Яҳованинг Каломи жонли
Дониёр китобининг диққатга сазовор оятлари
«ХУДО КАЛОМИНИНГ бир қисми бўлган Дониёр китоби жуда қизиқарли. [...] У бебаҳо ҳақиқатларга бойдир»,— деб ёзилган бир китобда (Holman Illustrated Bible Dictionary). Дониёрнинг ҳикояси мил. авв. 618- йилда Бобил шоҳи Навухадназар Қуддусни қамал қилиши ва «Исроил халқидан» баъзиларини асирликка олиб кетиши билан бошланади (Дониёр 1:1–3). Улар орасида ўспирин Дониёр ҳам бор эди. Дониёр китоби пайғамбар ҳали Бобилда бўлганида тугатилган. Дониёр қарийб 100 ёшга кирганида, Худо унга бундай ваъда берди: «Сен, Дониёр... оламдан кўз юмасан. Охиратда эса мукофотингни олиш учун тириласан» (Дониёр 12:13).
Дониёр китобининг биринчи қисмидаги воқеалар кетма-кет тартибда учинчи шахс номидан ёзилган. Охирги қисми эса Дониёрнинг нуқтаи назаридан баён қилинган. Бу китобда Дониёр пайғамбар дунё империяларининг юксалиши ва ағдарилиши, Исо Масиҳнинг келиш вақти ва бизнинг кунларга тегишли воқеаларни қаламга олганa. Мўйсафид пайғамбар яшаб ўтган умри давомида содир бўлган воқеаларни ҳикоя қилган. Бу бизга далда бериб, Худо олдида садоқатни сақлаб қолишга ундамоқда. Дарҳақиқат, Дониёр китоби жонли ва таъсирлидир (Ибронийларга 4:12).
ДОНИЁР КИТОБИНИНГ БИРИНЧИ ҚИСМИДА ҚАНДАЙ САБОҚ МАВЖУД?
Мил. авв. 617- йил эди. Дониёр ва унинг учта дўсти Шадрах, Мешах ва Абеднаху Бобил саройида эдилар. Шоҳ саройида уч йил таҳсил олиш даврида, бу ўспиринлар Худога садоқатни сақлаб қолдилар. Тахминан саккиз йил ўтиб, шоҳ Навухадназар даҳшатли туш кўрди. Шоҳ «сирларни ошкор қилувчи энг буюк Худо» Яҳова эканини тан олди (Дониёр 2:47). Бироқ вақт ўтгач, шоҳ бу сабоқни унутиб юборди. Дониёрнинг учта дўсти олтин ҳайкалга сажда қилмаганида, шоҳ уларни оловли чуқурликка ташлашни буюрди. Лекин Худованд уларни сақлаб қолганида, шоҳ Навухадназар «нажот берадиган бошқа худо йўқ»лигини тан олишга мажбур бўлди (Дониёр 3:29).
Навухадназар яна бир башоратли туш кўрди. Тушида улкан дарахтининг чопиб ташланишини ва тўнкаси ниҳол чиқармаслиги учун занжирлаб қўйилишини кўрди. Дониёр пайғамбар бу тушни таъбирлаб берди. Бу туш шоҳ Навухадназар онгсиз бўлиб қолиб, сўнг яна соғайганида қисман амалга ошди. Кўп йиллар ўтгач, шоҳ Белшазар сарой беклари учун катта зиёфат уюштирди ва улар Худонинг уйидан олиб келинган қадаҳлардан шароб ичиб, Аллоҳ Яҳовага нисбатан ҳурматсизлик қилишди. Ўша кечасиёқ, Бобил шоҳи Белшазар ўлдирилди. Тахтга эса Мидиялик Доро ўтирди (Дониёр 5:30, 31). Мидиялик Доро ҳукмронлик қилган даврда, амиру ноиблар 90 ёшли Дониёр пайғамбарни ўлдирилиш учун бадният режа тузишди. Аммо Яҳова «Дониёрни шерлардан қутқариб олди» (Дониёр 6:27).
Саволларга жавоблар:
1:11–15 — Яҳудий ўспиринлар сабзавотлар истеъмол қилганликлари учун кўркам бўлишдими? Йўқ. Атиги ўн кун ичида ҳеч қандай егулик бундай натижа бера олмайди. Аслида бунинг сабабчиси Тангри Яҳова эди. Зеро Худо Унга таянганларни тақдирлаши тайиндир (Ҳикматлар 10:22).
2:1 — Навухадназар баҳайбат бир ҳайкал тўғрисидаги тушни қачон кўрган эди? Баёнотга кўра, бу «Навухадназар ҳукмронлигининг иккинчи йилида» бўлган. Шоҳ тахтга мил. авв. 624- йилда ўтирган эди. Шунга кўра, ҳукмдорлигининг иккинчи йили, мил. авв. 623- йилга тўғри келади. Бундай ҳисобга кўра, Навухадназар тушини Яҳудияга бостириб киришидан бир неча йил олдин кўриши керак эди. Аммо бу даврда Дониёр Бобилда бўлмаган-ку, демак қандай қилиб у тушни таъбирлаб берар эди?! Мазмунан «иккинчи йил» ибораси, Бобил шоҳи мил. авв. 607- йилда Қуддусни вайрон қилганидан кейинги иккинчи йилга тегишлидир. Ҳа, ўша пайтда Навухадназар энг машҳур ҳукмдор бўлганди.
2:32, 39 — Қайси маънода кумуш билан ифодаланган шоҳлик олтин бошга қараганда заифроқ, бронза шоҳлик эса кумуш шоҳликдан заифроқ? Ҳайкалнинг кумуш қисми сифатида ифодаланган Мидия ва Форс империяси, олтин бош бўлмиш Бобилга нисбатан паст ўринда турарди, чунки бу империяга Яҳудияни йўқ қилиш ҳуқуқи берилмаганди. Бронза шоҳлиги Юнонистон империяси сифатида тасвирланган. Бронзанинг кумушдан қиммати паст бўлгани каби, Юнонистон ҳам Мидия ва Форс империясидан заифроқ эди. Гарчи Юнонистон империяси кўпроқ ҳудудларни босиб олган бўлса-да, у Мидия ва Форс давлати сингари Худонинг халқини асирликдан халос этиш шарафига муваффақ бўлмади.
4:5, 6 — Дониёр пайғамбар фолбинлик билан шуғулланганми? Асло. Аслида «Фолбинларнинг бошлиғи» деган ибора, Дониёр «сарой маслаҳатчиларининг бошлиғи» эканини ифодалайди (Дониёр 2:48).
4:7, 8, 17–19 — Навухадназарнинг тушидаги улкан дарахт ниманинг рамзи? Дастлабки дарахт Навухадназар дунё империясининг шоҳи эканини тасвирлаган. Модомики у «ер юзида ҳокимиятини ўрнатган» экан, ушбу дарахт қандайдир буюкроқ нарсани акс этиши лозим бўлган. Дониёр 4:14- оятига кўра, бу туш инсониятнинг «ягона Ҳукмдори»га нисбатан қўлланилган. Дарахт шунингдек, Яҳованинг ҳукмдорлигини, айниқса ер юзидаги ҳукмдорлигини ифодалайди. Шундай қилиб, бу тушнинг амалга ошиши, ҳам Навухадназарнинг шоҳлигига, ҳам Яҳованинг ҳукмдорлигига тегишлидир.
4:13, 20, 22, 29, 30 — «Етти йил» қанча вақт давом этган? Шоҳ Навухадназарнинг ташқи кўринишида содир бўлган ўзгаришлар «етти йил» давом этган эди. Бир йил 360 кундан, етти йил эса 2520 кундан иборат. Лекин ушбу башорат янада кенгроқ маънода амалга ошиши лозим бўлган. Шундай экан, «етти йил» вақт кенгроқ миқёсда 2520 йилга тенг келади (Саҳрода 14:34). Бинобарин бу вақт, мил. авв. 607- йили Қуддус вайрон этилишидан бошланиб, милодий 1914- йили Исо Масиҳ самовий шоҳ сифатида тахтга ўтирганида якунланган (Луқо 21:24).
6:6–10 — Модомики Яҳовага ибодат қилиш учун муайян ҳолат талаб этилмас экан, Дониёр 30 кун давомида яширинча ибодат қилса оқилона бўлмасмиди? Дониёр кунда уч марта ибодат қилиши кўпчиликка маълум эди. Шу сабабли иғвогарлар ибодатга чек қўйишга нисбатан фармон чиқарилишига муваффақ бўлишди. Дониёр ибодат қилиш одатига бирор ўзгартириш киритган тақдирда, атрофдагилар у имонидан қайтди ва Яҳовага бўлган садоқатини сақлаб қола олмади, деб ўйлашган бўлишарди.
Хулосалар:
1:3–8. Дониёр ва унинг учта оғайниси Яҳовага садоқатли бўлиб қолишгани, улар болаликда ота-оналаридан олган таълим-тарбияга амал қилишганидан далолат беради. Художўй ота-оналар маънавий нарсаларни биринчи ўринга қўйиб, фарзандларини ҳам шунга ўргатишса, улар мактабда ёки бошқа бирор жойда дуч келаётган ҳар қандай синовлар ва қийинчиликларга дош беришларига ёрдам беришадилар.
1:10–12. Дониёр, «бош мулозим» нима сабабдан шоҳдан қўрқаётганини тушуниб, ўз илтимосини қабул қилишига туриб олмади. Бунинг ўрнига, Дониёр мурувватлироқ бўлган «соқчига» мурожаат қилди. Биз ҳам кундалик ҳаётимизда шу каби қийин вазиятларга дуч келсак, фаҳм-фаросат ва ақл-идрок ила йўл тутишимиз лозим.
2:29, 30. Дониёр каби биз ҳам ҳар қандай билим, фазилат ва қобилиятни Муқаддас Китобдан олган билимларимиз самараси деб тан олиб, Яҳова Таолога шукрона айтишимиз даркор.
3:16–18. Борди-ю уч иброний йигитлар егуликка нисбатан Худонинг меъёрларига қарши йўл тутишганида, шоҳга ҳам қатъият ила жавоб қайтара олмаган бўлишарди. Биз ҳам «ҳар нарсада ишончли бўлишга» ҳаракат қилишимиз керак (1 Тимўтийга 3:11).
4:21–24. Худонинг ҳукмларини ҳам ўз ичига олувчи хабарларни ваъз қилиш учун, Дониёр сингари кучли имон ва жасоратга эга бўлишимиз керак. Зеро у Навухадназар билан нима содир бўлиши ва агар у ‘давлатининг равнақи давом этишини’ хоҳласа, нима қилиши кераклигини довюраклик ила айтган эди.
5:30, 31. Бобил шоҳига қарши айтилган башоратли масал амалга ошди (Ишаё 14:3, 4, 12–15). Бобил шоҳлари каби, мағрур Шайтон Иблиснинг охирати ҳам аянчли бўлади (Дониёр 4:27; 5:2–4, 23).
ДОНИЁРНИНГ ВАҲИЙЛАРИ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
Мил. авв. 553- йилда Дониёр илк ваҳийни олганида, ёши 70дан ошиб қолганди. Дониёр тўртта баҳайбат махлуқни кўради. Бу махлуқлар, ўша вақтдан то ҳозирги кунгача бир-бирининг ўрнини босиб келаётган дунё империяларини англатади. Бундан сўнг, у осмонда нима содир бўлаётганини, яъни «инсон қиёфасидаги биттаси»га «абадий ҳукмронлик» берилганини кўрди (Дониёр 7:13, 14). Дониёр икки йил ўтгач, Мидия ва Форс, Юнонистон, шунингдек «хунук бир шоҳ» ҳақида ваҳий кўрди (Дониёр 8:23).
Мил. авв. 539- йили эди. Бобил давлати ағдарилиб, Мидиялик Доро эса бутун Бобил шоҳлиги устидан ҳукмдор бўлди. Дониёр пайғамбар ўз юртининг тикланишини сўраб, Яҳовага ибодат қилади. У ибодат қилаётганида, Исо Масиҳ келиши ҳақидаги «ваҳийни тушунтирмоқ учун», Яҳова Таоло Ўз фариштаси Жаброилни унинг ёнига юборди (Дониёр 9:20–25). Мил. авв. 536–535- йилларда исроилликларнинг кичик бир гуруҳи Қуддусга қайтишди. Бироқ душманлар маъбад қурилишига қаршилик кўрсатишди. Бу эса Дониёрни хавотирга солган эди. Шунда у Худога ёлвориб ибодат қилди. Яҳова эса Ўз навбатида яна фариштасини юборди. У Дониёр пайғамбарга далда ва қувват бериб, шимолий шоҳ ва жанубий шоҳ ўртасидаги жангни тасвирловчи башоратни айтиб берди. Иккита шоҳ ўртасидаги жанг, Искандар Зулқарнайннинг шоҳлиги тўртта саркардаси ўртасида бўлинган пайтдан бошланиб, то «буюк Микойил фаришта ҳозир бўлиши»га қадар давом этади (Дониёр 12:1).
Саволларга жавоблар:
8:9 ва изоҳ — «Гўзал ўлка» нимани ифодалайди? Бу ерда «гўзал ўлка» ибораси Англо-Америка империяси ҳукмронлиги даврида яшаётган рамзий Исроил, яъни мойланганларнинг ҳолатини тасвирлайди.
8:25 — «Энг буюк Шоҳ» ўзи ким? «Шоҳ» деб таржима қилинган ибронийча сар сўзи, шунингдек «бошлиқ» ёки «раҳбар» деган маънони ҳам англатади. «Энг буюк Шоҳ» унвони фақат Яҳова Таолога қўлланилади. Зеро У барча фаришталар ҳамда «бош фаришталардан бири бўлган Микойил» устидан Ҳокимдир (Дониёр 10:13).
9:27 — Қайси битим етмиш карра етти йилнинг охиригача, яъни милодий 36- йилгача давом этди?b Милодий 33- йили Исо Масиҳ ўлдирилганида, Исроил халқи билан тузилган аҳд бекор қилинди. Лекин Иброҳим пайғамбар билан тузилган битим том маънодаги Исроил учун милодий 36- йилгача давом этди. Зеро бу халқ Иброҳимнинг наслидан бўлгани учун, Яҳова уларга иноят кўрсатди. Аммо ушбу битим, рамзий «Исроилга» нисбатан ўз кучини йўқотмади (Галатияликларга 3:7–9, 14–18, 29; 6:16).
Хулосалар:
9:1-23; 10:11. Дониёр пайғамбар камтарин, худотарс ибодатда саботли бўлгани учун, Яҳова Таолонинг «суюкли бандаси» деб аталган. Айнан шу хислатлари унга умрининг охиригача Худога садоқатли бўлиб қолишига ёрдам берган. Келинг, биз ҳам Дониёрнинг ўрнагига тақлид қилайлик.
9:17–19. Аллоҳнинг «адолат ҳукм сурадиган» янги дунёси келиши ҳақида ибодат қилганимизда, биринчи навбатда ўз азоб-уқубатларимизу қийинчиликларимиздан халос бўлишни эмас, балки Яҳованинг исми улуғланишини ҳамда Унинг ҳукмдорлиги оқланишини ўйлашимиз керак эмасми?! (2 Бутрус 3:13).
10:9–11, 18, 19. Дониёрнинг олдига келган фариштага тақлид қилиб, биз ҳам бир-биримизга ёрдам қўлини чўзиш ҳамда тасалли бериш ила қўллаб-қувватлашимиз даркор.
12:3. Охирзамон пайтида «донолар», яъни мойланганлар «юлдуз каби порлаб», «улкан бир оломон» «одамларни тўғри йўлга солишяпти» (Филиппиликларга 2:15; Ваҳий 7:9; Юҳанно 10:16). Исо Масиҳнинг Минг йиллик шоҳлиги даврида, мойланганлар тўла маънода «юлдузлар каби мангу порлайверадилар». Ўшанда улар Исо Масиҳ билан биргаликда унинг тўлов қурбонлигини ер юзидаги итоатли инсонларга нисбатан тўлиқ қўллайдилар. «Бошқа қўйлар» мойланганлар билан ҳамкорлик қилиб, уларни барча ишларида қўллаб-қувватлашлари лозим.
Яҳова Ундан қўрққанларни тақдирлайди
Дониёр китобидан Худовандимиз ҳақида нима билиб олдик? Аллақачон амалга ошган ҳамда энди бажо бўладиган башоратлар, Яҳова Ўз каломининг ижрочиси эканини нақадар яққол тасвирлайди! (Ишаё 55:11).
Дониёр китобининг ҳикояли қисмидан Аллоҳ ҳақида нимани билиб олиш мумкин? Тўртта иброний йигит фаҳм, билим ва истеъдодга эга бўлишди, лекин улар Бобил саройининг ҳаёт тарзига мослашишдан бош тортишди (Дониёр 1:17). Ҳақ Таоло Ўз фариштасини юбориб, Шадрах, Мешах ва Абеднахуни оловли чуқурликдан қутқарди. Дониёрни эса шерлар уясидан халос этди. Зеро Яҳова Унга ‘умид боғлаганларнинг ёрдамчиси ва қалқонидир’ ҳамда ‘Ундан қўрққан каттаю кичикни баракали қилади’ (Забур 113:17, 21).
[Изоҳлар]
a Бу китобни оятма-оят кўриб чиқиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларда чоп этилган «Дониёрнинг башоратига диққат қилинг!» китобига қаранг.
b Етмиш карра етти йил ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун, Яҳованинг Шоҳидлари томонидан чоп этилган «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 197–199- саҳифаларига қаранг.
[32- саҳифадаги расм]
Нима сабабдан Дониёр Худонинг «суюкли бандаси» бўлган?