Журналхонларнинг саволлари
Армагеддон ўзи нима?
▪ Кўпчилик «Армагеддон» сўзини эшитганда, ядровий уруш ёки кенг миқёсда табиий офатларни эслайди. Юқорида келтирилган тушунчалардан ҳеч бири Муқаддас Китобдаги сўзга тааллуқли эмас. Унда Муқаддас Китобда айтилган Армагеддон ўзи нима?
«Армагеддон» ёки «Ҳор-Магидўн», деган атама Муқаддас Китобнинг Ваҳий қисмида учрайди. Бу сўз «Қодир Аллоҳнинг улуғ кунида юз берадиган жангга» тааллуқли бўлиб, унда «барча жаҳон шоҳлари» Худо билан охирги марта жанг қилиш учун тўпланишади. Бу жанг, Муқаддас Ёзувларнинг бошқа оятларида ҳам кўплаб маротаба келтирилган (Ваҳий 16:14–16; Ҳизқиё 38:22, 23; Йўэл 3:12–14; Луқо 21:34, 35; 2 Бутрус 3:11, 12).
Бу уруш қандай оқибатларга олиб келади? Ваҳий китобида рамзий маънода шундай дейилган: «Ер юзи подшоҳлари ўз қўшинлари билан чавандоз ва унинг қўшинига қарши жанг қилишга тўпланишганини кўрдим». Худо душманлари устидан ғалаба қозониш учун тумонат фаришталар қўшинини бошқаришга Худо томонидан тайинланган «чавандоз» бу Худонинг азизи бўлмиш Исо Масиҳдир (Ваҳий 19:11–16, 19–21). Муқаддас Китобда имонсизларнинг йўқ бўлиши ҳақида шундай дейилган: «Ўша куни ернинг у четидан бу четига қадар Яҳова томонидан нобуд қилинганлар бўлади. Улар учун дод-фарёд ҳам қилинмайди; уларни на йиғиб олишади, на кўмиб қўйишади. Улар ер юзасида гўнг каби ётишади» (Еремиё 25:33, ЯДТ).
Нимага Армагеддон юз бериши зарур? Халқлар Худонинг олий ҳокимиятини тан олишни истамай, ўзларига бино қўйишяпти (Забур 23:1). Уларнинг даъвати шу оятда ўз аксини топган: «Биргалашиб исён қилиб дунё подшоҳлари, Худованд ва Унинг Масиҳига қарши кенгашдилар» (Забур 2:2).
Натижада ўша исёнкорлар ерни ўз шахсий мулкидек кўриб, уни суиистеъмол қилиб, хароб этмоқдалар. Бугунги кунда халқлар атроф-муҳитни ифлослантириб, ерни вайронага айлантиришмоқда. Худонинг Каломида бундай аянчли вазиятлар тўғрисида шундай башорат қилинган: «Халқлар ғазабга минди, Сен ҳам Ўз ғазабингни кўрсатдинг». Аллоҳ «ерни хароб этувчиларни хароб қилади» (Ваҳий 11:18). Худо Армагеддонда бунга чек қўйишга қарор қилган (Забур 82:19).
Армагеддон қачон бўлади? Исо алайҳиссалом аниқ айтган: «У кун ва у соат ҳақида осмондаги фаришталар ҳам, Ўғил ҳам билмайди. Фақатгина самовий Отам билади» (Матто 24:36). Жангчи шоҳ Исо Масиҳ Армагеддон тўғрисида гапираётиб, ҳатто шундай огоҳлантириш берган: «Мана, мен ўғри каби келяпман... бедор турган киши бахтлидир» (Ваҳий 16:15). Муқаддас Китобдаги башоратлар кўрсатишича, Масиҳнинг ҳозир бўлиши билан боғлиқ бўлган бу умумжаҳон уруш бошланиш арафасида.
Армагеддонда фақатгина ёвузликдан воз кечмаётганлар йўқ қилинади «улкан оломон» эса омон қолади (Ваҳий 7:9–14). Улар мана бу сўзлар амалга ошишини кўришади: «Яна бироздан кейин фосиқ йўқ бўлур, унинг жойини кўрасан-у, аммо ўзи йўқолиб кетган бўлур. Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак» (Забур 36:10, 11).
[20- саҳифадаги матн парчаси]
«Беозорлар эса ер юзига эга бўлажак, улар тинч-осойишталикда ҳузур қилажак»