«Мана энди мақбул вақт келди!»
Мана энди мақбул вақт келди! Мана энди нажот куни келди! 2 КОР. 6:2
1. Нега энг муҳим юмуш нимадан иборатлигини фарқлаб олишимиз керак?
«БУ ДУНЁДА ҳамма нарсанинг ўз тайинланган пайти бор, ҳар бир ишнинг ўз вақти бор» (Воиз 3:1). Шоҳ Сулаймон ҳар бир нарсанинг, жумладан экиш, сафарга чиқиш, меҳнат қилиш ёки мулоқот қилишнинг мақбул вақти борлигини фарқлай билиш муҳимлиги ҳақида ёзиб қолдирган. Биз ҳам доимо бажаришимиз лозим бўлган энг муҳим юмуш нимадан иборатлигини фарқлаб олишимиз даркор. Бошқача қилиб айтганда, ўз вазифамизни аниқлаб олишимиз керак.
2. Исо қайси вақтда яшаётганини яхши тушунганини қаердан биламиз?
2 Ҳазрати Исо ер юзида бўлганида, қайси вақтда яшаётганини ва нима қилиши кераклигини яхши тушуниб етган. Ўзи ҳақида айтиб ўтилган ва зориқиб кутилган башоратларнинг бажарилиш вақти келганини билган ҳолда, унинг вазифаси нимадан иборатлигини ёдидан чиқармаган (1 Бутр. 1:11; Ваҳ. 19:10). У ўз ишлари билан ваъда қилинган Масиҳ эканини одамларга кўрсатган. Исо Шоҳлик тўғрисида кенг шоҳидлик бериб, келажакда ҳамворислари бўладиган кишиларни йиғишни бошлаган. Шунингдек, у воизлик ва шогирд орттириш ишини ернинг четларига қадар кенгайтирадиган масиҳийлар жамоатига асос солган (Марк 1:15).
3. Қайси вақтда яшаётганини тушуниш, Исони нимага ундаган?
3 Қайси вақтда яшаётганини тушуниш, Исони Отасининг иродасини бажаришда ғайратли бўлишга ундаган. Шу боис, у шогирдларига: «Ҳосил мўл, бироқ юмушчилар оз. Ўз ҳосилингни йиғиб терадиган юмушчилар юбор, деб ҳосил Эгасига илтижо қилинглар»,— деб айтган (Луқо 10:2; Мал. 4:5, 6). Исо аввалига 12, кейин эса 70 нафар шогирдини танлаб, уларга муайян йўл-йўриқлар берган ва: «Осмон Шоҳлиги яқинлаб қолди»,— дея ваъз этиш учун юборган. Ўзи ҳам «ўн икки шогирдига ушбуларни буюриб бўлгач, яқин шаҳарларда таълим бериш ва воизлик қилиш учун у ердан жўнади» (Мат. 10:5–7; 11:1; Луқо 10:1).
4. Павлус Масиҳга қай тарзда эргашган?
4 Исо ғайрат ва садоқат каби фазилатларни намоён этишда барча издошлари учун мукаммал ўрнакдир. Ҳаворий Павлус имондошларини: «Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар»,— дея бекорга айтмаган (1 Кор. 11:1). Павлус Масиҳга қай тарзда эргашган? Аввало, хушхабарни ваъз қилишда у каби кучини аямаган. Павлуснинг жамоатларга ёзган мактубларида мана шуларни ўқишимиз мумкин: «Ғайратингизни сусайтирманглар», «Раббингизга хизмат қилинглар», «ҳамиша Раббимиз хизматида бўлиб, янада ғайратли бўлинглар» ва «қиладиган ҳар бир ишни инсонлар учун эмас, Раббингиз учун қилаётгандай, чин қалбдан бажаринглар» (Рим. 12:11; 1 Кор. 15:58; Колос. 3:23). Павлус Дамашққа кетаётиб у билан нима юз берганини ҳамда Ҳазрати Исо Масиҳ шогирди Ҳанания орқали айтган қуйидаги сўзларини унутмаган: «Мен ўз исмимни бошқа халқларга, шунингдек, шоҳларга ва Исроил ўғилларига етказиш учун бу кишини танлаганман» (Ҳавор. 9:15; Рим. 1:1, 5; Галат. 1:16).
«Мақбул вақт»
5. Хизматини ғайрат ила бажаришга Павлусни нима ундаган?
5 Ҳаворийлар китобини ўқиганимизда, Павлус хизматида жасорат ва ғайрат намоён этганини кўришимиз мумкин (Ҳавор. 13:9, 10; 17:16, 17; 18:5). Ҳаворий Павлус яшаётган вақтининг муҳимлигини тушуниб етган. Унинг: «Мана энди мақбул вақт келди! Мана энди нажот куни келди!» — деб айтган сўзларидан бу яққол кўринади (2 Кор. 6:2). Масалан, мил. авв. 537- йил, Бобил асирлигида бўлганларга ватанларига қайтиш учун мақбул вақт бўлган (Ишаё 49:8, 9). Аммо Павлус қайси вақтни назарда тутган? Матн таркибидан у нимани кўзда тутганини билиш мумкин.
6, 7. Мойланган масиҳийларга ва уларнинг ҳамкорларига бугун қандай буюк шараф ато этилган?
6 Олдинги оятларда Павлус ўзига ва бошқа мойланган масиҳийларга ато этилган буюк шараф ҳақида айтиб ўтган (2 Коринфликларга 5:18–20 ўқинг). Бу оятларда у, Худо уларни муайян мақсад учун, яъни «яраштириш хизматига», одамлардан: «Худо билан ярашинглар»,— дея ёлвориш учун даъват этганини тушунтирган.
7 Адан боғида юз берган исён дастидан бутун инсоният Яҳовадан узоқлашиб, Унга бегона бўлиб қолган эди (Рим. 3:10, 23). Натижада одамзод маънавий зулматда қолиб, азоб-уқубат ва ўлимга дучор бўлганди. Бу ҳақда Павлус: «Биламизки, борлиқ махлуқот ҳозирга қадар биргаликда оҳ-нола қилиб, гўё туғиш азобини чекиб ётибди»,— деб ёзган (Рим. 8:22). Лекин Аллоҳ одамлар Унга қайтишлари ёки ярашишлари учун уларга «ёлворгандай» бўлди. Павлус ва мойланган ҳамкорларининг хизмати шу вазифани бажаришдан иборат эди. «Мақбул вақт» эса, Исога ишонганлар учун «нажот кунини» англатарди. Барча мойланган масиҳийлар ҳамда уларнинг ҳамкорлари бўлмиш «бошқа қўйлар», одамларни ушбу «мақбул вақтдан» фойдаланиб қолишга таклиф этишяпти (Юҳан. 10:16).
8. Нима сабабдан яраштириш даъватини тенги йўқ деса бўлади?
8 Нима сабабдан яраштириш даъватини тенги йўқ деса бўлади? Боиси, одамлар Адан боғида исён кўтариб, Тангридан узоқлашишга сабабчи бўлганига қарамай, Аллоҳ муносабатларни тиклаш ташаббусини Ўз зиммасига олди (1 Юҳан. 4:10, 19). Қандай қилиб? Павлуснинг сўзларига кўра, Худо Масиҳ орқали дунёни Ўзи билан яраштириб, уларнинг айбларини ҳисобга олмади. Яраштириш хизматини эса, Павлус ва бошқа мойланганларга ишониб топширди (2 Кор. 5:19; Ишаё 55:6).
9. Аллоҳнинг раҳмдиллиги учун Павлус ўз миннатдорчилигини қандай кўрсатган?
9 Тўлов қурбонлигини ҳавола этиш билан, Яҳова бу тўловга ишонган инсонларнинг гуноҳларини кечириб, дўстона муносабатларни тиклаш имконини яратди. Бундан ташқари, Аллоҳ ҳар ердаги одамлар билан тинчлик ўрнатиш учун элчиларини юборяпти. Улар қўлдан келганча бунга ҳаракат қилишяпти (1 Тимўтийга 2:3–6 ўқинг). Тангрининг иродасини ва қайси вақтда яшаётганини тушунган ҳолда, Павлус «яраштириш хизматида» ҳормай-толмай меҳнат қилган. Яҳованинг иродаси ўзгаргани йўқ. У ҳозир ҳам одамзод билан ярашиш ниятида. Ҳаворий Павлуснинг: «Мана энди мақбул вақт келди! Мана энди нажот куни келди!» — деган сўзлари ҳалиям амал қилмоқда. Яҳова нақадар раҳмдил ва меҳрибон Худо! (Чиқ. 34:6, 7).
Тангрининг «иноятини бефойда қабул қилмаслик»
10. Мойланганлар учун «нажот куни» қандай аҳамиятга эга?
10 Тангрининг иноятидан аввало «Масиҳга тегишли» бўлганлар фойда кўрадилар (2 Кор. 5:17, 18). Улар учун «нажот куни» милодий 33- йилнинг Ҳосил байрамидан бошланган. Ўша пайтдан бери, бу кишиларга «ярашиш тўғрисидаги хабарни етказиш» ишониб топширилди. Бугунги кунда мойланганларнинг қолган қисми «яраштириш хизматини» давом эттиришмоқда. Улар, ҳаворий Юҳанно ваҳийда кўрган тўрт фаришта, «ерга... тегмасин деб... ер юзининг тўрт шамолини ушлаб турганидан» хабардор. Шундай экан, ҳозир «нажот куни» ва «мақбул вақтдир» (Ваҳ. 7:1–3). XX аср бошланганидан буён, мойланганларнинг қолган қисми ер юзи бўйлаб «яраштириш хизматида» ғайрат билан иштирок этишяпти.
11, 12. Мойланганлар 1800- йилларда, қайси вақтда яшаётганларини тушунишганини қандай кўрсатишган? (15- саҳ. расмга қ.)
11 Мисол учун, «Яҳованинг Шоҳидлари — Худо Шоҳлигининг хабарчилари» номли китобга биноан, 1800- йилларнинг охирида «Ч. Т. Расселл ва унинг шериклари ўрим-йиғим пайтида яшаётганларига ва одамлар озодлик келтирадиган ҳақиқатни эшитишга муҳтож эканига қаттиқ ишонишган». Бунга яраша улар бирор нарса қилишганми? Ўрим-йиғим пайтида, «мақбул вақтда» яшаётганларини тушунган ҳолда, улар одамларни шунчаки диний йиғинларга келишга чорлаш билан кифояланиб қолишмаган. Ахир христиан оламининг руҳонийлари ҳам асрлар мобайнида бундай даъватни канда қилишмаган. Аксинча, ўша мойланган масиҳийлар хушхабарни ёйишнинг бошқа амалий усулларини излашга тушдилар. Улар ишлари олға сурилиши учун, замонавий техникалардан оқилона фойдалана бошладилар.
12 Ўша ғайратли хизматчилардан иборат кичик бир гуруҳ, Шоҳлик хушхабарини тарқатиш йўлида букламалар, рисолалар, журналлар ва китоблардан фойдаланишган. Шунингдек улар, минглаб газеталарда нашр этилиши учун нутқлар ва мақолаларни тайёрлашарди. Миллий ва халқаро радиостанциялар орқали Муқаддас Китобга асосланган дастурларни эшиттиришарди. Бундан ташқари, ўзлари слайдларга синхрон равишда овоз беришни йўлга қўйиб, улардан фойдаланишарди. Бунақа нарса эса, ҳали кино санъатида ҳам эришилмаган эди. Хўш, бундай ғайратли уринишлар қандай натижа берди? Бугунга келиб, қарийб етти миллион киши «Худо билан ярашинглар», деган даъватни қабул қилиб, ўзлари ҳам бу ишда қатнашмоқда. Дарҳақиқат, ўша пайтдаги Яҳова хизматчиларининг сони ва тажрибаси кам бўлганига қарамай, ғайратли бўлишда яхши ўрнак кўрсатишган.
13. Тангрининг қайси мақсадига жиддий қараймиз?
13 «Мана энди мақбул вақт келди», деган Павлуснинг сўзлари ҳали ҳам ўз кучини йўқотмаган. Яҳованинг иноятини татиб кўрган бизлар, яраштириш хабарини эшитиб, қабул қилиш имкониятига эга бўлганимиздан бахтиёрмиз. Бизлар ўзимизга бино қўймасдан, Павлуснинг мана бу сўзларига жиддий қараймиз: «Худонинг ҳамкорлари сифатида, Унинг иноятини бефойда қабул қилмасликни сизлардан илтимос қиламиз» (2 Кор. 6:1). Ахир Тангрининг иноят кўрсатишдан мақсади, «дунёни Ўзи билан яраштиришдан» иборат (2 Кор. 5:19).
14. Кўп мамлакатларда қандай имконият мавжуд?
14 Инсониятнинг аксарият қисми Шайтон томонидан кўр қилинган бўлиб, Худодан узоқлашган ва У нега иноят кўрсатаётганидан бехабардир (2 Кор. 4:3, 4; 1 Юҳан. 5:19). Бироқ, дунёнинг аҳволи ёмонлашаётгани кўпларни ҳақиқатни қабул қилишга ундаяпти. Айниқса уларга, инсоният азоб-уқубат чекишига Аллоҳдан узоқлашгани сабаб бўлганини тушунтиришганида, бундай қадамни қўйишяпти. Бир пайтлар аксарият одамлар бизнинг ваъзимизга бепарво бўлган мамлакатларда ҳам, кўплар хушхабарни қабул қилиб, Худо билан ярашишга ҳаракат қилишмоқда. Шундай экан, «Худо билан ярашинглар», дея ёлвориб, хизматимизда янада ғайратли бўлишимиз кераклигини тушуняпмизми?
15. Одамларга аҳволлари яхшиланишини айтишдан ташқари, уларга яна нимани билдирмоқчимиз?
15 Бизнинг вазифамиз, агар одамлар Тангрига қайтишса, Худо уларга барча муаммоларини ечишга кўмаклашиб, аҳволлари яхшиланиши тўғрисида айтишдангина иборат эмас. Зеро кўплар айнан шу мақсадда диний йиғинларга боришади ва у ердаги руҳонийлар ҳам уларнинг қулоғига ёқадиган гапларни гапиришади (2 Тим. 4:3, 4). Бизнинг хизматимиз эса бу мақсадга қаратилмаган. Биз ваъз қилаётган хушхабар — Тангри Яҳова севгиси ила гуноҳларимизни Масиҳ орқали кечиргани ҳақидадир. Шу тариқа инсонлар Аллоҳга яқинлашиб, У билан ярашишлари мумкин (Рим. 5:10; 8:32). Аммо «мақбул вақт» зудлик билан ўз якунига етиб бормоқда.
«Оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилинглар»
16. Павлуснинг жасоратли ва матонатли бўлишига нима ёрдам берган?
16 Ҳақ топинишга бўлган ғайратимизни қандай ўстиришимиз ва сақлаб қолишимиз мумкин? Айримлар табиатан уятчан ёки камгап бўлиб, туйғуларини ифодалашга ёки одамлар билан киришиб кетишга қийналишади. Бироқ, ғайрат — ҳис-туйғуни тўкиб-солишни англатмаслигини ва кишининг табиатига ҳам боғлиқ эмаслигини ёдимиздан чиқармайлик. Ҳаворий Павлус: «Оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилинглар»,— дея, бу нимага боғлиқ эканини очиб берган (Рим. 12:11). Ҳаворийнинг воизлик ишида жасоратли ва матонатли бўлишида, Тангрининг муқаддас руҳи муҳим аҳамият касб этган. Павлуснинг илк бор Исо томонидан даъват этилганидан, то сўнгги бор ҳибсга олиниб, ўлгунига қадар — 30 йилдан ошиқ вақт давомида унинг ғайрати сўнмаган. Павлус, доим Ўз руҳи орқали уни қўллаб-қувватлаб турган Аллоҳга таянган. Унинг ўзи: «Мени қўллаб-қувватлаётганнинг мадади билан ҳар нарсани қила оламан»,— деб айтган (Филип. 4:13, ЯДТ). Ҳа, ундан ўрнак олсак арзийди!
17. «Оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилишимизга» нима кўмаклашади?
17 Павлус Римликларга 12:11 да юнончадан сўзма-сўз таржима қилганда, «қайнамоқ» маъносини берувчи сўзни қўллаган. Чойнакдаги сув қайнаши учун, тагидаги олов ўчмаслиги керак. Шу сингари, «оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилишимиз» учун, Унинг муқаддас руҳидан айрилмаслигимиз даркор. Бунинг йўлларидан бири, Яҳова бизни мустаҳкамлаш учун ҳавола этаётган барча тадбирлардан фойдаланишдир. Амалда бу, шахсий ва оилавий тадқиқни ҳамда ибодатни канда қилмасликни, шунингдек имондошларимиз билан бўладиган йиғилишларга мунтазам қатнашни англатади. Бундай тадбирлар, олов чойнакдаги сувни қайнатганидек, бизга ҳам «оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилишимизга» кўмаклашади (Ҳаворийлар 4:20; 18:25 ўқинг).
18. Тангрига бағишланган кишилар эканмиз, нигоҳимиз қайси мақсадга қаратилган?
18 Ўзини Тангрига бағишлаган кишининг нигоҳи бир мақсадга қаратилган бўлиб, уни осонликча бу мақсаддан кўнглини совитиб ёки чалғитиб бўлмайди. Исо сингари бизнинг нигоҳимиз ҳам Яҳованинг иродасини бажаришга қаратилган (Иброн. 10:7). Бугунги кунда, Яҳова иложи борича кўпроқ кишилар билан ярашиш ниятида. Шундай экан, келинглар, Исо ҳамда Павлусдан ўрнак олиб, ҳозирги кунда муҳим, аниқроғи зарур ишни ғайрат билан бажарайлик.
Илтимос жавоб беринг
• Павлус ва бошқа мойланган кишиларга ишониб топширилган «яраштириш хизмати» нимадан иборат бўлган?
• Мойланганларнинг қолган қисми «мақбул вақтдан» қандай фойдаланишган?
• Қай йўсин «оташин руҳ билан Раббимизга хизмат қилишимиз» мумкин?
[12- саҳифадаги расм]
Павлус Дамашққа кетаётганида, нима бўлганини унутмаган