Коринфликларга йўлланган иккинчи мактуб
6 Худо билан бирга меҳнат қилар эканмиз+, Унинг иноятини қабул қилиб, бу иноят нима мақсадда кўрсатилганини назардан четда қолдирмасликни сизлардан илтимос қиламиз+. 2 Зеро Аллоҳ шундай демоқда: «Мақбул вақтда сенга жавоб бердим, нажот куни сенга кўмаклашдим»+. Мана, айни мақбул вақт келди! Мана, нажот куни келди!
3 Хизматимиз нуқсонсиз бўлиши учун, бирор нарсада бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмаяпмиз+. 4 Аксинча, ҳар тарафлама ўзимизни Аллоҳнинг хизматчилари сифатида тавсия этяпмиз+. Буни кўп синовларга чидашда, ғам-қайғуларда, муҳтожликда, қийинчиликларда+, 5 калтакланганда, қамоқхоналарда+, тартибсизликларда, заҳматларда, уйқусиз тунларда, овқатсиз қолган вақтларда+, 6 шунингдек, покликда, билимда, сабр-тоқатда+, меҳрибонликда+, муқаддас руҳда, иккиюзламачиликдан холи севгида+, 7 ростгўйликда, Худонинг қудратида+, ўнг ва чап қўлимизда одиллик қуролларини+ тутган ҳолда*, 8 шарафланганда ва шармандаликда, ёмонотлиқ бўлганда ва яхши ном қозонганда, ҳақиқатгўй бўла туриб ёлғончи ҳисобланганимизда, 9 нотанишдай кўринсак ҳам таниш бўлганимизда, ўлаётгандай туюлсак-да, тирик юрганимиз билан+, гўё жазоланаётгандай бўлсак-да, ўлимга топширилмаганимиз билан+, 10 қайғули кўринсак-да, доимо қувониб юрганимиз билан, камбағал ҳисоблансак ҳам, кўпларни бойитаётганимиз билан, ҳеч нарсамиз йўқдек туюлса-да, ҳамма нарсага эга эканимиз билан кўрсатяпмиз+.
11 Эй коринфликлар, биз сизларга очиқчасига гапирдик, бағримизни кенг очдик. 12 Биз меҳрингиздан воз кечмаяпмиз+, балки сизлар ўз меҳрингизни биздан дариғ тутяпсизлар. 13 Сизларни болаларимдай кўриб гапиряпман: сизлар ҳам шундай йўл тутиб, бағрингизни кенг қилинглар+.
14 Имондош бўлмаганлар билан битта бўйинтуруққа* қўшилманглар+. Ахир одиллик билан қонунсизлик ўртасида қандай умумийлик бор?+ Ёки нур билан қоронғилик ўртасида қандай алоқа бўлиши мумкин?+ 15 Бундан ташқари, Масиҳ билан Шайтон* ўртасида қандай бирлик бўла олади?+ Ёки Ҳазратимизга ишонган киши билан унга ишонмайдиган одам орасида қандай шериклик бўлиши мумкин?+ 16 Шунингдек, Аллоҳнинг маъбади билан бутлар ўртасида қандай келишув бўла олади?+ Биз эса барҳаёт Худонинг маъбадимиз+. Унинг Ўзи шундай деган: «Мен уларнинг орасида яшаб+, ўрталарида юраман. Мен уларнинг Худоси, улар эса Менинг халқим бўлишади»+. 17 «“Шу боис, уларнинг орасидан чиқинглар, улардан айрилиб кетинглар,— демоқда Яҳова*,— ва бундан буён нопокка қўл теккизманглар”+; “шунда Мен сизларни қабул қиламан”+. 18 “Мен сизларга Ота бўламан+, сизлар эса Менга ўғиллару қизлар бўласизлар”+,— демоқда Қодир Тангри Яҳова*».