3- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Улкан оломон Худони ва Исо Масиҳни мадҳ этмоқда
Нажотимиз учун тахтда ўтирган Худойимиздан ҳамда Қўзидан қарздормиз. ВАҲ. 7:10
14- ҚЎШИҚ Ернинг янги Шоҳини мадҳ этайлик
БУ МАҚОЛАДАa
1. Қандай қилиб 1935 йили сўзланган нутқ бир йигитнинг ҳаётини ўзгартирди?
БИР йигит 1926 йили сувга чўмганида 18 ёшда бўлган. Унинг ота-онаси Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари эди. Ўшанда Яҳованинг Шоҳидлари шундай деб аталарди. Улар оилада учта ўғил ва икки қиз бўлиб, ота-онаси уларни Тангри Яҳовага хизмат қилишга ва Исо Масиҳга тақлид қилишга ўргатган. Ўша пайтдаги барча Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари сингари бу самимий йигит ҳам ҳар йили Қутлуғ Кечликда нон ва шаробдан қабул қилган. Лекин «Улкан оломон» деб номланган тарихий нутқни эшитгач, унинг келажакка бўлган умиди ўзгарди. Бу нутқни Жозеф Рутерфорд 1935 йили Вашингтонда (АҚШ) ўтган анжуманда сўзлаган эди. Хўш, бу анжуманда нима ошкор бўлди?
2. Биродар Рутерфорд нутқида қайси ҳақиқатни очиб берган?
2 Биродар Рутерфорд нутқида Ваҳий 7:9 да тилга олинган «улкан оломон» қаторига кимлар киришини очиб берган. Ўша пайтгача Муқаддас Китоб Тадқиқотчилари улкан оломонни осмонда яшайдиган, лекин мойланган масиҳийларга қараганда камроқ садоқатли бўлган инсонлар гуруҳи деб биларди. Биродар Рутерфорд Муқаддас Ёзувлардан фойдаланиб, улкан оломон осмонда яшаш учун танланмаганини, аммо «буюк мусибатдан» омон қолиб, Масиҳнинг ер юзида абадий яшайдиган бошқа қўйлариb эканини тушунтирди. (Ваҳ. 7:14) Исо қуйидагиларни ваъда қилган: «Бу қўрадан бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар менинг овозимни эшитади ва бир сурув ҳамда бир чўпон бўлади». (Юҳан. 10:16) «Бошқа қўйлар» ер юзидаги жаннатда абадий яшашга умид қилаётган Яҳованинг содиқ хизматчиларини билдиради. (Мат. 25:31–33, 46) Келинг, ушбу маънавий ёрқин нур Яҳованинг халқидаги кўпларнинг, жумладан, ўша ёш биродаримизнинг ҳам ҳаётини қандай ўзгартирганини билиб олайлик. (Заб. 97:11; Ҳик. 4:18)
ЯНГИ ТУШУНЧА МИНГЛАБ ИНСОНЛАРНИНГ ҲАЁТИНИ ЎЗГАРТИРДИ
3, 4. Минглаб кишилар 1935 йили анжуманда умиди ҳақида нимани тушунган ва нега?
3 Ўша анжуманда маърузачи тингловчилардан: «Ер юзида абадий яшашга умид қилаётганлар, марҳамат, ўрнингиздан туринг!» — деб сўрагани жуда ҳаяжонли эди. Ушбу анжуманда бўлган биродарнинг айтишича, тахминан 20 000 та тингловчининг ярмидан кўпи ўрнидан турган экан. Кейин биродар Рутерфорд: «Қаранг! Улкан оломон!» — деб айтди. Шунда, тингловчиларнинг шодон ҳайқириқлари эшитилди. Ўрнидан турганлар осмонда яшаш учун танланмаганини биларди. Улар [1935 йили] Худонинг руҳи билан мойланмаганини аниқ тушунаётган эди. Анжуманнинг эртаси куни 840 та киши сувга чўмди, уларнинг аксарияти бошқа қўйлар қаторидан эди.
4 Нутқдан сўнг, юқорида тилга олинган йигит ва бошқа минглаб кишилар Қутлуғ Кечликда нон ҳамда шаробдан тановул қилмай қўйган. Самимий бир биродаримиз кўпларнинг ҳис-туйғуларини шундай деб изҳор этган: «1935 йили бўлиб ўтган маросимда охирги марта рамзлардан қабул қилган эдим. Яҳова муқаддас руҳи орқали менга самовий умидни тақдим этмаганини, лекин ер юзида яшаш ва уни жаннатга айлантириш ишида қатнашиш умидига эга эканимни тушундим». (Рим. 8:16, 17; 2 Кор. 1:21, 22) Ўшандан бери сони ошиб бораётган улкан оломон мойланган масиҳийларнинг ер юзида қолган қисми билан елкама-елка меҳнат қилмоқда.
5. Рамзлардан қабул қилмай қўйганлар ҳақида Яҳова қандай нуқтаи назарда?
5 Қутлуғ Кечликда 1935 йилдан сўнг рамзлардан қабул қилмай қўйганлар ҳақида Яҳова қандай нуқтаи назарда? Айтайлик, сувга чўмган масиҳий маросимда чин юракдан рамзлардан қабул қиляпти. Кейинчалик эса у мойланмаганини англаса-чи? (1 Кор. 11:28) Гап шундаки, баъзилар умидини охиригача тушунмаётгани учун рамзлардан қабул қилади. Бироқ улар бу хато эканини холисона аниқлаб, рамзлардан қабул қилмай қўйса ва Яҳовага садоқат ила хизмат қилишни давом эттирса, У албатта уларни бошқа қўйлар қаторида кўради. Ҳатто рамзлардан қабул қилишни тўхтатган бўлса-да, Яҳова ҳамда Исо Масиҳ улар учун қилганларидан жуда миннатдор бўлишгани сабабли Қутлуғ Кечликни қолдирмайди.
АЖОЙИБ УМИД
6. Исо фаришталарга нима қилишни буюрган?
6 Буюк мусибат жуда яқин экан, мойланган масиҳийлар ва бошқа қўйлардан иборат улкан оломон тўғрисида ёзилган Ваҳий 7- бобни кўриб чиқиш далда бахш этади. Исо фаришталарга вайронагарчилик келтирувчи тўртта шамолни ушлаб туришни буюрган. Ер юзидаги барча мойланган масиҳийларга муҳр босилмагунча, яъни Яҳова томонидан бутунлайин маъқул деб тан олинмагунча улар бу тўртта шамолни ушлаб туришади. (Ваҳ. 7:1–4) Мойланган масиҳийлар содиқ бўлиб қолишгани учун, Масиҳнинг биродарлари сифатида осмонда шоҳ ва руҳонийлар бўлиб мукофотланади. (Ваҳ. 20:6) Яҳова, Исо ҳамда фаришталар 144 000 та мойланган масиҳий самовий мукофотини олганда роса суюнишади.
7. Ваҳий 7:9, 10 га кўра, Юҳанно кимларни кўрган ва улар нималар қилган? (Муқовадаги расмга қаранг.)
7 Юҳанно 144 000 та шоҳ ва руҳоний ҳақида айтгач, Армагеддондан омон қолган «улкан оломонни» кўрган. Биринчи гуруҳга қараганда, бу иккинчи гуруҳ анча катта ва сони аниқ белгиланмаган. (Ваҳий 7:9, 10 ни ўқинг.) Улар «узун оқ кийимда». Бу улар ўзларини Шайтоннинг дунёсида «пок сақлаб», Аллоҳга ҳамда Исога садоқатли бўлиб қолишаётганини кўрсатмоқда. (Ёқб. 1:27) Улар Яҳова ҳамда Унинг Қўзиси қилганлари туфайли омон қолишганидан ҳайқирмоқда. Шунингдек, улар пальма дарахти новдаларини ушлаб турибди. Бу дегани, улар Исо Яҳова томонидан тайинланган Шоҳ эканини қувонч ила тан олмоқда. (Юҳанно 12:12, 13 ни солиштиринг.)
8. Ваҳий 7:11, 12 да Яҳованинг осмондаги оиласи ҳақида нима деб ёзилган?
8 Ваҳий 7:11, 12 ни ўқинг. Осмондагилар улкан оломонни кўрганда нима юз берган? Юҳанно Яҳованинг осмондаги бутун оиласи улкан оломон Уни мадҳ этаётганидан жуда қувонганини кўрган. Яҳованинг осмондаги оиласи бу ваҳий амалга ошганини кўриб шодланади. Чунки улкан оломон буюк мусибатдан омон қолади.
9. Ваҳий 7:13–15 га биноан, улкан оломон ҳозир нималар қиляпти?
9 Ваҳий 7:13–15 ни ўқинг. Юҳанно улкан оломон «кийимларини Қўзининг қонида ювиб оқартиргани» ҳақида ёзган. Бу улар пок виждонга эга эканини ва Яҳова улардан мамнунлигини билдиради. (Ишаё 1:18) Улар ҳаётини Худога бағишлаган, сувга чўмган масиҳийлар бўлиб, Исонинг қурбонлигига ишонади ва Яҳова билан дўстона муносабатларга эга. (Юҳан. 3:36; 1 Бутр. 3:21) Шунинг учун, улар Худонинг тахти қаршисида туриб, рамзий маъбадининг ер юзидаги ҳовлисида «туну кун муқаддас хизматни адо этишяпти». Ҳозирги кунда улар Худо Шоҳлигининг манфаатлари пайида бўлиб, бу Шоҳлик ҳақида ваъз қилиш ва шогирд тайёрлаш ишида ғайрат ила иштирок этишяпти. (Мат. 6:33; 24:14; 28:19, 20)
10. Улкан оломон нимага амин ва улар қайси ваъда амалга ошганини кўради?
10 Буюк мусибатдан чиқиб келадиган улкан оломон Худо ғамхўрлик қилишда давом этишига амин. Зеро, «тахтда Ўтирган... чодирини уларнинг устига ёяди». Бошқа қўйлар узоқ вақтдан бери кутаётган қуйидаги ваъда амалга ошади: «Ўшанда Худо уларнинг кўзидаги ҳар қандай ёшни артиб олади. Ўлим, мотам, фарёд ва оғриқ бошқа бўлмайди». (Ваҳ. 21:3, 4)
11, 12. а) Ваҳий 7:16, 17 га кўра, улкан оломон қандай баракаларга эга бўлади? б) Бошқа қўйлар Қутлуғ Кечликда нима қила олади ва нега?
11 Ваҳий 7:16, 17 ни ўқинг. Бугунги кунда Яҳованинг баъзи хизматчилари озиқ-овқат етишмовчилигидан қийналишяпти, чунки егулик сотиб олиш учун маблағи етишмаяпти ёки фуқаролик тартибсизликларию уруш бунга сабаб бўляпти. Айримлари эса имони туфайли қамоқда. Аммо улкан оломон бу ёвуз дунё йўқ бўлганда омон қолиб, доимо жисмоний ва маънавий озуқаси мўл-кўл бўлишини билишдан хурсандчиликни ҳис этяпти. Яҳова Шайтоннинг ёвуз дунёсини вайрон қилганда, Ўзининг «жазирама» каби қизиган ёки аланга олган ғазабини халқларга сочганда улкан оломон ҳимоя остида бўлишига амин. Буюк мусибат тугагандан сўнг, Исо Масиҳ ер юзида омон қолган бу инсонларни «оби ҳаёт булоқларига» етаклайди. Бир ўйлаб кўринг: улкан оломон ажойиб умидга эга. Ҳозирга қадар яшаб келган миллиардлаб инсонлардан фарқли равишда улар ҳеч қачон ўлмаслиги мумкин! (Юҳан. 11:26)
12 Бошқа қўйлар Яҳова ҳамда Исо Масиҳдан миннатдор бўлишга арзийдиган ажойиб умидга эга. Гарчи Яҳова уларни осмонда яшаш учун танламаган бўлса ҳам, бошқа қўйларни мойланганларни яхши кўргандай севади. Иккала гуруҳ аъзолари ҳам Худони ва Исо Масиҳни мадҳ эта олади. Буни қилишнинг бир йўли, Қутлуғ Кечлик маросимига бориш.
ҚУТЛУҒ КЕЧЛИКДА ЧИН ДИЛДАН ХУДОНИ ВА МАСИҲНИ МАДҲ ЭТИНГ
13, 14. Нима учун ҳамма Қутлуғ Кечликка бориши керак?
13 Охирги йилларда Қутлуғ Кечликка келган ҳар 1 000 кишидан тахминан биттаси рамзлардан қабул қилган. Аксарият жамоатларда ҳеч ким рамзлардан қабул қилмайди. Маросимга келадиганларнинг кўпи ер юзида яшаш умидига эга. Унда, нега улар Қутлуғ Кечликка келади? Буни дўстимизнинг никоҳ тўйига боришга ўхшатса бўлади. У ерга турмуш қураётган жуфтликка нисбатан севгимизни ва уларни қўллаб-қувватламоқчи эканимизни кўрсатиш учун борамиз. Худди шундай, бошқа қўйлар ҳам Масиҳга ва мойланганларга бўлган севгисини ҳамда уларни қўллаб-қувватламоқчи эканини кўрсатиш учун Қутлуғ Кечликка боришади. Қолаверса, бошқа қўйлар Исонинг қурбонлиги учун миннатдор эканини кўрсатиш ниятида бундай қилишади. Айнан бу қурбонлик уларга ер юзида абадий яшаш имкониятини беради.
14 Яна бир муҳим сабаб, бошқа қўйлар Исонинг амрига бўйсунишгани учун Қутлуғ Кечлик маросимига боришади. Исо илк бор садоқатли ҳаворийлари билан бу маросимни ташкиллаштирганда: «Мени эслаш учун шундай қилиб туринглар»,— деб айтган эди. (1 Кор. 11:23–26) Шу боис, бошқа қўйлар баъзи мойланган масиҳийлар ер юзида яшашни давом эттиргунга қадар Қутлуғ Кечликка боришади. Шунингдек, бошқа қўйлар ҳаммани бу маросимга таклиф этади.
15. Қай йўсин Қутлуғ Кечликда Худони мадҳ этиб, Унга ва Исо Масиҳга бўлган севгимизу миннатдорчилигимизни кўрсата оламиз?
15 Қутлуғ Кечликда Худони мадҳ этиб, Унга ва Исо Масиҳга бўлган севгимизу миннатдорчилигимизни қўшиқ ҳамда ибодат орқали кўрсатиш имкониятига эгамиз. Бу йили «Худо ва Масиҳ сиз учун қилган барчасини қадрланг» номли нутқ сўзланади. У Яҳовага ҳамда Исога бўлган миннатдорчилигимизни оширади. Рамзларни бир-биримизга узатаётганда, улар Исонинг танаси ва қонини билдиришини ёдга оламиз. Шунингдек, Яҳова яшай олишимиз учун Ўғли бизни деб ўлишига йўл қўйгани борасида фикр юритамиз. (Мат. 20:28) Самовий Отамизни ва Унинг Ўғлини яхши кўрадиган ҳар бир инсон Қутлуғ Кечлик маросимига келишни хоҳлайди.
ЯҲОВА СИЗГА БЕРГАН УМИД УЧУН МИННАТДОР БЎЛИНГ
16. Қайси жиҳатдан мойланганлар ва бошқа қўйлар тенг?
16 Яҳова мойланган масиҳийларни ва бошқа қўйларни тенг кўради. Иккала гуруҳ ҳам У учун жуда қимматбаҳо. Дарҳақиқат, Худо ўша-ўша тўлов, яъни суюкли Ўғлининг ҳаёти эвазига ҳам мойланганларни, ҳам бошқа қўйларни сотиб олган. Бу иккита гуруҳ ўртасидаги фарқ, уларнинг умиди турлича эканлигидадир. Лекин иккала гуруҳ ҳам Аллоҳга ва Масиҳга садоқатли бўлиб қолиши керак. (Заб. 31:23) Унутмангки, Худонинг руҳи ҳаммамизга бир хил таъсир қилади. Бу Яҳова муқаддас руҳини ҳар бир хизматчисининг эҳтиёжига қараб беришга қодир эканини билдиради.
17. Мойланган масиҳийларнинг ер юзида қолган қисми нимани орзиқиб кутяпти?
17 Мойланган масиҳийлар самовий умид билан туғилмаган. Бу умидни Худо уларнинг юрагига солган. Улар бу умид ҳақида фикр юритади, ибодат қилади ва осмондаги мукофотини олишни интиқиб кутади. Улар осмонда ҳатто қандай танага эга бўлишини ҳам билмайди. (Филип. 3:20, 21; 1 Юҳан. 3:2) Бироқ Яҳова, Исо, фаришталар ва мойланганлар билан кўришишни орзиқиб кутяпти. Улар Самовий Шоҳликда ўз ўринларида бўлишни жуда истайди.
18. Бошқа қўйлар нимани сабрсизлик ила кутяпти?
18 Бошқа қўйлар инсонлар учун табиий бўлган умидни, яъни ер юзида абадий яшаш имкониятини қадрлайди. (Воиз 3:11) Улар бутун сайёрамизни жаннатга айлантиришда ёрдам берадиган пайтни сабрсизлик ила кутяпти. Улар ўз уйларини қуришни, боғларини ўстиришни ва соғлом бўлиб болаларини катта қилишни жуда истайди. (Ишаё 65:21–23) Улар бутун ер юзи бўйлаб — тоғлар, ўрмонлар ва денгизлар аро саёҳат қилиб, Яҳованинг кўпдан-кўп ижодларини билмоқчи. Энг муҳими эса, улар Яҳова билан дўстона муносабатларини ҳар қачонгидан ҳам янада қалинроқ қила олишини билишдан хурсанд.
19. Ҳар биримизга Қутлуғ Кечлик қандай имкон беради ва бу йили у қачон бўлади?
19 Яҳова ҳар бир бағишланган хизматчисига келажакка нисбатан ажойиб умидни ато этмоқда. (Ерм. 29:11) Масиҳнинг ўлимини хотирлаш маросими ҳар биримизга сўнгги йўқ ҳаётдан завқ олиб яшаш имконини яратиб берган Худони ва Исо Масиҳни мадҳ этиш фурсатини бермоқда. Шубҳасизки, Қутлуғ Кечлик Худонинг ҳақиқий хизматчилари ҳар йили борадиган энг муҳим маросимдир. У 2021 йили 27 март, шанба куни қуёш ботгач бўлади. Бу йили кўплар ушбу муҳим маросимга нисбатан эркинликда бора олади. Баъзилар таъқибларга қарамай ташриф буюради. Бошқалар эса уни қамоқда ўтказади. Яҳова, Исо, фаришталар ва мойланганлар кузатар экан, ҳар бир жамоат, гуруҳ ва ҳаммамиз Қутлуғ Кечлик маросимини ажойиб тарзда ўтказайлик!
150- ҚЎШИҚ Рабни излаб, нажот топинг
a 2021 йил 27 март Яҳованинг Шоҳидлари учун ўзгача кун. Ўша куни кечки пайт Исо Масиҳнинг ўлимини хотирлаш учун Қутлуғ Кечлик маросимига борамиз. Бу маросимга келадиганларнинг аксарияти Исо «бошқа қўйлар» деб атаган гуруҳ аъзоларидир. Қизиқ, 1935 йили бу гуруҳ тўғрисида қандай ўзгача ҳақиқат ошкор бўлди? Улар буюк мусибатдан сўнг нималар бўлишини интиқиб кутяпти? Қандай қилиб улар Қутлуғ Кечликда Аллоҳга мадҳ келтириб, Унга ва Исога бўлган севгисию миннатдорчилигини кўрсата олади?
b ИБОРАЛАР МАЪНОСИ. Бошқа қўйлар қаторига охирги кунлар давомида йиғиладиган инсонлар киради. Улар Масиҳга эргашиб, ер юзида абадий яшашга умид қилади. Бошқа қўйлардан иборат бўлган улкан оломон Исо Масиҳ буюк мусибат пайтида одамларни ҳукм қилганда тирик бўлади ва Армагеддондан омон қолади.