131- БОБ
Беайб шоҳ устунда азоб чекади
МАТТО 27:33–44 МАРК 15:22–32 ЛУҚО 23:32–43 ЮҲАННО 19:17–24
ИСОНИ АЗОБ УСТУНИГА МИХЛАШАДИ
ОДАМЛАР ИСОНИНГ БОШИ ТЕПАСИДАГИ ЁЗУВНИ ЎҚИБ КУЛИШАДИ
ЕР ЮЗИДАГИ ЖАННАТДА ЯШАШ УМИДИ
Исони шаҳардан унча узоқ бўлмаган жойга олиб келишади. Бу ерда уни ва яна иккита қароқчини қатл қилишлари лозим. «Узоқдан» кўриниб турган бу жой эса Гўлгота, яъни Бошсуяги деб номланади. (Марк 15:40)
Қатл қилинишга маҳкум этилган учта кишининг устки кийимини ечишади. Кейин уларга кишини карахт қиладиган мирра ва аллақандай аччиқ нарса билан аралаштирилган шароб беришади. Бу оғриқсизлантирадиган ичимликни Қуддус аёллари тайёрлашгандир ва римликлар уни ўлимга маҳкум этилганларга беришни ман этишмайди. Исо бу шаробни татиб кўради, лекин ундан ичмайди. Нега дейсизми? Сабаби, бундай даҳшатли синов пайтида Исо ҳис-туйғулари заррача бўлса-да ўтмаслашиб қолишини хоҳламайди. У ҳушида бўлиб, охиригача содиқ қолмоқчи.
Исони устунга чўзилиб ётишга мажбурлашади. (Марк 15:25) Аскарлар қўлларию оёқларига михлар қоқишганида, улар танасининг тўқималарига тешиб кириб ниҳоятда кучли оғриқни келтириб чиқаради. Устунни кўтаришганида эса, оғриқ чидаб бўлмас даражада кучаяди, чунки баданнинг оғирлигидан михлар яраларни йиртиб юборади. Лекин Исо аскарларни койимайди. У шундай деб ибодат қилади: «Отажон, буларни кечир, чунки улар нима қилишаётганини билишмайди». (Луқо 23:34)
Одатда римликлар ҳукм қилинган жиноятчининг айбини кўрсатувчи лавҳани устунга осиб қўйишарди. Пилат: «Носиралик Исо, яҳудийларнинг шоҳидир»,— деган ёзувни осиб қўйишни буюради. Ҳамма ўқий олиши учун бу сўзлар яҳудий, лотин ва юнон тилларида ёзилади. Шу тариқа, Пилат Исони қатл этишни талаб қилган яҳудийлардан нафратланаётганини кўрсатади. Норози бош руҳонийлар бунга қарши чиқиб: «“Яҳудийларнинг шоҳи”, эмас, балки ўзи айтганидек, “Мен яҳудийларнинг шоҳиман”, деб ёзиб қўйинг»,— дейишади. Пилат эса бу сафар ҳам унга нима қилишни уқтиришларини истамай: «Нима ёзган бўлсам, шу»,— деб жавоб қайтаради. (Юҳанно 19:19–22)
Қони қайнаган руҳонийлар бундан сал аввал Олий Кенгашда сохта гувоҳлик берганларнинг сўзларини такрорлашади. Ўтган-кетганлар бошларини чайқаганча, Исони масхара қилиб дейишади: «Ҳой, маъбадни бузиб уч кун ичида тиклайдиган, ўзингни ўзинг қутқар-чи! Қани, азоб устунидан туш-чи!» Шунга ўхшаб, бош руҳонийлар билан уламолар ўзаро қуйидагича айтишади: «Қани, Исроилнинг шоҳи Масиҳ азоб устунидан тушиб кўрсин-чи, шунда биз унга ишонамиз». (Марк 15:29–32) Ҳатто Исонинг чап ва ўнг томонидаги қароқчилар ҳам уни ҳақоратлашади. Аслини олганда эса ёлғиз Исо ҳеч нарсада айбдор эмас.
Тўртта Рим аскари ҳам Исони мазах қилади. Эҳтимол, улар нордон шаробни ичиб, уни ҳақоратомуз тарзда Исога узатишади, аммо унга ичишга имкон беришмайди. Римликлар Исонинг боши тепасида осилган ёзувни ўқиб: «Агар яҳудийларнинг подшоҳи бўлсанг, ўзингни қутқар»,— деб айтишади. (Луқо 23:36, 37) Бир ўйлаб кўринг! Йўл, ҳақиқат ва ҳаёт бўлган инсон ноҳақларча хўрланади ва масхара қилинади. Яҳудийлар унга нафрат билан қарашади, аскарлар ва устунга михланган жиноятчилар унинг устидан кулишади. Аммо Исо буларнинг барчасига матонат ила чидаб, ҳеч кимни ҳақорат қилмайди.
Исонинг устки кийимини олган тўртта аскар уни қисмларга бўлишди. Кимга қайси бўлаги тушишини аниқлаш учун улар қуръа ташлашди. Бироқ Исонинг ички кўйлаги юқори сифатли, «бошдан-оёқ чоксиз тўқима эди». Шунда улар ўзаро келишиб: «Келинглар, уни йиртмай қуръа ташлаймиз. Қани кимга тушаркин?» — дейишади. Шу йўсин, қуйидаги башорат амалга ошади: «Улар кийимларимни ўзаро бўлишиб олиб, либосим учун қуръа ташлади». (Юҳанно 19:23, 24; Забур 22:18)
Жиноятчилардан бири Исо ҳақиқатдан ҳам шоҳ эканини англай бошлайди. У шеригини койиб шундай дейди: «Ҳой, Худодан қўрқмайсанми? Ахир бундай жазога ўзинг ҳам маҳкум этилгансан-ку. Биз-ку қилмишимизга яраша адолатли ҳукм этилдик. У бўлса ҳеч қандай ёмонлик қилмаган». Кейин Исога ёлвориб: «Шоҳ бўлганингизда мени эсланг»,— деб айтади. (Луқо 23:40–42)
Исо унга: «Сизга ваъда бераман, сиз мен билан бирга Жаннатда бўласиз»,— деб айтади. (Луқо 23:43) Исо «Шоҳликда» эмас, «Жаннатда» деди. Бу ваъда у ҳаворийларига берган ваъдадан фарқ қилади. Зотан, Исо ҳаворийларига Шоҳликда у билан бирга тахтларга ўтиришни ваъда қилган. (Матто 19:28; Луқо 22:29, 30) Бу жиноятчи яҳудий Худонинг иродасига биноан Одамато, Момоҳаво ва уларнинг авлодлари яшаши керак бўлган ер юзидаги жаннат ҳақида эшитганга ўхшайди. Шундай қилиб, ҳаётдан кўз юмаётган бу қароқчи ҳам умидга эга бўлади.