Ҳаворийларнинг фаолияти
1 Азиз Теофил, биринчи баёнотимда мен Исонинг қилган ишларию таълимоти+ 2 ҳамда осмонга кўтарилишдан олдин+, ўзи танлаб олган ҳаворийларга*+ муқаддас руҳ орқали берган йўл-йўриқлар ҳақида ёзганман. 3 Азоб чекиб ўлгандан кейин, Исо уларга 40 кун мобайнида кўринди ва Худонинг Шоҳлиги ҳақида айтиб бериб+, ўзининг тирик эканини ишонарли далиллар билан кўрсатди+. 4 Ҳаворийлар билан учрашиб, у шундай буйруқ берди: «Қуддусдан кетмай+, сизлар мендан эшитган Отамнинг ваъдаси амалга ошишини кутинглар+. 5 Чунки Яҳё сувга чўмдирган эди, сизлар эса кўп ўтмай муқаддас руҳга чўмдириласиз»+.
6 Улар йиғилганда, ундан: «Ҳазрат, ахир сиз Исроилда шоҳликни шу пайтда тикламайсизми?»+ — деб сўрашди. 7 Исо уларга жавобан деди: «Отам Ўз ихтиёри билан белгилаган вақт ва муддатларни билишингиз шарт эмас+. 8 Аммо устингизга муқаддас руҳ тушганда, сизлар кучга тўлиб+, Қуддусда+, бутун Яҳудия ҳамда Самарияда+ ва ҳатто ернинг четларига қадар+ менинг шоҳидларим бўласизлар»+. 9 Ушбу сўзларни айтиб бўлгандан сўнг, Исо уларнинг кўз ўнгида кўкка кўтарилиб, булутлар орасида ғойиб бўлди+. 10 Ҳаворийлар унинг осмонга кўтарилаётганини кузатиб туришганида, бирданига ёнларида оқ либос кийган икки киши+ пайдо бўлди. 11 Шунда улар: «Эй жалилаликлар, нега осмонга тикилиб қараб турибсизлар? Орангиздан осмонга олинган бу Исонинг кўкка кўтарилганини қандай кўрган бўлсангиз, у худди шундай қайтиб келади»,— дейишди.
12 Сўнг ҳаворийлар Зайтун тоғи деб аталмиш жойдан Қуддусга қайтишди+. Бу тоғ Қуддусдан қарийб бир километр* нарида эди. 13 Хуллас, у ерга етиб келишганида, ўзлари тўхтаган уйнинг болохонасига чиқишди. Улар қуйидагилар эди: Бутрус, Юҳанно, Ёқуб ва Идрис, Филип ва Тўма, Бартолмей ҳамда Матто, Алфей ўғли Ёқуб, ғайратли деб аталган Симун ва Ёқубнинг ўғли Яҳудо+. 14 Уларнинг ҳаммаси, жумладан Исонинг укалари+ билан онаси Марям ҳамда бошқа аёллар+ тоат-ибодатни канда қилмас эдилар.
15 Ўша кунларда жами бўлиб 120 киши йиғилганди, Бутрус ўртага чиқиб шундай деб гап бошлади: 16 «Биродарлар, Исони ҳибсга олганларни бошлаб келган+ Яҳудо тўғрисида муқаддас руҳ Довуд пайғамбар орқали айтган Муқаддас Ёзувлардаги сўзлар бажо бўлиши керак эди+. 17 У орамиздагилардан бири бўлиб+, ушбу хизматга ўз ҳиссасини қўшган. 18 (Лекин бу одам ҳаром йўл билан бир дала сотиб олди+. У боши билан йиқилиб тушганида, тарс этиб қорни ёрилди-да, ичак-човоқлари чиқиб кетди+. 19 Бу воқеалар Қуддус аҳлининг қулоғига етиб борди. Шунинг учун ўша ер уларнинг тилида Ҳақалдама, яъни “Қон даласи” деб ном олди.) 20 Забур китобида ёзилганидек: “Унинг маскани ҳувуллаб қолсин, унда яшайдиган одам бўлмасин”+ ҳамда “Унинг нозирлик вазифасини бошқаси олсин”+. 21 Шундай экан, унинг ўрнини Ҳазратимиз Исо фаолият юритган бутун вақт мобайнида биз билан бўлган киши эгаллаши керак. 22 Бу киши Исонинг Яҳё томонидан сувга чўмдирилганидан бошлаб+, то осмонга кўтарилгунигача+ биз билан бирга унинг тирилганини+ ўз кўзи билан кўрганлардан бири бўлиши керак».
23 Шунда икки кишини: Барсабо деб аталган Юстусни ҳамда Маттияни таклиф этишди. 24 Улар ибодат қилиб, шундай дейишди: «Эй Яҳова*, Сен барчанинг қалбини биласан+, бу икки кишидан кимни танлаб олганингни бизга кўрсат. 25 Токи у ҳаворий бўлиб, бу хизматда иштирок этсин. Ахир Яҳудо ўзбошимчалик қилиб бу хизматдан бош тортган эди-ку»+. 26 Шундан сўнг улар қуръа ташлашди+ ва қуръа Маттияга тушди. Кейин уни 11 ҳаворий қаторига қўшишди.