27- дарс
Эркин тарзда сўзлаш
АЙТАЙЛИК, сиз нутққа жуда яхши тайёргарлик кўрдингиз. Қизиқарли маълумот топиб, уни мантиқан тўғри тақсимладингиз ва ҳаммасини астойдил машқ қилдингиз. Лекин тингловчиларнинг эътибори доим чалғиб, сизни тингламай қўйишса, мақсадингизга эриша оласизми? Агар айтганларингизга диққатли бўлиш улар учун қийин кечаётган бўлса, қалбларини забт эта оласизми?
Бундай муаммонинг сабаби нимада? Бунинг бир нечта сабаби бўлиши мумкин. Улардан тез-тез учрайдигани, маърузачи эркин тарзда гапирмай, доим ёзувларига қарайверишидир. Шунда, нутқ расмий бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу муаммолар, маърузачи нутқни қандай тайёрлаганига боғлиқ.
Мабодо, аввал нутқни бутунлайин ёзиб олиб, кейин режа тузишга тушсангиз, эркин тарзда гапириш қийин бўлишини пайқарсиз. Нега дейсизми? Сабаби сўзларни танлаб қўйганингиздадир. Ҳатто саҳнага режа билан чиққанингизда ҳам, ўзингиз сезмаган ҳолда қоғозга ёзиб қўйганингиз бўйича гапиришга ҳаракат қилаверасиз. Маълумки, ёзилган нутқдаги гаплар, жонли нутққа қараганда мураккаброқ тузилгани учун анча расмий бўлади. Бунинг ҳаммаси нутқ сўзлаганда акс этади.
Маълумотни сўзма-сўз ёзиб олишнинг ўрнига, қуйидагиларни қилишга уриниб кўринг: 1) Мавзу ва уни очиб беришга кўмаклашадиган асосий фикрларни танланг. Қисқа нутқ учун тахминан иккита асосий фикрнинг ўзи кифоя. Узун нутқ учун тўртта ёки бешта фикр етарли бўлар. 2) Ҳар бир асосий фикрнинг тагига, Муқаддас Китобдан қўлламоқчи бўлган оятларни ёзинг. Қолаверса, мисол ва муҳим исботларни белгилаб қўйинг. 3) Кириш сўзларини ўйлаб, битта ёки иккита гапни ҳатто ёзиб қўйиш мумкин. Шунингдек, нутқнинг хотимасини ҳам ўйлаб қўйинг.
Нутқ айтишга тайёргарлик кўриш муҳим аҳамиятга эгадир. Бироқ нутқни ёдлаб, фикрларни доим ўша-ўша сўзлар билан айтишга уринманг. Эркин тарзда гапириш учун, тайёргарлик кўраётганда диққатни сўзларга эмас, фикрларга қаратиш зарур. Ҳар бир фикр хаёлингизда бошқаси билан ўзидан-ўзи боғланмагунча, уни такрорланг. Агар нутқ мантиқан тўғри тақсимланган ва яхши режалаштирилган бўлса, бу осон кечади. Кейин нутқ сўзлаётганингизда, хаёлингиздаги фикрлар табиий чиқаверади.
Эркин тарзда гапиришнинг фойдали томонлари. Эркин тарзда гапиришнинг афзаллиги шундаки, сиз тингловчиларга яқин бўлган тилда сўзлаб, уларнинг диққатини жалб қила оласиз. Нутқингиз янада жонли бўлади ва тингловчиларда кўпроқ қизиқиш уйғотади.
Эркин тарзда гапираётиб, тингловчилар билан кўз ила алоқа боғлашингиз мумкин. Бу эса, ўзаро ҳамфикр бўлишга замин яратади. Тингловчилар ҳар бир гапдан кейин ёзувларга қарамаётганингизни кўриб, маълумотни яхши ўзлаштириб олганингизни ва гапираётганингизга амин эканингизни кузатишади. Шунингдек бу, чин дилдан, илиқлик ила ва табиий гапиришингизга имкон яратади. Натижада, тингловчиларингизнинг қалбларини забт эта оласиз.
Ёзиб олинган матнга боғланмаган бўлсангиз, ўзингизни эркинроқ ҳис қилиб, лозим бўлганда бирон-бир ўзгариш кирита оласиз. Айтайлик, нутқ айтишингиз керак бўлган куни, янгиликлардан мавзуингизга тегишли қизиқарли маълумот эшитиб қолдингиз. Уни нутққа киритиш ўринли бўлмасмиди? Ёки нутқ айтаётганингизда, залда мактаб ёшидаги болалар кўплигини пайқарсиз. Улар учун таниш мисоллар келтириб, бу уларнинг ҳаётига қандай тегишли эканини кўрсатсангиз яхши бўларди.
Яна бир афзал томони шундаки, эркин тарзда сўзлаш онгингизнинг фаолиятини кучайтиради. Тингловчилар ҳар бир сўзингизни диққат ила тинглаётганини кўрганингизда, янада ҳаяжонга тўлиб, қайсидир фикрларни чуқурроқ очиб берасиз ёки айрим фикрларни таъкидлаш учун такрорлаб ўтасиз. Борди-ю, тингловчиларнинг қизиқиши сўнаётганини пайқасангиз, нутқни шунчаки давом эттиришнинг ўрнига, қандайдир чора кўришга ҳаракат қиласиз.
Айрим хавф-хатарлар. Эркин тарзда гапиришнинг баъзи бир хавфли томонлари бор. Улардан бири, вақтни ошириб юборишдир. Маърузачи нутқ давомида ҳаддан ташқари кўп янги фикрларни киритса, бундай муаммо юзага келади. Нутқни вақтида тугатиш учун, нутқнинг ҳар бир қисмига қанча дақиқа ажратмоқчи эканингизни ёзувларингизда белгиланг. Сўнг эса, режа бўйича нутқ сўзлашга интилинг.
Айниқса тажрибали маърузачилар учун хавфли бўлган бир омил бор. Бу ҳам бўлса, ўз кучига ортиқ даражада ишонишдир. Омма олдида нутқ сўзлашга одатланган айрим маърузачилар, нутқ тузишнинг қийин жойи йўқ, ўтириб, бир нечта фикрни ёзиб қўйсанг бас, мана нутқ ҳам тайёр, деб ўйлашади. Лекин камтарлик фазилати ва Улуғ Устозимиз Яҳованинг таълим бериш дастурида қатнашаётганимизни тушуниш, ҳар бир топшириққа ибодат ила ёндашишга ва яхши тайёргарлик кўришга ундайди (Ишаё 30:20; Рим. 12:6–8).
Эркин тарзда гапиришга одатланмаганлар, айтадиган гапларини эсидан чиқариб қўйишдан қўрқишлари мумкин. Бундай қўрқув, яхши маърузачи бўлишингизга тўсқинлик қилишига йўл қўйманг. Синчковлик ила тайёргарлик кўринг ва Яҳовадан муқаддас руҳини сўраб ибодат қилинг (Юҳан. 14:26).
Бошқа маърузачилар эркин тарзда гапиришни унча хуш кўришмайди, боиси улар сўз танлашга жуда ҳам кўп эътибор қаратишади. Тўғри, қоғозда ёзилган матн, эркин нутқдан сўз танлови ва гап тузилишида аниқроқ бўлгани билан фарқ қилади. Бироқ тингловчиларга яқин бўлган сўзлашув услуби, ҳар қандай камчиликларни қоплайди. Содда, тушунарли сўз ва гаплар билан ифодаланган фикрлар одамларга яхшироқ таъсир қилади. Агар пухта тайёргарлик кўриб, фикрларни такрорлашга етарлича вақт ажратсангиз, нутқни ёдлаб олишга ҳожат қолмайди. Керакли сўзлар ўз-ўзидан хаёлингизга келиб, осонликча гапларга айланади. Бундан ташқари, агар ҳар кунги суҳбатларда нутқингизга диққатли бўлсангиз, саҳнада ҳам осонликча яхши гапирасиз.
Ёзувларингиз. Тажрибангиз ошгани сайин, режангиздаги ҳар бир фикрни бир нечта сўз билан ифодалаб, Муқаддас Китобдан ҳам фақат керакли оятларни келтирасиз. Қўллашингизга қулай бўлиши учун, режани қоғозчага ёзиб олса бўлади. Борди-ю, ваъзгўйлик хизмати учун қисқа режа тайёрлаган бўлсангиз, одатда уни хаёлингизда сақлаганингиз маъқулдир. Мабодо, такрорий ташрифга тайёрланаётиб, муайян савол борасида изланиш ўтказган бўлсангиз, керакли фикрларни қоғозчага ёзиб, Муқаддас Китоб ичига солиб қўйинг. «Муқаддас Китоб мавзулари»да келтирилган режадан фойдаланиш ёки «Муқаддас Китоб асосида музокара» китобидаги маълумотни асос сифатида олиш мумкин.
Жамоат учрашувлари учун бир-икки ҳафта ичида бирданига бир нечта топшириқни тайёрлашингиз ва бунинг устига оммавий нутқ ҳам айтишингиз керак бўлса, уларнинг ҳар бирига батафсил режа тузишни маъқул кўрарсиз. Нима учун? Сабаби, ҳар бир топшириқни бажаришдан олдин, маълумотни хаёлингизда янгилаб олишингиз мумкин. Аммо саҳнага чиққанингизда ёзиб олганларингизни сўзма-сўз айтишга уриниб, ҳар бир гапдан кейин ёзувга қарасангиз, эркин тарзда сўзлаш келтирадиган фойдали томонлар четда қолиб кетади. Агар батафсил режадан фойдаланадиган бўлсангиз, қулайлик учун режага асос солувчи сўз ва оятларни белгиланг. Шу йўсин, бир қарашда диққатингиз уларга тақалади.
Гарчи тажрибали маърузачи кўпинча эркин тарзда нутқ сўзлаши лозим бўлса-да, маълумотни етказишнинг бошқача усулларини ҳам киритса фойдали бўлади. Мисол учун, кириш ва якунловчи сўзлар бир томондан тингловчилар билан кўз ила алоқа боғлаш кераклигини, бошқа томондан эса, пухта ўйланган кучли сўзларни талаб қилади. Шу сабабли, бошида ва охирида айтмоқчи бўлган бир нечта гапларни эҳтимол ёдлаб оларсиз. Шунингдек, турли хил далил, маълумот, матн парчаси ва оятларни ўқиб бериш яхшироқ бўлади.
Дарҳол жавоб бериш керак бўлганда. Гоҳида эътиқодларимиз тўғрисида олдиндан тайёргарлик кўрмай, жавоб беришга тўғри келади. Бундай вазият, ваъзгўйлик пайтида кимдир эътироз билдирганда юзага келиши мумкин. Бундан ташқари ишда, мактабда ёки қариндош-уруғларимиз билан гаплашганимизда ҳам, шу каби вазият юз бериши эҳтимолдан йироқ эмас. Баъзида давлат ҳодимлари биздан эътиқодларимизни ва нуқтаи назаримизни тушунтириб беришимизни талаб қилишлари мумкин. Муқаддас Китобда қуйидагиларни ўқиймиз: «Умидингиз ҳақида сўраган ҳар бир кишига жавоб беришга доимо тайёр бўлинглар. Фақат буни мулойимлик ва камоли эҳтиром билан қилинглар» (1 Бутр. 3:15).
Ҳаворийлар 4:19, 20 га биноан, ҳаворий Бутрус ва Юҳанно Олий кенгаш олдида қандай жавоб берганига диққатингизни қаратинг. Улар тингловчиларини эътиборга олган ҳолда, ўз нуқтаи назарларини бор-йўғи икки оғиз гап билан изҳор этишди. Яъни улар риоя қилаётган амр, кенгаш аъзоларига ҳам тегишли эканини кўрсатиб беришди. Кейинчалик, Стефанга қарши сохта айбловлар қўйилиб, ўша-ўша кенгаш олдига олиб келинди. Унинг олдиндан тайёрланмай айтган таъсирчан нутқини Ҳаворийлар 7:2–53 да ўқишимиз мумкин. У, маълумотни қандай тузганига аҳамият бердингизми? Стефан ўтмишдаги воқеаларни тарихий кетма-кетликда сўзлаб берган. Қулай пайтдан бошлаб, у Исроил халқи намоён этган исёнкор руҳга диққат қаратган. Охирида эса, Олий кенгаш ҳам Худонинг Ўғлини ўлимга маҳкум этишга қарор чиқарганда, худди шундай руҳни акс эттирганини кўрсатган.
Эътиқодларингиз ҳақида олдиндан тайёргарлик кўрмай тушунтириш керак бўлганда, тўғри жавоб беришга нима кўмаклашади? Шоҳ Артахшаснинг саволига жавоб беришдан олдин, овоз чиқармай Худога ибодат қилган Нахимиёдан ибрат олинг (Нахим. 2:4). Бундан сўнг, нима демоқчи эканингизни хаёлингизда дарров тузиб олинг. Қуйида асосий қадамлар келтирилган: 1) айтиб ўтиш керак бўлган бир-иккита фикрни танланг («Муқаддас Китоб мавзулари»да келтирилган фикрларни қўллаш мумкин); 2) бу фикрларни тасдиқлаш учун қандай оятларни келтириш мумкинлиги ҳақида ўйланг; 3) савол берган кишида қизиқиш уйғотиш учун, қандай қилиб мулойим тарзда суҳбатни бошлаш мумкинлигини режалаштиринг. Бундан кейин гапиришни бошланг.
Вазият таранглашганда, нима дейишни билмай қоламан, деб ташвишланаётгандирсиз? Исо Масиҳ издошларига шундай деган: «Сизларни уларнинг қўлига топширишганида, нима дейман, қандай гапираман деб, ташвишланманглар, чунки нима дейиш кераклигини ўша пайтнинг ўзида билиб оласизлар. Яъни ўз-ўзингиздан эмас, балки самовий Отангизнинг қудрати ёрдамида гапирасизлар» (Мат. 10:19, 20). Бу, биринчи асрдаги масиҳийлар билан бўлганидек, сизга ҳам мўъжизавий равишда «донишмандлик билан сўзлаш» қобилияти ато этилишини англатмайди (1 Кор. 12:8). Лекин Яҳова Ўз хизматчиларига жамоат учрашувлари орқали бераётган таълимни тўла равишда олаётган бўлсангиз, муқаддас руҳ керакли вақтда зарурий маълумотни эслашингизга ёрдам беради (Ишаё 50:4).
Эркин тарзда гапириш самарали эканида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Агар жамоатда топшириқ билан чиққанда, эркин тарзда гапирсангиз, тайёргарликсиз гапириш керак бўлган пайтда ҳам қийналиб қолмайсиз. Боиси, иккала вазиятда ҳам режани тузиш жараёни бир хил. Дадил бўлинг. Эркин тарзда гапиришга ўрганинг, шунда ваъзгўйлик хизматида ҳам муваффақиятга эришасиз. Омма олдида нутқ билан чиқиш шарафига эга бўлсангиз, эркин тарзда гапириб, тингловчиларнинг диққатини жалб этасиз ва қалбларини забт эта оласиз.