Улар Масиҳни кутган
Халқ Масиҳнинг келишини кутаётгани учун, Яҳё ҳақида: «Масиҳ шу эмасмикин?» — деб фикр юритишарди. ЛУҚО 3:15
1. Чўпонлар фариштадан қандай хабарни эшитишди?
КЕЧ кирган эди. Чўпонлар сурувларини пойлаб, далада кун кечиришарди. Тўсатдан олдиларида Яҳованинг фариштаси пайдо бўлиб, Аллоҳнинг улуғворлиги уларнинг атрофини ярқиратиб юборади. Бундан улар жуда қўрқиб кетган бўлса керак?! Сўнг, фаришта қуйидаги ҳаяжонли хабарни айтади: «Қўрқманглар! Мен сизларга бутун инсонларга чексиз қувонч бахш этадиган хабар келтирдим. Бугун... сизлар учун бир нажоткор — Ҳазратингиз Масиҳ туғилди». Кейин, фаришта уларга чақалоқни яқин жойлашган шаҳардан, охурда ётган ҳолда топишлари мумкинлигини айтади. Бирдан «сон-саноқсиз самовий қўшин» пайдо бўлади ва Яҳовага атаб шундай ҳамду сано айтади: «Самодаги Худога шон-шарафлар ёғилсин! Ер юзида эса, Унинг илтифотига эга бўлганлар орасида тинчлик бўлсин!» (Луқо 2:8–14).
2. «Масиҳ» сўзи қандай маънога эга ва уни қандай таниб-билиш мумкин?
2 Чўпонлар Масиҳ ким экан, деб ҳайрон қолишгандир. Тўғри, яҳудий чўпонлар «Масиҳ» Худо «мойлаган киши» деган маънога эга эканини билишарди (Чиқ. 29:5–7). Аммо фаришта айтган чақалоқ, Яҳова тайинлаган Масиҳ эканига улар қандай амин бўлиши мумкин эди? Муқаддас Ёзувлардаги башоратларни ўрганиб ҳамда уларни ушбу боланинг ишлари ва ҳаёт йўли билан таққослаб, ишонч ҳосил қилиш мумкин эди.
Нега одамлар кутган?
3, 4. Дониёр 9:24, 25 ни қандай тушунса бўлади?
3 Йиллар ўтиб халқни сувга чўмдириш учун Яҳё ўз хизматини бошлади. Унинг сўзлари ва ишларини кўриб, айримлар Масиҳ келди, деб ўйлашарди (Луқо 3:15 ни ўқинг). Ўша пайтларда баъзилар Масиҳга тегишли башоратларни, жумладан «етмиш ҳафта» ҳақидаги башоратни тўғри тушунган бўлишлари мумкин. У ҳолда улар Масиҳ қачон пайдо бўлишини ҳам аниқлай олишлари керак эди. Ўша башоратда шундай дейилган: «Қуддусни тиклаш ва қайта қуриш учун амр берилганидан то Йўлбошчи Масиҳ келгунига қадар, етти ҳафта ва яна олтмиш икки ҳафта ўтади» (Дон. 9:24, 25, ЯДТ). Турли илоҳиётшуносларнинг фикрича, бу ҳафталар йиллик ҳафталарни назарда тутади. Мисол учун бир таржимада: «Етмишта ҳафталик йиллар белгиланди»,— дейилган («Revised Standard Version»).
4 Бугунги кунда Яҳованинг хизматчилари Дониёр 9:25 даги 69 ҳафта, яъни 483 йил, мил. авв. 455- йили бошланганини билишади. Ўшанда Форс шоҳи Ахашвераш, Нахимиёга Қуддусни тиклаш ва қуришга рухсат беради (Нахим. 2:1–8). Башоратдаги 483 йил милодий 29- йилда якунланди. Ўшанда носиралик Исо сувга чўмиб, муқаддас руҳ билан мойланди ва шу йўсин Масиҳ бўлди (Мат. 3:13–17)a.
5. Ҳозир қандай башоратларни кўриб чиқамиз?
5 Келинг, энди Масиҳга тегишли бир қанча башоратларни кўриб чиқайлик ва улар Исо туғилганида, ҳаётининг илк йилларида ва хизматида қандай амалга ошганини билиб олайлик. Шубҳасизки, бу Аллоҳнинг башоратли сўзларига бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. Шунингдек, Исо интизор бўлиб кутилган Масиҳ эканини аниқ кўришга ёрдам беради.
Ҳаётининг илк йиллари
6. Ибтидо 49:10 қандай амалга ошганини тушунтиринг.
6 Масиҳ Исроилнинг Яҳудо қабиласидан бўлади. Бобокалонимиз Ёқуб ўлишидан олдин ўғилларини дуо қилиб, Яҳудога шундай деган эди: «Яҳудонинг қўлидан кетмас салтанат ҳассаси, унинг наслида қолар салтанат тамғаси, халқлар унга ўлпон келтирарлар, унга итоат этиб таъзим қиларлар» (Ибт. 49:10). Азалдан кўп яҳудий муаллимлар Ёқубнинг Яҳудога айтган сўзлари Масиҳ ҳақида эканига ишониб келишган. Бироқ, Ёқубнинг сўзлари қандай маънога эга? Ушбу сўзлардан у шоҳ ҳақида гапиргани маълум бўляпти. Чунки салтанат ҳассаси, ҳукмронлик қилиш ва буйруқ бериш ҳуқуқи борлигини кўрсатиш учун шоҳнинг қўлида бўлади. Башоратдан кўриниб турганидай, ҳукмронлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган шоҳ, Яҳудо қабиласидан келиб чиқиши керак. Ушбу қабиладан бўлган биринчи шоҳ Довуд эди. Аммо Ёқубнинг башоратига биноан, бу шоҳ абадий ҳукмронлик қилади. Исонинг туғилишидан аввал, фаришта Жаброил Марямга шундай деган: «Тангри Яҳова унга бобокалони Довуднинг тахтини беради. У Ёқубнинг хонадони узра шоҳлик қилади ва шоҳлигининг чеки бўлмайди» (Луқо 1:32, 33). Исо Яҳудо қабиласи, Довуд хонадонидан келиб чиққан. Шоҳ бўлиш ҳуқуқини Яҳова Довуд хонадонига ваъда қилган экан, демак, фақатгина Исода шоҳ бўлиш ҳуқуқи бор эди. Шу тариқа, Исо Масиҳ Ибтидо 49:10 да айтилган шоҳ бўлиб чиқди (Мат. 1:1–3, 6; Луқо 3:23, 31–34).
7. Масиҳ қаерда туғилди ва нега бу муҳим?
7 Масиҳ Байтлаҳмда туғилади. Михо пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: «Эй сен, Эфратийлар Байтлаҳми, гарчи сен Яҳудо уруғларидан кичиги бўлсангда, халқим Исроилни бошқарувчи Доҳий сендан келиб чиқажак. Унинг келиб чиқиши қадим замонлардан, азалдандир» (Михо 5:2, ЯДТ). Масиҳ Яҳудиянинг Байтлаҳм деган шаҳарчасида таваллуд топади. Илгари бу шаҳарни Эфрат деб аташган. Исонинг онаси Марям ва ўгай отаси Юсуф Носирада яшашган. Лекин Рим ҳукумати аҳолини рўйхатдан ўтказиш тўғрисида фармон чиқаргани учун, улар Байтлаҳмга боришади ва ўша ерда мил. авв. 2- йилда Исо дунёга келади (Мат. 2:1, 5, 6). Дарҳақиқат, башоратнинг амалга ошгани кишини ҳайратда қолдиради!
8, 9. Масиҳнинг туғилиши ва ундан кейинги воқеалар ҳақида нима деб башорат қилинган?
8 Масиҳ бокира қиздан туғилади (Ишаё 7:14 ни ўқинг)b. Ибронийча бетулаʹ сўзи «бокира» деган маънони англатади, аммо Ишаё 7:14 да бошқа бир ибора (aлмаʹ) қўлланилган. Ушбу башоратда «ёш аёл [ҳаaлмаʹ]» ўғил туғади деб айтилган. Мазкур сўз (aлмаʹ) эрга тегмаган Ривқога нисбатан ҳам қўлланилган эди (Ибт. 24:16, 43). Илоҳий илҳом остида Матто ҳам, Исонинг туғилиши билан боғлиқ бўлган Ишаё 7:14 даги башорат амалга ошганини кўрсатиш учун, «бокира» маъносини берувчи юнонча парфеʹнос сўзини ишлатган. Инжил ёзувчилари Матто билан Луқо, бокира қиз Марям муқаддас руҳ қудрати билан ҳомиладор бўлганини таъкидлаб ўтишган (Мат. 1:18–25; Луқо 1:26–35).
9 Масиҳ туғилгач, ёш болалар қирғин қилинади. Бунга ўхшаш воқеа бир неча асрлар олдин, Миср фиръавни ибронийларда туғилган ҳар бир ўғил болани Нил дарёсига улоқтириб ташлаш ҳақида амр этганида юз берган эди (Чиқ. 1:22). Аммо Еремиё 31:15, 16- оятлар ҳам диққатга сазовор. У ерда Роҳила энди ўғиллари йўқлиги учун қайғуриб йиғлаётгани ҳақида айтилган. Унинг йиғи-сиғи қилгани, ҳатто Қуддуснинг шимолидаги Бенямин ҳудудидаги узоқ Рама шаҳригача эшитилган. Матто айтишича, Еремиёнинг сўзлари шоҳ Ҳирод Байтлаҳм ва унинг яқин атрофидаги ҳудудларда туғилган барча ўғил болаларни қатл қилишни амр этганида амалга ошган (Матто 2:16–18 ни ўқинг). Бошига бундай кулфат тушган одамларнинг қайғусини бир тасаввур қилинг!
10. Ҳўшея 11:1 даги сўзлар Исода қандай амалга ошганини тушунтиринг.
10 Исроилликлар сингари Масиҳ ҳам Мисрдан чақириб олинади (Ҳўш. 11:1). Ҳирод қатлу қирғин уюштириш ҳақида фармон беришдан олдин, фаришта Юсуфга Марям билан Исони олиб, Мисрга қочишни буюради. Улар «Ҳирод вафот этгунча, ўша ерда қолди. Бу эса, Яҳованинг [Ҳўшея] пайғамбар орқали: “Мен ўғлимни Мисрдан чақириб олдим”,— деб айтган сўзлари бажарилиши учун содир бўлди» (Мат. 2:13–15). Албатта Исонинг ўзи, туғилиши ва ҳаётининг илк йилларига оид башоратли воқеаларни ташкиллаштира олмасди.
Масиҳ фаолиятини бошлайди!
11. Яҳованинг мойланганига қандай қилиб йўл ҳозирланди?
11 Аллоҳнинг мойланганига йўл ҳозирланди. Малахи пайғамбар башорат қилишича, «Илёс пайғамбар» Масиҳнинг келишига қадар инсонларнинг қалбини тайёрлайди (Малахи 4:5, 6 ни ўқинг)c. Исонинг ўзи «Илёс» бу Яҳё пайғамбар эканига ишора қилган (Мат. 11:12–14). Марк ҳам, Ишаёнинг башоратли сўзлари Яҳё хизматини бажарганида амалга ошганига ишора қилган (Ишаё 40:3; Марк 1:1–4). Яҳё ўтмишдоши «Илёс пайғамбар» каби ишларни бажариши учун Исо Масиҳ ҳеч нарсани ташкиллаштириб қўймаган. Унинг сўзларидан, башорат қилинган «Илёс»нинг фаолияти Худонинг иродасига мувофиқ эканини яққол кўрса бўлади.
12. Худо топширган қандай вазифадан Масиҳни таниб-билиш мумкин?
12 Худо топширган вазифа Масиҳни таниб-билишга ёрдам беради. Исо она шаҳри Носирадаги ибодатхонага кириб, битикдаги Ишаё пайғамбарнинг сўзларини ўқиб берди ва қуйида келтирилган сўзларни ўзига қўллаб шундай деди: «Яҳова менга Ўз руҳини бериб, камбағалларга хушхабарни эълон қилиш учун мени танлади. У мени асирларга озодлик, кўрларга кўзлари очилишини ваъз этиб, эзилганларни озодликка чиқариш ҳамда Яҳова учун мақбул вақт тўғрисида гапириш учун юборди». Исо чиндан ҳам Масиҳ бўлган. Шу сабабли у: «Сизлар ҳозиргина эшитган бу сўзлар бугун амалга ошди»,— деб айтишга ҳақли эди (Луқо 4:16–21).
13. Исонинг Жалиладаги ваъзгўйлик фаолияти қандай башорат қилинган эди?
13 Масиҳнинг Жалиладаги ваъзгўйлик фаолияти башорат қилинган. Ишаё пайғамбар «Забулун ва Нафтали юрти... мажусийлар Жалиласи» ҳақида шундай сўзларни ёзган эди: «Зулматда юрган халқ улкан ёруғликни кўрди, ўлим соя солган юртдагиларнинг устиларига нурлар сочилди» (Ишаё 9:1, 2). Исо Масиҳ ваъзгўйлик фаолиятини Жалила юртидаги Кафарнаҳум шаҳрида бошлади. Ўшанда бу ерларда яшовчи Забулун ва Нафтали аҳолиси маънавий нурдан баҳраманд бўлди (Мат. 4:12–16). Айнан Жалилада Исо кишини ўйлантириб қўядиган Тоғдаги ваъзини айтади, ҳаворийларини танлайди, биринчи мўъжизасини яратади ҳамда тирилганидан сўнг 500 та шогирдига кўринади (Мат. 5:1–7:27; 28:16–20; Марк 3:13, 14; Юҳан. 2:8–11; 1 Кор. 15:6). Унинг ваъзгўйлик фаолияти орқали «Забулун ва Нафтали юрти» ҳақидаги Ишаёнинг башорати рўёбга чиқади. Лекин Исо Масиҳ Шоҳлик хабарини Исроилнинг бошқа жойларида ҳам ваъз қилган.
Масиҳнинг бошқа ишлари ҳам башорат қилинади
14. Забур 77:2 даги сўзлар қандай қилиб Исода амалга ошди?
14 Исо масал ёки мисоллар билан гапиради. Сано бастакори Асаф шундай деб куйлаган: «Масал айтмоқ-чун оғиз очаман» (Заб. 77:2). Ушбу башоратли сўзлар Исода амалга ошганини қандай билсак бўлади? Жавобни Маттонинг сўзларидан топамиз. Исо Осмон Шоҳлигини хантал уруғи ва хамиртуруш билан солиштирганидан сўнг, Матто шундай деди: «[Исо] уларга масалсиз ҳеч нарса гапирмасди. Шу йўсинда, пайғамбар орқали айтилган мана бу сўзлар бажо бўлди: “Мен масаллар ёрдамида гапириб, дунё яратилганидан бери яширин бўлган нарсаларни эълон қиламан”» (Мат. 13:31–35). Исонинг масал ва мисоллар ёрдамида таълим бериши жуда самарали бўлган.
15. Ишаё 53:4 даги башорат қандай рўёбга чиққанини тушунтиринг.
15 Масиҳ заифликларимизни ўз зиммасига олади. Ишаё пайғамбар шундай деб башорат қилган: «Оғриқларимизни у ўзига олди, қайғуларимизни у ўз зиммасига олди» (Ишаё 53:4). Маттонинг сўзларига кўра, Исо Бутруснинг қайнонасини даволагандан сўнг, бошқаларга ҳам шифо беради. «Шу тариқа Ишаё пайғамбар орқали: “У бизнинг касалликларимизни кўтарди ва дардларимизни олиб кетди”,— деб айтилган сўзлар бажо бўлди» (Мат. 8:14–17). Исонинг касалларга шифо бергани ҳақида яна талайгина хабарлар бор.
16. Ҳаворий Юҳанно Ишаё 53:1 даги башорат рўёбга чиққанини қандай тасдиқлади?
16 Масиҳ кўпгина яхшиликлар қилганига қарамай, аксарият одамлар унга ишонмадилар (Ишаё 53:1 ни ўқинг)d. Мазкур башоратнинг амалга ошганини тасдиқлаш учун ҳаворий Юҳанно қуйидагиларни ёзган: «Исо уларнинг кўз олдида шунча мўъжизалар кўрсатган бўлса-да, улар барибир унга ишонишмасди. Шу йўсин Ишаё пайғамбарнинг қуйидаги сўзлари амалга ошди: “Ё Яҳова, биз эшитган нарсаларга инонган киши борми? Яҳованинг қудрати кимга равшан бўлди?”» (Юҳан. 12:37, 38). Шунингдек, ҳаворий Павлуснинг хизмати давомида саноқли инсонларгина Исо Масиҳ ҳақидаги хушхабарга ишонишган (Рим. 10:16, 17).
17. Забур 68:5 даги башоратли сўзларни Юҳанно қандай қўллаган?
17 Масиҳдан асоссиз нафратланишади (Заб. 68:5). Ҳаворий Юҳанно Исонинг сўзларини келтириб шундай ёзган: «Мабодо, мен уларнинг [одамларнинг] орасида ҳеч ким қилмаган ишни бажармаганимда эди, улар гуноҳкор бўлишмасди. Аммо улар кўрган ҳолда Отамдан ҳам, мендан ҳам нафратланишди. Бироқ бу, Муқаддас Ёзувлардаги: “Мендан сабабсиз нафратланишди”,— деб айтилгани рўёбга чиқиши учундир» (Юҳан. 15:24, 25). Инжилда одамларнинг, айниқса яҳудий дин раҳбарларининг Исодан нафратлангани ҳақида ўқишимиз мумкин. Боз устига, Масиҳнинг ўзи: «Дунё сиздан нафратланишига ҳеч бир сабаб йўқ, мендан эса нафратланади, чунки мен унинг ишлари ёвуз экани ҳақида шаҳодат беряпман»,— деб айтгани бежиз эмас (Юҳан. 7:7).
18. Яна нимани ўрганиш айнан Исо Масиҳ эканида имонимизни мустаҳкам қилиши мумкин?
18 Исонинг биринчи асрдаги издошлари унинг Масиҳ эканида ҳамда Тавротдаги Масиҳга оид башоратлар айнан унда амалга ошганида ишонч ҳосил қилишган эди (Мат. 16:16). Ушбу мақолада биз, Исо ҳаётининг илк йилларида ва Носирадаги хизмати даврида амалга ошган баъзи бир башоратларни кўриб чиқдик. Кейинги мақолада эса Масиҳга оид бошқа башоратларни муҳокама қиламиз. Ушбу башоратлар устидан ибодат ила мулоҳаза юритиш, айнан Исо самовий Отаси Яҳова томонидан тайинланган, яъни Масиҳ эканида имонимизни мустаҳкам қилади.
[Изоҳлар]
a «Етмиш ҳафта» ҳақида батафсил маълумот олиш учун «Муқаддас Китоб таълимотлари» китобининг 197–199- саҳ. қ.
b Ишаё 7:14: «Энди Раббийнинг Ўзи сизларга нишона беради: ана, ёш аёл ҳомиладор, у ўғил туғади ва Унинг исмини Иммануил қўяди».
c Малахи 4:5, 6, ЯДТ: «Яҳованинг улуғ ва даҳшатли куни келишидан аввал, Мен олдингизга Илёс пайғамбарни юборяпман. Ерга зиён етказиб, уни йўқ қилиш мақсадида келмаслигим учун, у оталарнинг қалбини ўғилларга, ўғилларнинг қалбини оталарга қайтаради».
Марҳамат, жавоб беринг
• Исонинг туғилиши билан боғлиқ қандай башоратлар амалга ошди?
• Масиҳнинг келишидан олдин қандай йўл ҳозирланди?
• Ишаё 53- бобдаги башорат Исода қандай амалга ошди?