Хаггей
1 Шоҳ Доро* ҳукмронлигининг иккинчи йили, олтинчи ойи, биринчи кунида Яҳудо ҳокими Шалтиёл ўғли Зарубабел+ ҳамда Ёҳузадах ўғли олий руҳоний Ёшуага Хаггей* пайғамбар+ орқали Яҳова қуйидаги сўзларини аён қилди:
2 «Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Бу халқ: “Яҳованинг уйи қайта қуриладиган вақт ҳали келмади”+,— дейди”».
3 Хаггей пайғамбар+ орқали Яҳова қуйидаги сўзларни ҳам аён қилди: 4 «Менинг уйим бузилиб ётган бир пайтда, сизлар учун ёғоч билан безатилган уйларда яшашнинг вақтими?!+ 5 Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Нималар қилаётганингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринглар. 6 Сизлар кўп уруғ экасиз-у, кам ҳосил йиғасиз+. Ейсиз-у, тўймайсиз. Ичасиз-у, чанқоғингиз босилмайди. Кийинасиз-у, ҳеч бирингиз исинмайсиз. Меҳнат қилиб топган пулингизни тешик ҳамёнга соласиз”».
7 «Қўшинлар Сарвари Яҳова шундай демоқда: “Нималар қилаётганингиз ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринглар”.
8 Яҳова шундай демоқда: “Тоққа чиқиб, ёғоч олиб келинглар+. Менинг уйимни қуринглар+, токи ундан мамнун бўлиб улуғланай”+».
9 «Сизлар мўл ҳосил кутдингиз-у, кам йиғиб олдингиз. Йиққанингизни уйга келтирганингизда, Мен бир пуфлаб уни учириб юбордим+. Нега? — демоқда Қўшинлар Сарвари Яҳова. — Чунки ҳар бирингиз уйим-жойим деб елиб югурасиз, Менинг уйим эса вайрон бўлиб ётибди+. 10 Шунинг учун осмон шудрингини, ер эса ҳосилини бермай қўйди. 11 Мен юртингизга ва тоғларга қурғоқчилик юбордим. Шу боис ғалла, шароб, мой ва ўсимликлар нобуд бўляпти. Ўзингизу чорвангиз қийналиб, беҳудага оғир меҳнат қиляпсиз».
12 Шалтиёл+ ўғли Зарубабел+, Ёҳузадах+ ўғли олий руҳоний Ёшуа ва сургундан қайтган халқ Тангриси Яҳованинг ҳамда Хаггей пайғамбарнинг сўзларига қулоқ солишди. Чунки Хаггейни уларнинг Худоси Яҳова юборган эди. Шунда халқ Яҳовадан қўрқадиган бўлди.
13 Сўнг Яҳованинг хабарчиси Хаггей Яҳованинг топшириғига кўра, халққа мана шу хабарни етказди: «“Эй одамлар, Мен сизлар биланман”+,— демоқда Яҳова».
14 Яҳова Яҳудо ҳокими+ Шалтиёл ўғли Зарубабелнинг, Ёҳузадах ўғли олий руҳоний Ёшуанинг+ ҳамда сургундан қайтган бутун халқнинг юрагида истак уйғотди*+ ва улар келиб, Қўшинлар Сарвари Тангриси Яҳованинг уйини қайта қуришга киришдилар+. 15 Булар шоҳ Доро ҳукмронлигининг иккинчи йили+, олтинчи ойи, 24- кунида содир бўлди.