Ибтидо
23 Сора 127 йил умр кўрди+. 2 У Хират-Арба+, яъни Канъон+ юртидаги Хевронда+ вафот этди. Иброҳим Сора учун аза тутиб, йиғлади. 3 Кейин у ўлган хотинининг ёнидан кетиб, Хет+ ўғилларининг олдига борди-да: 4 «Мен орангизда ғарибларча яшаётган бир мусофирман+. Хотинимни кўмишим учун, ерингиздан дафн этиладиган жой сотинглар»,— деди 5 Хет ўғиллари Иброҳимга шундай жавоб беришди: 6 «Гапимизни эшитинг, тақсир. Сиз Худо томонидан танланган йўлбошчи* эканингизни биламиз+. Хотинингизни дафн этиш учун жойларимиздан энг яхшисини танланг. Марҳумангизни кўмишингиз учун, ҳеч биримиз жойимизни сиздан аямаймиз».
7 Шунда Иброҳим ўрнидан туриб, ўша юртнинг халқи бўлмиш Хет+ ўғилларига таъзим қилди-да, 8 шундай деди: «Агар марҳумамни дафн қилишимга рози бўлсангизлар, унда гапларимга қулоқ солиб, Зўхарнинг ўғли Эфрўнни кўндириб кўринглар. 9 У менга даласининг чеккасидаги Махпала ғорини сотсин. Дафн қиладиган жойим бўлиши учун, сизларнинг ҳузурингизда мен унга, ўша жой қанча турса, шунча кумуш+ бераман»+.
10 Ўша ерда, Хет ўғилларининг орасида Эфрўн ўтирган эди. Шунда Эфрўн хетийлар ҳамда шаҳар дарвозасидан кирганлар+ олдида Иброҳимга шундай жавоб берди: 11 «Тақсирим, гапимни эшитинг. Мен сизга далани ҳам, ундаги ғорни ҳам бераман. Уни сизга халқимнинг ўғиллари олдида бераман. Марҳумангизни ўша жойга дафн этинг». 12 Иброҳим ўша юрт халқига таъзим қилди 13 ва уларнинг олдида Эфрўнга: «Илтимос, менга қулоқ солинг! Дала қанча турса, сизга шунча кумуш бераман. Уни олинг, мен эса марҳумамни у ерга дафн қилай»,— деб айтди.
14 Эфрўн Иброҳимга: 15 «Гапимни эшитинг, тақсирим. Бу жой 400 шекел* кумуш туради, аммо бу мен билан сиз учун арзимас бир нарх-ку. Марҳумангизни ўша жойга дафн этаверинг»,— деди. 16 Иброҳим Эфрўннинг гапларини тинглаб, Хет ўғилларининг олдида қанча айтилган бўлса, шунча кумуш, яъни савдогарларнинг ўлчами бўйича 400 шекел кумуш тортиб берди+. 17 Шундай қилиб, Эфрўннинг Мамре яқинидаги Махпала даласи, ундаги ғор, шунингдек ўша ердаги барча дарахтлар 18 Иброҳимнинг мулкига айланди. У, бу жойни Хет ўғиллари ҳамда шаҳар дарвозасидан кирган барча кишиларнинг олдида сотиб олди. 19 Шундан сўнг, Иброҳим хотини Сорани, Мамре яқинидаги Махпала даласида жойлашган ғорга дафн қилди. Бу жой Канъон юртидаги Хевронда эди. 20 Шу йўсин, ўша жойдаги дала ва ғор Хет ўғилларидан Иброҳимга мулк сифатида ўтиб, қабристон бўлди+.