А5
Юнонча ёзувларда Аллоҳнинг исми
Муқаддас Китоб бўйича олимлар, Ибронийча ёзувларда Аллоҳнинг исми тўртта ибронийча ундош ҳарф (יהוה) тариқасида тахминан 7 000 марта учрашини эътироф этишади. Лекин кўпларнинг фикрича, Юнонча ёзувларнинг асл нусхасида бу исм учрамайди. Шу боис, ҳозирги пайтдаги Юнонча ёзувларнинг («Янги аҳд») кўп таржималарида Яҳова исми йўқ. Ҳатто тетраграмматон ёзилган Ибронийча ёзувлардан парча келтирилса ҳам, кўп таржимонлар Худонинг исми ўрнига «Раб» унвонини қўллашган.
«Муқаддас Китоб — Янги дунё таржимаси» эса улардан кескин фарқ қилади. Бу китобнинг Юнонча ёзувлар қисмида Яҳова исми жами 237 марта ёзилган. Бундай қарорга келишда иккита муҳим омил инобатга олинган: 1) Бугунги кунда юнонча қўлёзмаларнинг асл нусхаси мавжуд эмас. Ҳозир бор бўлган қўлёзмаларнинг минглаб нусхалари, асл нусха қаламга олинган вақтдан икки аср ўтиб ёзилган. 2) Бу пайтга келиб, асл нусхадан кўчирилган қўлёзмаларда тетраграмматон юнонча Кириос, яъни «Раб» сўзига алмаштирилган бўлган. Мавжуд нусхалар эса бундай қўлёзмалардан кўчирилган.
«Янги дунё таржимаси» қўмитаси Юнонча ёзувларнинг асл нусхасида тетраграмматон мавжуд бўлганига асосли далиллар бор деб ҳисоблайди. Бундай қарор қуйидаги исботларга асосланган:
Исо ва ҳаворийлари даврида мавжуд бўлган Ибронийча ёзувлар нусхаларида бутун матн бўйлаб тетраграмматон учраган. Илгари бундай хулоса одамларда шубҳа уйғотарди. Биринчи асрда ёзилган Ибронийча ёзувларнинг нусхалари Қумрон яқинида топилганидан сўнг ҳар қандай шубҳаларга чек қўйилди.
Исо ва ҳаворийлари даврида Ибронийча ёзувларнинг юнонча таржималарида ҳам тетраграмматон учраган. Асрлар мобайнида олимлар тетраграмматон Ибронийча ёзувларнинг юнонча қўлёзмаларида — Септуагинтада бўлмаган деб ўйлашган. Лекин XX асрнинг ўрталарида Исонинг даврига оид Септуагинтанинг дастлабки матн парчалари топилди. Ушбу матн парчаларида ибронийча ҳарфлар билан ёзилган Худонинг исми бор эди. Бундан хулоса: Исонинг давридаги Юнонча ёзувларда Аллоҳнинг исми бўлган. Аммо милодий тўртинчи асрга келиб, аввалги нусхалардан фарқли равишда Септуагинтанинг аксар нусхаларида, жумладан Ватикан Кодекси ва Синай Кодексида (Ибтидодан тортиб Малаки китобига қадар) Худонинг исми бўлмаган. Шу сабабли, ўша пайтдан бошлаб сақланиб қолган нусхаларда — Муқаддас Китобнинг Юнонча ёзувлар қисмида Худонинг исми учрамайди.
Ҳазрати Исо очиқчасига: «Мен Отамнинг номидан келдим»,— деган. У барча ишларини Отасининг номидан қилиб юрганига урғу берган
Юнонча ёзувларнинг ўзида Исо кўп маротаба Худонинг исмини тилга олиб, уни бошқаларга ҳам билдиргани ҳақида ёзилган. (Юҳанно 17:6, 11, 12, 26) Ҳазрати Исо очиқчасига: «Мен Отамнинг номидан келдим»,— деб айтган. У барча ишларини Отасининг номидан қилиб юрганига урғу берган (Юҳанно 5:43; 10:25)
Юнонча ёзувлар Ибронийча ёзувлар сингари Худо томонидан илҳомлантирилгани учун Яҳова исмининг ҳеч қандай сабабсиз у ердан ғойиб бўлиши мантиққа зид. Биринчи асрнинг ўрталарида Исонинг шогирди бўлган Ёқуб Қуддусдаги оқсоқолларга қарата шундай деган: «Симўн бизга Аллоҳ бошқа халқларни ҳам қабул қилаётгани ҳақда айтиб берди. Демак, Тангри Ўз исми билан аталадиган халқни ўзга халқ вакилларидан ҳам танлаётган экан». (Ҳаворийлар 15:14) Агар биринчи асрда ҳеч ким Худонинг исмини билмаган ёки қўлламаган бўлса, Ёқубнинг юқорида айтган сўзлари ҳақиқатга тўғри келмаган бўларди.
Юнонча ёзувларда Аллоҳ исмининг қисқа шакли учрайди. Ваҳий 19:1, 3, 4, 6 нинг изоҳларидаги ҳаллелуя сўзи таркибида Худонинг исми бор. Ушбу сўз «Яҳга ҳамдлар бўлсин» деган ибронийча сўздан келиб чиққан. «Яҳ» — Яҳова исмининг қисқа шакли. Юнонча ёзувлардаги кўп исмларнинг таркибида Худонинг исми мавжуд. Дарҳақиқат, илмий китобларга кўра, Исонинг исми «Яҳова — нажот» деган маънога эга.
Яҳудийларнинг ёзма манбаларига кўра, яҳудий масиҳийлар ўз китобларида Аллоҳнинг исмини қўллашган. Тахминан милодий III асрнинг охирида ёзилган оғзаки қонунлар тўплами Тосефтада Шаббат куни ёндирилган масиҳийларнинг қўлёзмалари борасида шундай дейилган: «Улар Инжил ва минимларнинг (эҳтимол, яҳудий масиҳийлар) китобларини оловдан ҳимоялашмаган. Аксинча, бу китоблар уларда ёзилган Худонинг исми билан бирга ёниб кетишига йўл қўйишган». Шунингдек, мазкур манбада милодий II асрнинг бошида яшаган жалилалик раввин Йосенинг сўзлари келтирилган. Унинг айтишича, яҳудийлар ҳафтанинг бошқа кунлари «китоблардан (эҳтимол, масиҳийларнинг қўлёзмалари) Аллоҳнинг исми ёзилган жойларини қирқиб олиб, сақлаб қўйишлари, қолганларини эса ёндиришлари лозим» эди.
Айрим олимлар Юнонча ёзувларда Ибронийча ёзувлардан парча келтирилганда, Худонинг исми ёзилган бўлиши мумкин, дея тан олишади. Муқаддас Китобнинг бир луғатида «Янги аҳдда Тетраграмматон» сарлавҳаси остида шундай дейилган: «Янги аҳднинг илк қўлёзмалари қаламга олинганда, Эски аҳддан парча келтирилган айрим ёки барча жойларда тетраграмматон, яъни Худонинг исми Яҳве бор бўлган, деб тахмин қилишга асослар бор». («The Anchor Bible Dictionary») Жорж Ховард исмли олим: «Биринчи асрдаги черков тан олган юнонча Муқаддас Китоб — Септуагинтада тетраграмматон бор бўлгани сабабли, Янги аҳдни ёзганлар Эски аҳддан парча келтиришганда тетраграмматонни сақлаб қолишган деган хулосага келса бўлади»,— деб айтган.
Муқаддас Китобнинг таниқли таржимонлари Юнонча ёзувларда Худонинг исмини қўллашган. Уларнинг баъзи таржималари «Янги дунё таржимасидан» анча олдин дунё юзини кўрган. Бундай таржимонлар ва уларнинг таржималари қуйидагилар: Герман Хейнфеттер «A Literal Translation of the New Testament. . . From the Text of the Vatican Manuscript» (1863 й); Бенжамин Уилсон «The Emphatic Diaglott» (1864 й); Жорж Баркер Стивенс «The Epistles of Paul in Modern English» (1898 й); У. Г. Рутерфорд «St. Paul’s Epistle to the Romans» (1 900 й); Лондон епископи Ж. У. Ч. Уанд «The New Testament Letters» (1946 й). Бундан ташқари, XX асрнинг бошида тақдим этилган испан тилидаги Муқаддас Китоб таржимасида Пабло Бессон Луқо 2:15 ва Яҳудо 14- оятида Jehová исмини қўллаган. Шунингдек, бу исмни ўз таржимасидаги 100 дан ошиқ изоҳларда келтириб, бу исм шу жойларда туриш эҳтимоли бор эканини кўрсатган. Келтирилган таржималардан анча аввал, XVI асрдан бошлаб Юнонча ёзувларнинг иброний тилидаги таржималарида кўп жойларда тетраграмматон қўлланилган. Немис тилидаги Юнонча ёзувларнинг камида 11 та таржимасида «Яҳова» исми ёки ибронийча «Яҳве» деган транслитерацияси ёзилган. Улардан тўрттасида эса бу исм «Раб» унвонидан кейин қавс ичида қўйилган. Немис тилининг 70 дан зиёд таржималарида Аллоҳнинг исми изоҳларда ёки шарҳларда келтирилган.
Юнонча ёзувларнинг юздан ортиқ турли тиллардаги таржималарида Худонинг исми учрайди. Африка, Американинг туб аҳолиси, Осиё, Европа ва Тинч океани ороллари аҳолиси сўзлашадиган кўпгина тилларда Аллоҳнинг исми кенг қўлланилади. (2190, 2191- бетларга қ.) Бу нашрлар устидан ишлаган таржимонлар юқорида келтирилган далилларга асосланиб, Худонинг исмини қўллашга қарор қилишган. Юнонча ёзувларнинг бу каби баъзи таржималари яқинда нашр этилган. Масалан, ротума тилидаги Муқаддас Китобда (1999 й) Jihova исми 48 та оятда 51 марта учрайди. Индонезиядаги батак (тоба) тилида нашр этилган таржимада (1989 й) Jahowa исми 110 марта қўлланилган.
Кўриниб турганидек, Юнонча ёзувларда Аллоҳнинг «Яҳова» исмини тиклашга асосли сабаблар бор. Шу боис, «Янги дунё таржимаси» нашрининг таржимонлари айнан шундай йўл тутишди. Улар Худонинг исмига чуқур ҳурмат кўрсатишгани ва асл матнда учрайдиган бирор нарсани олиб қўйишни ўзларига раво кўришмагани сабабли, илоҳий исмни матнда ишлатишди. (Ваҳий 22:18, 19)