Қандай руҳни намоён этяпсиз?
Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти, сизлар намоён этаётган руҳиятингизга ёр бўлсин. ФИЛИМ. 25
1. Имондошларига ёзаётиб Павлус нимага умид қилган?
МАСИҲИЙ жамоатларига йўллаган мактубларида ҳаворий Павлус қайта-қайта бир умиди ҳақида ёзган эди. У, жамоатдагилар намоён этаётган руҳият Худога ва Масиҳга маъқул бўлишини истаган. Мисол учун, у галатияликларга шундай деб ёзган эди: «Ҳазратимиз Исо Масиҳнинг инояти, сиз биродарлар намоён этаётган руҳиятингизга ёр бўлсин. Омин» (Галат. 6:18). «Намоён этаётган руҳиятингиз» ибораси остида Павлус нимани назарда тутган?
2, 3. а) Павлус «руҳият» сўзини ишлатиб нимани назарда тутган? б) Намоён этаётган нуқтаи назаримиз борасида ўзимизга қандай саволлар беришимиз мумкин?
2 Ушбу матн таркибида «руҳият» деб ишлатилган сўз, нуқтаи назарни ёки фикр юритиш тарзини англатади. Бундай нуқтаи назар инсонни муайян йўл билан гапиришга ёки иш тутишга ундайди. Масалан, бир киши юмшоқ, хушмуомала, мулойим, сахий ёки кечиримли бўлиши мумкин. Муқаддас Китобда «сокин ва мулойим руҳ»га ҳамда «вазмин» бўлишга даъват этилади (1 Бутр. 3:4; Ҳик. 17:27). Бошқа бириси бўлса, кесатиқ қилиб гапирадиган, пулпараст, жаҳли тез чиқадиган ёки мустақиллик руҳига эга бўлиши мумкин. Бу ҳам майли-я, баъзилар нопоклик, итоатсизлик ва ҳаттоки исёнкорлик руҳини намоён этишгача боришади.
3 Шундай қилиб, Павлус «Ҳазратимиз сен намоён этаётган руҳиятга ёр бўлсин» каби ибораларни ишлатиб, биродарларини Аллоҳнинг иродасига мувофиқ йўл тутиб, Масиҳга хос фазилатларни ривожлантиришга ундаган (2 Тим. 4:22; Колосаликларга 3:9–12 ни ўқинг). Ўзимизга қуйидаги саволларни берсак яхши бўларди: «Мен қандай руҳни намоён этяпман? Худога маъқул келадиган нуқтаи назарни қандай ривожлантиришим мумкин? Жамоатда ижобий нуқтаи назар сақланишига кўпроқ ҳисса қўшяпманми?» Бир мисолни кўриб чиқайлик. Кунгабоқар экилган далани тасаввур қилинг. Ҳар бир гул бутун манзаранинг чиройига чирой қўшади. Биз ҳам бу гуллар каби жамоатнинг чиройига ўз ҳиссамизни қўшяпмизми? Дарҳақиқат, ҳар биримиз бунга интилишимиз жуда зарур. Келинг, Худога маъқул келадиган нуқтаи назарни қандай ривожлантириш мумкинлигини кўриб чиқайлик.
ДУНЁНИНИГ РУҲИДАН ҚОЧИНГ
4. «Дунёнинг руҳи» нима?
4 Муқаддас Китобда шундай дейилган: «Биз... бу дунёнинг руҳини эмас, Худодан келган руҳни олдик» (1 Кор. 2:12). «Дунёнинг руҳи» деганда нима тушунилади? Бундай руҳ Эфесликларга 2:2 да тилга олинган мана бу руҳнинг ўзидир: «Бир вақтлар сизлар ҳам ушбу дунёга уйғун равишда яшагансизлар. Ҳозиргача итоатсиз кимсаларга ҳаво каби таъсир етказаётган, дунёнинг руҳиятини назорат қилаётган ҳукмдорга мувофиқ тарзда умр кечиргансизлар». Бу ерда «ҳаво» деб ишлатилган сўз, дунёнинг руҳини ёки фикрлаш тарзини назарда тутади. Ушбу руҳ, том маънодаги ҳаво каби барча жойда бор бўлиб, атрофимизни ўраб турибди. Бундай фикрлаш тарзи кўпинча «бирор киши менга нима қилиш кераклигини ўргатишга ҳақли эмас» ёки «ҳақ-ҳуқуқинг учун кураш» каби ибораларда ўз ифодасини топган. Бундай нуқтаи назарга эга бўлган кишилар Шайтон дунёсининг «итоатсиз кимсаларини» ташкил этади.
5. Айрим исроилликлар қандай ёмон руҳни намоён этишган?
5 Бундай нуқтаи назар янгилик эмас. Ҳатто Мусо пайғамбарнинг даврида, Кўрах Исроил жамоатида бошқариш масъулиятига эга бўлганларга қарши чиққан. У айниқса, руҳонийлар сифатида хизмат қилишга тайинланган Ҳорун ва унинг ўғилларига нисбатан норозилигини кўрсата бошлаган. Балки Кўрах уларнинг номукаммаллигига эътибор қаратгандир. Ёки у, Мусо масъулиятли вазифаларга қариндошларини тайинлаяпти, деган фикрни пеш қилиб, уни таниш-билишчилик қилганликда айблагандир. Нима бўлгандаям, Кўрах нарсаларга инсоний нуқтаи назар билан қараган. У, Яҳова тайинлаган кишиларга ҳурматсизлик кўрсатиб, шундай деган: «Сизлар ҳаддингиздан ошиб кетдингиз!.. Нимага энди сизлар ўзингизни Эгамизнинг жамоасидан устун қўйяпсизлар?!» (Саҳ. 16:3). Худди шундай Датан ва Абурам ҳам Мусога нисбатан норозилик билдириб, уни устларидан хон бўлмоқчи эканликда айблашган. Улардан Мусонинг олдига боришни сўрашганда, улар мағрурланиб: «Йўқ, олдингга бормаймиз!» — деб жавоб беришган (Саҳ. 16:12–14). Аниқки бундай муносабат Яҳовага маъқул келмаган ва У исёнчиларни йўқ қилиб юборган (Саҳ. 16:28–35).
6. Биринчи асрдаги айрим масиҳийлар нотўғри нуқтаи назарни қандай намоён этишган ва бунинг сабаби нимада бўлиши мумкин эди?
6 Биринчи асрда яшаган баъзи масиҳийлар ҳам жамоатга бош-қош бўлишга тайинланганларни танқид қилиб, «ҳокимиятни ҳурмат қилмай» қўйишган (Яҳд. 8). Эҳтимол, бу кишилар берилган масъулиятларидан қониқишмагандир. Бунинг устига улар, бошқаларни ҳам Худо топширган вазифаларни астойдил бажарганларга қарши чиқишга ундашган (3 Юҳанно 9, 10 ни ўқинг).
7. Қандай нуқтаи назардан эҳтиёт бўлиш лозим?
7 Бундай нуқтаи назарга масиҳийлар жамоатида ўрин йўқлиги шубҳасиз. Мана шунинг учун ҳам биз бундан эҳтиёт бўлишимиз керак. Мусо давридаги ва ҳаворий Юҳанно яшаган пайтларда бўлганидек, бугунги кунда ҳам жамоатдаги оқсоқоллар номукаммал. Оқсоқоллар шахсан бизга таъсир қиладиган бирон хато қилиб қўйишлари мумкин. Агар шундай ҳол рўй берса, жамоатнинг бирор аъзоси дунёга хос руҳни намоён этиб, «адолат» ўрнатилишини талаб қилса ёки: «Бу биродарга нисбатан бирор чора кўрилиши керак!» — деб эътироз билдириши ноўрин бўларди. Яҳова бу арзимас хатога аҳамият бермай қўйиши мумкин. Сиз ҳам шундай йўл тута оласизми? Оғир гуноҳга қўл урган баъзи кишилар оқсоқолларнинг камчилигини кўриб, унга ёрдам бериш учун тайинланган оқсоқоллар кенгашининг кўмагини рад этишади. Буни, шифокорни ёқтирмагани учун даволанишдан бош тортаётган одамга ўхшатса бўлади.
8. Муқаддас Китобнинг қайси оятлари жамоатда бошчиликни ўз зиммасига олаётганларга нисбатан тўғри муносабатда бўлишимизга ёрдам беради?
8 Исо «ўнг қўлида еттита юлдуз»ни ушлаб турганини эсда сақласак, салбий нуқтаи назардан қочишимиз мумкин. Ушбу «юлдузлар» мойланган нозирларни, қолаверса барча жамоатлардаги нозирларни билдиради. Исо қўлидаги бу «юлдузлар»ни истаганича бошқара олади (Ваҳ. 1:16, 20). Шундай экан, жамоатнинг Боши сифатида Исо оқсоқоллар кенгашини тўлиқ назорат қилади. Агар кенгаш аъзоларининг бири чиндан ҳам тузатилишга муҳтож бўлса, «кўзлари оташ алангасидай чақнаётган» Шахс, ўз вақтида ва ўзи истаганидай буни амалга оширади (Ваҳ. 1:14). Исо бу масалада керакли чоралар кўргунига қадар, биз ўз томонимиздан муқаддас руҳ билан тайинланганларга ўринли ҳурмат кўрсатиб, ҳаворий Павлуснинг мана бу сўзларига қулоқ тутамиз: «Орангизда раҳбарликни ўз зиммасига олганларга қулоқ солинглар. Боиси, улар сизлар учун ҳисобот берадиганлардай, ҳамиша жонларингизни деб қайғуришяпти. Улар буни оҳу нола билан эмас, қувонч билан бажаришлари учун бўйсунинглар. Акс ҳолда, бу сизларга зиён келтиради» (Иброн. 13:17).
9. а) Масиҳийга танбеҳ ёки маслаҳат берилса, нима синалиши мумкин? б) Маслаҳатга қандай муносабатда бўлсак яхши бўларди?
9 Агар бирор кишини тузатишса ёки уни жамоатдаги масъулиятлардан маҳрум қилишса, унинг бундай ўзгаришларга бўлган муносабати синалади. Оқсоқоллар бир ёш биродарга зўравон видео ўйинларни ўйнаш номаъқул эканлиги тўғрисида мулойимлик ила маслаҳат беришади. Афсуски у маслаҳатни қабул қилмайди ва Муқаддас Китоб талабларига мос келмагани учун жамоат хизматкори масъулиятидан озод этилади (Заб. 10:5; 1 Тим. 3:8–10). Кейинчалик эса бу биродаримиз, чиқарилган қарордан норози эканини кўпчиликка тарқатишни бошлайди. У ҳатто оқсоқолларни танқид қилиб бир неча марта филиалга хат ёзади ва бошқаларни ҳам бундай йўл тутишга ундайди. Чиндан ҳам қилган ишларимизни оқлашга тушсак, бу жамоатнинг тинчлигига хавф туғдиради ва бунинг ҳеч кимга фойдаси йўқ. Агар бизни тузатишса, бунга камчилигимизни кўриш имконидек қараб, дарҳол маслаҳатни қабул қилиш яхши эмасми?! (Аюб 42:6 ни ўқингa; Марсия 3:28, 29).
10. а) Ёқуб 3:16–18 дан жамоатда тўғри ёки нотўғри руҳни намоён этиш ҳақида нимани ўрганиб олдик? б) «Юқоридан тушган донолик»ни намоён этиш қандай самаралар келтиради?
10 Ёқуб 3:16–18 да жамоатда қандай руҳни намоён этиш тўғри ёки нотўғри экани борасида яхши йўл-йўриқ берилган. У ерда шундай дейилган: «Қаерда ҳасадгўйлик ва жанжалкашлик бўлса, ўша ерда тартибсизлик ва ҳар қандай қабиҳлик бўлади. Юқоридан тушган донолик эса биринчидан пок, иккинчидан тинчликпарвар, мулоҳазакор, бўйсунувчан, раҳм-шафқатли ва яхши самараларга бой, беғараз ҳамда риёсиздир. Адолат ҳосилини берадиган уруғ тинчликпарварлар орасида, яъни тинчлик бор жойда сепилади». Агар биз «юқоридан тушган донолик»ка мувофиқ йўл тутсак, биродарлар орасида яхши муҳит бўлади.
ЖАМОАТДА ҲУРМАТНИ НАМОЁН ҚИЛИНГ
11. а) Тўғри нуқтаи назарга эга бўлсак нимадан қочган бўламиз? б) Довуднинг мисолидан қандай ўрнак олсак бўлади?
11 Шуни ёдда тутишимиз керакки, Яҳова оқсоқолларни «жамоатга чўпонлик қилиш учун» тайинлаган (Ҳавор. 20:28; 1 Бутр. 5:2). Демак, оқсоқол бўлиб хизмат қиламизми ёки йўқми, Худо ўрнатган тартибга ҳурмат кўрсатсак, оқилона йўл тутган бўламиз. Агар тўғри нуқтаи назарга эга бўлсак, мавқе ёки масъулият биз учун ҳамма нарсадан устун бўлиб қолмайди. Масалан, Исроил шоҳи Шоул, унинг ўрнига Довуд шоҳ бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлайвериб, «Довудга ёмон кўз билан қарай бошлади» (1 Шоҳ. 18:9). Шоҳ нотўғри нуқтаи назар пайдо бўлгани дастидан, ҳатто Довудни ўлдиришга тайёр эди. Мавқеси ҳақида ҳаддан ташқари қайғургандан кўра, Шоул, Довуддан ўрнак олса қанчалик яхши бўларди. Бошига кўп адолатсизликлар тушишига қарамай, Довуд Худо ўрнатган тартибга ҳурматни намоён этди (1 Шоҳлар 26:23 ни ўқинг).
12. Жамоатда бирлик бўлишига нима ёрдам беради?
12 Турли хил нуқтаи назар туфайли, жамоат аъзолари ва ҳатто нозирлар орасида жаҳл пайдо бўлиши мумкин. Бу борада Муқаддас Китобда яхши маслаҳат берилган: «Бир-бирингизни ҳурмат қилишда ташаббус кўрсатинглар». Шунингдек: «Ўзингиз ҳақда юқори фикрда бўлманглар»,— дейилган (Рим. 12:10, 16). Ўзимизникида туриб олишнинг ўрнига, муайян вазиятга турлича қараш мумкинлигини тушунишимиз даркор. Агар бошқаларнинг нуқтаи назарини эътиборга олишга ҳаракат қилсак, жамоатда бирлик бўлишига катта ҳисса қўшган бўламиз (Филип. 4:5).
13. Шахсий фикрларимизга нисбатан қандай нуқтаи назарда бўлишимиз керак? Мисол келтиринг.
13 Мабодо жамоатда бирон камчиликни тузатишга эҳтиёж борлигини кўрсангиз, ўз фикрингизни айтиш нотўғри, деб хулоса қилса бўладими? Йўқ. Чунки биринчи асрда ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлган бир масала юзага келган эди. Ўшанда биродарлар «Павлус билан Барнабони ва айрим биродарларни бу масала борасида Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқолларнинг олдига юборишга қарор қилишди» (Ҳавор. 15:2). Шубҳасизки биродарларнинг ҳар бирида бу масала юзасидан ўзининг таклифи ҳамда уни қандай ечиш кераклиги борасида фикри бўлган. Лекин ҳар бири ўз фикрини билдиргач, муқаддас руҳ остида битта қарорга келишган. Шундан сўнг, биродарлар шахсий таклифларини келтирмай қўйдилар. Жамоатлар мактуб орқали биродарларнинг қарори ҳақида эшитиб, «далда берувчи сўзлардан севинишди» ва «имонда мустаҳкам бўлишди» (Ҳавор. 15:31; 16:4, 5). Бугунги кунда ҳам, бирон нарса бизни ташвишлантираётгани ҳақида оқсоқолларга айтганимиздан сўнг, биродарлар ибодат ила бу масалани кўриб чиқиб, керакли чоралар кўришига ишонимиз даркор.
ЎЗАРО МУНОСАБАТДА ИЖОБИЙ НУҚТАИ НАЗАРДА БЎЛИШГА ИНТИЛИНГ
14. Шахсий муносабатларда ижобий нуқтаи назарни қандай намоён этиш мумкин?
14 Бир-биримиз билан муносабат қилганимизда ижобий нуқтаи назарни намоён қилиш учун кўп сабаблар бор. Биров бизни хафа қилганида кечиримли бўлишга ҳаракат қилсак, жуда яхши иш қилган бўламиз. Худонинг Каломида шундай дейилган: «Бир-бирингизга чидамли бўлинглар ва ҳатто кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса, уни чин дилдан кечирсин. Яҳова сизларни чин дилдан кечирганидек, сизлар ҳам шундай йўл тутинглар» (Колос. 3:13). «Кимнингдир бошқадан арз қилишга сабаби бўлса» ибораси, бошқаларга жаҳл қилиш учун асосли сабаблар борлигига ишора қилмоқда. Лекин бошқаларнинг камчиликлари дастидан ҳаддан ташқари ташвишланиб, жамоатдаги тинчликни бузгандан кўра, Яҳовадан ўрнак олиб кечиримли бўлайлик ва хизматимизни давом эттирайлик.
15. а) Аюб кечиримли бўлганидан қандай сабоқ олдик? б) Худога маъқул бўлган руҳни намоён этишда ибодат қандай ёрдам беради?
15 Кечиримли бўлиш масаласида Аюбдан яхши ўрнак олсак бўлади. Учта қалбаки дўстлари кўп сўзлари билан уни ранжитишган эди. Шунга қарамасдан, Аюб уларни кечирди. У қандай бунинг уддасидан чиқа олди? «Аюб ўз дўстлари учун ибодат қилган» (Аюб 16:2; 42:10). Бошқалар учун ибодат қилиш орқали нуқтаи назаримизни ўзгартира оламиз. Барча имондошларимизни тилга олиб ибодат қилиш, масиҳийларга хос фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради (Юҳан. 13:34, 35). Бундан ташқари, биродарлар учун ибодат қилганда муқаддас руҳ сўрашни унутмайлик (Луқо 11:13). Худонинг руҳи бошқалар билан муносабат қилганда, илоҳий фазилатларни намоён этишга кўмаклашади (Галатияликларга 5:22, 23 ни ўқинг).
ХУДОНИНГ ТАШКИЛОТИДА БИРЛИК РУҲИ БЎЛИШИГА ҲИССА ҚЎШИНГ
16, 17. Сиз қандай нуқтаи назарни намоён этишни истардингиз?
16 Барчамиз Худонинг ташкилотида бирлик руҳи бўлишига ҳисса қўшишга интилсак, қандай ажойиб самаралар келтиришини тасаввур қилинг! Бу борада кўп мулоҳаза юритгандан сўнг, ижобий нуқтаи назарни намоён этишда янада яхшиланишимиз мумкинлигини пайқаймиз. Шундай экан, Худонинг Каломи орқали ўзимизни текшириб кўришдан ҳеч иккиланмайлик (Иброн. 4:12). Жамоатдагиларга яхши ўрнак кўрсатишга интилган Павлус шундай деган: «Менинг виждоним ҳар томонлама тоза бўлса-да, бу билан одил бўлиб қолмайман, чунки мени ҳукм қилувчи Яҳовадир» (1 Кор. 4:4).
17 Ўзимиз ёки шахсий мавқе ҳақида ҳаддан ташқари кўп ўйламасдан, юқоридан тушган доноликка мувофиқ йўл тутсак, жамоатда бирлик руҳи ҳукм суришига катта ҳисса қўшган бўламиз. Кечиримли бўлиб, бошқаларга ижобий нуқтаи назар билан қарасак, имондошлар орасидаги тинчлик ришталаридан баҳраманд бўламиз (Филип. 4:8). Шундагина ўзаро «намоён этаётган руҳиятимиз», Яҳова ҳамда Исога маъқул келаётганига амин бўламиз (Филим. 25).