Коринфликларга йўлланган биринчи мактуб
11 Мен Масиҳга тақлид қилаётганимдай, сизлар ҳам менга тақлид қилинглар+.
2 Барча ишларингизда мени ёдга олиб, мен етказган кўрсатмаларга қаттиқ риоя қилаётганингиз учун мақтовга лойиқсизлар. 3 Шуни билишингизни хоҳлардимки, ҳар бир эркакнинг боши Масиҳ+, аёлнинг боши эркак+, Масиҳнинг боши эса Худодир+. 4 Бошини ёпган ҳолда ибодат ёки башорат қилган ҳар қандай эркак ўз бошини уятга қолдирган бўлади. 5 Шунингдек, бошини ёпмай ибодат ёки башорат қилаётган аёл+ ҳам ўз бошини уятга қолдирган бўлади. Зеро бу бошини қирдириш* билан баробардир. 6 Агарда аёл бошини ёпмаса, унда сочини қирқсин. Лекин сочини қирқиш ёки қирдириш аёл учун уят бўлса, бошини ёпсин.
7 Эркак киши бошини ёпмаслиги керак, чунки Аллоҳ уни Ўзига ўхшаш қилиб+, Унинг улуғворлигини акс эттириши учун яратган. Аёл эса эркакнинг улуғворлигидир. 8 Чунки эркак хотиндан эмас, балки хотин эркакдан пайдо бўлган+. 9 Устига-устак эркак аёл учун эмас, балки аёл эркак учун яралган+. 10 Ана шу сабабли, фаришталар учун аёлнинг бошида эрига бўйсунганини кўрсатувчи белги бўлиши керак+.
11 Шундай бўлса-да, Ҳазратимизнинг жамоатида аёл эркакдан, эркак эса аёлдан мустақил эмас. 12 Аёл эркакдан яралганидек+, эркак ҳам аёл орқали пайдо бўлган. Бироқ ҳамма нарса Худодандир+. 13 Ўзларингиз ўйлаб кўринглар: аёл бошини ёпмай Аллоҳга ибодат қилиши ўринлими? 14 Эркак сочини ўстириши ғайритабиий ва шармандалик эмасми? 15 Агарда аёл сочини ўстирса, бу аёл учун шараф ҳисобланмайдими? Ахир соч унга ёпинчиқ ўрнида берилган-ку. 16 Борди-ю, аллаким бошқа бир одатга риоя қилиш керак деб баҳслашмоқчи бўлса, билсинки, бизда ҳам, Аллоҳнинг жамоатларида ҳам бу борада ўзга одат йўқ.
17 Аммо ушбу кўрсатмаларни бераётиб сизларни мақтай олмайман, чунки йиғилишларингизнинг фойдасидан кўра, зарари кўпроқ. 18 Эшитишимча, жамоат йиғилганда орангизда бўлинишлар юз бераётган экан. Қисман бўлса-да, мен бунга ишонаман. 19 Орангизда мазҳабчилик* пайдо бўлиши муқаррар+, аммо шу орқали Худога маъқул инсонлар кимлиги аён бўлади.
20 Бирга йиғилганларингизда Ҳазратимизнинг кечлик таомини+ муносиб тарзда ея олмас экансизлар. 21 Яъни ҳар бирингиз кечки таом вақти келмасдан олдин ейишни бошлайсизлар, натижада кимдир оч қолади, кимдир маст бўлади. 22 Наҳотки еб-ичиш учун уйларингиз бўлмаса? Ёки Тангрининг жамоатини писанд қилмай, муҳтож кишиларни уятда қолдирмоқчимисизлар? Сизларга яна нима десам экан? Мақтаб қўяйми? Йўқ, бунинг учун мақтай олмайман.
23 Мен сизларга нимаики топширган бўлсам, буларнинг барини Ҳазратимиздан олганман. Ҳазратимиз Исога хиёнат қилинадиган кечада+ у нонни олди, 24 шукрона дуосини айтгач, уни синдириб: «Бу сизлар учун бериладиган танамни билдиради+. Буни мени эслаб туриш учун қилинглар»+,— деди. 25 Худди шундай кечки овқатдан кейин косани олиб+, шуларни айтди: «Бу коса, қоним асосида кучга кирадиган+ янги аҳдни+ англатади. Ҳар сафар ундан ичганингизда, мени эслаш учун шундай қилиб туринглар»+. 26 Ҳар гал бу нонни еб, бу косадан ичганингизда, Ҳазратимиз келгунига қадар унинг ўлимини эълон этган бўласизлар.
27 Шунга кўра, ким номуносиб тарзда Ҳазратимизнинг нонидан еб, косасидан ичса, Ҳазратимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади. 28 Одам аввал ўзини текшириб, муносиб эканига амин бўлгач+, нондан еб, косадан ичаверсин. 29 Бунинг тана эканини тушунмаган ҳолда еб-ичган киши эса, ўзини ҳукмга мубтало қилади. 30 Ана шу сабабдан орангизда кўплар заиф, касал бўлиб, ўлим уйқусида ётганлар*+ ҳам оз эмас. 31 Агар ўзимизни текширганимизда эди, ҳукм этилмаган бўлардик. 32 Бироқ агар ҳукм этилсак ҳам, Яҳовадан* жазо олган бўламиз+ ва дунё билан бирга ҳукм этилмаймиз+. 33 Шунинг учун биродарлар, ўша кечликни ейиш мақсадида йиғилганингизда, бир-бирингизни кутиб туринглар. 34 Кимдир оч бўлса, уйида есин, токи йиғилганингизда ўзингизни ҳукмга мубтало қилманглар+. Қолган ишларни эса олдингизга борганимда ҳал қиламан.