Левилар
25 Синай тоғида Яҳова Мусога яна қуйидагиларни айтди: 2 «Исроил ўғилларига шундай деб айт: “Мен сизларга бераётган юртга етиб борганингизда+, Яҳованинг Шаббатга тааллуқли қонунига риоя қилиб, ерга дам беринглар+. 3 Олти йил далангизга уруғ экиб, олти йил узумзорингизни хомток қилинглар ва ернинг ҳосилини йиғинглар+. 4 Еттинчи йил эса, ер тўлиқ дам оладиган Шаббат, Яҳовага аталган Шаббат бўлсин. Бу йили далангизга уруғ экманглар, узумзорингизни ҳам хомток қилманглар. 5 Охирги ўрим-йиғимдан тўкилган дондан ўсиб чиққан экинларни ўрманглар, хомток қилинмаган узумзорингиз ҳосилини ҳам йиғманглар. Ўша йил, ер тўлиқ дам оладиган йил бўлсин. 6 Шаббат йили ўзи ўсиб чиққан нарсаларнинг ҳосили сизлар учун егулик бўлсин. Ўзларингиз, қулу чўриларингиз, ёлланма ишчиларингиз, орангизда яшаётган келгиндилар, 7 шунингдек, юртингиздаги уй ҳайвонлари ва ёввойи ҳайвонлар учун егулик бўлсин. Ер ўстирган ҳар қандай ҳосилдан ейишингиз мумкин.
8 Еттита Шаббат йилни, етти карра етти йилни ҳисоблаб чиқинглар. Шунда еттита Шаббат йили 49 йилни ташкил этади. 9 Еттинчи ойнинг ўнинчи куни бурғу чалинглар, унинг товуши баланд чиқсин. Гуноҳни ювиш куни+ бурғу товуши бутун юртингиз бўйлаб эшитилсин. 10 Аллоҳнинг назарида эллигинчи йил муқаддас бўлиб, юртингизнинг бутун аҳолисига озодлик эълон қилинглар+. Ўша йил сизлар учун Озодлик йили бўлсин ва ҳар ким ўз ер-мулкига ҳамда ўз оиласига қайтсин+. 11 Сизлар учун эллигинчи йил Озодлик йили бўлсин. Уруғ экманглар, тўкилган донлардан ўсиб чиққан экинларни ўрманглар, хомток қилинмаган узумзорингиз ҳосилини ҳам йиғманглар+. 12 Чунки бу, Озодлик йили бўлиб, сизлар учун муқаддасдир. Сизлар фақат ердан ўзи ўсиб чиққан нарсалардан ейишингиз мумкин+.
13 Озодлик йили ҳар бирингиз ўз ер-мулкингизга қайтинглар+. 14 Яқинингизга бирон нарса сотмоқчи ёки ундан бирон нарса сотиб олмоқчи бўлсангизлар, бир-бирингиздан фойда кўришга интилманглар+. 15 Яқинингиздан ер сотиб олмоқчи бўлсангизлар, Озодлик йилидан неча йил ўтганини ҳисоблаб чиқинглар. Сотаётган киши ернинг баҳосини қолган ҳосилли йилларнинг миқдорига қараб белгиласин+. 16 Йиллар миқдори қанча кўп бўлса, ернинг баҳоси қимматроқ бўлади, қанча кам бўлса, ер шунча арзон бўлади. Боиси, у сизга ўша йилларнинг ҳосилини сотади. 17 Яқинингиз ҳисобидан фойда кўришга интилманглар+. Тангрингиздан қўрқинглар+, чунки Мен Аллоҳингиз Яҳоваман+. 18 Менинг барча низомларимга ва барча ҳукмларимга риоя қилиб, уларни бажаринглар. Шунда юртингизда хавф-хатарсиз яшайсизлар+. 19 Ер ўз ҳосилини беради+, сизлар эса улардан тўйгунча ейсизлар ва юртингизда хавф-хатарсиз яшайсизлар+.
20 Аммо сизлар: “Еттинчи йили уруғ экмасак, ҳосил йиғмасак, нима еймиз?” — деб хавотирланманглар+. 21 Сабаби, олтинчи йили сизларга баракамни ёғдираман ва ер уч йилга етадиган ҳосил беради+. 22 Саккизинчи йили уруғ экасизлар, аммо тўққизинчи йилгача эски ҳосилдан ейсизлар. Ҳосил етилмагунча эски ҳосилдан еб турасизлар.
23 Ерни фақат вақтинчага сотса бўлади+, чунки ер Меникидир+. Сизлар Менинг назаримда мусофирлару келгиндиларсиз+. 24 Сизлар эгалик қиладиган бутун юрт бўйлаб, ерини сотган киши уни қайтариб сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлсин.
25 Агар биродарингиз камбағаллик дастидан ерининг муайян қисмини сотиб юборса, унинг яқин қариндошларидан бири келиб, у сотган ерни қайтариб сотиб олсин+. 26 Борди-ю, ерини қайтариб сотиб оладиган қариндоши бўлмаса, лекин ўзининг ишлари юришиб, ерини қайтариб сотиб олиш учун етарлича маблағ ишлаб топса, 27 ерини сотган йилдан кейинги ҳосилли йиллар ичида ердан тушган фойдани ҳисоблаб, уни дастлабки баҳодан айирсин ва қанча қолса, ўша нархни ерни сотиб олган кишига тўласин. Бундан сўнг, у ерини қайтариб олиши мумкин+.
28 Агар ерини қайтариб сотиб олишга маблағ топа олмаса, унда ер Озодлик йилигача уни сотиб олган кишиники бўлади+. Озодлик йили келганда, ер эгасига қайтариб берилади. Шу тариқа, ер илгариги эгасига қайтарилади+.
29 Борди-ю, бирон киши девор билан ўралган шаҳар ичидаги уйини сотса, сотган кундан бошлаб бир йил давомида уни қайтариб сотиб олишга ҳақли бўлади. Унинг қайтариб сотиб олиш ҳуқуқи+ тўлиқ бир йил амал қилади. 30 Агар бир йил ичида сотиб олмаса, девор билан ўралган шаҳар ичидаги уй уни сотиб олган кишига ва унинг авлодларига тегишли мулк бўлиб қолади. Озодлик йили келганда ҳам у илгариги эгасига қайтарилмайди. 31 Аммо девор билан ўралмаган жойлардаги уйлар даланинг бир қисми ҳисобланади. Бундай уйни қайтариб сотиб олса бўлади ва Озодлик йили у илгариги эгасига қайтарилади.
32 Левилар ўзларига тегишли шаҳарлардаги уйларни+ ҳар қачон қайтариб сотиб олишга ҳақли бўлишади. 33 Агар левининг мулки қайтариб сотиб олинмаса, левиларга тегишли шаҳарда сотилган уй Озодлик йили эгасига қайтариб берилади+. Чунки левиларга тегишли шаҳарлардаги уйлар, Исроил халқи орасидаги уларнинг мулкидир+. 34 Уларнинг шаҳарлари атрофидаги яйловлар+ ҳам сотилмайди, чунки бу, авлодлари оша уларга тегишли мулкдир.
35 Борди-ю, ёнингизда яшайдиган биродарингиз камбағаллашиб, ўзини боқа олмай қолса, мусофир ва келгиндини+ қўллаб-қувватлаганингиз каби, унга ҳам ёрдам беринглар+, токи у орангизда яшашни давом эттирсин. 36 Ундан фоиз талаб қилманглар, унинг орқасидан фойда кўришга ҳам интилманглар+. Худодан қўрқинглар+. Шунда биродарингиз орангизда яшашни давом эттиради. 37 Унга фоизга қарз берманглар+, егуликни ҳам фойда кўриш учун берманглар. 38 Мен Аллоҳингиз Яҳоваман. Сизларга Канъон юртини бериб, Тангрингиз эканимни кўрсатиш учун+, сизларни Миср юртидан олиб чиққан Худойингизман+.
39 Борди-ю, ёнингизда яшайдиган биродарингиз камбағалликка гирифтор бўлиб, ўзини сизга сотса+, уни қулдай ишлатманг+. 40 Сиз унга ёлланма ишчига+ ёки келгинди кишига муомала қилгандай муносабатда бўлинг. Озодлик йилигача у сизникида ишласин. 41 Кейин у сизни тарк этиб, фарзандлари билан бирга ўз оиласига, ота-боболарининг ерига қайтсин+. 42 Чунки Исроил ўғиллари, Мен Миср юртидан олиб чиққан қулларимдир+. Улар оддий қуллардай бировнинг мулкига айланмаслиги керак*. 43 Уларга қўпол муомала қилманглар+. Тангрингиздан қўрқинглар+. 44 Қулу чўриларни атрофингизда яшаётган халқлардан олинглар, улардан қул ёки чўри сотиб олсангиз бўлади. 45 Шунингдек, орангизда келгинди бўлиб яшаётганлардан+, уларнинг юртингизда пайдо бўлган оилаларидан қул сотиб олишингиз мумкин. Улар сизларнинг мулкингизга айланади. 46 Бу қулларни ўғилларингизга мерос қилиб қолдирсангиз бўлади ва асрлар оша уларга тегишли бўлиб қолади. Уларни қул қилиб ишлатишингиз мумкин, лекин Исроил ўғиллари бўлмиш биродарларингизга зулм ўтказманглар+.
47 Борди-ю, орангизда яшаётган мусофир ёки келгинди бойиб кетса, унинг ёнида яшаётган биродарингиз эса камбағаллашиб, ўзини мусофир ёки келгиндига ёки мусофирнинг оила аъзосига сотса, 48 сотилганидан кейин унинг қайтариб сотиб олиниш ҳуқуқи сақланиб қолади. Унинг ака-укаларидан бири уни қайтариб сотиб олиши мумкин+. 49 Амакиси, амакисининг ўғли ёки яқин қон-қариндошларидан, яъни оила аъзоларидан бири уни қайтариб сотиб олиши мумкин.
Ёки ўзи бойиб кетса, ўзини қайтариб сотиб олса бўлади+. 50 Ўзини сотган киши уни сотиб олган киши билан бирга, ўзи сотилган йилдан Озодлик йилигача+ қолган йилларни ҳисоблаб чиқсин. Тўланадиган баҳо, ўша йилларнинг сонига тенг бўлсин+. Бу вақт мобайнида, унинг иш кунлари ёлланма ишчиники каби баҳолансин+. 51 Агар Озодлик йилигача ҳали кўп йил бўлса, ўзини қайтариб сотиб олиш учун ўша йилларга тенг баҳони тўласин. 52 Борди-ю, Озодлик йилигача оз йил қолган бўлса, у ҳисоблаб чиқсин-да, шу йилларга тенг баҳони тўлаб, ўзини қайтариб сотиб олсин. 53 Унинг хўжайини эса, йиллар давомида унга ёлланган ишчи қатори қарасин. Унга зулм ўтказмаслигига эътиборли бўлинглар+. 54 Келтирилган шартлар асосида ўзини қайтариб сотиб ололмаса, Озодлик йили ўзи ҳам, болалари ҳам эркинликка чиқсин+.
55 Чунки Исроил халқи Менинг қулларим, Мен Миср юртидан олиб чиққан қулларимдир+. Мен Тангрингиз Яҳоваман.