ИЛОВА
Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддалар ва жарроҳлик амалиётлари
Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддалар. Бу моддалар қоннинг тўртта таркибий қисмларидан, яъни қизил қон таначалари (эритроцитлар), оқ қон таначалари (лейкоцитлар), қон пластинкалари (тромбоцитлар) ва плазмадан олинади. Мисол учун, қизил қон таначалари таркибига гемоглобин оқсили киради. Одам ёки ҳайвоннинг гемоглобинидан тайёрланган модда, кўп қон йўқотиш ва камқонликда қўлланилади.
Плазма 90 фоиз сувдан иборат бўлиб, унга гормонлар, ноорганик тузлар, ферментлар ва озиқ моддалар, шу ҳисобда шакар ҳамда минераллар киради. Плазмага шунингдек қон ивиши, одам касалликка қарши курашишига ёрдам берувчи антижисмлар ва альбумин каби оқсиллар киради. Бирор одамда қандайдир касаллик юқиш хавфи туғилса, баданига бундай касалликка қарши иммунитетга эга кишидан олинган плазмадан тайёрланган гамма-глобулин инъекцияси юборилади. Юқумли ва хавфли касалликларни даволашда, лейкоцитлардан олинадиган интерферонлар ва интерлейкинлар ишлатилади.
Масиҳчилар қоннинг таркибидан олинган майда моддаларга рози бўлишадими? Муқаддас Китобда бу саволга аниқ жавоб йўқ, шу туфайли ҳар бир киши тарбияланган виждони асосида Аллоҳ олдида шахсий қарор чиқариши даркор. Айримлар Худонинг қонни ерга тўкиш ҳақидаги исроилликларга берган амрига асосланиб, қоннинг таркибий қисмларидан олинган барча майда моддалардан бош тортишади (Амрлар 12:22–24). Бошқалар эса, қон ва унинг таркибий қисмларидан воз кечишса-да, ундан олинган майда моддаларга рози бўлишади. Эҳтимол, бундай кишилар қондан олинган майда моддаларда ҳаёт асорати йўқ деб ҳисоблашади.
Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддаларга нисбатан қарор чиқараётиб, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Қоннинг таркибий қисмларидан олинган майда моддаларнинг барчасидан воз кечаётганим билан, юқумли ва бошқа бир қатор касалликларга қарши, шунингдек қон ивишини кучайтириш ҳамда қон кетишини тўхтатиш учун мўлжалланган баъзи дори-дармонлардан ҳам воз кечаётганимни тушуняпманми? Майда моддаларнинг униси ё бунисига нега рози бўлганим ёки бўлмаганимни шифокорга тушунтириб бера оламанми?»
Жарроҳлик амалиётлари. Бунга гемодилюция ва реинфузия киради. Гемодилюция: жарроҳлик амалиёти пайтида қон махсус идишларга юборилиб, қоннинг ҳажмини кўпайтирувчи дори-дармонга алмаштирилади ва якунида қон қайтадан баданга киритилади. Реинфузия: жарроҳлик амалиёти пайтида, танадан чиқаётган қон тўпланиб тозаланади-да, бошқатдан баданга киритилади. Жароҳат ёки тана бўшлиғидан олинган қон тозаланиб, беморнинг танасига қайта киритилади. Жарроҳлар ушбу амалиётларни турли усулда бажаришгани сабабли, шифокор қайси услубни қўлламоқчи эканини аниқлаб олиш лозим.
Бундай муолажаларга нисбатан қарор чиқараётиб ўзингиздан сўранг: «Агар танамдан чиққан қон оқими қайсидир вақтга тўхтаб қолса, уни ерга оқизиб юбормасдан, танамнинг қисми деб қайтадан киргизишларига виждоним йўл қўядими?» (Амрлар 12:23, 24). «Тиббиёт амалиёти пайтида қоним олиниб ўзгартирилган ҳолда қайта танамга киргизилса, Муқаддас Китоб асосида тарбияланган виждоним қийнамайдими? Ўз қоним билан боғлиқ барча тиббиёт амалиётларидан воз кечаётиб, таҳлил учун қон топшириш, гемодиализ ва сунъий қон айланиш каби усулларидан ҳам воз кечаётганимни тушуняпманми?»
Жарроҳлик муолажаси пайтида, масиҳчи ўз қони билан боғлиқ масалаларда шахсан қарор чиқариши даркор. Бу, таҳлил учун қон топшириш ва бемордан озгина қон олиниб, уни сал ўзгартириб яна танага киритиш каби тиббий муолажаларга ҳам тегишлидир.