Юҳанно баён этган хушхабар
10 «Ишонаверинг, кимки қўй қўрасига эшик орқали эмас, бошқа жойдан кирса, у ўғри ва босқинчи+. 2 Эшик орқали кирган эса чўпондир+. 3 Дарвозабон унга эшикни очиб беради+ ва қўйлар унинг овозига қулоқ солади+. У қўйларини номма-ном чақириб, ташқарига олиб чиқади. 4 Ташқарига олиб чиқаётиб, уларнинг олдида боради. Қўйлар ҳам унинг орқасидан эргашади, чунки улар уни овозидан танийди. 5 Улар бегонанинг кетидан бормайди, аксинча, ундан қочади, сабаби қўйлар бегоналарнинг овозини танимайди». 6 Исо уларга бу мисолни келтирганида, улар тушунишмади.
7 Шунинг учун Исо яна сўзида давом этди: «Ишонаверинг, мен қўйлар учун эшикман+. 8 Қалбаки равишда менинг номимдан келганларнинг барчаси ўғри ва босқинчидир. Аммо қўйлар уларга қулоқ солмайди. 9 Мен эшикман. Мен орқали кирган, қутқарилади. У киради, чиқади ва яйлов ҳам топади+. 10 Ўғри фақат ўғирлаш, ўлдириш ва йўқ қилиш учун келади+. Мен эса қўйлар яшаши, абадий ҳаётга эга бўлиши учун келдим. 11 Мен яхши чўпонман+. Яхши чўпон қўйлари учун ўз жонини* ҳам аямайди+. 12 Ёлланма ишчи чўпон бўлмагани ва қўйларнинг эгаси эмаслиги сабаб, бўри келаётганини кўрса уларни ташлаб қочиб кетади. Шунда бўри қўйларга ташланиб, уларни тумтарақай қилади. 13 Бу одам ёлланган бўлгани учун шундай қилади. У қўйларнинг ғамини емайди. 14 Мен яхши чўпонман. Мен қўйларимни, қўйларим эса мени танийди+. 15 Худди шундай Отам мени, мен эса Отамни биламан+. Мен қўйларим учун ўз жонимни* бағишлайман+.
16 Бу қўрадан бўлмаган бошқа қўйларим ҳам бор+. Уларни ҳам олиб келишим керак. Улар менинг овозимни эшитади ва бир сурув ҳамда бир чўпон бўлади+. 17 Отам мени севади+, негаки мен ўз жонимни* қайтариб олиш учун уни беряпман+. 18 Ҳеч ким жонимни мендан тортиб олаётгани йўқ, балки мен ўзим уни беряпман. Уни беришга ҳам, қайтариб олишга ҳам ҳуқуқим бор+. Отам менга шундай амр этган».
19 Бу сўзлар туфайли яҳудийларнинг орасида яна бўлиниш юзага келди+. 20 Улардан кўплари: «Бу одамни жин урган, у ақлдан озган. Нега уни тинглаяпсизлар?» — деб айтишарди. 21 Бошқалар эса: «Жин урганда, бунақа гапирмасди. Ахир жин кўрларнинг кўзларини оча олармиди?» — дейишарди.
22 Ўша вақтда Қуддусда Бағишлаш байрами* ўтказилаётган эди. Қиш фасли эди. 23 Исо маъбадда Сулаймон равоқида+ айланиб юрарди. 24 Шу пайт яҳудийлар уни ўраб олиб, унга шундай дея бошлашди: «Қачонгача бизга тўғрисини айтмай юрасан? Масиҳ бўлсанг, очиғини айт». 25 Исо уларга жавобан деди: «Мен сизларга айтдим, лекин сизлар ишонмаяпсизлар. Отам номидан содир этаётган ишларим мен ҳақимда шоҳидлик бермоқда+. 26 Аммо сизлар ишонмаяпсизлар, боиси менинг қўйларимдан эмассизлар+. 27 Қўйларим овозимга қулоқ солади. Мен уларни биламан ва улар орқамдан эргашяпти+. 28 Мен уларга абадий ҳаётни ато этаман+ ва улар асло ҳалок бўлмайди. Ҳеч ким уларни менинг қўлимдан тортиб ололмайди+. 29 Отам менга берган одамлар барча нарсадан аълороқдир. Отамнинг қўлидан уларни ҳеч ким ўғирлай олмайди+. 30 Мен билан Отам — бирмиз»+.
31 Сўнг айрим яҳудийлар уни яна тошбўрон қилмоқчи бўлишди. 32 Шунда Исо уларга деди: «Мен Отам номидан сизларга кўп эзгу ишларни кўрсатдим. Бу ишларнинг қайси бири учун мени тошбўрон қилмоқчисизлар?» 33 Улар эса: «Хайрли ишларинг учун эмас, Аллоҳни ҳақорат қилганинг учун тошбўрон қилмоқчимиз+. Сен оддий инсон бўла туриб, ўзингни худо қилиб кўрсатяпсан-ку»,— дейишди. 34 Исо шундай жавоб қайтарди: «Ахир Қонунингизда: “Ўзим айтдим: сизлар худоларсиз*+”,— деб ёзилмаганми? 35 Модомики Аллоҳ, Ўз каломи орқали қоралаган кишиларни “худолар”+ деган экан ва Муқаддас Ёзувларни ман этиб бўлмас экан, 36 муқаддас қилиб дунёга юборилган мени, “Худонинг Ўғлиман”+ деганим учун “Аллоҳни ҳақоратлаяпсан” деяпсизларми? 37 Агар Отамнинг ишларини қилмаётган бўлсам, менга ишонманглар. 38 Агар Унинг ишларини қилаётган бўлсам, менга ишонмасангиз ҳам, бажараётган ишларимга ишонинг+. Шунда Отам мен билан, мен эса Отам билан бирликда+ эканимни билиб, тушуниб оласизлар». 39 Шундан сўнг улар яна Исони ушламоқчи бўлишди, аммо у улардан қочиб қутулди.
40 Кейин Исо Иордан дарёсининг нариги қирғоғига, илгари Яҳё халқни сувга чўмдирган жойга+ кетди ва ўша ерда қолди. 41 Унинг олдига кўп одамлар келиб: «Гарчи Яҳё бирорта мўъжиза қилмаган бўлса-да, унинг бу одам ҳақида айтган барча гаплари тўғри чиқди»+,— дейишарди. 42 Хуллас, ўша ерда кўплар унга ишонди.