Исо оташли дўзах ҳақида гапирганмиди?
ОТАШЛИ дўзах борлигига ишонадиганлар, Марк 9:48- (ёки 44-, 46-) оятларида ёзилган Исонинг сўзларига ишора қилишади. Чунки ўша оятларда Исо ўлмас қурт ҳамда сўнмас ўт тўғрисида айтиб ўтган. Бу сўзлар нимани англатишини сиздан сўрашганда, нима деб жавоб берардингиз?
Далил тариқасида суҳбатдошингиз бир-бирига ўхшаш 44-, 46- ёки 48- оятларни келтириши мумкинa. Масалан Инжилда қуйидагича ўқиймиз: «Агар кўзинг сени йўлдан оздирса, уни ўйиб ташла. Икки кўзинг билан ўтли дўзахга ташлангандан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг яхшироқдир. Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас» (Марк 9:47, 48).
Айримлар Исонинг ушбу сўзларини, гуноҳкорлар ўлимдан сўнг мангу азоб чекишининг исботи, деб билишади. Мисол учун Навар университети нашр этган испан тилидаги «Муқаддас Библия»да (Sagrada Biblia) ушбу оятларга қуйидагича изоҳ келтирилган: «Бу ерда Раббимиз дўзахдаги азоблар ҳақида гапиряпти. Демак, дўзахиларнинг ўлмас қурти уларга жафо беришини, сўнмас ўт эса жисмоний қийноқ ва оғриқларни англатади».
Бироқ келинг, Исонинг сўзларини Ишаё китобининг 66- бобдаги охирги оят билан солиштирайликb. Шуниси аниқки Исо Ишаёнинг сўзларини келтирган. Маълумки пайғамбар, қачондир одамлар қурбонлик келтириш учун Қуддусдан чиқиб, Ҳинном (геҳенна) водийсига боришгани (Ерм. 7:31) ва охир оқибат бу ер ахлат ташланадиган жой бўлиб қолгани тўғрисида ёзган (The Jerome Biblical Commentary). Ишаё ишлатган рамзий иборалар инсоний азобларга ишора қилмаяпти, чунки оятда жасадлар ҳақида гап кетган. Боз устига пайғамбарнинг сўзларига кўра, одам ёки унинг қандайдир жони эмас, балки қурт ўлмасдир. Ундай бўлса, Исонинг сўзлари нимани англатади?
Мана масалан бир нашрга биноан Марк 9:48- оят қуйидагича тушунтирилган: «Бу сўзлар Ишаё (66,24)дан олинган. Пайғамбар бу ерда мурдалар йўқ бўлишининг иккита усули ҳақида гапиряпти, яъни чириш ва ёниш... Қурт ва ўт тўғрисидаги эслатма эса йўқ қилиниш ғоясини кучайтиради холос. [...] Ушбу йўқ қилинишнинг иккаласи ҳам доимий ҳолатдек тасвирланади («ўлмайди», «сўнмайди»): уларнинг таъсиридан қочиб қутулишнинг иложи йўқ. Бу сўзларга биноан (одамлар эмас), балки барча нарсани яксон қиладиган қурт ва олов йўқ бўлмайди холос. Шунинг учун бу ерда абадий азоблар эмас, бутунлайин йўқ қилиниш тўғрисида гап кетяпти, тирилиш эса бундан мустасно. Бундай йўқ қилинишнинг таъсири остида қолган кимса батамом ўлади. Хуллас... [ўт] — мангу йўқ қилинишнинг рамзидир» (El evangelio de Marcos. Análisis lingüístico y comentario exegético).
Ҳақ Таолони меҳрибон ва адолатли, деб билганлар бу тушунча қанчалик мантиқий эканини кўришлари даркор. Бинобарин, фосиқлар ўтда ёниб ва абадий азоб чекишларини Исо умуман назарда тутмаган. Аксинча улар тирилиш умидига эга бўлмай, илалабад қирилиб кетишларидан огоҳлантирган.
[Изоҳлар]
a Муқаддас Китобнинг асл нусҳасида 44- ва 46- оятлар йўқ. Илоҳиётшуносларнинг фикрича, матнга ушбу иккита оят кейинчалик киритилган. Профессор Арчибальд Робертсон шундай ёзганди: «Энг қадимий ва энг тўлиқ қўлёзмаларда ушбу иккита оят йўқ. Улар фақат ғарб ва Сурия (Византия) гуруҳларининг қўлёзмаларида учраб, фақат 48- оят такрорланган холос. Шул боис ҳақиқийлиги шубҳали бўлган 44- ва 46- оятларни тушуриб қолдирдик».
b «Улар чиқиб, менга қарши гуноҳ қилган мурдаларни кўришади. Бу мурдаларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас ва бутун башар улардан жирканар» (Ишаё 66:24, ЯДТ).