Шайтонга фурсат берманглар
«Иблисга фурсат берманглар» (ЭФЕСЛИКЛАРГА 4:27).
1. Шайтон ҳақида қандай фикрлар мавжуд?
ИСЛОМ Энциклопедияси бўйича Шайтон оловдан яратилган ва инсониятни ёвузликка етаклайдиган, кўзга кўринмас жин. Христиан оламининг таълимоти бўйича эса, Шайтон одамларни паншаха билан оловли дўзахга улоқтираётган, шохли ва думли махлуқ. Қандай бўлмасин, кўп одамлар умуман Шайтон борлигидан шубҳаланиб, Шайтон эмас, шунчаки ёвузлик мавжуд деб айтишади. Хўш, Шайтон ўзи ким экан? У ҳақда Муқаддас Китобда нима дейилган?
2. Шайтон ҳақида Муқаддас Китобда нима ёзилган?
2 Муқаддас Китобда, Шайтон борлигини тасдиқлайдиган гувоҳларнинг кўрсатмалари ва далиллари мавжуд. Масалан Исо Масиҳ Шайтонни осмонда кўрган, шунингдек ер юзида у билан юзма-юз гаплашган (Аюб 1:6; Матто 4:4-11). Муқаддас Китобда бу кўринмас шахснинг ҳақиқий исми ёзилмаган, лекин у Худога туҳмат қилгани учун «туҳматчи», яъни Иблис деб, номланади. Шунингдек у доимо Худога қарши чиққани учун «душман», яъни Шайтон деб аталади. Ёвуз Шайтон илондан фойдаланиб, Момо Ҳавони алдагани учун «алмисоқ илон» деган ном ҳам олганa (Ваҳий 12:9; 1 Тимўтий 2:14; Матто 6:13).
3. Нимани кўриб чиқамиз?
3 Яҳованинг Шоҳидлари эканмиз, Худонинг ашаддий душманига, Шайтонга ҳеч ҳам ўхшашни истамаймиз. Шу сабабли ҳаворий Павлус: «Иблисга фурсат берманглар», деган маслаҳатига риоя қилишимиз лозим. Келинг, Иблиснинг асосий хусусиятларини, шунингдек нима учун унга тақлид қилмаслигимиз кераклигини кўриб чиқамиз.
Буюк туҳматчига тақлид қилманг
4. «Ёвуз шайтон» Яҳова Таолога қандай туҳмат қилган?
4 «Ёвуз шайтон» Иблис, деб номланиши ўринли, чунки у туҳматчи. Туҳмат — бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво. Худо Одам Атога: «Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан»,— деб айтган эди (Ибтидо 2:17). Момо Ҳаво ҳам шуни билган эди, бироқ Иблис илондан фойдаланиб, унга: «Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар! Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар», деб айтди (Ибтидо 3:4, 5). Бу Яҳова Таолога қарши ашаддий туҳмат эди!
5. Нимага Диотреф туҳмат учун жавоб бериши керак эди?
5 Тавротда, халқ орасида ғийбат гапларни ташиб юрмаслик ҳақида айтилган эди (Левилар 19:16). Азиз ҳаворий Юҳанно битта туҳматчи ҳақида шундай деб ёзган эди: «Мен имонлилар жамоатига баъзи нарсаларни ёзган эдим. Аммо уларнинг ораларида ўзини катта тутаётган Диотреф бизларни қабул қилмаётир. Агар келсам, унинг қилмишларини фош этаман. У биз ҳақимизда ёмон гап тарқатиб, номимизга иснод келтириб юрибди-ку» (3 Юҳанно 9, 10). Диотреф ҳаворий Юҳанно ҳақида ёмон гап тарқатган ва бу қилмиши учун жавоб бериши керак эди. Албатта, масиҳчилар Диотрефга ўхшашни ёки буюк туҳматчига тақлид қилишни ҳеч хоҳламас эдилар!
6, 7. Нимага туҳмат қилишдан қочишимиз даркор?
6 Кўпинча Яҳованинг хизматчиларига туҳмат қилиб, уларни асосиз айблашади. «Атрофда турган олий руҳонийлар ва уламолар эса Уни [Исони] шиддат билан қораладилар» (Луқо 23:10). Олий руҳоний Ҳанания ва бошқа одамлар Павлусни нотўғри айблаган эдилар (Ҳаворийлар 24:1-8). Муқаддас Китобда Шайтон тўғрисида: «Биродарларимизнинг туҳматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча-кундуз туҳмат қилган», деб ёзилган (Ваҳий 12:10). Ушбу туҳматда қолган «биродарларимиз» — ҳозирги пайтда ер юзида яшаётган мойланган масиҳчилардир.
7 Масиҳчилардан ҳеч ким бировга туҳмат қилиб, бировни асоссиз айблашни хоҳламас эди. Кўпинча бу, аниқ тафсилотларга эга бўлмай бошқалар ҳақда нотўғри гапларни тарқатишдан бошланади. Тавротнинг қонуни бўйича, агар инсон бировга қарши ёлғон гувоҳлик бераётган бўлса, уни йўқ қилиши керак эди (Чиқиш 20:16; Амрлар 19:15-19). Бундан ташқари «ёлғон гапирадиган сохта гувоҳдан» Яҳова нафратланади (Ҳикматлар 6:16-19). Албатта, биз буюк туҳматчига тақлид қилишни асло истамас эдик.
«Азалданоқ қотил бўлганнинг» йўлларини рад этинг
8. «Азалданоқ иблис қотил эди», дегани нимани англатади?
8 Иблис — қотилдир. «Азалданоқ иблис қотил эди»,— деб айтган эдилар Исо алайҳиссалом (Юҳанно 8:44). Одам Ато ва Момо Ҳавони Худога қарши қилиб қўйганидан бери Шайтон қотил бўлиб қолди. Чунки уларни ҳам, уларнинг авлодларини ҳам ўлишига сабабчи эди (Римликларга 5:12). Шуни айтиб ўтиш керакки, бунинг орқасида ёвузлик эмас, ҳақиқатан мавжуд бўлган бир шахс турибди.
9. Қандай қилиб 1 Юҳанно 3:15га биноан қотил бўлиб қолишимиз мумкин?
9 Тавротга биноан қотиллик оғир гуноҳдир (Амрлар 5:17). Инжилда эса «Сизлардан ҳеч ким қотил... бўлиб азоб чекмасин», деб ёзилган (1 Бутрус 4:15). Тўғри, Яҳованинг хизматчилари эканмиз қотиллик қилмаймиз. Бироқ, агар кимдир имондошига нафрат билан қараб, унга ўлим тиласа, Худога қарши гуноҳ қилган бўлар эди. «Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил эса абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар» (1 Юҳанно 3:15). Тавротда, биродарга қарши ҳатто кўнглида адоват сақламаслик амр этилган (Левилар 19:17). Келинг, ўртамиздаги бўлган келишмовчиликларни зудлик билан ҳал қилайлик, чунки ўшанда Шайтон иноқлигимизни йўқ қила олмайди (Луқо 17:3, 4).
«Ёлғоннинг отасига» қарши туринг
10, 11. «Ёлғоннинг отаси» бўлмиш Шайтонга қарши туриш учун нима қилишимиз керак?
10 Иблис — ёлғончидир. «У ёлғон сўзлаганда,— деди Исо,— ўзига яраша сўзлайди, чунки у ёлғончи, ёлғоннинг отасидир» (Юҳанно 8:44). Шайтон, Момо Ҳавони алдаган бўлса, Исо эса ҳақиқат тўғрисида шоҳидлик қилиш учун оламга келган эди (Юҳанно 18:37). Исо алайҳиссаломнинг издошлари эканмиз, бизга ёлғон гапириш ёки алдаш мумкин эмас. Биз ҳақиқатни гапиришимиз керак (Закариё 8:16; Эфесликларга 4:25). «Ҳақ Таоло» Яҳовага фақат ростгўй хизматчилар маъқул келади. Ёвуз одамнинг эса Унинг шоҳиди бўлишига сира ҳақи йўқ (Забур 30:6; 49:16; Ишаё 43:10).
11 Агар биз Шайтоннинг ёлғонларидан озод бўлганимизни қадрлаётган бўлсак, «ҳақиқат йўлида» юришни давом этамиз (2 Бутрус 2:2; Юҳанно 8:32). Муқаддас Китоб таълимотлари «Хушхабарнинг ҳақиқатини» ўз ичига олган (Галатияликларга 2:5, 14). Агар «ҳақиқат йўлидан бораётган» бўлсак, ҳамда «ёлғоннинг отасига» қарши турсак, нажот топишимиз муқаррар (3 Юҳанно 3, 4,8).
Биринчи муртадга қаршилик кўрсатинг
12, 13. Муртадларга қандай муносабатда бўлишимиз керак?
12 Кейинчалик Иблис бўлиб қолган руҳий шахс, қачонлардир ҳақиқат томонида эди. Лекин у, Исо айтганидай «ҳақиқат томонида турмаган, чунки унда ҳақиқат йўқ» (Юҳанно 8:44). «Ҳақ Таолога» қаршилик кўрсатиб, у биринчи муртадга айланди, яъни Худодан юз ўгирди. Биринчи асрда баъзи масиҳчилар «иблиснинг тузоғига» илинишди, чунки улар адашиб, имондан қайтишган. Шунинг учун Павлус, улар ҳақиқат йўлига қайтиб, Иблиснинг тузоғидан қутулиб қолишлари учун, Тимўтийни уларга юмшоқлик билан йўл-йўриқ беришга ундаган (2 Тимўтийга 2:23-26). Албатта, ҳақиқат йўлида мустаҳкам туриш ва умуман Худога қарши турганларнинг тузоғига илинмаслик афзалдир.
13 Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳам муртадлик қилишган, чунки Иблиснинг ёлғонига қулоқ солишган. Хўш, ҳақиқат йўлидан қайтганларнинг гапларини тинглаш, адабиётларини ўқиш ва Интернетдаги веб сайтларига қарашимиз керакми? Агар биз Яҳовани ва ҳақиқатни севсак, унда бундай йўл тутмаймиз. Худодан қайтган одамнинг «ёмон ишларида» иштирок этмаслик учун, уни нафақат уйимизга киритмаслик, ҳатто салом ҳам бермаслигимиз лозим (2 Юҳанно 9-11). Шайтон ‘сохта устозларнинг хушомад гаплари билан жуда зарарли бидъатларни тарқатиб, бизни ҳақиқат йўлидан’ оздирмоқчи. Келинг, ҳеч қачон Иблиснинг тузоқларига илинмайлик (2 Бутрус 2:1-3).
14, 15. Павлус Эфесдаги оқсоқолларни ва Тимўтийни нима ҳақда огоҳлантирди?
14 Эфесдаги оқсоқолларга Павлус мурожаат қилиб: «Ўзингизни ва Муқаддас руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётланглар. [...] Мен кетганимдан кейин, сурувни аямайдиган йиртқич бўрилар орангизга суқилиб киришларини биламан. Ҳатто ўз ораларингиздан чиққан одамлар ҳам тескари сўзлари билан Исо шогирдларини йўлдан оздириб, орқаларидан эргаштирадилар»,— деб айтди (Ҳаворийлар 20:28-30). Вақт ўтиб, шундай «тескари сўзларни» айтадиган муртадлар пайдо бўлди.
15 Тахминан милодий 65 йилда Павлус Тимўтийни «ҳақиқат каломини адаштирмай, тўғрилик билан» ўқитишга ундаган. У шундай деб ёзган: «Худога маъқул бўлмаган қуруқ гаплардан эса қоч. Бу гапларга берилганлар борган сари худобезор бўладилар. Уларнинг гаплари мараз каби ёйилади. Мана, Именей ва Филит ҳам шундай одамлар жумласидан-ку. Тирилишимиз аллақачон содир бўлди деб, улар ҳақиқат йўлидан адашиб, баъзиларнинг имонини хароб қилмоқдалар. Ҳар ҳолда, Худо асос солган пойдевор мустаҳкам турибди» (2 Тимўтийга 2:15-19).
16. Нима учун биринчи муртаднинг ҳийлаларига қарамай, Яҳова ва Унинг Каломига содиқ қолмоқдамиз?
16 Шайтон ҳақиқий топинишни булғаш учун, кўпинча муртадлардан фойдаланган. Лекин унинг уринишлари муваффақиятсиз эди. Тахминан 1868 йилда Чарлз Тейз Расселл черков таълимотларини синчковлик билан тадқиқ қилишни бошлаганида, Муқаддас Китобга зид бўлган нотўғри тушунчаларни топган эди. Расселл баъзи ҳақиқат изловчилари билан Питтсбургда (АҚШ, Пенсильвания штати) Муқаддас Китобни тадқиқ қилиш учун гуруҳ барпо этган. Қарийб 140 йилдан бери Яҳованинг хизматчилари Худога ҳамда Унинг Каломига севгилари ошиб, билимда улғайиб боришмоқда. Биринчи муртаднинг ҳийлаларига қарамай, «ишончли ва ақлли хизматкорнинг» маънавий ҳушёрлиги, бу Худонинг хизматчиларига, Яҳовага ва Унинг Каломига содиқ қолишларига ёрдам бермоқда (Матто 24:45).
Бу дунёнинг ҳокими устингиздан бошқаришига йўл қўйманг
17-19. Қайси дунё Шайтоннинг ҳукмида, ва нима учун бу дунёга муҳаббат қўймаслигимиз керак?
17 Шайтоннинг яна бир ҳийласи ёвуз дунёга муҳаббат қўйишимиздан иборатдир. Исо Иблисни «бу дунёнинг ҳокими», деб атаган. Ва давом этиб: «Менга эса у мутлақо ҳоким эмас»,— деб айтди (Юҳанно 14:30). Келинг, Шайтон устимиздан ҳоким бўлишига йўл қўймайлик! Албатта биз, «бутун дунё ёвуз шайтоннинг ҳукмида» эканлигини аниқ биламиз (1 Юҳанно 5:19). Масалан Исо Иблисга сажда қилган тақдирда бутун дунё салтанатларига эга бўлиши мумкин эди, лекин у бу таклифни қатъий рад этди (Матто 4:8-10). Ҳокими Шайтон бўлмиш бу дунё, масиҳчилардан нафратланади (Юҳанно 15:18-21). Ҳаворий Юҳанно дунёга муҳаббат қўйманглар, деб огоҳ этгани ажабланарли эмас!
18 Ҳаворий Юҳанно ёзган эди: «Дунёга ва ундаги нарсаларга муҳаббат қўйманглар. Ким дунёга муҳаббат қўйса, унинг қалбидан Отанинг муҳаббати жой олмайди. Чунки дунёга хос ҳар бир нарса — тана нафси, ҳирсли кўзлар, маишатга оид кибр-ҳаво Отадан эмас, балки дунёдандир. Дунё ҳам, унинг нафси ҳам ўтиб кетади. Лекин Худонинг иродасини бажо келтирган киши абадий яшайди» (1 Юҳанно 2:15-17). Биз бу дунёга муҳаббат қўймаслигимиз керак, чунки дунёнинг турмуш тарзи ўз нафсини қониқтиришга қаратилган, Худонинг меъёрларига эса бу мутлақо зид.
19 Бордию бу дунёга муҳаббат юрагимизда қолаверса-чи? Унда Тангри Таолога илтижо қилишимиз зарур ва дунё билан боғлиқ бўлган ёмон эҳтиросларни йўқ қилишига ёлвориб, ибодат қилишимиз керак (Галатияликларга 5:16-21). Келинг, бу дунёнинг кўринмас ҳокимлари «ёвуз руҳий кучлар» эканлигини ёдда тутиб, «дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашга» ҳаракат қилайлик (Ёқуб 1:27; Эфесликларга 6:11, 12; 2 Коринфликларга 4:4).
20. Нима учун «бу дунёдан» эмасмиз дейишимиз мумкин?
20 Исо ўз шогирдлари ҳақда шундай деган: «Мен бу дунёдан бўлмаганим каби, улар ҳам бу дунёдан эмаслар» (Юҳанно 17:16). Мойланган масиҳчилар ҳамда уларнинг ҳамроҳлари бу дунёдан ҳам маънан, ҳам ахлоқан пок бўлишга ҳаракат қилишади (Юҳанно 15:19; 17:14; Ёқуб 4:4). Бу дунёдан ажралиб турганимиз ва«солиҳлик йўлини хабарлаб юрганимиз» учун, дунё биздан нафратланади (2 Бутрус 2:5). Тўғри, биз зинокорлар, фоҳишабозлар, тамагирлар, бутпарастлар, ўғрилар, ёлғончилар ва ичкиликбоз одамлар орасида яшаймиз (1 Коринфликларга 5:9-11; 6:9-11; Ваҳий 21:8). Бироқ, биз «бу дунёнинг руҳи» таъсир қилишига йўл қўймаганимиз учун, Шайтон устимиздан ҳукмронлик қила олмаяпти (1 Коринфликларга 2:12).
Иблисга фурсат берманглар
21, 22. Павлуснинг Эфесликларга 4:26, 27 ёзилган маслаҳатини қандай қўллашимиз мумкин?
21 Бизнинг устимиздан «бу дунёнинг руҳи» эмас, балки Худованд руҳининг самараси бўлган севги, ибо фазилатлари ҳукмрондир (Галатияликларга 5:22, 23). Бундай фазилатлар Иблиснинг ҳийлаларига қарши туриш учун ёрдам беради. Шайтон, «ёвузлик қилишимизни» истайди, лекин Худонинг руҳи эса «қаҳрдан чекиниб, ғазабдан ўзимизни тутишга» ёрдам беради (Забур 36:8). Тўғри, гоҳида бизда ҳаққоний қаҳр-ғазаб бўлиши мумкин, бироқ ҳаворий Павлус бизга: «Ғазабланиб, гуноҳ қилманглар. Қуёш ботгунча, ғазабдан қайтинглар. Иблисга фурсат берманглар», деб маслаҳат берган (Эфесликларга 4:26, 27).
22 Агар ғазабдан тушмасак, натижада гуноҳ қилишимиз мумкин. Бундай аҳволда биз Иблисга фурсат бериб, жамоатда келишмовчилик бўлишига, ҳамда ўзимиз гуноҳ қилишга йўл қўямиз. Шунинг учун, келишмовчиликларни тезда ва Худога маъқул бўлган тарзда ҳал қилишимиз шарт (Левилар 19:17, 18; Матто 5:23, 24; 18:15, 16). Келинг, Худо руҳининг ёрдамида ибо фазилатини намоён этиб, ва ҳеч қачон ҳатто ҳаққоний қаҳр-ғазаб, адоват ёки нафратга айланишига йўл қўймайлик.
23. Келаси мақолада қайси саволларни кўриб чиқамиз?
23 Биз Иблиснинг асосий хусусиятларини, ва нима учун унга тақлид қилмаслигимиз кераклигини кўриб чиқдик. Аммо баъзиларда бундай саволлар пайдо бўлиши мумкин: Иблисдан қўрқиш керакми? Нима учун у масиҳчиларни қувғин қилади? Иблиснинг тузоғига илинмаслик учун нима қилиш лозим?
[Изоҳ]
a 2005 йил, 15-ноябр «Қўриқчи Минораси»нинг «Шайтон ҳақиқатан ҳам борми?» деб номланган туркумидаги мақолаларга қаранг.
Қандай жавоб берардингиз?
• Нимага биз ҳеч кимга туҳмат қилмаслигимиз лозим?
• Қандай қилиб биз 1 Юҳанно 3:15 биноан қотил бўлиб қолишимиз мумкин?
• Муртадларга қандай муносабатда бўлишимиз керак, ва нима учун?
• Нимага бу дунёга муҳаббат қўймаслигимиз керак?
w06-UZ 01/15a
13—19 феврал Қўшиқлар: 174, 24.