7- БОБ
Аллоҳ каби ҳаётни қадрлаяпсизми?
Зотан, ҳаёт манбаи Сендадир. ЗАБУР 35:10
1, 2. Аллоҳ ато этган қайси ҳадя бугун айниқса қадрли ва нега?
ПАРВАРДИГОРИМИЗ бизга бебаҳо ҳадя — ҳаётни ато этди ва биз онгли мавжудотлар сифатида, Унинг фазилатларини акс эттира оламиз (Ибтидо 1:27). Ушбу қадрли ҳадя туфайли, Аллоҳ Каломидаги қонун-қоидаларни тушуниш қобилиятига эгамиз. Уларни қўлласак, «яхши ва ёмонни фарқ этиш малакасига эга» ҳамда Яҳова Таолони севадиган маънан етук инсон бўлиб етишамиз (Ибронийларга 5:14).
2 Дунёдаги аҳвол борган сари оғирлашаётгани сабабли, ҳар бир вазиятга қўл келадиган қонунлар рўйхатини тузиб бўлмайди. Шу йўсин Муқаддас Китоб меъёрлари устидан фикр юритиш бугун айниқса муҳим. Тиббиёт соҳаси, хусусан дори-дармон ва қон билан боғлиқ амалиётлар бунга яққол мисол бўла олади. Бу соҳа, Яҳовага итоат қилишни истаган кишилар учун жиддий эътиборга лойиқ. Агар ушбу масалага тегишли Аллоҳ меъёрларини тушунсак, виждонимизга зид бўлмаган ва ўзимизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлайдиган доно қарорлар чиқарамиз (Ҳикматлар 2:6–11). Келинг, бу меъёрларнинг айримларини кўриб чиқайлик.
ҲАЁТ ВА ҚОН МУҚАДДАСДИР
3, 4. Аллоҳ, қоннинг муқаддаслиги ҳақида илк бор қачон айтган ва бу қайси меъёрга асосланган?
3 Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирганида, Тангри Яҳова ҳаёт ва қон чамбарчас боғлиқлигини ҳамда муқаддаслигини илк бор маълум қилди. Шунда Худованд Қобилга: «Сен нима иш қилиб қўйдинг? Укангнинг қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда»,— деди (Ибтидо 4:10). Ваҳшийларча ўлдирилган Ҳобилнинг қони Яҳованинг назарида ҳаётини ифодаларди. Мажозий маънода Ҳобилнинг қони қасос олиш учун Худога фарёд қилар эди (Ибронийларга 12:24).
4 Аллоҳ, Нуҳ давридаги тўфондан кейин, одамларга қони чиқарилган ҳайвон гўштини ейишга рухсат берди. У: «Фақат этни ўз жони, яъни қони билан еманглар. Айниқса сизнинг жонингизни олгандан Мен хун талаб қиламан»,— деб буюрди (Ибтидо 9:4, 5). Ушбу фармон Нуҳ замонидан то бугунги кунгача ўз кучини йўқотмаган. Мазкур буйруқ, Худо илгари Қобилга қон барча жонзодларнинг ҳаётини ифодалаши ҳақида айтган сўзларини тасдиқлади. Бу шунингдек, ҳаёт ва қонга ҳурматсизлик кўрсатган ҳар бир киши, ҳаёт Манбаи бўлмиш Яҳова олдида жавоб беришини англатарди (Забур 35:10).
5, 6. Қандай қилиб Таврот, қон муқаддас ва қадрли эканини кўрсатмоқда? (78- саҳифадаги рамкага қаранг.)
5 Ушбу иккита муҳим амр Тавротда акс эттирилган. Унда қуйидагини ўқиймиз: «Агар... киши қандайдир қонни истеъмол қилса, Мен қон еган ўша одамга қарши юзланаман ва уни халқи ичидан йўқ қиламан. Зеро тананинг жони қондадир, ва жонларингизни покланглар дея, Мен сизларга қонни қурбонгоҳ учун бердим. Зотан ўша қон жонни поклайди» (Левилар 17:10, 11, ЯДТ)a. (76- саҳифадаги «Қоннинг гуноҳдан фориғ этувчи кучи» номли рамкага қаранг.)
6 Агар сўйилган ҳайвоннинг қони қурбонгоҳ учун ишлатилмаса, уни ерга тўкиш керак бўлган. Шу йўсин рамзий маънода ҳаёт ўз Эгасига қайтган бўларди (Амрлар 12:16; Ҳизқиё 18:4). Бироқ, истеъмол қилинадиган ҳайвон гўштидан қонни охирги томчисигача чиқазиш исроилликлардан талаб қилинмас эди. Ҳалол сўйилган, яъни қони оқизилган ҳайвонни улар тоза виждон билан еб, ҳаёт Эгасига ўринли ҳурматни кўрсатган бўлишарди.
7. Довуд қоннинг муқаддаслигига қай йўсин ҳурмат кўрсатди?
7 Довуд Худонинг «кўнглидагидай одам» бўлиб, қон ҳақидаги амрнинг мазмунини яхши тушунган (Ҳаворийлар 13:22). Бир куни Довуд жуда чанқаганида, учта аскари душман қароргоҳини ёриб ўтиб қудуқдан сув тортиб унга олиб келишди. Хўш, Довуд қандай йўл тутди? У: «Шу йигитларнинг қонини ичайми? Ахир, улар жонини хавф-хатарга қўйиб сув олиб келгани боришди-ку!» — деб хитоб қилди. Ҳа, Довуд учун бу сув аскарларнинг қони билан тенг бўлган. Шу сабабли у чанқаганига қарамасдан, «сувни ичмай, ерга тўкиб, Эгамизга бағишлади» (2 Шоҳлар 23:15–17).
8, 9. Масиҳчилар жамоати ташкил этилганида, Яҳованинг ҳаёт ва қонга бўлган нуқтаи назари ўзгардими? Тушунтириб беринг.
8 Нуҳга берилган амрдан 2 400 йил, Мусо орқали нозил этилган қонундан эса 1 500 йил ўтгач, Яҳова илк масиҳчилар жамоатидаги етакчи кенгашни бундай деб ёзишга ундади: «Муқаддас Руҳга ва бизга маъқул кўринган қуйидаги зарур саналганлардан бошқа сизларга ҳеч нарса юкламасликка қарор қилдик, чунончи: бутларга сўйилган қурбонлик гўшти, қон, бўғилган ҳайвоннинг гўшти ҳамда зинодан ўзингизни сақланглар» (Ҳаворийлар 15:28, 29).
9 Бундан кўриниб турибдики, қон муқаддас ва уни истеъмол қилиш бутпарастлик ёки зино билан тенг эканини ўша пайтдаги етакчи кенгаш яхши тушунган. Аллоҳнинг бугунги хизматчилари ҳам бу амрга итоат қилишади. Қолаверса, улар Тавроту Инжилдаги меъёрлар устидан мулоҳаза юритиб, қонни ишлатишга нисбатан тўғри қарор чиқаришганда Яҳовани қувонтиришади.
ТИББИЁТДА ҚОННИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ
10, 11. а) Яҳованинг Шоҳидлари қон ва унинг тўртта таркибий қисмларининг қуйилишига қандай муносабатда? б) Қонга тегишли қайси соҳаларда масиҳчилар шахсий қарор чиқаришади?
10 Яҳованинг Шоҳидлари «қондан... ўзингизни сақланглар», деган амр қон қуйиш, қон бериш ёки ўз қонини олиб сақлаш нотўғри эканига ишора қилаётганини тушунишади. Худонинг қонунига ҳурмат кўрсатиб, улар шунингдек қоннинг таркибий қисмлари бўлмиш қизил қон таначалари (эритроцитлар), оқ қон таначалари (лейкоцитлар), қон пластинкалари (тромбоцитлар) ва плазмадан воз кечадилар.
11 Бугунги кунда ушбу таркибий қисмларга ишлов бериш натижасида, турли усулларда қўлласа бўладиган майда моддалар ажратиляпти. Ушбу майда моддаларни қўллашга масиҳчилар рози бўлишадими? Ёки уни барибир ўша-ўша «қон» деб ҳисоблашадими? Бу масалада ҳар ким шахсий қарор чиқариши лозим. Шунингдек бу, ҳеч қаерда сақланмаган ўз қонини қўллаш билан боғлиқ гемодиализ, гемодилюция ва реинфузия каби тиббиёт амалиётларига ҳам тегишлидир. (215–218- саҳифалардаги Иловага қаранг.)
12. Виждон масалаларида қандай йўл тутишимиз лозим?
12 Шахсий қарорларимиз Яҳова учун аҳамиятга эгами? Бўлмасам-чи, ахир У бизнинг фикр ва ниятларимизга бефарқ эмас-ку (Ҳикматлар 17:3; 21:2; 24:12). Шундай экан, қўлланиладиган дори ва тиббий амалиёт ҳақида ибодат қилиб, изланиш олиб боргандан сўнг, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждонимиз бўйича йўл тутамиз (Римликларга 14:2, 22, 23). Албатта, ҳеч ким бизга ўз фикрини ўтказмаслиги, ўзимиз ҳам бошқадан: «Менинг вазиятимда бўлганингизда нима қилган бўлар эдингиз?» — деб сўрамаслигимиз керак. Бу масалада ҳар бир масиҳчи «ўз аравасини ўзи тортиши лозим» (Галатияликларга 6:5; Римликларга 14:12; шунингдек 81- саҳифадаги «Қонни муқаддас деб биламанми?» номли рамкага қаранг)b.
ЯҲОВАНИНГ ҚОНУНЛАРИ МЕҲРИБОНЛИГИДАН ДАЛОЛАТ БЕРАДИ
13. Яҳованинг қонун-қоидалари, У ҳақда нимани ошкор этяпти? Мисол келтиринг.
13 Муқаддас Китобдаги қонун-қоидалар, Яҳова бандаларининг манфаатини кўзлайдиган доно Қонун чиқарувчи ва меҳрибон самовий Ота эканини ошкор этмоқда (Забур 18:8–12). Гарчи «қондан... ўзингизни сақланглар», деган амр соғликни яхшилаш мақсадида берилмаган бўлса-да, қон қуйишдан келиб чиқадиган асоратлардан ҳимоя қилади (Ҳаворийлар 15:20). Бундан ташқари тиббиёт оламидаги кўпчилик, қонсиз жарроҳликни замонавий даволаш усулларининг «олтин қоидаси», деб аташмоқда. Масиҳчилар эса бунда Яҳованинг чексиз донолиги ва меҳр-муҳаббатини кўришяпти (Ишаё 55:9; Юҳанно 14:21, 23).
14, 15. а) Худонинг Ўз халқига бўлган севгиси, қайси қонунларида намоён бўлган? б) Мазкур қонунлар асосидаги меъёрларни қандай қўлласа бўлади?
14 Аллоҳнинг қадимги халқига ғамхўрлиги, берган қонунларида намоён бўлган. Мисол учун У исроилликларга, бахтсиз ҳодисани олдини олиш учун томларининг атрофига тўсиқ қуришни буюрган. Чунки уйнинг томи текис бўлгани учун, улар кўпинча томда ўтиришарди (Амрлар 22:8; 1 Шоҳлар 9:25, 26; Нахимиё 8:16; Ҳаворийлар 10:9). Худо шунингдек, сузонғич буқаларни назорат қилишни амр этган эди (Чиқиш 21:28, 29). Ушбу талабга бўйсунмаслик ўзгаларга нисбатан қўпол ҳурматсизлик бўлиб, оқибатда қон тўкилишига олиб келиши мумкин эди.
15 Мазкур қонунлар асосидаги меъёрларни қандай қўлласа бўлади? Уйингиз ва машинангиз ҳолати, уни ҳайдаш услубингиз, иш жойингиз, уй ҳайвонларингиз ва танлаган ўйин-кулгингиз ҳақида бир ўйлаб кўринг. Баъзи мамлакатларда кўплаб ёшлар айнан авария дастидан ҳалок бўлишяпти, сабаби улар ҳаётларини кераксиз хавф остига қўйишяпти. Бироқ, ўзларини Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашни истаган ёшлар ҳаётни қадрлаб, бундай хатарли кўнгилхушликлардан қочишади. Улар, ёшликда ўйнаб-кулиб қолиш керак, деган алдамчи фикрда эмаслар. Аксинча, ўзларини турли хавфдан ҳимоялаб, ёшлик гаштини суришмоқда (Воиз 11:9, 10).
16. Абортга нисбатан Муқаддас Китобдаги қайси меъёр қўлланилади? (Шунингдек изоҳга қаранг.)
16 Ҳатто туғилмаган чақалоқнинг ҳаёти ҳам Аллоҳнинг назарида азиздир. Қадимги Исроилда, агарда бирор киши ҳомиладор аёлга зарар етказиб, оқибатда ё аёл, ёки чақалоғи ўлса, Худо бундай кишини қотилликда айбдор ҳисоблаб, «жон эвазига жон» берилишини талаб этарди (Чиқиш 21:22, 23)c. Бинобарин, ҳар йили қилинаётган абортлар дастидан сон-саноқсиз туғилмаган болалар нобуд бўлаётганини кўриб, Яҳова нимани ҳис қилаётганини бир тасаввур қилинг! Ахир бу гўдаклардан кўпчилиги, шунчаки ортиқча ташвишдан холи бўлиш ва енгилтак ҳаёт кечириш истагининг қурбонига айланишяпти-ку!
17. Худонинг меъёрларини билишдан олдин аборт қилган аёлга қандай тасалли беришингиз мумкин?
17 Агар аёл Муқаддас Китобдаги ҳақиқатни билишдан олдин аборт қилган бўлса-чи? У Аллоҳнинг меҳр-иноятига умид боғлай оладими? Шубҳасиз! Чин дилдан тавба қилган инсон, Исонинг тўккан қони эвазига гуноҳидан фориғ бўлиши мумкин (Забур 102:8–14; Эфесликларга 1:7). Зеро у киши айтган эдиларки: «Мен тақводорларни эмас, гуноҳкорларни тавбага чақиргани келганман» (Луқо 5:32).
ЁМОН ФИКРЛАРДАН ҚОЧИНГ!
18. Қон тўкилишининг асосий сабаби тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилган?
18 Яҳова, нафақат ўзгаларга зарар етказмаслигимизни, балки инсон қони тўкилишига сабаб бўладиган нафратни қалбимиздан соқит қилишимизни истайди. Инжилда: «Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир»,— дейилган (1 Юҳанно 3:15). Бундай киши биродарини шунчаки ёқтирмайгина қолмай, унга ўлим тилайди. Унинг адовати, ғийбат ёки туҳмат қилишда юзага чиқиб, ўз таъсирини ўтказса, бундай киши илоҳий жазога йўлиқиши турган гап (Левилар 19:16; Амрлар 19:18–21; Матто 5:22). Шундай экан, қалбимизга ўрнашиб олган ҳар қандай иллатни суғуриб ташлаш нақадар муҳим! (Ёқуб 1:14, 15; 4:1–3).
19. Аллоҳнинг меъёрларини қўллайдиган киши, Забур 10:5- ояти ва Филиппиликларга 4:8-, 9- оятларига қандай қарайди?
19 Яҳова сингари ҳаётни қадрлайдиган ва ўзини Унинг меҳр-муҳаббати соясида сақлашни истайдиган киши, зўравонликнинг барча туридан қочади. Забур 10:5- оятда бундай дейилган: «Зўравонлар эса Унинг [Яҳованинг] нафратига йўлиқар». Ушбу оятда Худонинг шахсияти очилибгина қолмай, балки ҳаётимизга раҳбарлик бўладиган асосий меъёр мавжуд. Бу, Тангрини севувчи кишиларни, зўравонлик қилиш истагини уйғотувчи ҳар қандай ўйин-кулгилардан қочишга даъват этади. Шунингдек, «тинчлик берган Худо» хизматчиларини ёқимли, фахрли ва мақтанарли хислат ҳақида фикр юритишга чорлайди (Филиппиликларга 4:8, 9).
ХУНРЕЗЛИКДА АЙБДОР ТАШКИЛОТЛАРДАН ЧЕТЛАНИНГ
20–22. Бу дунёга нисбатан масиҳчилар қандай муносабатдалар ва нега?
20 Аллоҳнинг назарида Шайтоннинг дунёси қон тўкилишида айбдордир. Муқаддас Китобда унинг сиёсий тузуми йиртқич ҳайвонлар сифатида тасвирланган бўлиб, миллионлаб инсонларнинг, шу ҳисобда кўплаб Яҳова хизматчиларининг ҳаётига зомин бўлди (Дониёр 8:3, 4, 20–22; Ваҳий 13:1, 2, 7, 8). Фан ва тижорат ҳайвонларга таққосланган сиёсат билан ҳамкорлик қилиши натижасида даҳшатли қуроллар яратиб, бундан катта даромад кўришган. Дарҳақиқат, «бутун дунё эса ёвуз шайтоннинг ҳукмидадир»! (1 Юҳанно 5:19).
21 Исонинг издошлари «бу дунёдан бўлмагани» сабабли, сиёсат ва урушларга қатнашмай, қон тўкилишининг ҳар қандай вазиятидан қочишади (Юҳанно 15:19; 17:16)d. Қолаверса, улар қувғинга дуч келганларида, Масиҳга тақлид қилиб, ёмонлик билан жавоб қайтаришмайди. Аксинча, душманларига нисбатан севги намоён этиб, улар учун ҳатто ибодат қиладилар (Матто 5:44; Римликларга 12:17–21).
22 Бундан ташқари, Аллоҳнинг хизматчилари, хунрезликда айбдор сохта дин империяси бўлмиш «буюк Бобилнинг» ишларидан қочишади. Инжилда қуйидагича айтилган: «Пайғамбарлар, азиз-муқаддаслар ва ер юзида ўлдирилганларнинг ҳаммасининг қони Бобилдан топилди». Шу йўсин Раббимиз бизни: «Эй халқим, ундан чиқиб кетинг!» — деб огоҳлантирган (Ваҳий 17:6; 18:2, 4, 24).
23. «Буюк Бобилни» тарк этиш нимани англатади?
23 «Буюк Бобилни» тарк этиш, нафақат унинг аъзолари рўйхатидан ўчирилишни англатади. Бу шунингдек, сохта дин қўллаб-қувватлаётган ахлоқсизлик, сиёсатга аралашув ва бойликка интилиш каби нарсалардан нафратланиш кераклигини билдиради (Забур 96:10; Ваҳий 18:7, 9, 11–17). Зеро бундай ишлар қон тўкилишига сабаб бўляпти-ку!
24, 25. а) Тавба қилган инсонга Аллоҳ нима асосида иноят кўрсатади? б) Бу бизга қадимги қандай тартибни эслатяпти?
24 Яҳованинг Шоҳиди бўлишимиздан аввал, қайсидир жиҳатдан Шайтоннинг дунёсини қўллаб-қувватлаб, биз ҳам қон тўкилишида айбдор бўлган эдик. Бироқ, турмуш тарзимизни ўзгартириб, Масиҳнинг тўлов қурбонлигига ишонч ҳосил қилиб ҳамда ўзимизни Худога бағишлаб, Аллоҳнинг инояти ва маънавий ҳимоясига сазовор бўлдик (Ҳаворийлар 3:19). Бундай ҳимоя, бизга қадимдаги паноҳ шаҳарларни эслатяпти (Саҳрода 35:11–15; Амрлар 21:1–9).
25 Бундай тартиб қандай йўлга қўйилган эди? Мабодо бирор исроиллик тасодифан кимнидир ўлдириб қўйса, у паноҳ шаҳарларидан бирига қочиши керак бўлган. Тайинланган ҳакамлар ишини кўриб чиқишганидан сўнг, бу одам олий руҳоний ўлганига қадар шу шаҳарда қолиши керак эди. Шундан кейингина у хоҳлаган жойида яшай олар эди. Бу мисол, Аллоҳ нақадар меҳр-иноятли эканини ҳамда инсон ҳаётини қадрлашини кўрсатмоқда! Қадимдаги паноҳ шаҳарлари сингари, бугунги кунда Масиҳнинг тўлов қурбонлиги асосида Яҳова муайян тадбир тузган. Бу туфайли, Худонинг ҳаёт ва қон муқаддаслиги ҳақидаги амрини билмасдан бузганлар ўлимдан қутқариладилар. Сиз ушбу тадбирни қадрлаяпсизми? Буни қандай кўрсатишингиз мумкин? Усуллардан бири, яқинлашиб келаётган «буюк мусибатда» омон қолиш учун, бошқаларни ҳам таклиф қилиб, биргалашиб Аллоҳ тақдим этаётган паноҳга киришдан иборат (Матто 24:21; 2 Коринфликларга 6:1, 2).
ШОҲЛИК ХАБАРИНИ ЕТКАЗИБ ҲАЁТНИ ҚАДРЛАНГ
26–28. Бизнинг вазиятимиз нимаси билан Ҳизқиё пайғамбарникига ўхшайди ва ўзимизни Яҳованинг меҳр-муҳаббати соясида қандай сақлай оламиз?
26 Худо халқининг бугунги вазияти, қадимги Исроил хонадонига рамзий қўриқчи қилиб тайинланган Ҳизқиё пайғамбарни эсимизга солади. Унга, Аллоҳнинг огоҳлантиришини халққа етказиш буюрилган эди. Борди-ю, Ҳизқиё бу амрни бажармаганида, Қуддус вайрон этилганда ҳалок бўлган инсонларнинг тўкилган қонида шахсан жавобгар бўлар эди (Ҳизқиё 33:7–9). Лекин, Ҳизқиё итоат этиб, хунрезликда айбдор бўлмади.
27 Биз Шайтоннинг дунёси йўқ қилиниш остонасида турибмиз. Шундай экан, Яҳованинг хизматчилари, Шоҳлик хабари билан чамбарчас боғлиқ Худонинг ҳукм этиш куни тўғрисида ваъз қилишни ҳам бурч, ҳам шараф деб биладилар (Ишаё 61:2; Матто 24:14). Ушбу муҳим ишда сиз ҳам фаол қатнашяпсизми? Ҳаворий Павлус ваъзгўйлик вазифасига жиддий ёндашган. Шунинг учун у бундай деб айтишга журъат этган: «Мен бировнинг ҳалокатига жавобгар эмасман. Чунки Худонинг мурод-мақсадини сизларга тамоман баён этиш учун бирон фурсатни бой бермадим» (Ҳаворийлар 20:26, 27). Нақадар ажойиб ўрнак!
28 Албатта, ўзимизни Яҳованинг меҳр-муҳаббати соясида сақлаш учун, ҳаёт ва қонни муқаддас деб билишдан кўра кўпроқ нарса талаб этилади. Кейинги бобда, қандай қилиб Аллоҳнинг назарида пок ёки муқаддас бўла олишимизни кўриб чиқамиз.
a «Тананинг жони қондадир»,— деган Худонинг сўзлари ҳақида бир журналда шундай ёзилган: «Агар ушбу иборани том маънода тушунсак, чиндан ҳам қоннинг ҳар бир ҳужайраси ҳаёт учун ўта муҳим» («Scientific American»).
b Яҳованинг Шоҳидлари томонидан нашр этилган рус тилидаги «Уйғонинг!» журналининг 2006- йил август сони, 3–12- саҳифаларига қаранг.
c Муқаддас Китоб луғатшуносларининг таъкидлашича, Тавротдаги бу сўзларни «фақат аёлга етказилган зиёнга қўллаб бўлмайди». Шунингдек, Аллоҳнинг Каломида Унинг ҳукми ҳомила неча ойлик бўлишига боғлиқлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаганига эътибор беринг.
d «Бу дунёдан эмаслар» номли 5- бобга қаранг.
e Батафсил маълумот учун 215-, 216- саҳифалардаги Иловага қаранг.