Ҳушёр бўлинглар
Борлиқ мавжудот охирлаб қолди... ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар. 1 БУТР. 4:7
1. Исо асосан нима ҳақда таълим берарди?
ИСО МАСИҲ ер юзида бўлганида, асосан Худонинг Шоҳлиги тўғрисида таълим берган. У орқали Тангри Яҳова Ўз исмини улуғлаб, мутлақ Ҳукмрон эканини исботлайди. Шу сабабли, Исо ўз шогирдларини қуйидагича ибодат қилишга ўргатган: «Сенинг Шоҳлигинг келсин. Осмонда бўлгани каби, ерда ҳам Сенинг ироданг бажо келсин» (Мат. 4:17; 6:9, 10). Ушбу Шоҳлик тез орада Шайтон дунёсига чек қўйиб, ер юзида Аллоҳнинг иродасини бажаради. Масалан, Дониёр пайғамбар: «Бу шоҳлик бошқа барча шоҳликларни ер билан яксон қилиб, ўзи абадий туради»,— дея башорат қилганди (Дон. 2:44).
2. а) Исонинг шогирдлари ундан нимани билмоқчи бўлишган? б) Белги яна нимадан далолат бериши лозим?
2 Исонинг шогирдлари учун Шоҳлик муҳим аҳамиятга эга бўлгани туфайли, унга шундай савол беришган: «Сенинг келишинг ва охирзамон яқинлашганини кўрсатадиган белги қандай бўлади?» (Мат. 24:3). Унинг кўринмас тарзда келиши, кўринадиган белгидан аён бўлиши керак эди. У нималардан иборатлиги Муқаддас Ёзувларда баён этилган. Шоҳлик осмонда ўрнатилганини, ўша даврда яшаганлардан фақат Исонинг издошлари аниқлай олишарди. Худонинг Каломида «охирги кунлар», деб аталган Шайтон дунёсининг якуни бошланганини ўша белги аниқ кўрсатарди (2 Тим. 3:1–5, 13; Мат. 24:7–14).
Айниқса ҳозир ҳушёр бўлайлик
3. Нега масиҳчилар ҳушёр бўлишлари керак?
3 Ҳаворий Бутрус шундай ёзган: «Борлиқ мавжудот охирлаб қолди. Шунинг учун ақл билан иш тутинглар, ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар» (1 Бутр. 4:7). Ҳа, Исонинг издошлари содир бўлаётганларни кузатиб, ҳушёр туришлари зарур эди. Ҳозир, охирги кунларнинг сўнгида, янада ҳушёр бўлиш ўта муҳимдир. Ҳазрати Исо бизни мана шунга чорламоқда: «Ҳушёр бўлиб туринглар. Чунки уй Эгаси [Иблиснинг дунёсини ҳукм қилиш учун] қачон келишини... билмайсизлар» (Марк 13:35, 36).
4. Дунёда юз бераётган ҳодисаларнинг асл моҳиятини кимлар аниқлай олди? (рамкага қаранг).
4 Дунё Шайтоннинг ҳукми остида бўлгани боис, юз бераётган ҳодисаларнинг асл моҳиятини кўп одамлар тушунмаяпти. Қолаверса улар, самода Шоҳлик борлигини ҳам, уни ким бошқараётганини ҳам билмайдилар. Бироқ, ҳушёрликни сақлаган Исонинг содиқ издошлари, буларнинг сабабини билишади. Мисол учун, Исо Масиҳ 1914- йилда осмонда Шоҳ этиб тайинланган. Буни, Яҳованинг Шоҳидлари Биринчи жаҳон уруши ва ундан кейинги ҳодисаларни кузатиб, 1925- йилда аниқлашди. Шундай қилиб, ёвуз дунёнинг охирги кунлари бошланганини тушунишди. Аслини олганда, ўша вақтда яшаган бошқа кўп одамлар ҳам ҳаёт кескин ўзгарганини сезишган. («Жўш урган замоннинг бошланиши» деган рамкага қаранг).
5. Нега айниқса бугун ҳушёр бўлиш ўта муҳим?
5 Мана юз йилдан бери даҳшатли воқеалар дунёни ларзага солиб келяпти. Бу эса, биз чиндан ҳам охирги кунларда яшаётганимизни яққол кўрсатмоқда. Ҳазрати Исо ҳамда фаришталар Шайтоннинг дунёсини бартараф қилишларига жудаям кам вақт қолди (Ваҳ. 19:11–21). Ҳақиқий масиҳчилар шуни ёдда тутган ҳолда, ёвуз дунёнинг якунини орзиқиб кутишмоқда (Мат. 24:42). Шунингдек ҳушёр бўлишдан ташқари, Исо Масиҳ топширган вазифани бажаришяпти.
Умумжаҳон фаолияти
6, 7. Умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятининг натижасини айтиб беринг.
6 Яҳованинг Шоҳидлари бажараётган фаолият ҳам дунёнинг охирида яшаётганимизни кўрсатмоқда. Бу умумжаҳон фаолият қуйидагича тасвирланган: «Худо салтанати тўғрисидаги Инжил Хушхабари ҳамма халқларга далолат бўлиш учун жаҳон бўйлаб тарғиб қилинади ва ўшандагина сўнг бўлади» (Мат. 24:14).
7 Энди келинг, бу башоратдаги айрим тафсилотларга диққат қаратайлик. Мисол учун, 1914- йилда хушхабарни ваъз қилганларнинг сони жудаям кам эди. Ҳозир эса уларнинг сони улкан даражага етди. Жаҳон бўйлаб 100 000 дан зиёд жамоатларда 7 000 000 дан ортиқ Яҳованинг Шоҳидлари хизмат қилишмоқда. Шунингдек, 2008- йилда бўлиб ўтган Қутлуғ Кечлик маросимига Яҳованинг Шоҳидларидан ташқари, яна 10 000 000 киши келган. Бу, кўринарли даражада ўсиш бўлганидан далолат.
8. Шайтон қаршилик кўрсатса-да, нима учун фаолиятимиз муваффақиятга эришяпти?
8 Охирги пайтда барча халқларга яхшигина шоҳидлик берилаётганини айтмайсизми! Шуниси қизиқки, «бу дунёнинг тангриси» Шайтон қаршилик кўрсатишига қарамай, фаолиятимиз авжига чиқмоқда (2 Кор. 4:4). Сиёсат, дин, тижорат ва оммавий ахборот воситаларининг ҳаммаси Иблиснинг таъсири остидадир. Унда, муваффақиятнинг сабаби нимада дерсиз? Бу ишни Эгамиз Яҳованинг Ўзи бошқаряпти!
9. Худонинг халқи нега маънан гуллаб-яшнамоқда?
9 Шоҳлик фаолияти ҳамда Худонинг халқи маънан гуллаб-яшнаётгани ҳақиқий мўъжизадир. Аллоҳ Ўз хизматчиларига йўл-йўриқ ва ёрдам тақдим этмаганида, бу иш умуман жойидан силжимас эди (Матто 19:26 ўқиб беринг). Шубҳасизки, Худо муқаддас руҳи орқали бундан буён ҳам ҳушёр хизматчиларини қўллаб-қувватлайди.
«Буюк қайғу»
10. Исо «буюк қайғуни» қандай таърифлаган?
10 Ёвуз дунёнинг охири «буюк қайғу»дир (Ваҳ. 7:14). Бу вақт қанча давом этиши Муқаддас Китобда айтилмаган бўлса-да, Исо Масиҳ: «Ўшанда дунё бошланишидан то ҳозиргача содир бўлмаган ва қайтиб содир бўлмайдиган буюк мусибат бўлади»,— дея таърифлаган (Мат. 24:21). Хўш, бу кун ўзи қанақа бўлар экан? Агар Иккинчи жаҳон урушини оладиган бўлсак, унда 50–60 миллион киши ўлиб кетган. Буюк мусибат қанчалик даҳшатли кечишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бу даврнинг энг юқори нуқтаси Ҳор-Магидўндир. Хуллас, Тангри Яҳова ўшанда Шайтоннинг ёвуз дунёсидан асар ҳам қолдирмайди (Ваҳ. 16:14, 16).
11, 12. Буюк қайғу қанақа воқеа билан бошланади?
11 Аллоҳ Каломидаги кароматларга биноан, буюк қайғунинг биринчи босқичи қачон бўлиши номаълум, лекин у қанақа воқеа билан бошланишини аниқ биламиз. Яъни сиёсий ҳукуматлар томонидан барча сохта динлар йўқ қилинади. Ваҳий китобининг 17- ва 18- бобларида сохта дин, сиёсий тузумлар билан зино қилаётган фоҳишага ўхшатилади. Яқин келажакда ер юзи шоҳлари «фоҳишадан нафратланадилар. Уни яланғочлаб, барбод қиладилар, гўштини бурдалаб ейдилар, ўзини эса ўтда ёндирадилар» (Ваҳ. 17:16).
12 Ўша пайтда сохта динни яксон қилишни, Худо «уларнинг [сиёсий ҳукуматларнинг] дилига солади» (Ваҳ. 17:17). Шу йўсин бу, Аллоҳнинг ниятига кўра рўй бериб, Унинг ҳукми иккиюзламачи динларга нисбатан одилона бўлади. Улар, шу вақтгача сохта таълимотлари билан инсонларнинг онгини заҳарлагани етмаганидай, Худо хизматчиларини таъқиб қилишмоқда. Одамлар сохта диннинг шу тарзда йўқ бўлишини ҳатто хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Бироқ, Яҳова Таолонинг садоқатли хизматчилари бундан хабардор бўлиб, бу ҳақда ўзгаларга ҳам тинмай айтишмоқда.
13. Сохта дин тез орада йўқ бўлиши нимадан кўринади?
13 Динларнинг яксон бўлиши, одамларни карахт қилиб қўяди. Инжилдаги башоратга биноан, «ер юзи подшоҳлари» унинг аянчли аҳволини кўриб: «Вой ҳолингга, вой», дейишади. Сабаби, «у бир соатдаёқ харобага айланади!» (Ваҳ. 18:9, 10, 16, 19). «Бир соатдаёқ» деган ибора, бу воқеалар гўё кўз очиб-юмгунча бўлиб ўтишини билдиради.
14. Душманлар масиҳчиларга ҳужум бошлаганда, Яҳова нима қилади?
14 Сохта дин тор-мор этилганидан сўнг, Яҳованинг ҳукмларини ваъз қилаётган хизматчиларга ҳужум бошланади (Ҳиз. 38:14–16). Буниси етмаганидек, улар ҳатто Худованд Яҳованинг Ўзига қарши чиқишади. Аммо У, қаҳр-ғазаб ила улуғворлигию муқаддаслигини кўрсатиб исмини улуғлайди (Ҳиз. 38:19, 23). Боз устига, улар Аллоҳнинг халқига қарши чиқиб, худди Унинг кўз қорачиғига теккандай бўлишади (Закр. 2:8). Шу тариқа, душманлар масиҳчиларга ҳужум бошлаганда, Яҳова уларни чилпарчин қилади. Бу эса буюк қайғунинг охирги босқичи, яъни Ҳор-Магидўн жангида якунланади. Шайтон дунёсига чиқарилган Яҳованинг ҳукми, Ҳазрати Исо ҳамда қудратли фаришталар қўшини томонидан бажарилади.
Бу бизга қандай таъсир қилиши керак?
15. Ёвуз дунёнинг охири яқин эканини билиш нимага ундаши лозим?
15 Ёвуз дунёнинг охири яқин эканини билиш, бизни нимага ундайди? Ҳаворий Бутрус мана шундай ёзган: «Ўша кунда ҳамма нарса йўқ бўлиб кетар экан, сизлар қандай кишилар бўлмоғингиз керак?... Ўша кунни муқаддас юриш-туриш, диёнат билан кутинг» (2 Бутр. 3:11, 12). Демак, Яҳовани севишимизни ва Унга садоқатли эканимизни кўрсатишимиз даркор. Бинобарин, Аллоҳнинг маҳшар куни шунчалик яқин экан, ваъзгўйликда фаол қатнашишга жон куйдирайлик. Бутрус давом этиб: «Борлиқ мавжудот охирлаб қолди... ибодат қилиш учун ҳушёр бўлинглар»,— деб таъкидлаган (1 Бутр. 4:7). Агар доим ибодат орқали Яҳовадан раҳбарлик сўрасак, Унга севгимизни кўрсатган бўламиз.
16. Худонинг огоҳлантиришига нима учун қулоқ солишимиз керак?
16 Ушбу нотинч кунларда қуйидаги огоҳлантиришга қулоқ солайлик: «Қандай яшаётганингизга ўзингиз диққат қилиб қаранглар. Нодонлар каби эмас, доно кишилар каби кун кечиринглар. Фурсатни ғанимат билинглар, чунки биз яшаётган кунлар — ёмон кунлар» (Эфес. 5:15, 16). Ҳозирги пайтда дунё жирканч ишларга тўлиб-тошган. Одамлар Худонинг иродасини бажармасликлари учун Шайтон жуда кўп тузоқлар ўйлаб топмоқда. Бу бизга маълум бўлгани боис, Яҳовага содиқ қолишимиз осонроқ. Шунингдек, Яҳованинг мақсади амалга ошиши муқаррар эканига ишониб, фақат Унга таянамиз (1 Юҳанно 2:15–17 ўқиб беринг).
17. Ҳор-Магидўндан омон ўтганлар нималардан шодланишади?
17 «Солиҳ билан фосиқларни тирилтириш» ҳақидаги Аллоҳнинг ажойиб ваъдаси рўёбга чиқади (Ҳавор. 24:15) Бу ваъда қуруқ гап эмас. Шунингдек, ўлганлар ҳаётга қайтишини Ишаё пайғамбар ҳам тасдиқлаган (Ишаё 26:19). Қадимда Худонинг халқи ўз юртига қайтганда, ушбу башорат рамзий маънода амалга ошган. Келажакда эса бу, янги дунёда том маънода бўлади. Тасаввур қилинг, тирилган ёру-биродар ва қариндош-уруғлар билан бирга бўлиш қанчалар шод-хуррамлик келтиради! Жуда ҳам тез орада Шайтон дунёси барҳам топади, кетидан эса Худонинг янги дунёси бошланади. Шундай экан келинг, ҳушёрликни қўлдан бой бермайлик!
Қандай жавоб берардингиз?
• Исо асосан нима ҳақда таълим берарди?
• Умумжаҳон ваъзгўйлик фаолиятининг натижаси қандай?
• Нима учун айнан ҳозир ҳушёрлик зарур?
• Ҳаворийлар 24:15 да қандай ажойиб ваъда бор?
[16- саҳифадаги расм ва рамка]
ЖЎШ УРГАН ЗАМОННИНГ БОШЛАНИШИ
Алан Гринспан исмли бир ёзувчининг «Жўш урган замон», деган китоби 2007- йилда чоп этилган (The Age of Turbulence: Adventures in a New World). Муаллиф тахминан 20 йил давомида АҚШдаги федерал захира тузумини бошқарган. Бу ташкилотга Америка Қўшма Штатларнинг барча марказий банклари бўйсунган. Алан дунёдаги аҳволнинг 1914- йилгача ва ундан кейинги даражасига эътибор қаратган.
У шундай сўзлаб берган: «Ўша даврдаги барча далилларга асосан, 1914- йилгача одамларнинг ҳаёти тобора ривожланаётган эди. Қуллик ва зўравонлик гўё ўтмишда қолаётгандек бўлган. [...] Бутун 19- аср мобайнида илмий-техник тараққиёти борган сари юксалаётганди. Темир йўл, телефон, электр чироғи, кино, автомобиль ва бошқа кўплаб уй-рўзғор буюмларнинг саноғи йўқ эди. Тиббиёт муваффақиятлари, озиқ-овқатнинг яхшиланиши, ичимлик сувининг етарли бўлгани, инсон умрини узайтириши керак эди... Ўшанда одамлар буларнинг бари мангу давом этади, дея ўйлашган».
Бироқ... «Минг афсус, Биринчи жаҳон урушининг бошланиши, инсонпарварлик ва цивилизацияга катта зарба бўлди. Иккинчи жаҳон уруши ҳам ундан қолишмади. Шундай қилиб, Биринчи жаҳон урушигача бўлган ўша вақтларни эслаб, порлоқ келажак ғояси чиппакка чиққанини тушундим. Бугунги кунда дунёқарашимиз ўтмишдагидан анча фарқ қилади, аммо у ҳақиқий воқеликка яқиндир. Терроризм, иқлим ўзгариши ёки кимгадир эргашиш ҳам, Биринчи жаҳон уруши каби инсонларни умидсизликка олиб келмасмикин? Бунга ҳеч ким жавоб бера олмаслиги турган гап».
Гринспан талабалик даврини ёдга олиб, бир профессорнинг қуйидаги гапларини келтирган: «Биринчи жаҳон урушигача бўлган вақтда дунёқараши шаклланган одамлар ўша яхши дамларни соғинч билан эслашади. Чунки ўшанда одамлар тинч-ҳотиржам яшашган» (Economics and the Public Welfare).
2006- йилда нашр этилган «Поёнига етган дунё», китобининг муаллифи Ж. Мейер ҳам худди шу ҳулосага келган: «Тарихий ҳодисалар тўғрисида гап кетганда, улар “ҳамма нарсани ўзгартириб юборди” деймиз. Бу, 1914–1918- йилларда бўлган Улуғ урушга ҳам тегишли. Ушбу уруш, чиндан ҳам барча нарсани ағдар-тўнтар қилиб юборган. Қолаверса у нафақат чегара, ҳукумат ва халқлар тақдирини, балки одамларнинг ўзларини ҳам ўзгартирди. Бу уруш аввалги ва ундан кейинги давр ўртасида тубсиз жарлик бўлди» (A World Undone).
[18- саҳифадаги расм]
Худованд Яҳова Ҳор-Магидўнда қудратли фаришталар қўшинини ишга солади