Имонларига эргашинглар
Худонинг халқини ҳимоя қилган аёл
ЭСТЕР Шушандаги саройнинг ҳовлисига яқинлашаётганда, ўзини тинчлантиришга ҳаракат қилган. Бу эса осон бўлмаган. Чунки қалъа атрофидаги барча нарса — деворларга бўрттириб солинган қанотли буқалар, камончилар, шерларнинг тасвирлари, силлиқ тошдан ясалган устунлар, баҳайбат ҳайкаллар, ҳатто қалъанинг баланд қор билан қопланган Загрос тоғлари чўққисида жойлашгани ва Хоспес дарёсининг тиниқ сувлари — буларнинг бари у ерга келган ҳар бир инсонга Эстер учрашишга кетаётган кишининг чексиз қудратини эслатиб турарди. Ўзини «улуғ подшоҳ» деб номлаган, ўша киши Эстернинг эри бўлган.
Наҳотки унинг эри бўлса-я! Ахашвераш художўй яҳудий қизларнинг меҳрибон эрларидан анча фарқ қилган!a Уни Худонинг йўл-йўриғини қабул қилиб, хотини Соранинг гапларига қулоқ солган Иброҳим билан ҳечам тенглаштириб бўлмасди (Ибтидо 21:12). Подшоҳ Эстернинг Худоси Яҳова ҳамда Унинг қонуни тўғрисида, эҳтимол ҳеч нарсани билмасди. Бироқ, Ахашвераш форс қонунини биларди ва бу қонунга кўра, ҳатто Эстерга бир нарса қилишга рухсат этилмасди. Қизиқ, нима экан? Қонунга кўра, кимки Форс шоҳининг ҳузурига рухсатсиз кирса ўлдирилиши керак эди. Эстер ҳам буни биларди, аммо қандай бўлса ҳам у кирмоқчи эди. Хуллас, саройнинг ички ҳовлисига, шоҳнинг тахти турган жойга яқинлашиб келаётганда, аниқ ўламан деб ўйлагандир (Эстер 4:11; 5:1).
Нега Эстер ҳаётини хавф остига солди? Биз ушбу жасоратли аёлнинг имонидан қандай ўрнак олишимиз мумкин? Авваламбор, келинг, Эстер қандай қилиб Форс маликаси бўлишдек ўзгача мавқега эга бўлганини билиб олайлик.
«Гўзал қиз»
Эстер етим қолган эди. Биз, унга Ҳадасса деб ном берган ота-онаси ҳақида бирон-бир маълумотга эга эмасмиз. Ибронийча бу исмнинг маъноси, «мирта», яъни хушбўй бута. Эстернинг ота-онаси вафот этганда, унинг қариндошларидан бири бўлган Мордахай исмли бир яхши одам уни боқиб олган. Мордахай билан Ҳадасса амакивачча бўлишган, аммо Мордахай ундан анча катта эди. У Эстерни уйига олиб келиб, уни ўз қизидай катта қилган (Эстер 2:5–7, 15).
Мордахай ва Эстер Форс давлатининг пойтахтида яҳудий асирлари бўлиб яшашган. Эҳтимол, у ерда уларнинг динидан нафратланишган ва улар Таврот қонунига амал қилишда эҳтиёткор бўлишган. Аммо Эстер, унга кўп маротаба ўз халқини қийинчиликлардан қутқарган ва келажакда ҳам нажот берадиган раҳм-шафқатли Худо Яҳова тўғрисида ўргатган амакиваччасининг олдига бориб тургани шубҳасиздир (Левилар 26:44, 45). Бундан кўриниб турибдики, Эстер билан Мордахай бир-бирига жуда азиз бўлган.
Мордахай Шушан қалъасида бирон лавозимга эга бўлганга ўхшайди, чунки у подшоҳнинг аъёнлари билан бирга ҳамиша дарвоза олдида ўтирарди (Эстер 2:21; 3:3). Ёш Эстернинг ҳаёти қандай кечганини фақат тахмин қилишимиз мумкин, аммо унинг кекса амакиваччаси унга яхши қарагани ва улар қалъа атрофидаги дарё бўйида кичик бир маҳаллада яшашгани эҳтимолдан йироқ эмас. Балки Эстерга Шушандаги бозорга бориш, у ердаги тилла ва кумушга олди-сотди қилаётганларни томоша қилиш ёқарди. Эстер, бир кун келиб бойиб кетишини ҳаёлига ҳам келтирмаган. Унга келажак нималарни тайёрлаб қўйганини у билмасди.
Малика алмашади
Бир куни Шушанда шоҳ саройида бўлиб ўтган ишлар ҳақида гап-сўз тарқалди. Ахашвераш амалдорлар учун катта зиёфат уюштириб, уларга овқат ва шароб узатди. Шоҳ ўзидан алоҳида аёллар билан зиёфат қилаётган хотини малика Ваштининг жамолини дўстларига кўрсатмоқчи бўлди. Аммо Вашти келишни истамади. Шоҳ ўзини камситилгандек ҳис қилиб, жаҳли чиқиб Ваштини қандай жазолаш мумкинлиги ҳақида шериклари билан маслаҳатлашди. Натижада нима бўлди? У маликалик лавозимидан маҳрум қилинди. Шоҳнинг хизматкорлари бутун мамлакат бўйлаб чиройли ёш қизларни излашга тушишди. Шоҳ улардан бирини малика қилиб танлаши керак эди (Эстер 1:1–2:4).
Эстер катта бўлган сари унинг ҳусни жамоли гўзаллашиб бораётганини кўриб, Мордахай у билан қанчалик фаҳрланганини тасаввур қилиш мумкин. Муқаддас Китобда айтилишича, Эстер «келишган, гўзал қиз эди» (Эстер 2:7). Ташқи гўзаллик одамни мафтун қилади, аммо у донолик ва камтаринлик билан ҳамоҳанг бўлиши даркор. Акс ҳолда, бу фойдасиз бўлиб, қалбни мағрур ва хунук қилади (Ҳикматлар 11:22). Сиз бундай инсонни кўрганмисиз? Эстерга келсак, унинг гўзаллиги уни ёмон томонга ўзгартирдими? Буни вақт кўрсатади.
Шоҳнинг аъёнлари Эстерни кўриб қолишди. Улар уни излаб топишди ва Мордахайдан айириб, дарёнинг нариги томонига, саройга олиб кетишди (Эстер 2:8). Улар Мордахай билан ота-боладек бўлишгани сабабли, бу айрилиқ улар учун жуда оғир кечди. Мордахай ўгай қизини имонсиз кишига, ҳатто у шоҳ бўлса ҳам беришни хоҳламасди, лекин у вазиятни ўзгартиришга қодир эмасди. Эстерни олиб кетишларидан олдин, у Мордахайнинг сўнгги панд-насиҳатларини ўта диққат билан тинглаган бўлса керак. Уни Шушан қалъасига олиб келишганида, унинг фикр-хаёли саволларга тўлиб-тошарди. Қизиқ уни қандай ҳаёт кутяпти экан?
«Эстерни кўрганларнинг кўзларида қувонч порлади»
Эстер ўзи учун умуман нотаниш бўлган муҳитга тушиб қолди. Унинг атрофида Форс давлатининг турли чеккаларидан келтирилган «кўп қизлар» тўпланган эди. Уларнинг одатлари, тили ва хулқ-атвори ўзгача эди. Хегай исмли амалдор назорати остида қизларга ўн икки ой давомида хушбўй мойлар билан пардоз бериларди (Эстер 2:8, 12). Бундай муҳитда яшаган аёллар осонликча ўз ташқи кўринишига ортиқча эътибор қаратиб, кеккайиб кетишлари мумкин эди. Хўш, бу Эстерга қандай таъсир қилди?
Дунёда ҳеч ким Эстер ҳақида Мордахай каби қайғурмасди. Муқаддас Китобда ёзилишича, у кундан-кунга аёллар турган ҳовлига бориб, Эстердан хабар олиб турарди (Эстер 2:11). Эҳтимол, у билан ҳамкорлик қилаётган хизматкорлар унга хабар етказиб туришгани учун Мордахай ўзида оталик ғурурини сезгандир. Нега дейсизми?
Эстер Хегайда яхши таассурот қолдиргани учун у унга меҳр-шафқат кўрсатиб, еттита чўри ва харамдан энг зўр жойни берган эди. Баёнотга кўра, «Эстерни кўрганларнинг кўзларида қувонч порлади» (Эстер 2:9, 15). Уларни Эстернинг гўзаллиги ром қилган эдими? Йўқ, уларга Эстернинг бошқа фазилатлари ёқди.
Муқаддас Китобда айтилишича: «Эстер ўз халқи, уруғ-аймоғи тўғрисида ҳеч нарса айтмади. Чунки Мордахай унга бу тўғрида оғиз очмаслигини буюрган эди» (Эстер 2:10). Мордахай бу қизга ўзининг яҳудийлиги ҳақида айтишдан эҳтиёт бўлишни ўргатган эди. У Форс шоҳининг хонадонида бу халққа нисбатан нотўғри фикрлар тарқалганини кўргани шубҳасиздир. Энди унинг қизалоғи ундан узоқда бўлса ҳам, ҳалиям ўша-ўша доно ва итоаткор бўлганини билишдан хурсанд бўлган!
Бугунги кунда ҳам ёшлар ота-оналарини ёки уларга ғамхўрлик қилаётган кишиларни хурсанд қилишлари мумкин. Бундай ёшлар ота-оналар уларни кўрмаганда ҳам ахлоқсиз ва ёмон кишилар орасига тушиб қолишганда, уларнинг зарарли таъсирига қарши туриб, тўғри йўл тутишлари мумкин. Шундай қилиб, улар Эстер каби самовий Отамизнинг қалбини қувонтиришади (Ҳикматлар 27:11).
Эстернинг шоҳ ҳузурига кириш пайти келганда, унга ўзини безатиб чиройли қилиш учун вақт берилди. Аммо у Хегайнинг маслаҳатига қулоқ солиб ўзига таклиф қилинган нарсалардан бошқа ҳеч нарса сўрамади (Эстер 2:15). У қуруқ гўзаллик билан шоҳнинг қалбини ром этиб бўлмаслигини тушунарди. Бу вазиятда камтаринлик руҳи муҳим аҳамият касб этишини биларди. Хўш, у ҳақ бўлиб чиқдими?
Баёнотга кўра, «шоҳ Эстерни ҳамма қизлардан ортиқ севиб қолди. Эстер шоҳнинг мурувватига ва илтифотига барча қизлардан кўпроқ сазовор бўлди: Ахашвераш маликалик тожини Эстернинг бошига кийгизиб, уни Ваштининг ўрнига малика қилди» (Эстер 2:17). Бу камтарин яҳудий қиз учун ҳаётини ўзгартириш осон бўлмагандир. Энди у янги малика ва ўша вақтда ер юзидаги энг қудратли ҳукмдорнинг хотини эди! Бу лавозим уни мағрур қилдимикин?
Асло! Эстер ўгай отаси Мордахайга итоаткор бўлиб қолди. У яширинча яҳудий халқи билан мулоқот қилиб турарди. Боз устига Мордахай Ахашверашга қилинган хиёнатни фош этганида, Эстер подшоҳга хабар бериб хиёнатни бостирган эди (Эстер 2:20–23). У ҳали ҳам камтарин ва итоаткор бўлиб ўз Худосига ишонганини кўрсатарди. Итоаткорлик бугунги кунда камёб бўлиб қолган. Итоатсизлик ва исёнкорлик эса оддий ҳолга айланган. Ҳақ имонга эга бўлган инсонлар эса Эстер каби итоаткорликни қадрлашади.
Эстернинг имони синалади
Ахашвераш Хомон исмли кишининг мартабасини оширган эди. Шоҳ уни бош вазир қилиб тайинлаб, ўзига маслаҳатчи қилиб олди. Хомон ўша давлатда шоҳдан кейин иккинчи ўринни эгалларди. Боз устига, шоҳнинг амрига биноан Хомонни кўрган ҳар ким унга тиз чўкиб таъзим қилиш керак эди (Эстер 3:1–4). Бу амр Мордахай учун муаммо яратди. У подшоҳга бўйсуниш кераклигини биларди, аммо Худога маъқул келишни ҳам хоҳларди. Маълумки, Хомон Ўгах наслидан бўлган. Бу дегани, у Худонинг пайғамбари Шомуилни қатл қилган Омолеклар шоҳи Ўгахдан келиб чиққан (1 Шоҳлар 15:33). Омолеклар шунчалик золим бўлишганки, улар Яҳовага ва Исроил халқига душманлик қилишган. Шу тариқа, Омолеклар Аллоҳнинг қаҳрига учрашганb (Амрлар 25:19). Қандай қилиб садоқатли яҳудий омолеклик кишига таъзим қилиши мумкин эди? Мордахай бундай қила олмасди. У жойида тураверди. Ҳозирги пайтда ҳам тақводор эркагу аёллар ҳаётлари хавф остида бўлган тақдирда ҳам: «Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак»,— деган принципга амал қилишади (Ҳаворийлар 5:29).
Хомон ғазабдан тутаб кетди. Лекин бу Мордахайни йўқ қилиш учун сабаб бўла олмасди. У Мордахайнинг бутун халқини таг-томири билан йўқ қилмоқчи бўлди! Хомон подшоҳга яҳудий халқини қоралади. Бу халқнинг номини тилга олмай, у «бошқа халқларнинг орасида сочилиб-тарқалиб кетган бир халқ» сифатида тасвирлади. Устига-устак, улар шоҳнинг қонунларига бўйсунишмаётганини ҳамда ашаддий исёнкорлар эканини айтди. Хомон шоҳнинг хазинасига яҳудий халқини қириб ташлаш учун кўп миқдорда пул ажратишни ваъда қилдиc. Шунда Ахашвераш Хомонга ўзининг муҳр узугини ҳамда ҳар қандай фармонни тасдиқлаш ҳуқуқини берди (Эстер 3:5–10).
Чопарлар тезлик билан йўлга чиқиб, давлатнинг ҳамма вилоятларида яҳудий халқи ўлимга маҳкум этилгани ҳақида хабар етказишди. Узоқдаги Қуддус шаҳрини ҳимоя қиладиган деворларни тиклаш учун Бобил асирлигидан қайтиб келган яҳудийларнинг қолган қисмига бу хабар етиб келганда, улар нималар ҳис қилганини бир тасаввур қилинг. Бу даҳшатли хабарни эшитганда, Мордахай Шушандаги дўстларинию қариндошларини ўйлаган бўлса керак. У қайғудан кийимларини йиртиб, устига кул сочиб, жулга ўраниб, дод-фарёд қилиб шаҳар ўртасида ўтирган эди. Хомон эса Шушандаги яҳудийлару уларнинг яқинларига келтириладиган фалокатдан бехабардек шоҳ билан еб-ичиб ўтирганди (Эстер 3:12–4:1).
Мордахай қўл қовуштириб ўтира олмаслигини биларди. Аммо у нима қилиши мумкин эди? Эстер Мордахайнинг қайғуси ҳақида хабар топиб, унга кийим-кечак юборди, лекин уни бу билан юпатиб бўлмасди. Балки у нима сабабдан Тангри Яҳова Эстернинг бутпараст ҳукмдор маликаси бўлишига йўл қўйгани ҳақида кўп ўйлагандир. Энди у бунинг сабабини тушунганга ўхшайди. Шунда Мордахай маликага хабарчи юбориб, шоҳнинг олдида «ўз халқига» ҳомий бўлишга ундади (Эстер 4:4–8).
Буни эшитиб, Эстернинг юраги орқага тортиниб кетган бўлса керак. Мана энди Эстернинг имони синалди. Унинг Мордахайга берган жавобидан қўрқиб кетгани кўриниб турарди. Эстер унга шоҳнинг фармонини эслатиб қўйди. Шоҳнинг рухсатисиз унинг олдига кириш ўлим билан баробар эди. Шоҳ олтин ҳассасини кимга узатсагина, ўша тирик қоларди. Эстер бекорга қўрқмаган, ахир Ваштининг бошига тушгани унинг эсида эди-да. У Мордахайга шоҳ уни 30 кундан бери ҳузурига чақирмаганини айтди! Агар бунга парво қилмаса, у ўша инжиқ ҳукмдорнинг қурбонига айланиши мумкинлигини билардиd (Эстер 4:9–11).
Мордахай Эстернинг имонини мустаҳкамлаш учун қатъий жавоб берди. У Эстерни агар қўл қовуштириб ўтирса, яҳудийларга бошқа ердан нажот келишини айтиб ишонтирди. Мабодо қувғин кучайиб кетса, ёлғиз ўзи нажот топа олармикин? Ҳа, Мордахай Яҳова Ўз халқининг қирилиб кетишига ҳамда ваъдалари бажарилмай қолишига йўл қўймаслигига ишонарди (Ёшуа 23:14). Шунинг учун Мордахай Эстерга: «Ким билсин, балки шунақа кунлар учун сен маликалик мартабасига эришгандирсан»,— деб айтди (Эстер 4:12–14). Дарҳақиқат, Мордахай бутунлайин Тангри Яҳовага умид боғларди. Сиз-чи? (Ҳикматлар 3:5, 6).
Имон ўлим қўрқувидан ҳам кучлироқдир
Эстер жиддий қарор олдида турарди. У Мордахайдан халқи у учун уч кун рўза тутишини илтимос қилиб: «Майли, ўлсам, ўлай»,— дея имон ва жасорат намоён этди (Эстер 4:15–17). У мана шу уч кун давомида умрида биринчи марта шунча кўп ибодат қилган бўлса керак. Охири, фурсат ҳам келди. Эстер энг чиройли шоҳона либосларини кийиб, шоҳ ҳузурига кириш учун қўлидан келганини қилди. Мана у йўлга тушди.
Бу мақоланинг кириш сўзларида айтилганидек, Эстер шоҳ саройига яқинлашди. Биз унинг кўнглидаги хавотирни ва зўр бериб ибодат қилганини тасаввур қилишимиз мумкин. У сарой ҳовлисига кирганда, Ахашверашнинг тахти кўриниб турарди. Эҳтимол, у соч-соқоли жингалак бўлган шоҳнинг юзига қараб кайфияти қанақалигини пайқашга ҳаракат қиларди. Эстер ўзини бу учрашувни худди бир умр кутгандай ҳис қилди. Бироқ, бир зумда хўжайинининг ҳузурида пайдо бўлди. Ахашвераш ҳайрон қолди, лекин жаҳли чиқмади. У Эстер томон олтин ҳассасини узатди! (Эстер 5:1, 2).
Ниҳоят шоҳ Эстерни тинглашга рози бўлди. Эстер Худонинг халқини ҳимоя қилиб, барча художўй кишилар учун зўр ўрнак бўлди. Аммо бу ҳали бошланиши эди холос. Қандай қилиб у шоҳ тайин этган маслаҳатчи Хомоннинг ёвуз исёнкор эканини исботлай олади? У ўз халқини қандай қутқара олади? Буни биз кейинги сафар билиб оламиз.
[Изоҳлар]
a Ахашвераш милоддан аввалги V асрнинг бошида Форс давлатини бошқарган Ксеркс I бўлган, деб тахмин қилинади.
b Хомон Омолекларнинг қолган-қутганларидан бири бўлгандир. Чунки бу халқ шоҳ Ҳизқиё даврида қирилиб кетган эди (1 Солномалар 4:43).
c Хомон 10 000 талант кумуш пул таклиф қилди — бугунги кунда бу юзларча миллион долларга тенг келарди. Агар Ахашвераш чиндан ҳам Ксеркс I бўлса, унга шунча пул таклиф қилиниши айни муддао эди, чунки юнонларга қарши жанг қилганида, эҳтимол Эстерга уйланишдан аввал, унинг хазинаси бўшаб қолганди.
d Ксеркс I инжиқ ва зулмкор шоҳ сифатида танилган. Юнон тарихчиси Геродот Ксеркснинг Юнонистонга қарши жанг қилгани ҳақида ёзган. Ўшанда шоҳ Хеллеспонт устидан кўчма кўприк қуришни буюрган эди. Бўрон кўприкни вайрон этганида, Ксеркс муҳандисларининг бошини танасидан жудо қилишни буюриб, ҳатто ўзининг одамларига Хеллеспонт сувларини қамчилаб «жазолашни» амр этган ва буни баланд овозда эълон қилган эди. Бундан ташқари, бир бой одам ўғлини ҳарбий хизматдан олиб қолишни илтимос қилганида, Ксеркс унинг ўғлини иккига бўлиб, танасини огоҳлантириш тариқасида кўргазмага қўйганди.
[15- саҳифадаги расм]
Мордахай ўгай қизидан бекордан-бекорга фахрланмаган
[16- саҳифадаги расм]
Эстер камтаринлик ва донолик ташқи гўзалликдан кўра афзалроқ эканини биларди
[18- ва 19- саҳифадаги расм]
Эстер Худонинг халқини ҳимоя қилиш мақсадида ўз ҳаётини хавф остига қўйди