Дониёр
1 Яҳудо шоҳи Ёҳайиқим+ ҳукмронлигининг учинчи йили Бобил шоҳи Навуходоносор* Қуддусга келиб, уни қамал қилди+. 2 Яҳова унинг қўлига Яҳудо шоҳи Ёҳайиқимни топширди+. Бобил шоҳи Аллоҳнинг маъбадидаги баъзи анжомларни Шинар*+ диёрига, ўз худосининг ибодатхонасига олиб кетиб, худосининг хазинасига жойлаштирди+.
3 Шоҳ сўнгра саройнинг бош амалдори Ашнапазга исроилликлар орасидан шоҳлар ва асилзодалар наслидан бўлган одамларни келтиришни буюрди+. 4 Улар нуқсонсиз, кўркам, доно, билимли, фаҳм-фаросатли+ ва шоҳ саройида хизмат қилишга лаёқатли ўспирин бўлишлари даркор эди. Ашнапаз уларга халдейлар тилини ва ёзувини ўргатиши керак эди. 5 Бундан ташқари, шоҳ ҳар куни уларга ўз дастурхонидан тансиқ таомлар ва шароб берилишини буюрди. Уч йил давомида уларга таълим-тарбия* берилгач, улар шоҳга хизмат қилишлари кутиларди.
6 Улар орасида Яҳудо қабиласидан Дониёр*+, Ханониё*, Мишаил* ва Озариё*+ бор эди. 7 Саройнинг бош амалдори уларга бошқача исмлар* қўйди. Дониёрга Белташазар+, Ханониёга Шадрах, Мишаилга Мешах, Озариёга эса Абеднаху+ деган исмлар берди.
8 Дониёр шоҳнинг дастурхонидаги тансиқ таомлар ва шароб билан ўзини булғамасликка қалбида қарор қилди. Шу боис, у ўзини булғамаслик учун саройнинг бош амалдоридан бу нарсаларни истеъмол қилмасликни сўради. 9 Ҳақ Худо сарой бош амалдорининг кўнглини юмшатди ва у Дониёрга меҳрибонлигу илтифот кўрсатди+. 10 Аммо Дониёрга: «Сизларга егулик ва ичимликни тайинлаган шоҳ ҳазратларидан қўрқаман. Тенгдошларингизга қараганда сизлар нимжонроқ кўринсангиз, нима дейман? Ахир шоҳ олдида бошимни балога қўясизлар-ку!» — деди. 11 Дониёр эса саройнинг бош амалдори тайин этган назоратчига — Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариё устидан қўйилган кишига деди: 12 «Илтимос, хизматкорларингизни ўн кун мобайнида синаб кўринг. Бизга егани сабзавот, ичгани сув беринг. 13 Сўнг бизни шоҳ дастурхонидан тансиқ таомларни еган ўспиринлар билан солиштириб кўринг. Шунга қараб, биз билан қандай йўл тутишни ҳал қиласиз».
14 Назоратчи бу таклифга рози бўлиб, уларни ўн кун давомида синади. 15 Ўн кун ўтгач, шоҳнинг дастурхонидан тансиқ таомларни еган барча ўспиринларга қараганда, улар бақувват ва соғломроқ кўринди. 16 Шунда назоратчи тансиқ таомлар ва шароб ўрнига, уларга сабзавотлар бериб турди. 17 Аллоҳ бу тўртта ўспиринга турли китобларни ўрганиш учун билим, фаросат ва донолик ато этди. Дониёрни эса ҳар қандай ваҳий ҳамда тушларнинг маъносини тушунишга қобилиятли қилди+.
18 Шоҳ белгилаган вақт тугаганида+, сарой бош амалдори ўспиринларни Навуходоносор ҳузурига олиб кирди. 19 Шоҳ улар билан суҳбатлашганда, уларнинг орасида Дониёр, Ханониё, Мишаил ва Озариёга тенг келадигани топилмади+. Шу йўсин улар шоҳга хизмат қилиб юришди. 20 Шоҳ, донолик ва заковат талаб этадиган қандай масала борасида сўрамасин, бу тўрталаси унинг бутун шоҳлигидаги коҳину афсунгарларнинг+ ҳаммасидан ўн баробар яхшироқ эканини кўрди. 21 Дониёр шоҳ Кир*+ ҳукмронлигининг биринчи йилигача у ерда қолди.