147 Яҳни мадҳ этинг!
Аллоҳимизни тараннум этинг, чунки бу яхшидир.
Уни мадҳ этиш нақадар ёқимли, У бунга лойиқдир!+
2 Яҳова Қуддусни қуряпти+,
Исроилнинг тарқалиб кетган аҳолисини бирга йиғяпти+.
3 Дили вайронларга У шифо беради,
Яраларини боғлаб қўяди.
4 У юлдузларни санаб чиқади,
Уларни номма-ном чақиради+.
5 Раббимиз буюк, ниҳоятда қудратлидир+,
Ақл-идрокининг чеки йўқдир+.
6 Яҳова камтарларни юксалтиради+,
Ёвузларни эса ерга уради.
7 Шукрона айтиб Яҳовани тараннум этинг,
Арфа жўрлигида Тангримизга мадҳлар куйланг.
8 Зеро, У самоларни булут билан қоплайди,
Ер юзига ёмғир ёғдиради+,
Тоғларда ўт-ўлан ўстиради+.
9 Ҳайвонларга ризқини беради+,
Қарғанинг қағиллаган палапонларига егулик беради+.
10 Отнинг кучидан У қойил қолмайди+,
Чопқир инсон Уни ҳайрон қолдиролмайди+.
11 Яҳова Ундан қўрқадиган инсонлардан+,
Унинг меҳр-садоқатига умид боғлаганлардан мамнун бўлади+.
12 Яҳовани улуғла, эй Қуддус!
Худойингни мадҳ эт, эй Сион!
13 Шаҳринг дарвозаларидаги сурма зулфинларни У мустаҳкам қилади,
Ўғилларингга барака беради.
14 Ҳудудингга тинчлик келтиради+,
Сара буғдой билан сени тўйдиради+.
15 У ер юзига амрини юборади,
Айтган сўзи бир зумда етиб боради.
16 Ерга оппоқ жундай қор ёғдиради+,
Қировни кулдай сочади+.
17 Дўлни нон ушоғидай сочиб юборади+.
Унинг совуғига ким чидай олади?!+
18 У амр берса, музлар эрийди.
Шамолини эстирса+, сувлар оқади.
19 Ўз сўзини Ёқубга,
Қоидаларию ҳукмларини Исроилга маълум қилади+.
20 Бу нарсаларни У бирорта халққа қилмади+,
Унинг ҳукмлари тўғрисида улар ҳеч нарса билмайди.
Яҳни мадҳ этинг!+