48- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
«Муқаддас бўлинглар»
Бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар. 1 БУТР. 1:15
34- ҚЎШИҚ Бенуқсон бўлиб юринг
БУ МАҚОЛАДАa
1. Ҳаворий Бутрус имондошларига қандай маслаҳат берган ва нега унга амал қилиш имконсиздай туюлиши мумкин?
ОСМОНДА яшаш умидига эгамизми ёки ер юзидами, барчамиз ҳаворий Бутрус биринчи асрдаги мойланган масиҳийларга берган маслаҳатдан фойда олишимиз мумкин. У шундай ёзган: «Сизларни даъват қилган Аллоҳ муқаддас бўлгани каби, сизлар ҳам бутун юриш-туришингизда муқаддас бўлинглар. Боиси, Муқаддас Ёзувларда: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман”,— деб айтилган». (1 Бутр. 1:15, 16) Бу сўзлардан муқаддаслик борасида аъло ўрнак кўрсатган Яҳовага тақлид қилишимиз мумкинлигини билиб оляпмиз. Юриш-туришда муқаддас бўла оламиз ва бўлишимиз ҳам керак. Номукаммал бўлганимиз учун бу имконсиздай туюлар. Бутруснинг ўзи ҳам хатолар қилиб турган, лекин унинг мисоли «муқаддас бўлишимиз» мумкинлигини кўрсатяпти.
2. Бу мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?
2 Бу мақолада қуйидаги саволларни кўриб чиқамиз: «Муқаддас бўлиш нима дегани? Каломда Яҳованинг муқаддаслиги ҳақида нима деб ёзилган? Юриш-туришимизда қай йўсин муқаддас бўлишимиз мумкин? Муқаддас бўлиш ва Яҳова билан муносабатларимиз ўртасида қандай боғлиқлик бор?»
МУҚАДДАС БЎЛИШ НИМА ДЕГАНИ?
3. Одамлар муқаддас бўлиш борасида қандай фикрда, лекин тўғри маълумотни қаердан топа оламиз?
3 Одамлар муқаддас инсон ҳақида ўйлаганида, ҳеч қачон кулмайдиган, диний либослар кийиб юрадиган ва жиддий инсонни тасаввур қилиши мумкин. Лекин аслида бундай эмас. Яҳова муқаддас Худо ва У «бахтиёр Тангри» сифатида тилга олинган. (1 Тим. 1:11) Унга топинадиганлар ҳам «бахтлидир» деб аталган. (Заб. 144:15) Исо ўзгача либослар кийиб, одиллигини одамлар олдида кўрсатадиганларни қоралаган. (Мат. 6:1; Марк 12:38) Масиҳийлар эканмиз, муқаддас бўлиш борасидаги тушунчамизни Худонинг Каломи асосида шакллантиришни истаймиз. Муқаддас ва севувчи Худойимиз биздан имконсиз нарсани талаб қилмаслигига аминмиз. Демак, У: «Муқаддас бўлинглар»,— деб айтган экан, бу қўлимиздан келади. Албатта, юриш-туришда муқаддас бўлиш учун аслида бу нимани англатишини тушунишимиз керак.
4. Муқаддас бўлиш нима дегани?
4 Муқаддас бўлиш нима дегани? Худонинг Каломига кўра, бу ибора асосан ахлоқан ва маънан пок бўлишни англатади. Шунингдек, у одам Худога хизмат қилиш учун ажратиб олинган бўлишини билдиради. Бошқача қилиб айтганда, биз ахлоқан пок бўлсак, Худога маъқул тарзда топинсак ва У билан яқин муносабатларга эга бўлсак, муқаддас бўламиз. Каломдан Яҳованинг муқаддаслиги ҳақида ўқиганимизда, У билан яқин муносабатларга эга бўлишимиз мумкинлигидан эҳтиром ҳиссига тўламиз.
«МУҚАДДАС, МУҚАДДАС, МУҚАДДАСДИР... ЯҲОВА!»
5. Садоқатли фаришталардан Яҳова ҳақида нималарни билиб олишимиз мумкин?
5 Яҳова ҳар томонлама муқаддас Аллоҳ. Шунинг учун, серафлар, яъни Яҳованинг тахти ёнида турган фаришталар: «Муқаддас, муқаддас, муқаддасдир Қўшинлар Сарвари Яҳова!» — деб эълон қилган. (Ишаё 6:3) Муқаддас Тангри билан яқин муносабатларга эга бўлиш учун бу фаришталар муқаддас бўлиши керак. Аслида ҳам шундай. Шу боис, бирон фаришта ер юзида кимгадир хабарни етказган жой муқаддас ҳисобланган. Шунинг учун, Мусо пайғамбар ёнаётган бута олдида турганида, ўша жой муқаддас бўлиб қолган. (Чиқ. 3:2–5; Ёшуа 5:15)
6, 7. а) Чиқиш 15:1, 11 га биноан, Мусо Худо муқаддас эканини қандай таъкидлади? б) Худо муқаддас эканини исроилликларга нима эслатиб турарди? (Муқовадаги расмга қаранг.)
6 Мусо Исроил халқини Қизил денгиздан олиб ўтгач, уларнинг Худоси Яҳова муқаддас эканига эътибор қаратган. (Чиқиш 15:1, 11 ни ўқинг.) Мисрда сохта худоларга сиғинган одамларнинг юриш-туриши эса муқаддас бўлмаган. Канъонда сохта худоларга сажда қилганлар ҳақида ҳам худди шундай деса бўлади. Масалан, улар болаларни қурбонликка келтирган, ўтакетган ахлоқсиз ишларни қилган. (Лев. 18:3, 4, 21–24; Қонун. 18:9, 10) Яҳова эса топинувчиларидан бундай жирканч ишларни ҳеч қачон талаб қилмаган. Зеро, У буткул муқаддасдир. Олий руҳонийнинг салласидаги олтин лавҳада ёзилган сўзлардан буни аниқ кўрса бўлади. Ўша лавҳада: «Яҳова муқаддасдир»,— деб ўйиб ёзилганди. (Чиқ. 28:36–38)
7 Бу ёзув барчага Яҳова чиндан ҳам муқаддас эканини эслатиб турарди. Лекин бирон исроиллик олий руҳонийнинг ёнига яқин бора олмагани учун ўша ёзувни кўра олмаган бўлса-чи, у Яҳова муқаддас эканини билармиди? Бўлмасам-чи! Чунки ҳар бир исроиллик Мусонинг Қонуни эркагу аёллар ва болалар олдида ўқилаётганда, бу сўзларни эшитарди. (Қонун. 31:9–12) Агар сиз ҳам у ерда бўлганингизда, шундай сўзларни эшитардингиз: «Мен сизларнинг Худойингиз Яҳоваман... Муқаддас бўлинглар, чунки Мен муқаддасман». «Мен учун муқаддас бўлинглар, зеро Мен, Яҳова, муқаддасман». (Лев. 11:44, 45; 20:7, 26)
8. Левилар 19:2 ва 1 Бутрус 1:14–16 дан нимани билиб оляпмиз?
8 Келинг, Левилар 19:2 даги фикрга диққат қаратамиз. Бу сўзлар бутун халққа ўқиб берилган. Яҳова Мусога: «Исроил ўғилларининг бутун жамоасига мурожаат қилиб, мана бу гапларни етказ: “Муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Худойингиз Яҳова, муқаддасман”»,— деб айтган. Эҳтимол, Бутрус масиҳийларни муқаддас бўлишга ундаганида, мазкур сўзларни иқтибос сифатида келтирган. (1 Бутрус 1:14–16 ни ўқинг.) Албатта, биз Мусонинг Қонуни остида эмасмиз. Лекин Бутруснинг ёзганлари Левилар 19:2 даги фикрни, яъни Яҳова муқаддас эканини ва Уни севувчилар ҳам муқаддас бўлиш учун жон куйдириши кераклигини тасдиқлаяпти. Самода ёки ер юзида яшаш умидига эгамизми, бу барчамизга тегишли. (1 Бутр. 1:4; 2 Бутр. 3:13)
«БУТУН ЮРИШ-ТУРИШИНГИЗДА МУҚАДДАС БЎЛИНГЛАР»
9. Левилар 19- бобни кўриб чиқишдан қандай фойда оламиз?
9 Муқаддас Тангримизни мамнун қилишни истаганимиз учун қай йўсин муқаддас бўла олишимизни билмоқчимиз. Яҳова бу борада бизга маслаҳат беряпти. У Левилар 19- бобда ёзилган. Маркус Калиш исмли яҳудий олим шундай деб ёзган: «Бу ўзгача боб Левилар китобида ва ҳатто Мусо ёзган бешта китобдаги энг муҳим боб бўлса керак». Ушбу бобдаги айрим оятларни кўриб чиқсак, кундалик ҳаётимиз учун муҳим сабоқларни билиб оламиз. Келинг, бундай қилар эканмиз, «муқаддас бўлинглар» деган сўзларни ёдда тутайлик.
10, 11. Левилар 19:3 га кўра, нима қилишимиз керак ва нега бу муҳим?
10 Исроил халқига муқаддас бўлиши кераклигини айтгач, Яҳова: «Ҳар бирингиз ота-онангизни ҳурмат қилинг. Мен Тангрингиз Яҳоваман»,— деб қўшиб қўйди. (Лев. 19:2, 3)
11 Ҳа, Худонинг ота-онага ҳурмат кўрсатиш амрига бўйсунишимиз керак. Бир йигит Исога мурожаат қилиб: «Абадий ҳаётга эришиш учун қандай яхши иш қилишим керак?» — деб сўраган вазиятни эсланг. Исо унга жавоб берганида, у ота-онани ҳурмат қилиш кераклигини айтиб ўтган. (Мат. 19:16–19) Қолаверса, Исо ота-онасига ғамхўрлик қилишдан қочган фарзийлару уламоларни қоралаган. Бундай йўл тутиб, улар «Аллоҳнинг каломини бекор» қилган. (Мат. 15:3–6) Ўнта амрнинг бешинчиси ва Левилар 19:3 даги фикр «Аллоҳнинг каломи» ҳисобланарди. (Чиқ. 20:12) Дарҳақиқат, Левилар 19:3 даги ота-онани ҳурмат қилиш ҳақидаги амр: «Муқаддас бўлинглар, чунки Мен, Худойингиз Яҳова, муқаддасман»,— деган сўзлардан кейин айтилган.
12. Левилар 19:3 даги маслаҳатга биноан, ўзимизга қандай савол берсак бўлади?
12 Ота-онамизни ҳурмат қилиш борасидаги Яҳованинг маслаҳатига амал қилиш учун: «Ота-онамга ҳурмат кўрсатяпманми ёки ғамхўрлик қиляпманми?» — деб ўзимиздан сўрашимиз мумкин. Агар: «Авваллари уларга етарлича ғамхўрлик қилмаган эканман»,— деб ўйласангиз, ҳозир бунда яхшиланишнинг айни пайти. Ўтмишни ўзгартира олмайсиз, аммо бундан буёғига уларга ёрдам бериш учун жон куйдиришингиз мумкин. Масалан, улар билан кўпроқ вақт ўтказишингиз ё бўлмаса уларни моддий, маънавий ёки ҳиссий томонлама кўпроқ қўллаб-қувватлай оласиз. Бундай йўл тутсангиз, Левилар 19:3 га амал қилган бўласиз.
13. а) Левилар 19:3 да яна қандай маслаҳат ёзилган? б) Исонинг ўрнагига қандай тақлид қилишимиз мумкин? (Луқо 4:16–18)
13 Левилар 19:3 дан муқаддас бўлиш ҳақида яна бир нарсани билиб оламиз. Бу оятда Шаббатга риоя қилиш ҳақида ёзилган. Биз масиҳийлар Таврот остида яшамаймиз. Шунинг учун, ҳар ҳафта Шаббатга риоя қилмаймиз. Аммо исроилликлар Шаббатга қай йўсин риоя қилганини ва бу уларга қандай фойда келтирганини билишдан кўп нарсани ўргансак бўлади. Шаббат куни улар ҳеч қандай иш қилмай Худога топиниши керак эдиb. Шу боис, Шаббат куни Исо она шаҳридаги ибодатхонага бориб, Худонинг Каломини ўқирди. (Чиқ. 31:12–15; Луқо 4:16–18 ни ўқинг.) Левилар 19:3 да Худо: «Шаббатларимга риоя қилинглар»,— деган. Бу бизни ҳар куни Худога топиниш учун вақт ажратишга ундайди. Бу борада ўзгаришлар қилишингиз кераклигини ҳис қиляпсизми? Маънавий нарсаларга доим диққат қаратаётган бўлсангиз, Яҳова билан яқин муносабатларга эга бўласиз. Бу муқаддас бўлиш учун муҳим аҳамиятга эга.
ЯҲОВА БИЛАН МУНОСАБАТЛАРИНГИЗНИ МУСТАҲКАМЛАНГ
14. Левилар 19- бобда қайси муҳим ҳақиқат такрорланган?
14 Левилар 19- бобда муқаддас қолишимизга ёрдам берадиган муҳим бир ҳақиқат такрорланган. 4- оят: «Мен Тангрингиз Яҳоваман»,— деган сўзлар билан тугайди. Бу ёки шунга ўхшаш сўзлар ушбу бобда 16 марта учрайди. Эҳтимол, бу: «Мен... Тангрингиз Яҳоваман. Мендан ўзга худоларингиз бўлмасин»,— деб айтилган биринчи амрни эсимизга солар. (Чиқ. 20:2, 3) Муқаддас бўлишни истаган ҳар бир масиҳий Худо билан бўлган муносабатларига ҳеч нарса ва ҳеч ким тўсиқ бўлмаётганига ишонч ҳосил қилиши керак. Қолаверса, Худонинг исми билан аталар эканмиз, Унинг исмига доғ туширадиган ёки исмини булғайдиган ҳар қандай ҳаракатдан қочишга қатъий бел боғлашимиз лозим. (Лев. 19:12; Ишаё 57:15)
15. Қурбонликлар борасида Левилар 19- бобдаги оятлар бизни нима қилишга ундаши керак?
15 Исроилликлар кўп қонунларга риоя қилиб, Яҳовани Тангриси деб билганини кўрсатган. Левилар 18:4 да шундай дейилган: «Менинг ҳукмларимни бажаринглар, низомларимга риоя қилиб, улар бўйича йўл тутинглар. Мен Тангрингиз Яҳоваман». 19- бобда исроилликлар учун бу низомларнинг баъзилари келтирилганди. Масалан, 5–8, 21-, 22- оятларда ҳайвонларни қурбонликка келтириш тўғрисида айтилган. Исроилликлар қурбонликларини Яҳовага тегишли муқаддас нарсани ҳаром қилмайдиган тарзда келтириши лозим эди. Бу оятларни ўқиш бизни Яҳовани мамнун қилишга ҳамда Ибронийларга 13:15 га кўра, Унга маъқул тарзда ҳамду сано қурбонликларини бахшида этишга ундаши керак.
16. Левилар 19- бобдаги қайси принцип Худога хизмат қиладиган ва қилмайдиган одамлар орасида фарқ бўлишини кўрсатяпти?
16 Муқаддас бўлиш учун Худога хизмат қилмайдиган инсонлардан фарқ қилишимиз керак. Бу осон бўлмас. Гоҳида мактабдошлар, ҳамкасблар, имондошимиз бўлмаган қариндошларимиз ёки бошқалар бизга босим ўтказиб, топинишимизга зид бўлган ишларни қилдиришга уринар. Улар бундай қилса, нима муҳимроқ экани борасида қарор чиқаришимиз керак. Хўш, бунда бизга нима ёрдам бериши мумкин? Левилар 19:19 да ёзилган қуйидаги принципни кўриб чиқайлик: «Икки хил ип қўшиб тўқилган кийимни кийманглар». Бу исроилликларга бошқа халқлардан ажралиб туришга ёрдам берган. Бугунги кунда Таврот остида бўлмаганимиз учун ҳар хил матодан тикилган кийимларни кийишимиз мумкин. Масалан, атлас ва читдан тикилган кийимларни киямиз. Бироқ Муқаддас Китоб таълимотларига зид бўлган нарсаларга ишонадиган ва урф-одатларни қиладиган одамларга — ҳатто улар мактабдош, ҳамкасб ёки қариндошимиз бўлса ҳам — ўхшашни хоҳламаймиз. Албатта, қариндошу уруғларимизни яхши кўрамиз ва яқинларимизга севгимизни кўрсатамиз. Атрофдагилардан фарқ қилсак ҳам чиқарадиган қарорларимиз биз Яҳовага итоатли эканимизни кўрсатиши лозим. Эсингизда бўлса, муқаддас бўлиш одам ўзини Худога хизмат қилиш учун ажратишини билдиради. Муқаддас бўлиш учун жон куйдирмоқчи бўлсак, бу жуда муҳим. (2 Кор. 6:14–16; 1 Бутр. 4:3, 4)
17, 18. Левилар 19:23–25 дан қандай муҳим сабоқ олсак бўлади?
17 «Мен Тангрингиз Яҳоваман» деган сўзлар Исроил халқига Яҳова билан муносабатларини биринчи ўринга қўйишга ёрдам бериши керак эди. Хўш, қанақасига? Левилар 19:23–25 дан (ўқинг) бунинг бир қиррасини билиб оляпмиз. Халқ ваъда қилинган юртга киргач, мазкур сўзлар улар учун нимани англатгани борасида бир ўйлаб кўринг. Масалан, одам дарахт эккач, биринчи уч йил давомида унинг мевасидан ея олмасди. Тўртинчи йили эса дарахтнинг мевасини Худонинг муқаддас маскани учун ажратиши кутиларди. Одам фақат бешинчи йили ўша дарахтнинг мевасидан ея оларди. Мазкур қонун ёрдамида Исроил халқи ўзининг эҳтиёжларини биринчи ўринга қўймаслиги кераклигини тушунган. Халқ Яҳова уларнинг эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишига ишониши ва топинишни биринчи ўринга қўйиши керак эди. Шунда Худо уларда етарлича озиқ-овқат бўлишига ғамхўрлик қиларди. Қолаверса, Яҳова уларни топинишнинг маркази бўлган муқаддас маскан учун сахийлик ила ҳадялар келтиришга ундаган.
18 Левилар 19:23–25 даги сўзлар бизга Исонинг Тоғдаги ваъзида айтганларини эслатяпти. У шундай деган: «Нима еймиз ва нима ичамиз, деб... ташвишланманглар». У сўзида давом этиб: «Ахир самовий Отангиз буларнинг барига муҳтож эканингизни билади-ку»,— деб айтган. Қушларга ғамхўрлик қилган Худо бизга ҳам керакли барча нарсани беради. (Мат. 6:25, 26, 32) Яҳова бизга ғамхўрлик қилишига ишонамиз. Шу боис, муҳтож бўлганларга «хайр-садақа», яъни ёрдам берамиз ва буни овоза қилмаймиз. Шунингдек, жамоатнинг харажатлари учун хайр-эҳсон қиламиз. Яҳова бундай сахийлигимизни назаридан четда қолдирмайди ва бизга барака беради. (Мат. 6:2–4) Ҳа, сахий бўлсак, Левилар 19:23–25 даги сабоқларни тушунаётганимизни кўрсатамиз.
19. Левилар китобидаги айрим оятларни кўриб чиқишдан қандай фойда олдингиз?
19 Левилар 19- бобдаги бир нечта оятни кўриб чиқдик. Улар ёрдамида биз қандай қилиб муқаддас Тангрига ўхшашимиз мумкинлигини билиб олдик. Унга тақлид қилсак, бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлишга интилаётганимизни кўрсатамиз. (1 Бутр. 1:15) Яҳовага хизмат қилмайдиган кўп одамлар яхши хулқимизнинг гувоҳи бўляпти. Бу баъзиларни Яҳовага шон-шараф келтиришга ундаяпти. (1 Бутр. 2:12) Аммо Левилар 19- бобдан яна кўп сабоқлар олишимиз мумкин. Кейинги мақолада бу бобдаги бошқа оятларни кўриб чиқамиз. Бунинг ёрдамида Бутрус бизни ундаганидай, «муқаддас бўлишимиз» мумкин бўлган ҳаётимиздаги бошқа соҳаларни аниқлаймиз.
80- ҚЎШИҚ «Тотиб кўр, шунда Яҳова яхши эканини билиб оласан»
a Яҳовани қаттиқ севамиз ва Уни хурсанд қилишни истаймиз. Яҳова муқаддас Худо ва топинувчилари ҳам муқаддас бўлишини истайди. Хўш, номукаммал одамлар учун бунинг имкони борми? Албатта! Ҳаворий Бутрус имондошларига ёзган маслаҳатни ва Яҳова қадимда Исроил халқига берган йўл-йўриқларни кўриб чиқиб, қай йўсин бутун юриш-туришимизда муқаддас бўлишимиз мумкинлигини билиб оламиз.
b Шаббат мавзуси ва бу борада қандай сабоқ олишимиз мумкинлиги ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун «Қўриқчи минораси»нинг 2019 йил декабрь сонидаги «Ишлашнинг ва дам олишнинг ўз вақти бор» номли мақолага қаранг.
c РАСМЛАРГА ШАРҲ. Биродар ота-онаси билан вақт ўтказиб, хотини ва боласи билан уларни йўқлаб келди. У ота-онаси билан тез-тез суҳбатлашади.
d РАСМЛАРГА ШАРҲ. Исроиллик киши ўзи эккан дарахтнинг меваларига қараяпти.