Марк баён этган хушхабар
3 Исо тағин ибодатхонага кирганда, у ерда қўли қуриб қолган* бир одам бор эди+. 2 Фарзийлар Исони айблаш мақсадида, бу кишини Шаббат кунида соғайтирармикин, деб уни диққат билан кузатиб туришарди. 3 Исо қўли қуриб қолган кишига: «Ўрнингиздан туриб, ўртага чиқинг»,— деди. 4 Кейин у фарзийлардан: «Қонун бўйича Шаббат кунида нима қилиш мумкин: яхшиликми, ёмонликми? Жонни* сақлашми ё ҳалок қилишми?»+ — дея сўради. Улар эса индашмади. 5 Шунда Исо уларнинг бағритошлигидан+ қайғуриб, уларга қаҳр билан қаради-да, қўли қуриб қолган кишига: «Қўлингизни узатинг»,— деди. У қўлини узатган ҳам эдики, қўли соғайиб кетди. 6 Шу заҳоти фарзийлар ташқарига чиқиб, Исони ўлдириш учун Ҳироднинг тарафдорлари билан+ тил бириктиришди.
7 Лекин Исо шогирдлари билан денгиз бўйига кетди. Жалила ва Яҳудиядан тумонат одам унинг орқасидан эргашди+. 8 Унинг яратган мўъжизалари ҳақида эшитиб, Қуддус ва Идумеядан, Иорданнинг нариги қирғоғидан, Тир билан Сидон атрофларидан Исонинг олдига тумонат инсонлар келишди. 9 Халойиқнинг орасида қисилиб қолмаслик учун Исо шогирдларига кичик бир қайиқни тайёрлаб қўйишни буюрди. 10 Исо кўп одамларга шифо бергани учун оғир дардларга йўлиққан кишилар унга қўл теккизиш ниятида+ атрофига тўпланарди. 11 Ҳатто жинлар+ ҳам Исони кўришганда, унинг олдига йиқилиб: «Сен Худонинг Ўғлисан»,— дея бақиришарди+. 12 Аммо Исо уларга ўзи ҳақида гапиришни кўп маротаба қатъий ман этди+.
13 Сўнгра Исо тоққа кўтарилди ва ўзи хоҳлаган кишиларни ёнига чақирди+. Улар келганида+ 14 у 12 тасини танлаб, «ҳаворийлар*» деб атади, токи улар Исо билан бирга юриб, ваъз қилишсин 15 ва жинларни қувиб чиқариш қудратига эга бўлишсин+.
16 Исо танлаган 12 киши+ қуйидагилардир: Симун (Исо уни Бутрус деб атаган)+, 17 Забадийнинг ўғиллари Ёқуб ва унинг укаси Юҳанно (Исо уларни шунингдек Банирагаш, яъни «момақалдироқ ўғиллари» деб атаган)+, 18 Идрис, Филип, Бартолмей, Матто, Тўма, Алфейнинг ўғли Ёқуб, Таддей, ғайратли Симун 19 ва кейинчалик Исога хиёнат қилган Яҳудо Ишқариёт.
Исо уйга кирди. 20 Яна шунчалик кўп одам йиғилдики, ҳатто улар таом ҳам ея олишмади. 21 Исонинг қариндошлари бўлиб ўтган воқеалардан хабар топиб: «У ақлдан озибди»+,— дея уни олиб кетгани боришди. 22 Шунингдек, Қуддусдан келган уламолар: «Унинг ичига Баалзабуб* кириб олган ва у ёвуз руҳларни жинлар ҳукмдори ёрдами билан қувиб чиқаряпти»,— дейишарди+. 23 Шунда Исо уларни чақиртириб, қуйидаги мисолларни келтирди: «Қандай қилиб Шайтон Шайтонни қувиб чиқариши мумкин? 24 Ахир шоҳлик ичидан бўлиниб кетса, ўша шоҳлик тура олмайди-ку+. 25 Ёки уй ичидан бўлинса, ўша уй ҳам хароб бўлади. 26 Худди шундай Шайтон ўзига қарши чиқиб бўлиниб кетган бўлса, у тура олмайди. Унинг охирати яқиндир. 27 Ҳеч ким бақувват одамнинг уйига кирганда, уни боғламай туриб унинг мулкини ўғирлай олмайди. Уни боғлаган ҳолдагина уйини талон-торож қила олади. 28 Ишонаверинг, инсонлар қандай гуноҳ ишлар қилишмасин ёки қандай ҳақоратли сўзлар айтишмасин, ҳаммаси кечирилади. 29 Лекин ким муқаддас руҳга қарши ҳақоратли сўзлар айтса, ҳеч қачон кечирилмайди+. Гуноҳи учун тоабад айбдор ҳисобланади»+. 30 Исо бундай сўзларни «унинг ичига жин кириб олган»+, дейишгани боис айтди.
31 Шу пайт Исонинг онаси билан укалари+ келиб қолишди. Улар ташқарида туриб, Исони чақириб келиш учун одам юборишди+. 32 Исонинг атрофида кўпгина одамлар ўтирарди. Шунда Исога: «Ана, онангиз билан укаларингиз ташқарида туриб сизни сўрашяпти»+,— деб айтишди. 33 У эса жавобан деди: «Менинг онам ва ака-укаларим кимлигини биласизми?» 34 Кейин атрофида ўтирганларга назар ташлаб шундай деди: «Мана, менинг онам ва ака-укаларим!+ 35 Ким Аллоҳнинг иродасини бажарса, ўша менинг ака-укам, опа-синглим ва онам бўлади»+.