Матто баён этган хушхабар
2 Исо шоҳ Ҳирод* даврида+, Яҳудиядаги Байтлаҳм+ шаҳрида туғилганидан сўнг, шарқдан Қуддусга мунажжимлар келиб, 2 шундай дейишди: «Яҳудийларнинг янги туғилган подшоҳи+ қаерда? Биз шарқдан унинг юлдузини кўриб, унга таъзим қилгани келдик». 3 Буни эшитиб, шоҳ Ҳироднинг ҳамда бутун Қуддус аҳолисининг тинчлиги бузилди. 4 Шунда Ҳирод бош руҳонийлар ва уламоларнинг* ҳаммасини тўплаб, Масиҳ қаерда туғилиши кераклиги ҳақида суриштирди. 5 Улар унга шундай жавоб беришди: «Яҳудиядаги Байтлаҳм+ шаҳрида, чунки пайғамбар орқали шундай деб ёзилган: 6 “Эй, Яҳудо диёридаги Байтлаҳм, сен Яҳудо ҳокимларининг назарида энг арзимас шаҳар эмассан. Зеро сендан бир ҳукмдор келиб чиқади ва у халқим Исроилга чўпонлик қилади”»+.
7 Кейин Ҳирод мунажжимларни яширинча чақириб, улардан юлдузнинг пайдо бўлган аниқ вақтини билиб олди. 8 Сўнг уларни Байтлаҳмга жўната туриб, шундай деди: «Боринглар, болани яхшилаб изланглар. Уни топгач эса менга хабар беринглар, токи мен ҳам бориб, унга таъзим қилайин». 9 Шоҳнинг бу сўзларидан кейин улар йўлга чиқишди. Шарқда кўринган юлдуз+ эса уларнинг олдиларида борди ва бола ётган жойнинг тепасига келиб тўхтади. 10 Юлдуз тўхтаганини кўриб, улар беҳад қувонишди. 11 Мунажжимлар уйга кириб болани ва онаси Марямни кўришди-да, тиз чўкиб болага таъзим қилишди. Сўнг улар қимматбаҳо нарсаларини, жумладан олтин, хушбўй смола ва миррани* чиқариб, унга тортиқ этишди. 12 Аммо Ҳироднинг олдига қайтмаслик ҳақида тушларида Худодан огоҳлантириш олганларидан кейин+, ўз юртларига бошқа йўл билан қайтиб кетишди.
13 Улар кетишгач, Яҳованинг* фариштаси Юсуфга тушида кўриниб+: «Ўрнингдан тур, болани ва онасини олиб Мисрга қоч ва мен сенга бирор нарса айтмагунимча ўша ерда қол. Чунки Ҳирод болани ўлдириш ниятида уни излаб топмоқчи»,— деди. 14 У шу кечаёқ ўрнидан туриб, бола билан онасини олди-да, Мисрга жўнаб кетди 15 ва Ҳирод вафот этгунча, ўша ерда қолди. Бу эса, Яҳованинг* пайғамбар орқали: «Мен ўғлимни Мисрдан чақириб олган эдим»+,— деб айтган сўзлари бажарилиши учун содир бўлди.
16 Ҳирод мунажжимлар томонидан алданганини пайқагач, жуда қаттиқ ғазабланиб, Байтлаҳм ва унинг теварак-атрофидаги икки ёш ва ундан кичик бўлган ҳамма ўғил болаларни ўлдириш учун одамларни юборди. Боланинг ёшини эса, у мунажжимларнинг айтганлари бўйича аниқлади+. 17 Шу йўсин, Еремиё пайғамбар орқали айтилган ушбу сўзлар бажо бўлди: 18 «Рамадан дод-фарёд ва йиғи-сиғи товуши эшитиларди. Роҳила+ болалари учун йиғлаб, юпанишни ҳеч истамасди, чунки улар энди йўқ»+.
19 Ҳироднинг ўлимидан кейин, Мисрда Яҳованинг* фариштаси Юсуфга тушида кўриниб+, 20 шундай деди: «Ўрнингдан тур, болани ва онасини олиб Исроил юртига бор, чунки боланинг жонига қасд қилмоқчи бўлганлар ўлиб кетишди». 21 Шунда у ўрнидан туриб, бола билан онасини олди-да, Исроил юртига қайтиб келди. 22 Лекин Яҳудияда Ҳироднинг ўрнига унинг ўғли Архелай подшоҳлик қилаётганини эшитиб, у ерга боришдан қўрқди. Шунингдек, тушида Аллоҳдан огоҳлантириш олиб+ Жалила ҳудудига йўл олди+. 23 У ерга келгач, Носира шаҳрида жойлашди+. Бу пайғамбарлар орқали: «У носиралик* деб аталгай»+,— деган сўзлар бажарилиши учун юз берди.