Юҳанно олган ваҳий
22 Сўнг у менга Аллоҳнинг ва Қўзининг+ тахтидан оқиб келаётган биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёсини+ кўрсатди. 2 У шаҳарнинг асосий кўчасидан оқарди. Дарёнинг у ёғида ҳам, бу ёғида ҳам, ҳар ой, яъни йилда 12 марта мева берадиган ҳаёт дарахтлари ўсарди. Унинг барглари халқларга шифо бахш этарди+.
3 У ерда ҳеч қандай лаънат бошқа бўлмайди. Аксинча, шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти+ бўлади. Аллоҳнинг қуллари эса Унга муқаддас хизматни адо этишади. 4 Шунингдек, улар Худонинг юзини кўришади+ ва Унинг исми пешоналарида ёзилган бўлади+. 5 У ерда ортиқ тун бўлмайди+ ва улар на чироққа, на қуёш нурига муҳтож бўлишади+. Боиси, Аллоҳ Яҳова* уларга нур ёғдириб туради. Улар абадулабад шоҳлик қилишади+.
6 Яна фаришта менга шундай деди: «Бу сўзлар ишончли ва тўғридир+. Ҳа, пайғамбарларни гапиришга илҳомлантирган Тангри Яҳова*+ фариштасини юбориб, яқинда нима юз бериши кераклигини қулларига кўрсатди. 7 Мана, мен тез келаман+. Бу китобдаги башоратли сўзларга амал қилувчи ҳар бир киши бахтлидир»+.
8 Мен Юҳанно буларни эшитдим ва кўрдим. Буларни эшитиб кўрганимда, бунинг ҳаммасини кўрсатган фариштанинг оёқларига йиқилиб сажда қилмоқчи бўлдим. 9 Бироқ у менга шундай деб айтди: «Эҳтиёт бўл, бундай қила кўрма! Мен пайғамбару биродарларингга, ушбу китобдаги сўзларга риоя қилувчиларга ва сенга ўхшаган бир қулман, холос. Аллоҳга сажда қил»+.
10 Яна у менга шундай деди: «Бу китобнинг башоратли сўзларини муҳрлаб қўйма, чунки белгиланган вақт яқиндир. 11 Адолатсиз йўл тутадиган адолатсиз ишларни қилаверсин, ифлос ифлослигича қолаверсин. Аммо одил киши бундан буён ҳам одилона йўл тутсин ва муқаддас киши ҳам муқаддаслигини сақласин.
12 “Мана, мен тезда келаман ва ҳар бир кишига ишларига яраша берадиган мукофот ўзим билан+. 13 Мен Альфа ва Омега*+, биринчи ва охирги, ибтидо ва интиҳодирман. 14 Ҳаёт дарахтларидан мева ейиш+ ва шаҳар дарвозаларидан кириш ҳуқуқини олиш учун+ кийимларини ювганлар бахтлидир+. 15 Итлар*, сеҳр-жоду билан шуғулланувчилар, зинокорлар*, қотиллар, бутпарастлар, ёлғонни севадиганлар ва маккорона иш тутувчилар эса ташқарида қолишади”+.
16 “Мен Исо жамоатларнинг фойдасини кўзлаб бу ҳақда шоҳидлик бериш учун ўз фариштамни юбордим. Мен Довуднинг илдизию зурриётиман+, ёруғ тонг юлдузиман”»+.
17 Муқаддас руҳ ва келин+: «Кел!» — дейишмоқда. Буни эшитаётган ҳам: «Кел!» — десин. Ҳар бир чанқаган келсин+ ва ҳар бир истаган ҳаёт сувини текинга олсин+.
18 «Бу китобнинг башоратли сўзларини эшитаётган ҳар кимга шоҳидлигим шу: кимки бунга бирон нарса қўшса+, унда Аллоҳ ушбу китобда ёзилган ўлатларни унга қўшиб беради+. 19 Кимки бу китобнинг башоратли сўзларидан ниманидир олиб қўйса, унда Худо ҳам ушбу китобда ёзилганлардан, яъни ҳаёт дарахтларининг мевасини ейишдан+ ва муқаддас шаҳарга+ киришдан уни маҳрум қилади.
20 Бу тўғрисида шоҳидлик бераётган шундай демоқда: “Ҳа, мен тез келаман”»+.
«Омин! Келинг, эй Ҳазратимиз Исо».
21 Ҳазратимиз Исонинг инояти муқаддас кишиларга ёр бўлсин.