8- БОБ
Яҳованинг халқи пок бўлиши лозим
Пок одамга поклигингни... кўрсатасан. ЗАБУР 18:26
1–3. a) Нима учун она ўғилчасининг тоза юришига жон куйдиради? б) Нега Яҳова Унинг халқи пок бўлишини истайди?
ТАССАВУР ҚИЛИНГ, меҳрибон она ўғилчасини мактабга жўнатяпти. У боласини чўмилтириб, тоза ва ораста кийинтириб қўйган. Бу боланинг соғлом бўлишига ҳисса қўшиб, ота-онаси унга яхши ғамхўрлик қилаётганини кўрсатиб туради.
2 Самовий Отамиз Яҳова пок ва тоза бўлишимизни истайди. (Забур 18:26) Чунки поклик бизга фойда келтиришини У билади. Қолаверса, пок бўлсак, Унга шараф келтирамиз. (Ҳизқиё 36:22; 1 Бутрус 2:12 ни ўқинг.)
3 Пок бўлиш нимани англатади? Нега покликни сақлаш фойдамизга хизмат қилади? Бу саволларни кўриб чиқаётиб, ўзимиз ниманинг устида ишлашимиз кераклигини билиб оламиз.
НИМА УЧУН ПОК БЎЛИШИМИЗ ЛОЗИМ?
4, 5. a) Нима учун пок бўлишимиз лозим? б) Яҳованинг ижодларидан Унинг тозаликка бўлган нуқтаи назари ҳақида нимани билиб олишимиз мумкин?
4 Пок бўлиш нима эканини Яҳовадан ўргансак бўлади. (Левилар 11:44, 45) Биз биринчи навбатда «Аллоҳга тақлид қилишни» истаганимиз учун пок бўлишга интиламиз. (Эфесликларга 5:1)
5 Яҳованинг ижодларидан Унинг тозаликка бўлган нуқтаи назарини англашимиз мумкин. Яҳова табиат жараёнларини яратгани туфайли тоза ҳаво ва сувга эгамиз. (Еремиё 10:12) Ҳатто инсонлар ерни ифлос қилишса ҳам, унинг ўз-ўзини турли йўллар билан қайта тиклаш хусусияти ҳақида бир ўйлаб кўринг. Масалан, Яҳова фақат микроскопда кўриш мумкин бўлган миттигина микробларни яратган. Бу микроблар заҳарли чиқиндиларни зарарсизлантиради. Бу жуда мураккаб жараён. Олимлар ифлосланган атроф-муҳитни қайта тиклаш мақсадида баъзи микроблардан фойдаланишади. (Римликларга 1:20)
6, 7. Қандай қилиб Тавротдан Яҳованинг топинувчилари тозаликка амал қилиши муҳимлигини кўрса бўлади?
6 Яҳова Мусо орқали Исроил халқига берган Тавротдан тозаликка амал қилиш қанчалик муҳим эканини кўрсак бўлади. Масалан, Яҳова халқининг топинишини қабул қилиши учун улар жисмоний покликни сақлаши шарт эди. Гуноҳни ювиш куни олий руҳоний икки марта чўмилиши керак эди. (Левилар 16:4, 23, 24) Қолаверса, ҳайвонларни қурбонликка келтиришдан олдин бошқа руҳонийлардан ҳам оёқ-қўлларини ювиш кутиларди. (Чиқиш 30:17–21; 2 Солномалар 4:6) Айрим вазиятларда поклик ҳақидаги қонунга амал қилмаган инсон ўлимга маҳкум этилган. (Левилар 15:31; Саҳрода 19:17–20)
7 Бугунги кунда-чи? Тавротдан Яҳованинг меъёрлари ҳақида кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин. (Малаки 3:6) Бу китобдан Яҳованинг топинувчилари покликни сақлаши муҳим бўлгани кўриниб турибди. Яҳованинг меъёрлари ўзгармаган. Ҳозир ҳам У Ўзининг топинувчиларидан тоза ва пок бўлишни кутади. (Ёқуб 1:27)
ПОК БЎЛИШ НИМАНИ АНГЛАТАДИ?
8. Қайси соҳаларда пок бўлишимиз шарт?
8 Яҳованинг назарида пок бўлиш баданимиз, кийимимиз ҳамда уйимизни тоза сақлашдан кўра кўпроқ нарсани ўз ичига олади. Поклик ҳаётимизнинг барча соҳаларига тегишли. Топинишимиз, хулқ-атворимиз ва фикрлаш тарзимиз шулар жумласидан. Ҳа, Яҳова бизни пок деб билиши учун ҳаётимизнинг барча соҳаларида тоза ва пок бўлишимиз шарт.
9, 10. Топинишимизда покликни сақлаш нимани англатади?
9 Пок топиниш. Сохта дин билан ҳеч қандай алоқамиз бўлмаслиги керак. Исроил халқи Бобил қуллигида бўлганида, ахлоқсиз ва бутпараст инсонлар орасида яшаган. Ишаё пайғамбар исроилликлар она юртига қайтиб, пок топинишни тиклаши ҳақида башорат қилган эди. Яҳова уларга: «У ерни тарк этинг, ҳаром нарсага тегманг. Унинг орасидан чиқиб, ўзингизни пок сақланг»,— деб айтган. Уларнинг Худога бўлган топиниши Бобилдаги сохта динга алоқадор таълимотлар, одатлар ва удумлар билан булғанмаслиги керак эди. (Ишаё 52:11)
10 Бугунги кунда ҳам Худонинг хизматчилари сохта динга аралашиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари керак. (1 Коринфликларга 10:21 ни ўқинг.) Бутун дунёда аксарият урф-одатлар ва эътиқодлар сохта дин таълимотларидан келиб чиққан. Мисол учун, кўп маданиятларда одам ўлганидан сўнг унинг жони ёки руҳи яшашни давом эттиришига ишонишади ва кўпгина удумлар мана шу эътиқодга асосланган. (Воиз 9:5, 6, 10) Масиҳийлар бундай урф-одатлардан қочишлари лозим. Эҳтимол, оила аъзоларимиз бу каби урф-одатларда иштирок этишимиз учун босим ўтказар. Аммо Яҳованинг назарида пок бўлишни истаганимиз сабабли таслим бўлмаймиз. (Ҳаворийлар 5:29)
11. Хулқ-атворимизда покликни сақлаш нимани билдиради?
11 Пок хулқ-атвор. Яҳова бизни пок деб билиши учун жинсий ахлоқсизликнинг ҳар қандай туридан қочишимиз керак. (Эфесликларга 5:5 ни ўқинг.) Муқаддас Китобда Яҳова бизга: «Зинодан қочинглар!» — демоқда. У ахлоқсиз ҳамда тавба қилмаётган одамлар «Худонинг Шоҳлигини мерос қилиб олмаслиги» ҳақида аниқ айтган. (1 Коринфликларга 6:9, 10, 18; 22- иловага қаранг.)
12, 13. Нега ўй-фикрларимизда покликни сақлашимиз керак?
12 Пок ўй-фикрлар. Кўпинча фикрлар хатти-ҳаракатга ундайди. (Матто 5:28; 15:18, 19) Пок фикрлар пок ишларга туртки бўлади. Албатта, номукаммал бўлганимиз учун вақти-вақти билан ёмон хаёллар келиб туради. Шундай пайтда бу каби фикрлардан ўша заҳоти халос бўлишимиз керак. Акс ҳолда, вақт ўтиб пок қалбимиз булғаниб қолиши ҳеч гап эмас. Ахир ўйлаб юрган нарсамизни қилиш истаги пайдо бўлиши мумкин. Шундай экан, онгимизни пок фикрлар билан тўлдиришимиз зарур. (Филиппиликларга 4:8 ни ўқинг.) Қолаверса, ахлоқсиз ва зўравон ўйин-кулгилар сингари нарсалардан қочамиз. Нимани ўқиётганимизга, томоша қилаётганимизга ҳамда нима ҳақда гапираётганимизга диққатли бўламиз. (Забур 19:8, 9)
13 Худонинг меҳр-муҳаббатида қолиш учун топинишимизда, хулқ-атворимизда ҳамда ўй-фикримизда покликни сақлашимиз лозим. Аммо Яҳова учун жисмонан пок бўлишимиз ҳам жуда муҳим.
ҚАЙ ЙЎСИН ЖИСМОНАН ПОК БЎЛА ОЛАМИЗ?
14. Нима учун жисмонан пок бўлишимиз муҳим?
14 Баданимиз ҳамда яшаётган жойимизни тоза-озода сақласак, бундан нафақат биз, балки бошқалар ҳам фойда кўради. Шунда ўзимизни яхши ҳис қиламиз ва бошқаларга ҳам ёнимизда бўлиш ёқади. Аммо жисмонан пок бўлишимизнинг янада муҳимроқ сабаби бор. Бу Яҳовага шараф келтиради. Бир ўйлаб кўринг: агар доим кир-чир юрадиган болани кўрсангиз, ота-онаси ҳақида ёмон фикрга бормайсизми?! Шу сингари, ўзимизга қараб тоза-озода юрмасак, атрофдаги одамлар Яҳова ҳақида нотўғри фикрга боришади. Павлус шундай деган: «Хизматимиз нуқсонсиз бўлиши учун, бирор нарсада бошқаларнинг қоқинишига сабабчи бўлмаяпмиз. Аксинча, ҳар тарафлама ўзимизни Аллоҳнинг хизматчилари сифатида тавсия этяпмиз». (2 Коринфликларга 6:3, 4)
15, 16. Қандай қилиб жисмоний покликни сақласак бўлади?
15 Баданимиз ва кийимимиз. Тозаликка риоя қилиш кундалик ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиши лозим. Мисол учун, биз имкон қадар ҳар куни чўмиламиз. Қўлимизни, айниқса, овқат пишириш ёки тановул қилишдан олдин совун билан ювамиз. Ҳожатхонага боргандан сўнг ёки кир нарсани ушлагандан кейин қўлимизни ювишни айтмаса ҳам бўлади. Қўл ювиш оддий нарсадек кўринса-да, бактерия ва касаллик тарқалишининг олдини олишда жуда муҳим. Бу ҳатто ҳаётни сақлаб қолиши мумкин. Борди-ю, ҳожатхона ёки канализациямиз бўлмаса, нажасни йўқ қилишнинг бошқа самарали йўлини топишимиз керак. Қадимги исроилликларда канализация бўлмагани учун улар нажасини одамлар яшайдиган жойдан ва сув ҳавзаларидан узоқроқда кўмишган. (Қонунлар 23:12, 13)
16 Кийимимиз қимматбаҳо ёки сўнгги урфдаги эмас, тоза ва озода бўлиши муҳим. (1 Тимўтийга 2:9, 10 ни ўқинг.) Биз ташқи кўринишимиз билан доим Яҳовага шараф келтиришни истаймиз. (Титусга 2:10)
17. Нима учун уй ва буюмларимизни тоза ҳолатда сақлашни истаймиз?
17 Уйимиз ва буюмларимиз. Қаерда яшашимиздан қатъи назар, уйимизни тоза сақлашимиз лозим. Шунингдек, автомобиль, мотоцикл, велосипед ёки бошқа транспорт воситаларимиз тоза бўлиши керак. Айниқса, йиғилишларга ёки ваъзгўйликка борганда бунга диққатли бўламиз. Боз устига, ваъзгўйликда одамларга ер юзида тоза ва гўзал жаннат бўлиши ҳақида гапирамиз. (Луқо 23:43; Ваҳий 11:18) Уй ва буюмларимизнинг ҳолати ҳозирданоқ янги дунёда яшашга тайёрланаётганимизни кўрсатади.
18. Нега топиниш жойимизни тоза ҳолатда сақлашни истаймиз?
18 Топиниш жойимиз. Йиғилиш ўтказадиган жойимизни, жумладан, Йиғилиш зали ёки Анжуман залимизни тоза ҳолатда сақласак, поклик биз учун муҳим эканини кўрсатамиз. Биринчи марта Йиғилиш залига келган инсонлар авваламбор унинг тозалигига эътибор беради. Бу эса Яҳовага шараф келтиради. Жамоат аъзолари эканмиз, Йиғилиш залимизни тоза ҳамда яхши таъмирланган ҳолатда сақлашга ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қиламиз. (2 Солномалар 34:10)
НОПОК ОДАТЛАРДАН ҚУТУЛИНГ
19. Нималардан қочишимиз керак?
19 Тўғри, Муқаддас Китобда қочишимиз керак бўлган барча ёмон одатлар санаб ўтилмаган. Лекин унда бу каби одатларга нисбатан Яҳованинг нуқтаи назарини тушунишга кўмаклашувчи принциплар бор. Худо тамаки, нос ва чилим чекишимизни, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилишимизни ёки гиёҳванд моддаларни қабул қилишимизни истамайди. Агар Худонинг дўсти бўлишни хоҳласак, бу одатлардан қочамиз. Нима учун? Чунки биз ҳаёт инъомини қадрлаймиз. Бундай одатлар умримизни қисқартиради, соғлигимизга ва атрофдагиларга зиён келтиради. Кўп одамлар соғлиги учун бу каби ёмон одатлардан қутулишга ҳаракат қилади. Лекин Яҳованинг дўстлари сифатида биз учун асосий сабаб — бу Худога бўлган севги. Бир аёл шундай фикр билдирди: «Яҳованинг мадади билан ёмон одатларимдан қутулиб, ҳаётимни тартибга солдим... Менимча, ўз кучим билан бундай ўзгаришларни қила олмасдим». Келинг, бу зарарли одатлардан қутулишга кўмаклашувчи Муқаддас Китобдаги бешта принципни кўриб чиқайлик.
20, 21. Яҳова қандай одатлардан қутулишимизни хоҳлайди?
20 «Бизларга шундай ваъдалар берилган экан, келинглар, тана ва руҳиятимизни булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклаб, Худодан қўрқиб, муқаддаслигимизни камолотга етказайлик». (2 Коринфликларга 7:1) Яҳова онгимиз ёки баданимизга зиён келтирадиган нопок одатлардан қутулишимизни хоҳлайди.
21 «Булғайдиган ҳар қандай нарсадан ўзимизни поклашга» 2 Коринфликларга 6:17, 18 даги сўзлар кучли туртки бўла олади. Яҳова бизга: «Бундан буён нопокка қўл теккизманглар»,— демоқда. Сўнг У мана бундай ваъда беряпти: «Шунда Мен сизларни қабул қиламан. Мен сизларга Ота бўламан, сизлар эса Менга ўғиллару қизлар бўласизлар». Чиндан ҳам, Яҳованинг назарида бизни нопок қилувчи ҳар қандай нарсадан қочсак, У боласини яхши кўрадиган ота сингари бизни севади.
22–25. Муқаддас Китобдаги қайси принциплар нопок одатлардан қочишга ёрдам беради?
22 «Тангрингиз Яҳовани бутун қалбингиз, бутун жонингиз ва бутун онгингиз билан севинг». (Матто 22:37) Бу энг муҳим амр ҳисобланади. (Матто 22:38) Яҳова Уни чин дилдан севишимизга лойиқ. Агар ҳаётимизни қисқартирадиган ёки онгимизни заҳарлайдиган ишларни қилсак, қанақасига Уни чин дилдан севамиз дея оламиз? Шундай экан, ишларимиз билан У бизга берган ҳаёт инъомини қадрлаётганимизни кўрсатишимиз лозим.
23 «[Яҳова] ҳаммага ҳаёт, нафас ва барча нарсани бериб келмоқда». (Ҳаворийлар 17:24, 25) Мабодо дўстингиз сизга ажойиб совға берса, уни ташлаб ёки йўқ қилиб юборган бўлармидингиз? Ҳаёт ҳам Яҳованинг ажойиб бир совғасидир. Биз бу совғани жуда қадрлаймиз. Шундай экан, ҳаётимиздан Худони улуғлаш мақсадида фойдаланишни истаймиз. (Забур 36:9)
24 «Яқинингизни ўзингизни севгандай севинг». (Матто 22:39) Нопок одатлар нафақат ўзимизга, балки атрофдагиларга, кўпинча биз севган инсонларга зарар келтиради. Масалан, кашанда билан битта уйда яшайдиган инсон тамаки тутунидан нафас олиш оқибатида жиддий касалликларга дучор бўлиши мумкин. Аммо бундай одатлардан қутулсак, яқинларимизни севишимизни кўрсатамиз. (1 Юҳанно 4:20, 21)
25 «Уларга шуларни эслатиб тургин: улар ҳукумату ҳокимиятларга итоат қилиб, бўйсунишсин». (Титусга 3:1) Аксарият мамлакатларда гиёҳванд моддаларни сақлаш ва қабул қилиш қонунга хилоф. Модомики Яҳова ҳукуматга ҳурмат кўрсатишни амр этган экан, биз бундай қонунларга бўйсунамиз. (Римликларга 13:1)
26. a) Яҳова топинишимизни қабул қилиши учун биздан нима кутилади? б) Нега Худонинг назарида пок қолиш энг тўғри ҳаёт йўли?
26 Яҳованинг дўсти бўлишни хоҳласак, эҳтимол, ҳаётимизда баъзи ўзгаришлар қилишимизга тўғри келаётгандир. Агар шундай бўлса, ҳозирданоқ бошланг. Ҳа, нопок одатдан қутулиш доим ҳам осон эмас, лекин уддасидан чиқса бўлади! Яҳова бизга ёрдам беришни ваъда қилмоқда. У шундай демоқда: «Мен Яҳова, сенинг Худойингман, сенинг манфаатингни кўзлаб таълим бераман, юришинг керак бўлган йўлдан етаклайман». (Ишаё 48:17) Пок ва тоза бўлишга жон куйдириб, шак-шубҳасизки Худойимизга шараф келтирамиз.