Луқо баён этган хушхабар
13 Шу пайт у ердагиларнинг баъзилари Исога, Пилат ўлдирган жалилаликлар ҳақида айтиб беришди. Пилат уларнинг қонини ўзлари келтирган қурбонликлар қонига аралаштириб юборган эди. 2 Исо уларга жавобан шуларни айтди: «Бу жалилаликлар шунча азоб чекишган экан, демак улар бошқа жалилаликлардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлган, деб ўйлайсизларми? 3 Асло, лекин сизларга айтиб қўяй, агар тавба қилмасангиз, уларга ўхшаб ҳалок бўласиз+. 4 Масалан, Силоамда 18 кишининг устига минора қулаб тушганди. Хўш, улар Қуддусда яшовчилардан кўра кўпроқ гуноҳкор бўлган, деб ўйлайсизларми? 5 Йўқ, аммо сизларга айтиб қўяй, агар тавба қилмасангиз, уларга ўхшаб нобуд бўласиз».
6 Кейин Исо уларга бир масал айтиб берди: «Битта кишининг узумзорида анжир ўтқазилган экан. Бир куни у келиб, ундан мева излай бошлабди. Лекин ҳеч нарса тополмабди+. 7 Кейин у боғбонга: “Мана уч йилдирки, бу анжир дарахтидан мева излаб келаман-у, лекин тополмайман. Уни чопиб ташла! Бекордан-бекор ерни банд қилиб турмасин!” — деб айтибди. 8 Боғбон унга жавоб бериб дебди: “Хўжайин, келинг уни яна бир йилга қолдирайлик. Унинг тагини юмшатиб, гўнг солиб кўрай-чи. 9 Борди-ю, янаги йил мева бермаса, майли уни чопиб ташлайверинг”»+.
10 Шаббат куни Исо ибодатхоналарнинг бирида таълим бераётганди. 11 У ерда 18 йилдан бери ёвуз руҳ таъсиридан дардга чалинган бир аёл бор эди. У икки букилган бўлиб, ҳечам қаддини ростлай олмасди. 12 Исо шу аёлни кўриб, унга: «Дардингиздан халос бўлдингиз*»+,— деди ва 13 қўлини аёлнинг устига қўйди. Шу заҳоти аёл ростланиб, Аллоҳни шарафлай бошлади. 14 Исо буни Шаббат кунида қилгани учун ибодатхона бошлиғи аччиқланиб, халққа шундай деди: «Ишлаш учун олти кун бор+. Шифо топиш учун ана шу кунлари келинглар, Шаббат куни эмас»+. 15 Бироқ Исо бунга жавобан деди: «Эй иккиюзламачилар+, ахир Шаббат кунида молхонадаги ҳўкиз ёки эшагингизни ечиб, сув ичиргани олиб чиқмайсизларми?+ 16 Мана, 18 йилдан бери Шайтон кишанлаб қўйган, Иброҳим қизи ҳисобланган бу аёлни Шаббат кунида озод қилиш ўринли эмасми?» 17 Исо бу сўзларни айтганда, унга қарши чиққан ҳамма уятга қолди. Бутун халқ эса унинг улуғвор ишларидан хурсанд бўлди+.
18 Шундан кейин Исо қуйидагиларни айтди: «Худонинг Шоҳлиги нимага ўхшайди? Уни нима билан солиштирай? 19 У, бир одам ўз боғига эккан хантал уруғига ўхшайди. Уруғ униб чиқиб, дарахтга айланибди ва унинг шохларида қушлар ин қурибди»+.
20 Исо сўзида давом этиб деди: «Худонинг Шоҳлигини яна нима билан солиштирай? 21 У, бир аёл бутун хамирни ошириш учун ўн кило* унга аралаштирган хамиртурушга ўхшайди»+.
22 Қуддусга йўл олиб, Исо шаҳарлару қишлоқлар бўйлаб таълим берар эди. 23 Сўнг бир киши ундан сўради: «Ҳазрат, наҳотки нажот топадиганлар оз бўлса?» Исо шундай деди: 24 «Тор эшикдан кириш учун жон куйдиринглар+. Зеро кўплар ундан киришга интилишади-ю, лекин кира олишмайди. 25 Ахир уй эгаси туриб, эшикни ёпиб олганда, сизлар эса ташқарида турганча, эшикни тақиллатиб: “Ҳазрат, эшикни очинг”+,— деганингизда, у бўлса: “Мен сизларни танимайман”,— дейди. 26 Ўшанда сизлар: “Ахир биз сиз билан бирга еб-ичгандик ва сиз катта кўчаларда бизга таълим бергандингиз-ку”+,— деб айтасизлар. 27 Бироқ у сизларга: “Мен сизларни танимайман. Кетинглар ёнимдан, эй ёвузлик қилувчилар!” — дейди. 28 Бобокалонимиз Иброҳим, Исҳоқ, Ёқуб ва барча пайғамбарлар Худонинг Шоҳлигида эканини кўриб, ўзларингиз эса ташқарига ҳайдалганингизда, йиғлаб, тишларингизни ғижирлатасизлар+. 29 Бундан ташқари, одамлар шарқу ғарбдан, шимолу жанубдан келиб, Худонинг Шоҳлигида дастурхон атрофида ёнбошлашади. 30 Биринчилар охирги, охиргилар эса биринчи бўлишади»+.
31 Шу пайтда Исонинг олдига баъзи фарзийлар келиб: «Бу ердан кетинг, чунки Ҳирод* сизни ўлдириш пайига тушди»,— дейишди. 32 Исо бўлса уларга шундай деди: «Бориб ўша тулкига айтиб қўйинглар: “Бугун ва эртага мен жинларни қувиб чиқариб, одамларга шифо бераман. Учинчи куни эса бу ишларни тугатаман”. 33 Лекин бугун, эртага ва индинга мен йўлда давом этишим керак. Сабаби, пайғамбар Қуддусдан ташқарида ўлдирилиши мумкин эмас+. 34 Эҳ Қуддус, Қуддус! Пайғамбарларни ўлдириб, олдингга юборилганларни тошбўрон қилувчи шаҳар!+ Товуқ жўжаларини қанотлари остига тўплаганидай, мен ҳам неча марта болаларингни тўпламоқчи бўлдим! Аммо сен хоҳламадинг+. 35 Мана шу сабабли бу маъбад* ҳувуллаб қолади+. Сизларга айтиб қўяй: “Яҳованинг* номидан келаётган муборак!”+ — деб айтмагунингизча, мени кўрмайсизлар».