Эрлар, Масиҳнинг бошчилигига тақлид қилинг
Ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ. 1 КОРИНФЛИКЛАРГА 11:3
1, 2. а) Яхши эр бўлиш нимани англатади? б) Нега никоҳнинг Асосчиси — Худо эканлигини тан олиш зарур?
СИЗНИНГЧА, яхши эр қандай бўлиши керак? Ақлли ва кучлими? Яхши пул топадиганми? Ёки хотин ва фарзандларига меҳр-муҳаббат кўрсатадиган кишими? Афсуски, эрларнинг аксарияти меҳр-муҳаббат фазилатини камдан-кам намоён этишади. Зеро уларга бу дунёнинг руҳи ва ўзга кишиларнинг юриш-туриши таъсир қилмоқда. Аммо нега таъсир қилмоқда? Сабаби улар никоҳнинг Асосчиси бўлмиш Аллоҳни, яъни «одамнинг қовурғасидан... бир хотин барпо қилиб, уни одамнинг олдига олиб келган» шахсни ҳам тан олишмайди, ҳам Унинг раҳбарлигига риоя этишмайди (Ибтидо 2:21–24).
2 Исо алайҳиссалом, уни танқид қилганларга никоҳнинг Асосчиси Худо эканини таъкидлаб, қуйидагича айтди: «Тавротда ўқимагансизларми? — деди.— Парвардигор бошданоқ одамларни эркак ва аёл қилиб яратди ва деди: “Эр киши ота-онасини қолдириб ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўлади”. Шунга кўра улар энди икки эмас, балки бир тан ҳисобланадилар. Худо бирга қўшганини бандаси ажратмасин» (Матто 19:4–6). Никоҳ бахтли бўлиши учун унинг Асосчиси — Худо эканлигини тан олиш зарур. Ҳамда оиланинг фаровонлиги Муқаддас Китобнинг маслаҳатларини амалда қўллашга боғлиқдир.
Қандай қилиб яхши эр бўлиш мумкин
3, 4. а) Нима учун Исо алайҳиссалом никоҳ тўғрисида кўп билимга эга? б) «Қўзига келин бўладиган аёл» ким ва эр хотини билан қандай муносабатда бўлиши даркор?
3 Агар эр, ҳазрати Исонинг қилган ишларини ўрганиб, ундан ўрнак олса, яхши эр бўла олади. Исо алайҳиссалом никоҳ тўғрисида кўп билимга эга. Ахир эркак ва аёлни яратаётиб ҳамда никоҳга асос солаётиб, Худованд Яҳова Исога бундай деган эди: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик» (Ибтидо 1:26). Аллоҳ, ижодининг биринчи маҳсули ва «Унинг ёнида мусаввир» бўлган шахсга мурожаат қилган (Ҳикматлар 8:22–30). Бу мусаввир «бутун махлуқот устидан, худди тўнғич сингаридир». У, «Худо яратганларининг Бошлиғи» бўлиб, коинотимиз яратилишидан олдин мавжуд эди (Колосаликларга 1:15; Ваҳий 3:14).
4 Исо Масиҳ «Худонинг қурбонлик Қўзиси» деб аталиб, мажозий маънода куёв сифатида тасвирланган. Мана бир фариштанинг у ҳақдаги сўзлари: «Бу ёққа кел, Қўзига келин бўладиган аёлни сенга кўрсатаман» (Юҳанно 1:29; Ваҳий 21:9). Бироқ келин ёки аёл кимни англатади? «Қўзига келин бўладиган аёл» — бу Масиҳ билан самода ҳукмронлик қиладиган унинг садоқатли мойланган издошларидир (Ваҳий 14:1, 3). Исо Масиҳ шогирдларига қандай муносабатда бўлгани билан, эр хотинига қандай муносабат қилиш кераклигида ажойиб ўрнак кўрсатди.
5. Исо Масиҳ ким учун ўзгача намуна кўрсатди?
5 Инжилда «Масиҳ ҳам: “Менинг изимдан юринглар, деб сизлар учун азоб чекиб намуна бўлди”»,— деб ёзилган (1 Бутрус 2:21). Бироқ у эрлар учун ўзгача намуна кўрсатди. Шунингдек Аллоҳнинг каломида: «Ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ, хотиннинг бошлиғи эркак, Масиҳнинг бошлиғи эса Худодир»,— деб айтилган (1 Коринфликларга 11:3). Эркакнинг бошлиғи Масиҳ бўлганлиги учун, эрлар ундан ўрнак олишлари шарт. Демак, оила аъзолари бошчилик қоидасига риоя қилишса, улар бахтли бўлиши шак-шубҳасиздир. Оиланинг фаровонлигини кўзлаб эрлар Исо Масиҳдан ўрнак олиб севги ила хотинлари билан муносабат қилишлари керак.
Оиладаги муаммоларни қандай енгиш мумкин
6. Эрлар хотинлари билан қандай муносабатда бўлиши керак?
6 Ушбу ёвуз дунёда эрлар айниқса меҳр-муҳаббат ва сабр-тоқатни намоён этиб, адолатли меъёрларга амал қилишда Исога тақлид қилишлари керак (2 Тимўтийга 3:1–5). Бу ҳақда Худонинг каломида қуйидагича ёзилган: «Сиз, эрлар ҳам хотинларингиз заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлинглар» (1 Бутрус 3:7). Шу сабабли, эрлар Исо Масиҳга эргашиб, оилавий муаммоларни оқилона тарзда ҳал қилишлари лозим. Исо, бирорта ҳам инсон дуч келмаган синовларга дош берган. Бироқ синовларнинг сабаби Шайтон ва унинг жинлари ҳамда ёвуз дунё эканлигини у яхши биларди (Юҳанно 14:30; Эфесликларга 6:12). Исо Масиҳнинг бошига тушган қийинчиликлар уни ҳайратга солмас эди. Худди шундай ҳам турмуш ўртоқларнинг «боши қайғуда» бўлиши уларни ажаблантирмаслиги керак. Муқаддас Китоб огоҳлантирганидай турмуш қурганларнинг муаммолари бўлиши тайин (1 Коринфликларга 7:28).
7, 8. а) Хотинлар билан «оқилона муносабатда бўлиш» нимани англатади? б) Нима учун хотинлар ҳурматга сазовор?
7 Аллоҳнинг каломида эрлар хотинлари «заиф жинсдан эканлигини ҳисобга олиб, улар билан оқилона муносабатда бўлиш» кераклиги айтиб ўтилган (1 Бутрус 3:7). Муқаддас Ёзувда эр хотин устидан золимларча ҳокимлик қилиши башорат қилинган. Аммо Аллоҳга хизмат қиладиган эр хотинини ҳурматга сазовор деб билади (Ибтидо 3:16). Гарчи эр жисмонан кучли бўлса-да, у хотинини жуда азиз билиб, унга ҳеч қачон озор етказмайди. Шунингдек, у хотинининг ҳис-туйғуларига эътиборли бўлиб, унга ҳамиша ҳурмат кўрсатиб ғамхўрлик қилади.
8 Хўш, нима учун эрлар хотинларини ҳурматга сазовор ҳисоблашлари лозим? Зеро Инжилда сабаби қуйидагича тушунтирилган: «Улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлгани учун... ибодатларингизга халал берманглар» (1 Бутрус 3:7). Тангри Яҳова эркак кишини ҳам, аёлни ҳам бир хил кўришини эрлар ёдда тутишлари керак. Яратувчининг марҳаматига эга бўлган аёллар эркак кишилар билан бир қаторда абадий ҳаётдан баҳраманд бўлишади. Боз устига, кўпгина аёлларга самодаги ҳаёт ато этилган (Галатияликларга 3:28). Шунинг учун эрлар, Худога садоқатли одамлар маъқул келишини эсда сақлашлари даркор. Бинобарин, инсоннинг жинси ва у неча ёшда бўлиши, Аллоҳга фарқи йўқ (1 Коринфликларга 4:2).
9. а) Ҳаворий Бутруснинг сўзларига биноан, нима учун эрлар хотинларини ҳурматга сазовор ҳисоблашлари керак? б) Қандай қилиб Исо аёлларни ҳурматга сазовор деб билган?
9 Ҳаворий Бутрус эрлар нима учун хотинларини ҳурматга сазовор эканлигини айтиб ўтиб, «ибодатларингизга халал берманглар», деган асосни келтирди. Нақадар жиддий огоҳлантириш-а! Агар эр хотинини ҳурматга сазовор деб билмаса, ўтмишда бепарво хизматчилар билан содир бўлганидек, бугун ҳам Аллоҳ бундайларнинг ибодатини тингламай қўяди (Еремиёнинг марсияси 3:43, 44). Шундай экан, уйланган ёки оила қурмоқчи бўлган киши, аёлларга ҳурмат билан муносабатда бўлган Исонинг ўрнаги ҳақида мулоҳаза юритиши лозим. Ҳазрати Исо аёллар билан ваъз қилиб, уларга эътиборли ва меҳрибон бўлган. Бир куни Исо биринчи бўлиб аёлларга қувончли хабарни айтиб, сўнг уни эркакларга етказишни буюрди (Матто 28:1, 8–10; Луқо 8:1–3).
Эрлар учун ўзгача намуна
10, 11. а) Нега айниқса эрлар Исонинг ўрнаги ҳақида мулоҳаза юритишлари даркор? б) Қандай қилиб эрлар хотинларига севгисини намоён этишлари лозим?
10 Боя айтиб ўтилганидай, Муқаддас Китобда эру хотиннинг муносабатини, Исо Масиҳ ва унинг «келини», яъни мойланган масиҳчилар ўртасидаги муносабатлар билан солиштириляпти. Инжилда айтилганидай: «Масиҳ имонлилар жамоатининг боши бўлгани каби, эркак ҳам хотиннинг бошидир» (Эфесликларга 5:23). Бу сўзлар, эрларни Масиҳ бошчилигини қандай намоён этгани тўғрисида мулоҳаза қилишга ундайди. Фақат бундай мулоҳаза орқали эрлар хотинларига севги ва ғамхўрлик ила бошчилик қилаётиб, Исонинг изидан юришган бўлади.
11 «Эрлар, Масиҳ имонлилар жамоатини севиб, улар учун Ўзини қандай фидо қилган бўлса, сизлар ҳам хотинларингизни шундай севинглар» (Эфесликларга 5:25). Инжилда «уммат» яъни жамоат Масиҳнинг «бадани» деб аталган. Ушбу мажозий маънодаги баданнинг аъзолари, яъни эркагу аёллар баданнинг бир маромда фаолият олиб боришига кўмаклашишади. Ушбу баданнинг, яъни умматнинг боши Исодир (Эфесликларга 4:12; Колосаликларга 1:18; 1 Коринфликларга 12:12, 13, 27).
12. Исонинг жамоатга бўлган севгиси нимада кўринарди?
12 Исонинг мажозий баданига, яъни жамоатига бўлган севгиси, бу жамоатнинг бўлажак аъзолари ҳақида ғамхўрлик қилишда намоён бўларди. Мисол учун унинг шогирдлари чарчаб қолишганида Исо уларга: «Келинглар, бир ўзимиз бирон хилват жойга борайлик, бир оз дам олинглар»,— деб айтган (Марк 6:31). Ҳаворийлардан бири Исо ҳаётининг сўнгги соатларида нима содир бўлганини ҳикоя қилаётиб, бундай деган: «Ўзиникиларни [яъни мажозий маънодаги баданининг аъзоларини] севар эди, уларни охиригача севди» (Юҳанно 13:1). Ҳа, Исо эрлар хотинларига қандай муносабатда бўлиш кераклигида ажойиб ўрнак кўрсатди!
13. Эрлар хотинларини қандай севишлари керак?
13 Ҳаворий Павлус Исо Масиҳнинг ўрнаги ҳақида гапини давом этиб, бундай деб ёзди: «Эркаклар ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган ўзини ўзи севади. Ҳеч ким ҳеч вақт ўз танасини ёмон кўрмаган. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади. Масиҳ ҳам Ўз умматини худди шундай озиқлантириб, парвариш қилади. Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини ўзи севгандай севсин» (Эфесликларга 5:28, 29, 33).
14. Эр номукаммал баданига қандай муносабатда бўлади ва шунинг учун хотинига қандай муносабатда бўлиши керак?
14 Бу нимани англатишини бир ўйлаб кўринг. Эс-ҳуши жойида бўлган киши баданига жароҳат етказадими? Ёки қоқиниб кетса, оёғини урадими? Йўқ, албатта! Шунингдек, эр дўстлари олдида ўзини камситиб, камчиликлари ҳақида ғийбат қиладими? Ҳечам-да! Унда нега хотини хатога йўл қўйганида, эр уни ҳақоратлаб, ҳатто уради ҳам? Аксинча эр ўзининг манфаатинигина эмас, балки хотинининг манфаатини кўзлаши даркор (1 Коринфликларга 10:24; 13:5).
15. а) Исонинг шогирдлари инсоний заифликка берилганларида, у қандай йўл тутган эди? б) Исодан нимани ўрганиш мумкин?
15 Келинг, Исонинг шогирдлари инсоний заифликка берилганларида, Исо уларга қандай ғамхўрлик қилганини кўриб чиқайлик. У Гетсемания боғида шогирдларини ибодат қилиб туришларини сўраганда, уч маротаба ҳам уларни ухлаб ётган ҳолда кўрди. Шу пайт уни ногаҳон аскарлар қуршаб олди. Исо уларга қарата: «Кимни қидиряпсизлар?» — деб сўради. Улар: «Носиралик Исони»,— деб жавоб беришди. Шунда Исо: «У Менман»,— деди. Ўз жонини фидо қилиш вақти келганини сезиб, у қуйидагича айтди: «Агар Мени қидираётган бўлсангизлар, шуларни қўйиб юборинглар». Исо ҳеч ҳам шогирдларини унутмаган ва уларни қўлга олинишига йўл қўймаган. Эр, Исо шогирдларига қандай муносабат қилганини ўрганаётиб, хотини билан яхши муносабатда бўлиш учун кўп мисоллар топади (Юҳанно 18:1–9; Марк 14:34–37, 41).
Исонинг севгиси ҳис-туйғуларга асосланмаган
16. Исонинг Мартага муносабати қандай эди ва қандай қилиб у Мартага маслаҳат берган?
16 Инжилда шундай сўзларни ўқиймиз: «Исо Марта ва унинг синглисини ҳамда Лазарни севар эди» (Юҳанно 11:5). Ҳа, Исо уларникида тез-тез меҳмонда бўлиб турарди. Бироқ бундай муносабатлар Исо Мартага маслаҳат беришига халақит бермади. Чунки Марта меҳмондорчилик ишларига жуда берилиб кетган эди. Шу сабабли Исо унга: «Марта, Марта, бунча уриниб ташвишланмасанг! Зарур бўлган биттагина иш бор»,— деб айтди (Луқо 10:41, 42). Марта ушбу маслаҳатни осонликча қабул қилди, чунки Исо уни севишини биларди. Худди шундай эрлар хотинларига тўғри сўзларни танлаб, меҳр-муҳаббат ила муносабатда бўлишлари лозим. Аммо тўғри йўлга солиш керак бўлган тақдирда, улар Исо Масиҳ каби бунга эътиборсиз бўлмасликлари даркор.
17, 18. а) Қандай қилиб Бутрус Исони таъна қилди ва Бутрус нимада ноҳақ эди? б) Эр нимага жавобгар?
17 Мана яна бир мисол. Бир куни Исо ҳаворийларига «Қуддусга бориши, оқсоқоллар, олий руҳонийлар ва уламолар қўлида кўп азоб чекиб, ўлдирилиши, учинчи куни эса тирилиши кераклигини» айтди. Шунда Бутрус Исони четга олиб таъна қила бошлаб: «“Бу нарсалар Сенинг бошингга тушмас”,— деди». Бу сўзлардан яққол кўриниб турганидек, Бутрус ҳис-туйғулар остида нотўғри сўзлади. «Исо эса Бутрусга қараб: “йўқол кўзимдан, шайтон!” — деди. “Сен Мени йўлдан уряпсан, чунки сен Худонинг ишларини эмас, балки инсон ишларини ўйлаяпсан”» (Матто 16:21–23).
18 Исо ҳаворийларига Худонинг иродаси нимадан иборат эканлигини, яъни кўп азоб чекиб ўлдирилиши кераклигини айтган эди (Забур 15:10; Ишаё 53:12). Бутрус эса уни таъна қила бошлади. Шунинг учун ҳам Исодан танбеҳ олди. Вақти-вақти билан биз ҳам танбеҳ оламиз. Оиланинг бошлиғи сифатида эр ҳам уйидагиларни шу қаторда хотинини ҳам тузатиб туришга жавобгардир. Гарчи баъзида жиддий маслаҳат беришга тўғри келса-да, бироқ буни меҳр-муҳаббат ила қилиш керак. Исо ҳам Бутруснинг фикрини тўғрилаган. Эрлар ҳам худди шундай йўл тутишлари шарт. Мисол учун Муқаддас Китобда кийим, пардоз-андоз ва тақинчоқлардан фойдаланишда камтаринлик намоён бўлиши керак, деб айтилган. Борди-ю хотинининг ташқи кўриниши бунга мос келмаса, эр хушмуомала тарзда маслаҳат бериши лозим (1 Бутрус 3:3–5).
Сабр-тоқатли бўлиш, эрлар учун муҳим
19, 20. а) Ҳаворийлар орасида қандай муаммолар юз берган, бироқ Исо қандай йўл тутган? б) Исонинг уринишлари қандай самаралар келтирди?
19 Мабодо муаммо чиқиб қолса, эрлар самимий ҳаракатлари шу заҳотиёқ самара келтиришини кутмасликлари керак. Исо алайҳиссалом ҳам шогирдларининг фикрлаш тарзини ўзгартириш учун кўп уринишига тўғри келган. Масалан, Исонинг ердаги хизмати ниҳоясига етаётганида улар ким энг катта, деб бир-бири билан баҳслашишган (Марк 9:33–37; 10:35–45). Бундай баҳслашув Исо охирги марта улар билан Фисиҳ байрамини нишонлаганидан олдин юз берган эди. Ўша кеча ҳаворийлар бирга йиғилишганида ҳеч бирига биродарининг оёқларини ювиш ҳатто хаёлига ҳам келмаган. Чунки улар оёқ ювишни хизматкорнинг иши деб ҳисоблашарди. Лекин Исо уларнинг оёқларини ювди. Сўнг эса у: «Мен сизларга ўрнак кўрсатдим»,— деди (Юҳанно 13:2–15).
20 Эрлар Исо Масиҳга тақлид қилаётиб камтаринлик ила йўл тутишганда, хотинларга уларнинг маслаҳатларини қабул қилиб бошчиликка бўйсуниш осонроқ бўлади. Бироқ сабр-тоқатли бўлиш зарур. Фисиҳ байрами нишонланган ўша кеча ҳаворийлар орасида яна тортишув юз берди (Луқо 22:24). Албатта фикрлаш тарзни ва хулқ-атворни дарров ўзгартириш имкониятсиздир, бу учун вақт талаб қилинади. Ҳаворийларга ҳам вақт керак эди. Ваҳоланки, яхши натижаларга эришиш нақадар қувончли-а!
21. Бугунги кунда эрлар нимани эсда сақлашлари керак ва қандай йўл тутишлари зарур?
21 Тўғри бугунги кунда оилани сақлаб қолиш осон эмас. Зеро кўплар никоҳ қасамига жиддий қарашмайди. Шундай экан эрлар оила қандай барпо этилганлиги ҳақида мулоҳаза қилишлари зарур. Никоҳга меҳрибон Парвардигоримиз Яҳова асос солганлигини ёдда тутинг. Исо Масиҳ эса нафақат Халоскоримиз балки эрлар учун ажойиб бир ўрнакдир (Матто 20:28; Юҳанно 3:29; 1 Бутрус 2:21).
Қандай жавоб берардингиз?
• Нега Аллоҳни никоҳнинг Асосчиси деб тан олиш муҳим?
• Эрлар хотинларини қандай севишлари даркор?
• Қандай қилиб Исонинг ўрнаги эрларга бошчилик қилишда кўмаклашади?
[9- саҳифадаги расм]
Шогирдлари чарчашганида, Исо уларга ғамхўрлик қилган
[10- саҳифадаги расм]
Эрлар тўғри сўзларни танлаб, хотинларига хушмуомала тарзда маслаҳат беришади
[12- саҳифадаги расм]
Нега эрлар, ҳазрати Исо аёлларга қандай муносабат қилганлигини ўрганишлари керак?