Ибтидо
22 Шундан сўнг, ҳақ Тангри Иброҳимнинг имони қанчалик кучли эканини синаб кўрмоқчи бўлди+. У: «Иброҳим!» — деб чақирди. Иброҳим: «Лаббай!» — дея жавоб берди. 2 Худо унга: «Суюкли ёлғиз ўғлинг+ Исҳоқни+ олгин-да, Мориёх+ юртига бориб, Мен сенга кўрсатадиган тоғда уни қурбонликка* келтир»,— деди.
3 Иброҳим саҳарлаб турди-да, эшагини эгарлаб, ўзи билан иккита хизматкорини ва ўғли Исҳоқни олди. Шунингдек, куйдириладиган қурбонлик учун ўтин ҳам майдалаб олди. Сўнг улар ҳақ Тангри айтган жойга равона бўлишди. 4 Учинчи куни Иброҳим бошини кўтариб, узоқдан ўша жойни кўрди. 5 Шунда Иброҳим хизматкорларига: «Сизлар эшакни олиб, шу ерда кутиб туринглар. Мен эса ўғлим билан ўша ерга бориб, Худога сажда қилиб, қайтамиз»,— деб айтди.
6 Иброҳим куйдириладиган қурбонлик учун ўтинларни олиб, Исҳоқнинг елкасига юклади, ўзи эса чўғ* билан пичоқни олди. Сўнг иккаласи жўнаб кетишди. 7 Исҳоқ отаси Иброҳимга: «Отажон»,— деди. У: «Ҳа, ўғлим!» — дея жавоб берди. Шунда Исҳоқ: «Чўғ билан ўтинни олдик, куйдириладиган қурбонлик учун қўй қаерда?» — деб сўради. 8 Иброҳим: «Куйдириладиган қурбонлик учун қўйни Аллоҳнинг Ўзи етказади+, ўғлим»,— деди ва улар йўл юришда давом этишди.
9 Ниҳоят улар ҳақ Тангри кўрсатган жойга етиб келишди. Иброҳим у ерда қурбонгоҳ қуриб, устига ўтинларни қўйди-да, ўғли Исҳоқнинг оёқ-қўлларини боғлаб, ўтинларнинг устига ётқизди+. 10 Иброҳим қўлига пичоқни олиб, энди ўғлини бўғизламоқчи бўлиб турганида+, 11 осмондан Яҳованинг фариштаси: «Иброҳим, Иброҳим!» — деб чақирди. Иброҳим: «Лаббай!» — деб жавоб қайтарди. 12 Фаришта: «Болага зиён етказма, унга тегма. Энди Мен худотарс эканингни билдим, чунки сен ўз ўғлингни, ягона фарзандингни Мендан аямадинг»+,— деди. 13 Иброҳим бошини кўтариб, сал нарида шохлари чакалакка ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Шунда Иброҳим бориб, қўчқорни олди-да, ўғлининг ўрнига куйдириб қурбон қилди. 14 Иброҳим ўша ерни Яҳова-Йире* деб атади. Айнан шу сабабли ҳозиргача: «Яҳованинг тоғида берилади»+,— деб айтилади.
15 Яҳованинг фариштаси осмондан Иброҳимга иккинчи маротаба мурожаат қилиб, 16 шундай деди: «Ўз исмим ҳаққи қасам ичиб айтаманки,— дейди Яҳова+,— сен шундай қилганинг, ўз ўғлингни, ягона фарзандингни Мендан аямаганинг учун+, 17 сени баракали қилиб, зурриётингни* осмондаги юлдузлардай ва денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтираман+. Сенинг зурриётинг душманларининг дарвозасини* эгаллаб олади+. 18 Сенинг зурриётинг+ орқали ер юзидаги барча халқлар барака топади, чунки сен Менинг айтганларимга қулоқ солдинг»+.
19 Бундан кейин Иброҳим хизматкорларининг ёнига қайтди ва улар биргаликда Бэршэвага+ жўнашди. Шундай қилиб, Иброҳим Бэршэвада яшаб юрди.
20 Бир мунча вақтдан сўнг, Иброҳимга шундай хабар келди: «Аканг Нахўрга хотини Милхо ўғиллар туғиб берди+. 21 Унинг тўнғичи Уз, иккинчиси Буз, Камувол (у Оромнинг отаси), 22 Хосит, Хазо, Пилдаш, Йидлаф ва Батувал»+. 23 Батувалдан Ривқо туғилди+. Шу саккизта ўғилни, Иброҳимнинг акаси Нахўрга хотини Милхо туғиб берди. 24 Нахўрнинг шунингдек Равумо исмли чўриси бор эди. У Тавах, Гахам, Тахаш ва Махо исмли ўғилларни туғиб берди.