10- ТАДҚИҚ МАҚОЛАСИ
Жамоатдаги барча Каломни ўрганаётганларга сувга чўмишга ёрдам бера олади
Бутун тана аъзолари... биргаликда ўсиб боради. ЭФЕС. 4:16
85- ҚЎШИҚ Бир-бирингизни илиқ қарши олинг
БУ МАҚОЛАДАa
1, 2. Каломни ўрганаётган киши маънан ўсиб, сувга чўмишига ким ёрдам бериши мумкин?
ФИЖИДА яшовчи Эми қуйидагича бўлишди: «Муқаддас Китоб тадқиқида билиб олаётганларим менга жуда ёқарди. Ўрганаётганларим ҳақиқат эканини билардим. Аммо биродару опа-сингиллар билан мулоқот қилишни бошлаганимдан кейингина керакли ўзгаришларни қилиб, маънан ўсдим ва сувга чўмдим». Эмининг мисоли бизга қуйидаги муҳим ҳақиқатни очиб бермоқда: жамоатдагилар Муқаддас Китобни ўрганаётган кишига ёрдам берганида, у маънан ўсиб, сувга чўмиши мумкин.
2 Ҳар бир ваъзгўй Каломни тадқиқ қилаётганларга жамоат аъзоси бўлишига кўмаклаша олади. (Эфес. 4:16) Вануатуда яшайдиган Лайлани исмли кашшоф шундай деди: «Бир болани тарбиялашда бутун қишлоқ ҳисса қўшади, деган гап бор. Менимча, буни шогирд тайёрлаш ишида ҳам қўлласа бўлади. Бир кишининг ҳақиқатга келишига одатда бутун жамоат ҳисса қўшади». Бола ўсиб-улғайишида оила аъзолар, дўстлар ва устозлар — уларнинг барчаси муҳим роль ўйнайди. Улар буни болани нимагадир ундаш ва унга муҳим сабоқлар бериш орқали қилади. Шу сингари, ваъзгўйлар Каломни ўрганаётган кишига маслаҳат бериб, уни бирон нимага ундаб, яхши ўрнак кўрсатиб, маънан ўсишига ва сувга чўмишига кўмаклашади. (Ҳик. 15:22)
3. Анна, Дэниэл ва Лайлани билдирган фикрлардан нималарни ўргандингиз?
3 Нима учун тадқиқ ўтказувчи жамоатдаги бошқалар у билан Каломни ўрганаётган кишига ёрдам беришни таклиф қилганда буни қабул қилиши керак? Молдавиядаги Анна исмли махсус кашшоф нима деганига эътибор беринг: «Каломни ўрганаётган киши маънан ўсишни бошлаганида унинг барча эҳтиёжларини қондириш бир киши учун осон эмас». Ўша мамлакатда хизмат қиладиган Дэниэлb исмли бошқа бир махсус кашшоф қуйидагича деди: «Кўпинча ваъзгўйлар шундай фикрларни билдирадики, бу Каломни ўрганаётган кишининг қалбига таъсир қилади. Бу эса хаёлимга умуман келмаган бўларди». Лайлани: «Каломни ўрганаётган кишига кўрсатиладиган севги ва меҳр Худонинг хизматчилари ким эканини аниқлашига кўмаклашиши мумкин»,— деб айтди. (Юҳан. 13:35)
4. Мазкур мақолада нимани муҳокама қиламиз?
4 Аммо қуйидагича ташвишланаётгандирсиз: «Тадқиқ ўтказувчи мен бўлмасам, қандай қилиб Каломни ўрганаётган кишига маънан ўсишга шахсан ёрдам бера оламан?» Келинг, бизни тадқиққа ҳамкорликка таклиф қилишса ҳамда Каломни ўрганаётган киши йиғилишларга қатнай бошласа, нималар қилишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз. Қолаверса, қай йўсин оқсоқоллар тадқиқ ўтувчиларга маънан ўсиб, сувга чўмишига ёрдам беришлари мумкинлигини билиб оламиз.
ТАДҚИҚ ПАЙТИДА СИЗНИНГ ЎРНИНГИЗ
5. Тадқиққа таклиф қилишса, сизнинг ўрнингиз қандай?
5 Тадқиқ пайтида киши Худонинг Каломини тушуниши учун ёрдам беришда биринчи навбатда тадқиқ ўтказувчи масъулдир. Агар у сизни тадқиққа таклиф қилса, ўзингизни ҳамкор деб билинг. Вазифангиз унга кўмаклашиш ҳисобланади. (Воиз 4:9, 10) Тадқиқ самарали ўтиши учун айнан нималар қилсангиз бўлади?
6. Сизни тадқиққа таклиф қилишган бўлса, қай йўсин Ҳикматлар 20:18 даги принципни қўллай оласиз?
6 Муқаддас Китоб тадқиқига тайёрланинг. Авваламбор, тадқиқ ўтадиган ваъзгўйдан тадқиқ ўтувчи ҳақида оз-моз маълумот сўранг. (Ҳикматлар 20:18 ни ўқинг.) Балки қуйидаги саволларни бериб кўрарсиз: «Унинг келиб чиқиши қандай? Қайси мавзуни муҳокама қиляпсизлар? Ушбу тадқиқдан тадқиқ ўтувчи нималарни билиб олишини истаяпсиз? Тадқиқ пайтида нималар ҳақида айтсам ёки нималар ҳақида айтмасам бўлади? Тадқиқ ўтувчи маънан ўсишига нима туртки бўлиши мумкин?» Албатта, тадқиқ ўтказувчи тадқиқ ўтаётган кишининг ҳаёти тўғрисида шахсий маълумотларни айтмайди, бироқ у бўлишадиган бошқа ҳар қандай маълумот фойдали бўлиши мумкин. Жой исмли тўла вақтли махсус ваъзгўй Муқаддас Китоб тадқиқига таклиф қиладиган ваъзгўйлар билан шунга ўхшаш суҳбат қуради. У қуйидагича бўлишди: «Бундай суҳбат ёрдамида ҳамкорим тадқиқ ўтувчига қизиқиш билдира олади ва тадқиққа қандай ҳисса қўшишни билади».
7. Ҳамкор сифатида нега тадқиққа тайёргарлик кўришингиз керак?
7 Агар сизни тадқиққа таклиф қилишса ўтадиган мавзуга тайёргарлик кўрсангиз яхши бўларди. (Эзра 7:10) Юқорида фикр билдирган Дэниэл қуйидагича деди: «Ҳамкорим тадқиққа тайёрланган бўлса, мен буни жуда қадрлайман. Шунда, у мазмунли фикрларни билдира олади». Бундан ташқари, эҳтимол, тадқиқ ўтувчи иккалангиз ҳам яхши тайёргарлик кўрганингизни пайқайди ва бу унга яхши ўрнак бўлади. Муҳокама қилинадиган мавзуга тайёргарлик кўра олмасангиз, ҳеч бўлмаса бир нечта асосий фикр билан танишиб чиқсангиз бўлади.
8. Муқаддас Китоб тадқиқида ибодатингиз мазмунли бўлиши учун нима қилсангиз бўлади?
8 Муқаддас Китоб тадқиқида ибодат қилиш муҳим. Шундай экан, агар тадқиқ ўтказадиган ваъзгўй сиздан ибодат қилишни сўраса, нима деб айтишни олдиндан ўйлаб қўйинг. Бу туфайли ибодатингиз янада мазмунли бўлиши мумкин. (Заб. 141:2) Японияда яшовчи Ханае тадқиқ ўтиш учун таклиф қилинган бир опамизнинг ибодатини ҳали-ҳануз эслайди. У қуйидагича деди: «Унинг Яҳова билан муносабатлари қалин эканини ҳис қилдим ҳамда у каби бўлишни хоҳладим. Исмимни тилга олиб ибодат қилганида у мени яхши кўришини ҳис этардим».
9. Ёқуб 1:19 га кўра, сизни тадқиққа таклиф қилишса қандай фойда келтира оласиз?
9 Тадқиқ ўтказувчига кўмаклашинг. Нигериядаги Омамиёби исмли махсус кашшоф шундай фикр билдирди: «Яхши ҳамкор тадқиқ давомида диққат ила тинглайди. У тадқиқ ўтказувчи тадқиқ учун масъул эканини тушуниб ҳаддан ошиқ кўп гапирмайди, аммо маъноли қўшимчалар билдиради». Хўш, тадқиқ давомида айнан қачон ва нима деб айтишингиз кераклигини қаердан билишингиз мумкин? (Ҳик. 25:11) Тадқиқ ўтказувчи ва тадқиқ ўтувчи киши мавзуни муҳокама қилаётганда уларни диққат ила тингланг. (Ёқуб 1:19 ни ўқинг.) Ўшандагина ўринли бўлса, фикр билдира оласиз. Албатта, мулоҳазакор бўлишингиз керак. Масалан, ҳаддан ошиқ кўп гапирмайсиз. Тадқиқ ўтказувчи музокара юритаётганда унинг гапини бўлмайсиз ёки бошқа мавзуга ўтиб кетмайсиз. Аммо қисқача шарҳ, мисол ёки савол ёрдамида кўриб чиқилаётган фикрни аниқ тушунишга ёрдам беришингиз мумкин. Баъзида ўзингизни тадқиққа унчалик кўп ҳисса қўша олмаётгандек ҳис қилишингиз мумкин. Лекин тадқиқ ўтувчини мақтаб ва унга шахсий қизиқиш кўрсатиб, у маънан ўсишига анча ёрдам берган бўласиз.
10. Ҳаётингизда юз берганлар билан бўлишиш тадқиқ ўтувчига қандай ёрдам бериши мумкин?
10 Ҳаётингизда бўлиб ўтганлар билан бўлишинг. Агар ўринли бўлса, ҳақиқатга қандай келганингиз, қийинчиликларни қай йўсин енгганингиз ёки Яҳованинг қўлини ҳаётингизда қандай кўрганингиз ҳақида тадқиқ ўтувчига қисқача айтиб беринг. (Заб. 78:4, 7) Бу тадқиқ ўтувчи айнан эшитиши керак бўлган маълумот бўлиши мумкин. Қолаверса, бу имонини мустаҳкамлаши ва сувга чўмиш учун маънан ўсишда давом этишига туртки бўлиши ҳеч гап эмас. Эҳтимол, сизнинг мисолингиз у дуч келаётган қийинчиликни қай йўсин енгиш мумкинлигини билишига кўмаклашади. (1 Бутр. 5:9) Бразилияда яшовчи Гэбриэл ҳозир кашшоф бўлиб хизмат қилади, у билан Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишганда унга нима ёрдам бергани ҳали ҳам эсида. У шундай дейди: «Биродарларнинг мисолларини эшитганимда, Яҳова биз дуч келаётган қийинчиликларни кўришини билиб олардим. Агар улар қийинчиликларни енга олишган бўлса, демак, мен ҳам қила оламан».
ТАДҚИҚ ЎТУВЧИ ЙИҒИЛИШЛАРГА ҚАТНАГАНДА
11, 12. Нима учун йиғилишларга келадиган тадқиқ ўтувчини илиқ қарши олишимиз керак?
11 Тадқиқ ўтувчи маънан ўсиб, сувга чўмиши учун мунтазам равишда йиғилишларга қатнашиши ва улардан фойда олиши лозим. (Иброн. 10:24, 25) Айтайлик, тадқиқ ўтказадиган ваъзгўй уни йиғилишга таклиф қилди ва у келди. Ўшанда барчамиз уни йиғилишларга келишда давом этишга ундашимиз мумкин. Қизиқ, буни қандай қилса бўлади?
12 Тадқиқ ўтувчини илиқ кутиб олинг. (Рим. 15:7) Агар тадқиқ қилувчини илиқ кутиб олсак, бу унинг йиғилишларга келиш эҳтимолини оширади. Уни ҳижолатга қўймай қарши олинг ва бошқалар билан таништиринг. Тадқиқ ўтказувчи у билан суҳбатлашади, деб ўйламанг. Эҳтимол, у йиғилишга кеч қолаётгандир ёки бирон-бир вазифа билан чиқаётгандир. Тадқиқ ўтувчини диққат ила тингланг ва унга шахсий қизиқиш кўрсатинг. Хўш, уни илиқ қарши олганингиз унга қандай таъсир қилиши мумкин? Бир неча йил олдин сувга чўмган, ҳозирда эса жамоат хизматкори сифатида хизмат қилаётган Дмитрий исмли имондошимизнинг мисолига диққат қаратинг. У илк бор йиғилишга борганини қуйидагича эслайди: «Йиғилиш залининг ташқарисида ҳаяжонланиб кутиб тургандим. Шунда битта биродар ёнимга келиб мени ичкарига таклиф қилди. Кўплар мен билан саломлашиш учун ёнимга келди. Бундан жуда ҳайрон қолдим. Бу менга жуда ҳам ёққан эди. Қанийди ҳафтанинг ҳар бир кунида йиғилиш бўлса, деб ўйлардим. Олдин ҳеч қаерда бундай туйғуни ҳис этмаганман».
13. Тадқиқ ўтувчига ўрнагингиз қандай таъсир қилиши мумкин?
13 Яхши ўрнак кўрсатинг. Сизнинг ўрнагингиз тадқиқ ўтувчига у ҳақиқатни топганига ишончи комил бўлишига кўмаклашиши мумкин. (Мат. 5:16) Молдавияда кашшоф сифатида хизмат қиладиган Виталий қуйидагича бўлишди: «Жамоатдагиларнинг ҳаётини, улар нималар ҳақида ўйлашини ва хатти-ҳаракатларини кузатардим. Бу туфайли Яҳованинг Шоҳидлари чиндан ҳам Худонинг хизматчилари эканига амин бўлдим».
14. Қай йўсин сизнинг мисолингиз кимнингдир маънан ўсишига ёрдам бериши мумкин?
14 Сувга чўмишга мос келиш учун тадқиқ ўтувчи билиб олаётганларини амалда қўллаши керак. Буни қилиш доим ҳам осон эмас. Тадқиқ ўтувчи Муқаддас Китобдаги принципларни ҳаётингизда қўллаётганингизни кўрса, унда сизга тақлид қилиш истаги пайдо бўлиши мумкин. (1 Кор. 11:1) Юқорида тилга олинган Ханаенинг мисолига диққат қаратинг. У қуйидагича деди: «Биродару опа-сингиллар мен ўрганаётганларнинг тирик мисоллари эди. Қандай қилиб бошқаларга далда бериш, уларни кечириш ва севгини намоён этиш мумкинлигини кўрардим. Улар доим бошқалар ҳақида ижобий гапирарди ва мен уларга тақлид қилишни истардим».
15. Қай йўсин Ҳикматлар 27:17 йиғилишларга келишни бошлаганлар билан дўстлашишимиз кераклигини тушунишимизга кўмаклашяпти?
15 Муқаддас Китоб тадқиқини ўтадиган инсонлар билан дўстлашинг. Тадқиқ ўтувчи йиғилишларга қатнашда давом этар экан, шахсий қизиқиш кўрсатишда бўшашманг. (Филип. 2:4) Уни яхшироқ таниб-билишга ҳаракат қилиб кўрсангиз бўлади. Ҳаддан ортиқ шахсий саволлар берманг, аммо қилаётган ҳар қандай ижобий ўзгариши учун мақтаб қўйинг. Тадқиқи, оиласи ва иши ҳақида сўранг. Бундай суҳбатлар дўстлик ришталарини ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин. Тадқиқ ўтувчи билан дўстлашсангиз, маънан ўсиб, сувга чўмишига ёрдам бера оласиз. (Ҳикматлар 27:17 ни ўқинг.) Ханае ҳозирда доимий кашшоф бўлиб хизмат қилади. Йиғилишларга энди келишни бошлаганини ёдга олиб, у қуйидагича деди: «Жамоатдагилар билан дўстлашганим сайин йиғилишларни интиқиб кутадиган бўлдим ва ҳатто чарчаганимда ҳам уларни қолдирмасдим. Янги дўстлар даврасида бўлишдан қувонардим. Бу менга Яҳовага топинмайдиганлар билан дўстлик ришталарини узишга ёрдам берди. Яҳовага ҳамда биродару опа-сингилларга яқинроқ бўлишни истардим. Шунинг учун, сувга чўмишга қарор қилдим».
16. Тадқиқ ўтувчи жамоатда ўзини бемалол ҳис қилиши учун яна нима қилсангиз бўлади?
16 Тадқиқ ўтувчи маънан ўсишда ва ўзгаришлар қилишда давом этар экан, у ҳам ўзини жамоат аъзосидай ҳис қилишига кўмаклашинг. Буни меҳмондўст бўлиш орқали кўрсата оласиз. (Иброн. 13:2) Молдавияда хизмат қилувчи Денис тадқиқ ўтган пайтларини эслаб қуйидагича деди: «Турмуш ўртоғим ва мени имондошлар билан бирга вақт ўтказишга бир неча маротаба таклиф қилишган. Яҳова уларга қай йўсин ёрдам берганини айтиб беришарди. Бундан далда олардик. Ўша воқеалар бизга Яҳовага хизмат қилиш истагимизни кучайтиришга ва келажакда ажойиб ҳаёт кутаётганига амин бўлишимизга кўмаклашган». Тадқиқ ўтувчи ваъзгўй бўлиш учун талабларга мос келса, уни ҳам хизматда ҳамкорлик қилишга таклиф қилсангиз бўлади. Бразилияда яшовчи Диего исмли ваъзгўй шундай деди: «Кўпгина биродарлар мени хизматга таклиф этишарди. Бу улар билан яқинроқ танишишнинг энг яхши йўли эди. Шундай қилиб, мен жуда кўп нарсани ўргандим ва Тангри Яҳова ҳамда Исога янада яқин бўлганимни ҳис этдим».
ОҚСОҚОЛЛАРНИНГ КЎМАГИ
17. Қай йўсин оқсоқоллар тадқиқ ўтувчиларга ёрдам бера олади?
17 Тадқиқ ўтувчиларга вақт ажратинг. Оқсоқоллар, тадқиқ ўтувчиларга севги ила кўрсатган қизиқишингиз улар маънан ўсиб сувга чўмишига ёрдам бериши мумкин. Йиғилишларга келадиган тадқиқ ўтувчилар билан мунтазам равишда суҳбатлашсангиз бўлади. Уларнинг исмини эсингизда сақласангиз — айниқса шарҳ беришганида — шахсий қизиқишингизни ҳис қилишади. Ваъзгўй бирон киши билан тадқиқ ўтса, у билан тез-тез ҳамкорлик қилиш учун жадвалингизга ўзгаришлар киритсангиз бўлади. Сиз тадқиқ ўтувчига ҳатто хаёлингизга келтирмаган тарзда ёрдам беришингиз ҳеч гап эмас. Нигерияда яшовчи Жеки исмли кашшоф қуйидагича бўлишди: «Кўпгина тадқиқ ўтувчилар мен билан бирга ҳамкорлик қилаётган биродар оқсоқол эканини билиб ҳайрон қолади. Тадқиқ ўтувчилардан бири: “Менинг черковимдаги руҳоний ҳеч қачон бундай қилмаган бўларди. У фақат бой кишиларникига ва пул тўлашга қурби етадиган инсонларникига боради”,— деб айтди». Ўша тадқиқ ўтувчи ҳозирда йиғилишларга қатнайди.
18. Қандай қилиб оқсоқоллар Ҳаворийлар 20:28 даги сўзларга амал қила олишади?
18 Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказадиган ваъзгўйларга таълим ва далда беринг. Азиз оқсоқоллар, ваъзгўйлар хизматда, жумладан, Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишда самарали бўлишларига ёрдам бериш каби муҳим масъулиятга эгасиз. (Ҳаворийлар 20:28 ни ўқинг.) Агар ваъзгўй ёнингизда Муқаддас Китоб тадқиқини ўтказишга тортинса ўзингиз тадқиқни ўтказишни таклиф қилиб кўринг. Юқорида тилга олинган Жеки шундай деди: «Оқсоқоллар доим мендан тадқиқ ўтувчиларим ҳақида сўраб туришади. Тадқиқ ўтказишда қийинчиликларга дуч келсам, улар менга амалий маслаҳат беришади». Дарҳақиқат, оқсоқоллар Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказувчи ваъзгўйларга далда ва туртки беришда катта ҳисса қўша олади. (1 Салон. 5:11) Жеки қуйидагиларни қўшиб қўйди: «Оқсоқоллар менга далда берганда ва меҳнатим жуда қадрли эканини айтганда суюниб кетаман. Бу каби сўзлар жазирама кундаги муздай сувдек менга куч бахш этади. Уларнинг мақтовидан ишончим ортади ва Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказишдан янада кўпроқ қувонаман». (Ҳик. 25:25)
19. Барчамиз нимадан қувонишимиз мумкин?
19 Гарчи ҳозирда баъзиларимиз Муқаддас Китоб тадқиқларини ўтказмасак-да, кимгадир маънан ўсишга ёрдам бера оламиз. Тадқиқ пайтида ҳаддан ортиқ кўп гапирмасдан, яхши тайёрланган фикрларимиз ёрдамида тадқиқ ўтказувчини қўллаб-қувватлай оламиз. Тадқиқ ўтувчилар Йиғилиш залига келганда, уларга хушмуомала бўлиб яхши ўрнак кўрсатишимиз мумкин. Оқсоқоллар ҳам Каломни тадқиқ қилаётганларга вақт ажратиш ва тадқиқ ўтказаётганларга таълим бериш ҳамда мақташ орқали далда бера олади. Кимгадир Отамиз Яҳовани севиб, Унга хизмат қилишга ёрдам беришда кичик бўлса-да ҳисса қўшиш улкан қувонч келтиради, шундай эмасми?
79- ҚЎШИҚ Пок қалбга собит қолишни ўргатайлик
a Ҳозирда баъзиларимизда Муқаддас Китоб тадқиқлари йўқ. Бироқ барчамиз кимнингдир маънан ўсиб, сувга чўмишига ёрдам бера оламиз. Ушбу мақолада Каломни ўрганаётган киши мазкур мақсадга эришишига қай йўсин ҳар биримиз ёрдам бера олишимиз мумкинлигини кўриб чиқамиз.
b Баъзи исмлар ўзгартирилган.