Юҳанно баён этган хушхабар
7 Исо Жалила бўйлаб юришда давом этди. Яҳудияга боришни эса истамади, чунки яҳудийлар уни ўлдириш пайида эди+. 2 Яҳудийларнинг Чайлалар байрами*+ яқинлашаётган эди. 3 Шунда укалари+ Исога: «Бу ерда ўтирмай, Яҳудияга боринг. Қилаётган ишларингизни шогирдларингиз кўрсин. 4 Ахир машҳур бўлишни истайдиган киши яширинча иш қилмайди-ку. Бундай ишларни қилаётган экансиз, ўзингизни дунёга танитинг»,— дейишди. 5 Аслида укалари унга ишонишмас эди+. 6 Бунга жавобан Исо шундай деди: «Менинг вақт-соатим ҳали келгани йўқ+, лекин сизлар учун ҳар вақт қулай. 7 Дунё сизлардан нафратланишига ҳеч бир сабаб йўқ, мендан эса нафратланади, чунки мен унинг ишлари ёвуз экани ҳақида шаҳодат беряпман+. 8 Сизлар байрамга бора қолинглар, мен эса ҳозирча бу байрамга бормайман, чунки менинг вақтим ҳали келмади»+. 9 Буни айтгандан сўнг, Исо Жалилада қолди.
10 Бироқ укалари байрамга кетишгач, Исо ҳам у ерга борди, фақат очиқчасига эмас, яширинча. 11 Байрамда яҳудийлар уни излаб: «У қаерда экан?» — деб суриштиришар эди. 12 Омма орасида у ҳақда турли миш-мишлар юрарди. Баъзилар: «У яхши инсон»,— дейишса, бошқалар: «Йўқ, у одамларни йўлдан оздиряпти»+,— дейишарди. 13 Аммо яҳудийлардан қўрқишгани учун, ҳеч ким Исо тўғрисида очиқчасига гапирмасди+.
14 Байрамнинг ярми ўтганда, Исо маъбадга кириб таълим бера бошлади. 15 Яҳудийлар: «Бу одам диний мактабларда ўқимаган бўлса+, Муқаддас Ёзувларни қаердан шунчалик яхши билади?»+ — дея ҳайратланишарди. 16 Уларга жавобан Исо деди: «Менинг таълимотим меники эмас, мени Юборганникидир+. 17 Кимки Унинг иродасини бажаришни хоҳласа, бу таълимот Аллоҳданми+ ёки мен ўзимдан гапиряпманми, билиб олади. 18 Ким ўзидан гапирса, ўзига шон-шуҳрат излайди, кимки уни Юборган учун шараф изласа+, у ҳақдир ва унда ҳеч қандай адолатсизлик йўқдир. 19 Сизларга Тавротни берган Мусо эмасми?+ Аммо ҳеч бирингиз унга риоя қилмаяпсиз. Нега мени ўлдириш пайида юрибсизлар?»+ 20 Омма унга жавобан деди: «Сени жин урибди. Ким сени ўлдирмоқчи?» 21 Исо эса ўз сўзида давом этди: «Мен битта иш қилдим, ҳаммангиз бунга ҳайрон қоляпсизлар. 22 Бунинг ўрнига мана бу ҳақда бир ўйлаб кўринглар: Мусо сизларга суннат қилишни амр этган+ (аслида эса бу амр Мусодан эмас, ота-боболаримиздан келган)+. Шу амрга биноан, сизлар Шаббат куни ҳам болани суннат қиласизлар. 23 Мусонинг Қонуни бузилмасин дея, Шаббат куни суннат қилар экансиз, унда нега Шаббат куни одамни соғайтирганим учун мендан ғазабланасизлар?+ 24 Ташқи кўринишга қараб ҳукм этишни бас қилинглар, ҳукмингиз адолатли бўлсин»+.
25 Баъзи қуддусликлар бундай деб гап бошлашди: «Ўлдириш учун қидириб юришган одам шу эмасми?+ 26 Унга қаранг, у очиқчасига гапириб юрибди, ҳеч ким унга ҳеч нарса демаяпти. Наҳотки бошлиқлар ҳам унинг Масиҳ эканига ишонган бўлса? 27 Ахир биз унинг қаерданлигини биламиз-ку+. Масиҳ келганда эса, унинг қаерданлигини ҳеч ким билмайди». 28 Шунда Исо таълим бераётиб, баланд овозда деди: «Сизлар мени ва қаерданлигимни биласиз. Мен ўзимча келмаганман+, мени Юборган чиндан ҳам мавжуддир, аммо сизлар уни билмайсиз+. 29 Мен эса Уни биламан+, чунки мен Унинг олдидан келганман. У мени юборди». 30 Бу гаплардан сўнг улар Исони ушламоқчи бўлишди+, лекин ҳеч ким унга қўл теккизмади, чунки унинг вақт-соати ҳали келмаган эди+. 31 Аммо кўплар унга ишониб+, шундай мулоҳаза қиларди: «Наҳот Масиҳ келганда бу одамдан кўпроқ мўъжизалар кўрсатса?»
32 Фарзийлар халқ орасида Исо тўғрисида қандай гаплар юрганидан хабар топишди. Шунинг учун олий руҳоний ва фарзийлар уни қўлга олиш мақсадида соқчиларни юборишди. 33 Шунда Исо қуйидагича деди: «Сизлар билан яна бир оз қоламан-да, кейин мени Юборганнинг олдига қайтаман+. 34 Мени излайсизлар-у, лекин тополмайсизлар. Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсиз»+. 35 Шу пайт яҳудийлар ўзаро шундай дейишди: «У қаерга бормоқчи-ки, биз уни тополмас эканмиз? Наҳотки у юнонлар орасида тарқалиб кетган яҳудийлар олдига бориб, юнонларга ҳам таълим бермоқчи бўлса? 36 Унинг: “Мени излайсизлар-у, лекин тополмайсизлар. Мен қаерда бўлсам, сизлар у ерга боролмайсиз”,— деган гаплари нимани англатади?»
37 Байрамнинг сўнгги, яъни улуғ кунида+ Исо ўрнидан турди-да, баланд овозда хитоб қилди: «Ким чанқаган бўлса, менинг олдимга келиб ичсин+. 38 Муқаддас Ёзувларда айтилганидек, менга ишонган кишининг “ичидан ҳаётбахш сув оқиб чиқади”»+. 39 Исо бу билан, унга ишонганлар яқин орада оладиган муқаддас руҳни назарда тутган эди. Худо Исога ҳали юксак мартабани бермагани учун+, улар муқаддас руҳни олишмаган эди+. 40 Омма ичидан баъзилар бу сўзларни эшитиб: «У чиндан ҳам башорат қилинган пайғамбар»+,— дейишди. 41 Бошқалар: «Бу Масиҳ*»+,— дейишса, баъзилар эса шундай дейишарди: «Ахир Масиҳ Жалиладан келмайди-ку+. 42 Муқаддас Ёзувларда Масиҳ Довуд авлодидан келиб чиқиши+ ва Довуд яшаган+ Байтлаҳм+ қишлоғидан бўлиши айтилмаганми?» 43 Шу тариқа Исо туфайли омма орасида бўлиниш юзага келди. 44 Улардан баъзилари Исони ушлаб олмоқчи бўлишди, аммо ҳеч ким унга қўл теккизмади.
45 Соқчилар бош руҳонийлар ва фарзийларнинг олдига қайтиб келишганда, улар соқчилардан: «Нега уни олиб келмадингизлар?» — деб сўрашди. 46 Соқчилар жавоб бериб: «Ҳеч ким, ҳеч қачон у каби гапирмаган»+,— дейишди. 47 Шунда фарзийлар: «Наҳотки сизларни ҳам йўлдан оздирган бўлишса? 48 Бошлиқлардан ёки фарзийлардан бирор киши унга ишонганми?+ 49 Тавротни билмайдиган бу одамлар лаънати бўлсин»,— дейишди. 50 Илгари Исонинг олдига келган ва фарзийлардан бири бўлган Никодим исмли киши уларга деди: 51 «Бирор инсонни тингламай ва қилаётган ишларини аниқламай туриб, ҳукм қилиш Тавротга хилоф эмасми?»+ 52 Улар эса: «Нима, сиз ҳам Жалиладанмисиз? Муқаддас Ёзувларни текшириб кўрсангиз, Жалиладан пайғамбар чиқмаслигини билиб оласиз»,— дейишди*.