Яҳованинг Каломи жонли
Ваҳий китобининг диққатга сазовор оятлари (1- қисм)
ПАТМОС оролига сургун қилинган пайтда кексайган ҳаворий Юҳанно 16 та ваҳий кўриб, тахминан милодий 96- йилда уларни ёзиб қолдиради. Ушбу ваҳийлар Ҳазратимиз кунига тегишли, яъни 1914- йилдан бошлаб то Масиҳнинг Минг йиллик бошқарувининг охиригача бўлган даврни ўз ичига олади. Ваҳий китобида Тангри Яҳова ва Исо Масиҳ амалга оширадиган ишлар ҳайратланарли тарзда тасвирланган.
Ваҳий 1:1–12:17- даги фикрлар нима учун диққатга сазовор? Сабаби улар, замонамизда юз бераётган воқеалар ва яқин келажакда Яҳова Таоло нима қилишини билдиради. Дарҳақиқат, ҳар бир самимий киши улардан далда ва таскин топиши мумкин (Иброн. 4:12).
«ҚЎЗИ» ЕТТИТА МУҲРДАН ОЛТИТАСИНИ ОЧМОҚДА
Авваламбор Юҳанно, буюк мартабага эришган Исо Масиҳни ва етти жамоатга етказиши керак бўлган мактубларни олаётганини кўради (Ваҳ. 1:10, 11). Кейин эса осмонда бир тахт ва унда ўтирган Сиймонинг ўнг қўлида еттита муҳр билан муҳрланган бир китоб пайдо бўлади. Унинг муҳрларини айнан «Яҳудо қабиласидан бўлган Арслон» ёки ‘етти шохли ва етти кўзли Қўзи’ очишга муносиб (Ваҳ. 4:2; 5:1, 2, 5, 6).
Учинчи ваҳийда эса Юҳанно, «Қўзи» бирин-кетин олтита муҳрни бузаётганини кўради. Олтинчи муҳр очилганда буюк зилзила бўлиб, ундан сўнг Аллоҳнинг қаҳр-ғазаб куни келади (Ваҳ. 6:1, 12, 17). Кейинги ваҳийга кўра, 144 000 мойланганларга муҳр қўйилмагунча, ‘ер юзининг тўрт шамолини ушлаб туриш учун тўрт фариштага’ амр берилди. Муҳрланмаган «улкан оломон Арши аъло олдида, Қўзининг ҳузурида турарди» (Ваҳ. 7:1, 9).
Саволларга жавоблар:
1:4; 3:1; 4:5; 5:6 — «Етти Руҳ» нимани билдиради? Худонинг нуқтаи назари бўйича, етти рақами тўлиқликни англатади. Шу йўсин, «етти жамоатга» йўлланган хабар, ҳозирги 100 000 дан ортиқ йиғилишларнинг барига етказилиши назарда тутилади (Ваҳ. 1:11, 20). Маълумки, Худованд Яҳованинг мақсадларини амалга ошираётганларга, У етарлича муқаддас руҳ ато этади. Шу боис «етти Руҳ» ибораси, итоаткор кишилар муқаддас руҳ орқали тўғри тушунчага эга бўлишларини англатади. Бинобарин, Ваҳий китобида етти рақамининг кўп ишлатилиши бежиз бўлмай, Худонинг мурод-мақсади «буткул амалга ошишини» билдиради (Ваҳ. 10:7).
1:8, 17 — «Альфа ва Омега» ҳамда «Аввалию Охири» унвонлари кимга ишора қилмоқда? «Альфа ва Омега» унвони Яҳовага тегишли, негаки олдин ҳам, кейин ҳам Ундан ўзга Худо бўлмаган (Ваҳ. 21:6; 22:13). Гарчи Ваҳий 22:13 да Яҳовага нисбатан «Аввалию Охири» ибораси қўлланилган бўлса-да, матн таркиби бўйича, бу унвон Исо Масиҳга ҳам тааллуқли. Қандай қилиб? Чунки Исо, самодаги ҳаёт учун шахсан Яҳова томонидан тирилтирилган биринчи ва охирги шахсдир (Колос. 1:18).
2:7 — «Худонинг жаннати» дегани нима? Ушбу сўзлар мойланган масиҳчиларга тегишли бўлгани туфайли, бу жаннат Худонинг ҳузурини ифодалайди. Шу тариқа садоқатли мойланганлар мукофотга, яъни «ҳаёт дарахти мевасидан» ейишга муяссар бўлиб, мангуликка эришадилар (1 Кор. 15:53).
3:7 — «Довуднинг калитини» Исо қачон олган ва ундан қандай фойдаланяпти? Исо милодий 29- йили сувга чўмганида, Довуд наслидаги Шоҳ бўлиб тайинланди. Бироқ Довуднинг калитини у, милодий 33- йилда осмонга юксалтирилиб, Аллоҳнинг ўнг томонига ўтирганда олган. Шу вақтдан бошлаб, Довуд Шоҳлигининг барча ҳуқуқлари унга ўтди. Ўшандан бери шу калит ёрдамида Шоҳлик билан боғлиқ барча масъулиятли вазифаларни бажаришга кенг имкониятлар очила бошлади. 1919- йили эса Исо бутун мол-мулки устидан ғамхўрлик қилиш учун «ишончли ва ақлли хизматкорга» бу калитни топширди (Ишаё 22:22; Мат. 24:45, 47).
3:12 — Исога қанақа «янги ном» берилди? Ушбу ном унинг янги мавқеи ва масъулиятлари билан боғлиқ (Филип. 2:9–11). Уни ўзидан бошқа ҳеч ким аниқ билмаса-да, осмонга чиққан биродарларининг пешонасига ўша ном ёзилади. Бу эса уларнинг ниҳоятда яқин муносабатларидан далолатдир (Ваҳ. 19:12). Буни қарангки, Исо ҳатто ўз масъулиятли вазифаларини улар билан баҳам кўради.
Хулосалар:
1:3. Шайтон дунёсига нисбатан Эгамизнинг ҳукмлари ижро этиладиган «вақт яқин» экан, Ваҳий китобининг мазмунини тушуниб, билганларимизга яраша иш тутишимиз зарур.
3:17, 18. Маънан бадавлат бўлиш мақсадида, «ўтда тобланган олтинни» Исодан сотиб олиш даркор, яъни яхши ишларни кўпроқ қилишга интилишимиз керак (1 Тим. 6:17–19). Шунингдек, масиҳчи эканимизни яққол кўрсатиб турувчи «оқ кийимга» бурканайлик. Муқаддас Китоб таълимотларини тушуниш учун эса «кўзга суртадиган малҳамдан», масалан «Қўриқчи минорасидаги» маслаҳатлардан фойдаланиш оқилонадир (Ваҳ. 19:8).
7:13, 14. Бу ердаги 24 та оқсоқол, осмонда шоҳ ва руҳонийлар сифатида хизмат қиладиган 144 000 мойланганларни англатади. Қадимда Довуд 24 та гуруҳга бўлган руҳонийлар уларнинг рамзи эди. Оқсоқоллардан бири улкан оломон кимлигини Юҳаннога тушунтириб беради. Мойланган масиҳчиларнинг тирилиши 1935- йилдан аввал бошланган деб айтиш мумкин. Чунки айнан шу йили ердаги мойланганларга улкан оломон ҳақида тўғри тушунча берилган (Луқо 22:28–30; Ваҳ. 4:4; 7:9).
ЕТТИНЧИ МУҲР БУЗИЛИБ,
ЕТТИТА КАРНАЙ ЧАЛИНАДИ
Қўзи еттинчи муҳрни ҳам очди. Еттита фариштанинг ҳар бирига биттадан карнай берилди. Олтита фаришта карнай чалиб, «инсониятнинг учдан бири» бўлган христиан оламига чиқарилган ҳукмларни эълон қилишди (Ваҳ. 8:1, 2, 7–12; 9:15, 18). Юҳанно буларнинг барини бешинчи ваҳийда кўрган. Кейингисида эса, китобчани ейишини ҳамда маъбадни ўлчаганини кўради. Еттинчи фаришта карнай чалганидан сўнг, осмонда баланд овоз шундай янгради: «Бу дунёнинг ҳукмронлиги Худовандимизга ва Унинг Масиҳига ўтди» (Ваҳ. 10:10; 11:1, 15).
Еттинчи ваҳий, 11- боб 15, 17 да нималар тасвирланганини ойдинлаштиради. Осмонда ажойиб бир аломат пайдо бўлиб, у ерда аёл ўғил кўради. Иблис эса ер юзига ирғитилади ва аёлга қарши дарғазаб бўлиб, «Исо Масиҳнинг шаҳодатига содиқ қолганлар билан жанг қилгани чиқади» (Ваҳ. 12:1, 5, 9, 17).
Саволларга жавоблар:
8:1–5 — Нима учун осмон сукунатда қолди ва оқибатда ер юзига нима улоқтирилди? Ер юзида яшаётган «азизларнинг ибодатларини» тинглаш учун осмон рамзий маънода сукунатда қолган. Бу Биринчи жаҳон уруши охирлаб қолган пайтга тўғри келади. Мойланган масиҳчиларнинг айримлари кутганидек, халқларга берилган вақт тугагач, улар осмонга чиқиб кетишмади. Уруш вақтида ҳам кўп қийинчиликларга йўлиқишгани учун Худодан раҳбарлик сўраб, тинмай ибодат қилишар эди. Уларнинг илтижоларига жавобан, фаришта ер юзига мажозий маънода олов улоқтириб, мойланганларнинг қалбларини маънавий оловга тўлдирган. Гарчи улар сон жиҳатдан оз бўлишса-да, бутун дунё бўйлаб ваъзгўйлик фаолиятини бошлашди. Натижада Худо Шоҳлиги ҳақидаги масала, христиан олами учун худди ўт қўйилгандек бўлди. Муқаддас Китобдаги хабарлар бамисоли момақалдироқдай янграб, ундаги ҳақиқатлар эса чақмоқдай чарақлади. Ва сохта дин гўёки зилзиладан силкинган уй каби зириллай бошлади.
8:6–12; 9:1, 13; 11:15 — Етти фаришта қайси вақтдан бошлаб карнай чалишга чоғланди? Улар қачон ва қандай янгради? Етти карнайнинг янграшидан аввал, мойланган масиҳчилар 1919- йилдан то 1922- йилгача тайёргарлик учун кўрсатма олишган. Яъни, воизлик қилиш усулларини янгитдан кўриб чиқишлари ва босмахоналар қуришлари керак эди (Ваҳ. 12:13, 14). Карнайларнинг чалиниши, Шайтоннинг дунёсига қарши чиқарилган Худонинг ҳукмларини дадиллик ила эълон қилишни англатади. Бу ишни айнан Аллоҳнинг халқи фаришталар ёрдамида бажаришади. Қизиғи шундаки, ушбу фаолият 1922- йили Сидар-Пойнтда (АҚШ, Огайо штати) бўлган анжумандан бошланиб, буюк мусибатнинг охиригача давом этади.
8:13; 9:12; 11:14 — Қайси маънода охирги уч карнай садосидан «вой» эшитилди? Илк тўртта карнай садоси христиан оламининг маънан ўлик ҳолатини фош этиш рамзи бўлса-да, охирги учтаси эса аниқ ҳодисалар билан боғлиқ. Бешинчи карнай овози, Худонинг халқи 1919- йилда маънавий «тубсизликдан» халос бўлишини билдиради. Қолаверса бу, сохта дин учун балою офат келтирган ваъзгўйлик фаолияти бошланганини ҳам назарда тутади (Ваҳ. 9:1). Олтинчи карнай, 1922- йилдан бери жаҳон бўйлаб эълон этилаётган хушхабарнинг кенг тарқалишидан олдин чалинган. Охирги карнай садоси эса Масиҳий Шоҳлик таваллуд топганидан дарак берган.
Хулосалар:
9:10, 19. «Ишончли ва ақлли хизматкор»нинг Муқаддас Китобга асосланган хабари чаён чақиши сингаридир (Мат. 24:45). Буни қандай тушуниш мумкин? Гап шундаки, бу адабиётларда Яҳованинг улуғ қаҳр-ғазаб куни ҳақида огоҳлантирилмоқда (Ишаё 61:2). Шундай экан келинг, хушхабарни эълон этишда шижоат ва ғайратни йўқотмайлик.
9:20, 21. Бугунги кунда христиан дини тарқалмаган мамлакатларда ҳам хушхабар самимий инсонларни жалб этмоқда. Шундай бўлса-да, сохта динда юрганларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқатни қабул қилмайди. Аммо шунга қарамай, қатъият ила ваъз қилишда давом этамиз.
12:15, 16. «Ер» — дин эркинлиги тарафдори бўладиган дунёвий ҳукуматларни билдиради. 1940- йиллардан бошлаб ана шу рамзий маънодаги «ер оғзини очиб аждаҳо қуйиб юборган дарёни [таъқибларни]» ютиб юборишга киришган. Ҳа, Яҳова Ўз иродасини бажариш учун ҳукумат раҳбарларига истаганича таъсирини ўтказа олади. Шу туфайли Ҳикматлар 21:1 да: «Подшоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида, уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради»,— дейилиши бежиз эмас. Буни билиш, имонимизни жудаям мустаҳкамлайди!