Марк баён этган хушхабар
8 Ўша кунларда Исонинг ёнига яна катта халойиқ йиғилди. Уларнинг егани ҳеч нарсаси бўлмагани учун, Исо шогирдларини чақириб шундай деди: 2 «Халққа раҳмим келяпти+. Мана уч кундан бери мен билан юришибди-ю, егани ҳеч нарсалари йўқ+. 3 Агар уларни оч ҳолда жўнатсам, йўлда ҳолдан тойиб қолишади. Ахир баъзилари жуда узоқдан келишган-ку». 4 Шогирдлари бўлса унга: «Бу хилват жойда шунча кишини тўйдириш учун қаердан нон топамиз?» — дейишди. 5 Исо: «Нечта нонингиз бор?» — деб сўради. Улар: «Еттита»,— деб жавоб беришди+. 6 Сўнг Исо халойиққа ерга ёнбошлашни буюрди-да, еттита нонни олиб, шукрона дуосини айтди. Кейин уни синдириб, шогирдларига берди, шогирдлари эса халойиққа тарқатишди+. 7 Уларда бир нечта балиқча ҳам бор эди. Исо шукрона дуосини айтди-да, уларни ҳам тарқатишсин деб шогирдларига берди. 8 Улар еб тўйишди, қолган бурдаларни йиғиб олишганда, еттита катта сават тўлди+. 9 У ерда тахминан 4 000 та эркак киши бор эди. Шундан сўнг Исо уларга рухсат берди.
10 Исо дарҳол шогирдлари билан бирга қайиққа ўтирди-да, Далманута атрофидаги ерларга сузиб келди+. 11 У ерда Исонинг ёнига фарзийлар келиб, у билан баҳслаша бошлашди ва уни синамоқчи бўлиб, осмондан бирор аломат кўрсатишини сўрашди+. 12 Исо бўлса чуқур хўрсиниб: «Нега бу насл аломат изларкан-а?+ Ишонаверинг, бу наслга ҳеч қандай аломат кўрсатилмайди»+,— деди. 13 Шундай қилиб, Исо яна қайиққа ўтирди-да, нариги қирғоққа сузиб ўтди.
14 Исонинг шогирдлари ўзлари билан нон олишни унутишибди. Қайиқда битта нондан бошқа ҳеч қандай егулик йўқ эди+. 15 Исо уларни шундай деб қатъий огоҳлантирди: «Қаранглар, фарзийларнинг ва Ҳироднинг хамиртурушидан эҳтиёт бўлинглар»+. 16 Улар эса нон олишмагани ҳақида ўзаро баҳслашиб кетишди. 17 Буни билиб қолгач, Исо уларга деди: «Нимага нонимиз йўқ, деб баҳслашяпсизлар? Ҳалиям англаб етмадингизларми? Ёки қалбларингиз фаҳмлай олмаяптими? 18 “Кўзларингиз бор-у, кўрмаяпсизлар-а?! Қулоқларингиз бор-у, эшитмаяпсизлар-а?!” Эсингиздами, 19 бешта нонни+ 5 000 та эркакка бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олган эдингиз?» Улар: «12 та»+,— дея жавоб беришди. 20 «Еттита нонни 4 000 та эркакка бўлиб берганимда, бурдаларидан нечта сават териб олган эдингиз?» Улар: «Еттита»+,— деб жавоб беришди. 21 Шунда Исо уларга: «Ҳалиям бунинг маъносини тушунмадингизми?» — деди.
22 Улар Байтсайдага етиб келишганида, одамлар Исонинг олдига кўр кишини келтириб, уни соғайтиришини ўтиниб сўрашди+. 23 Исо кўр кишининг қўлидан ушлаб, қишлоқ ташқарисига олиб чиқди ва кўзларига тупуриб+, устига қўлларини қўйди-да: «Бирор нарсани кўряпсизми?» — дея сўради. 24 У эса бошини кўтариб, шундай деди: «Одамларни кўряпман, бироқ улар юраётган дарахтларга ўхшаяпти». 25 Кейин Исо яна қўлларини ўша кишининг кўзларига қўйди ва у аниқ кўра бошлади. Унинг кўриш қобилияти тикланиб, ҳамма нарсани тиниқ кўрадиган бўлди. 26 Исо уни уйига юбораётиб: «Фақат қишлоққа қайтиб борманг»,— деди.
27 Исо шогирдлари билан у ердан жўнаб, Филип Кесарияси қишлоқларига етиб келди. Йўл-йўлакай, у шогирдларидан сўради: «Одамлар мени ким деб ҳисоблашяпти?»+ 28 Улар жавоб бериб айтишди: «Кимдир халқни сувга чўмдириб юрган Яҳё+, кимдир Илёс+, яна кимдир бошқа пайғамбарлардан бири дейди». 29 Шунда Исо: «Сизлар-чи, мени ким деб ўйлайсизлар?» — деб сўради. Бутрус жавоб бериб: «Сиз Масиҳсиз»+,— деди. 30 Исо шогирдларига ўзи ҳақида ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди+. 31 Шунингдек, у Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва оқсоқоллар, бош руҳонийлар ҳамда уламолар томонидан рад этилиб, ўлдирилиши+, учинчи куни эса тирилиши+ тўғрисида уларга тушунтира бошлади. 32 Исо бу сўзларни очиқдан-очиқ айтар эди. Бутрус эса уни четга тортиб, таъна қила бошлади+. 33 Аммо Исо ўгирилиб, шогирдларига қаради-да, Бутрусга таъна қилди: «Йўқол кўзимдан, Шайтон! Сен Худо каби эмас, инсонлардай фикр юритяпсан»+.
34 Сўнг Исо халойиқни ва шогирдларини ёнига чақириб, қуйидагиларни айтди: «Кимки менинг ортимдан юришни истаса, ўзидан кечсин ва ўзининг азоб устунини* кўтариб, менга эргашиб юрсин+. 35 Агар кимдир ўз жонини* сақламоқчи бўлса, ундан маҳрум бўлади. Аммо мени ва хушхабарни деб жонидан маҳрум бўлса, уни сақлаб қолади+. 36 Чиндан ҳам, инсон бутун дунёга эгалик қилса-ю, ўз жонини йўқотса, бундан унга не фойда?+ 37 Ўз жони эвазига инсон нима ҳам бера оларди?+ 38 Кимки бу бевафо ва гуноҳкор насл орасида мендан ҳамда сўзларимдан уялса, Инсон Ўғли ҳам Отасининг улуғворлигида муқаддас фаришталар билан келганда+, ўша кишидан уялади»+.