, шаҳвоний ҳикояларга тўлиб тошган журнал ва китоблар, теледастуру кинофильмлар, буларнинг барчаси ман этилган жинсий ҳис-туйғуларни қўзғатади. Павлус, шу каби шароитларда яшаган замондошларига: «Ўзини тута олмасалар, уйлансинлар»,— деб айтган (1 Коринфликларга 7:9).
11, 12. а) Турмуш ўртоқларда қандай вазифаси бор ва уни қандай бажаришлари керак? б) Эр-хотинлик вазифасини рад этишга тўғри келганда, вазиятни қандай ҳал қилиш мумкин?
11 Шу сабабли турмуш қурганларга Инжилда: «Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр-хотинлик вазифасини бажо келтирсин»,— деб амр берилган (1 Коринфликларга 7:3). Бу ерда талаб қилиш эмас, балки беришга урғу қилинганлигига эътибор беринг. Турмуш ўртоқлар бир-бирининг манфаатини кўзласагина, жинсий алоқа роҳат бахш этади. Масалан, Муқаддас Китобда эрларга хотинлари билан «оқилона муносабатда» бўлиш кераклиги айтилган (1 Бутрус 3:7). Бунга айниқса жинсий муносабатларда риоя қилиш муҳим. Бордию, хотини эридан бундай мулойим муносабатни кўрмаса, жинсий алоқа унга шодлик келтирмайди.
12 Баъзида эр ёки хотин жинсий муносабатда бўлишни рад этишига тўғри келади. Масалан, хотин ойнинг айрим кунларида ё жуда чарчаган пайтда бундай қилиши мумкин (Левилар 18:19). Эри эса ишда муаммо рўй бериб, руҳан эзилганда, эҳтимол худди шундай йўл тутар. Эр-хотинлик вазифасини вақтинча бажармасликка тўғри келганда, ҳаммасини очиқчасига гаплашиб олиб, «ўзаро келишгандай» қилиш керак (1 Коринфликларга 7:5). Бу эса ўз навбатда нотўғри хулоса чиқаришга йўл қўймайди. Мабодо хотин ўжарлик билан эрига жинсий муносабатда бўлишни рад қилса ёки эр атайлаб хотинига қўпол муносабат қилса, унда турмуш ўртоғи бундай алоқани оиладан ташқарида излай бошлаши мумкин. Ушбу ҳолда оилада муаммолар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.
13. Худонинг хизматчилари фикрлаш тарзини пок сақлаши учун нима қилишлари лозим?
13 Худонинг ҳамма хизматчилари каби никоҳдан ўтганлар ҳам, ҳаром ва ғайритабиий ҳис-туйғуларни уйғотадиган беҳаё суратлардан четланишлари даркор (Колосаликларга 3:5). Шунингдек, ўзга жинсдаги одам билан суҳбатлашганда, фикрларимиз ва хатти-ҳаракатларимизга эътиборли бўлишимиз шарт. Исо алайҳиссалом: «Ким бир аёлга шаҳват билан қараса ҳам, аллақачон кўнглида у билан зино қилган бўлади»,— деб огоҳлантирган эди (Матто 5:28). Эру хотинлар жинсий алоқага тегишли бўлган Муқаддас Китоб маслаҳатларига риоя қилишса, васвасага қарши туриб, зинодан қочишлари мумкин. Шунда, улар жинсий муносабатлардан роҳатланиб, никоҳнинг асосчиси бўлмиш Тангри Яҳованинг берган фойдали инъомининг қадрига етган бўладилар (Ҳикматлар 5:15–19).
АЖРАЛИШГА АСОС
14. Гоҳида қандай ачинарли ҳолат пайдо бўлади? Нима учун?
14 Яҳова Таолога минг қатла шукрки, Унинг аксарият хизматчилари оиладаги ҳар қандай муаммоларнинг уддасидан чиқишмоқда. Бироқ ҳар доим ҳам эмас. Одамлар гуноҳкор бўлиб, бу ёвуз дунёда яшаётганликлари сабабли, айрим оилалар ажралиш арафасида бўлишади (1 Юҳанно 5:19). Бундай танг вазиятларда нима қилиш лозим?
15. а) Ажралиб, қайтадан турмуш қуриш учун Муқаддас Китобнинг яккаю-ягона асоси қандай? б) Нега айримлар хиёнат бўлганлигига қарамай ажралишмайди?
15 Бу китобнинг иккинчи бобида кўрсатилгандай, ажралиб, қайтадан турмуш қуриш учун Муқаддас Китобнинг яккаю-ягона асоси бор, бу ҳам бўлса зинодир (Матто 19:9)c. Агар турмуш ўртоғингиз хиёнат қилганлиги ҳақида аниқ далилларингиз бўлса, жиддий қарор чиқаришингизга тўғри келади. Яъни оилани сақлаб қолишми ё ажрашиб кетишми? Бунда қоидалар йўқ. Масалан, айрим кишилар чин дилдан тавба қилган умр йўлдошини кечириб, натижада сақланиб қолинган оиласи муваффақият қозонади. Бошқалар эса болаларни деб ажралишмайди.
16. а) Баъзиларни хиёнат қилиб қўйган турмуш ўртоғи билан ажралишга нима ундайди? б) Нима учун ўзгалар бировнинг чиқарган қарорини қоралашга ҳаққи йўқ?
16 Эҳтимол, хиёнат ҳомиладорликка ё жинсий йўл билан ўтадиган касалликка олиб келгандир. Ёки фарзандларни бундай ахлоқан бузуқ бўлган отаси ё онасидан ҳимоя қилиш зарурдир. Тўғри, бирор қарорга келишдан олдин ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Бироқ, агар турмуш ўртоғингиз хиёнат қилиб қўйганини билиб, жинсий алоқа қилишни давом этсангиз, демак бу билан уни кечирганлигингизни ва оилани сақлаб қолмоқчи эканлигингизни кўрсатган бўласиз. Бундай ҳолда ажралишга ва қайтадан оила қуришга сабабингиз йўқ. Шунингдек, бирор кишининг оилангизга аралашиб, қарорингизга таъсир қилишга ёки қарорингизни қоралашга ҳаққи йўқ. Қарорни қабул қилган ҳам, бунга яраша яшайдиган ҳам ўзингиз. «Зотан ҳар ким ўз аравасини ўзи тортиши лозим» (Галатияликларга 6:5).
АЛОҲИДА ЯШАШ УЧУН САБАБЛАР
17. Агар хиёнат бўлмаган бўлса, алоҳида яшаш ё ҳатто ажралиш ҳақида Муқаддас Китобда нима дейилган?
17 Турмуш ўртоғи хиёнат қилмаган тақдирда ҳам, алоҳида яшашни ё ҳатто ажралишни оқлаш мумкинми? Ҳа, лекин бундайлар қайтадан турмуш қура олмайдилар (Матто 5:32). Гарчи Муқаддас Китобда алоҳида яшашга йўл қўйилса-да, киши ёки турмуш қурмаслиги, ё ўз умр йўлдоши билан ярашиши кераклиги, айтиб ўтилган (1 Коринфликларга 7:11). Демак, қандай кескин вазиятларда алоҳида яшаш оқилона бўларди?
18, 19. Қандай кескин вазиятлар туфайли турмуш ўртоқ алоҳида яшашга ё ажралишга қарор қилиши мумкин?
18 Эрининг ялқовлиги ёки зарарли одатлари туфайли оила пулга муҳтож бўлиб қолиши мумкинd. Эҳтимол, бунга қимор ўйинлари, гиёҳвандлик ёки ичкиликка ружу қўйганлиги сабаб бўлиши мумкин. Худонинг Каломида: «Ким ўз... оила аъзолари ҳақида ғамхўрлик қилмаса, у имонни инкор этган, имонсиздан ҳам баттар ҳисобланади» — дейилган (1 Тимўтийга 5:8). Мабодо бундай инсон ўзгаришни истамай, хотини ишлаб топган пулни айш-ишратга сарфласа, унда хотини ўзининг ҳам, фарзандларининг ҳам фаровонлигини ҳимоялаши мумкин. Яъни, агар давлат қонуни бўйича бу кўзда тутилган бўлса, у алоҳида яшаш ҳуқуқидан фойдаланади.
19 Агар эр ёки хотин ҳаддан ортиқ қўпол муносабат қилиб, умр йўлдошининг соғлигига ва ҳаётига хавф туғдираётган бўлса, бу алоҳида яшашга сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, Аллоҳнинг қонунларини бузишга мажбурлаб, турмуш ўртоғининг маънавийлигига зиён келтирилаётган бўлса ҳам, бундай йўл тутса бўлади. Ушбу хатарларга йўлиққан киши, алоҳида яшашга қарор чиқарса гуноҳ қилмайди. Эҳтимол шундагина у «одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш» амрига бўйсунаман, деган хулосага келади (Ҳаворийлар 5:29).
20. а) Оила ажралиш арафасида турганда, маънан етук дўстлар ва оқсоқоллар қандай йўл тутишлари керак? б) Агар турмуш ўртоқлар асоссиз равишда ажралишса, улар нима қилган бўлишарди?
20 Қандай бўлмасин, айбсиз турмуш ўртоқни ажралишга ёки бирга яшашга ҳеч бир инсон мажбурламаслиги керак. Тўғри, маънан етук дўстлари ва оқсоқоллар Муқаддас Китобга асосланган маслаҳат бериб, қўллаб-қувватлашлари мумкин, лекин аслида эру хотиннинг орасида нима содир бўлаётганини улар батафсил билишмайди. Бу фақат Аллоҳ Яҳовага маълум. Агар хотин Яҳованинг хизматчиси бўла туриб, асоссиз равишда ажралса, Худонинг тузуми бўлмиш никоҳга ҳурматсизлик кўрсатган бўлади. Аммо агар оиладаги вазият хавфли бўлиб, хотин алоҳида яшашга қарор қилса, уни айблашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Худди шундай эр алоҳида яшашга қарор қилса, уни ҳам қораламаслик лозим. «Ҳаммамиз ҳам Масиҳнинг [асл. «Худонинг» оятнинг изоҳига қ.] ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлажакмиз» (Римликларга 14:10).
АЖРАЛИШ АРАФАСИДА ТУРГАН ОИЛА САҚЛАНИБ ҚОЛИНДИ
21. Муқаддас Китоб маслаҳатлари оилага ёрдам қилиши қайси мисол кўрсатиб турибди?
21 Бошида айтиб ўтилган Лючия, эридан кетганидан уч ой ўтгач, Яҳованинг Шоҳидлари билан танишиб, Худонинг Каломини ўргана бошлади. У бундай деб бўлишди: «Муаммомнинг ечимини Муқаддас Китобдан топганим мени ҳайратга солди. Уни ўрганишимдан атиги бир ҳафта ўтиб, эрим билан ярашиш истагим пайдо бўлди. Шуни айтиш жоизки, Тангри Яҳова муаммоси бор оилаларга қандай ёрдам қилишни билади, чунки Унинг қонунлари эру хотинни бир-бирини ҳурмат қилишга ўргатади. Яҳованинг Шоҳидлари оилаларни бузишади деган миш-мишлар ёлғон. Мен ўзим бунинг гувоҳи бўлдим». Хуллас, Лючия Муқаддас Китоб қонун-қоидаларини амалда қўллашга ўрганди.
22. Эрлар ҳам, хотинлар ҳам нимага риоя қилишлари лозим?
22 Лючияга ўхшаган мисоллар кўп. Аслида никоҳ ташвиш эмас, бахт келтириши керак. Бунинг учун Эгамиз Яҳова амалий маслаҳатларга бой бўлган Ўз Каломини тақдим этди ва унга ҳеч бир китоб бас кела олмайди. Муқаддас Китоб «содда одамга дониш беради» (Забур 18:8–12). Ушбу китоб ажралиш арафасида турган кўплаб оилаларни сақлаб қолди. Бошқа оилалар эса унинг ёрдами билан жиддий можароларни ҳал қилишди. Шундай экан, эрлар ҳам, хотинлар ҳам, Худованд Яҳова оилаларга берган маслаҳатларига риоя қилинг! Зотан бу маслаҳатлар чиндан ҳам фойдали!
a Исм ўзгартирилган.
b Айрим сабаблари ўтган бобларда муҳокама қилинган.
c Муқаддас Китобдаги «зино» деб таржима қилинган сўз, турмуш ўртоғига хиёнат қилиш, ўз жинсдаги киши ёки ҳайвон билан жинсий алоқа қилиш ва жинсий аъзоларни қўллашга оид ман этилган бошқа хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади.
d Бу, эрга боғлиқ бўлмаган, яъни у оилани таъминлашни истайди-ю, аммо касал ёки иш топилмаётгани дастидан рўзғорни тебрата олмаётган вазиятларга тегишли эмас.