Эстер
2 Бу воқеалардан сўнг, шоҳ Ахашвераш+ ғазабдан тушиб малика Ваштининг қилмишини+ ва унга қандай жазо тайинланганини+ эслади. 2 Шоҳ ҳузуридаги хизматкорлар шундай дейишди: «Шоҳимиз учун ёш ва гўзал қизлар қидирилсин. 3 Шоҳ ҳазратлари шоҳлигидаги барча вилоятларда одамларни тайинласинлар+. Улар Суза қалъасидаги ҳарамга гўзал ва бокира қизларни келтиришсин. Уларни аёллар қўриқчиси бўлмиш ҳарам оғаси* Хегайнинг+ қарамоғига топширишсин. У ерда қизларга мой суртиб, пардоз берилсин. 4 Уларнинг орасидан қай бири шоҳ ҳазратларининг кўнглига ёқса, у Ваштининг ўрнига малика бўлсин»+. Бу таклиф шоҳга маъқул келди ва у айтилганидай қилди.
5 Суза+ қалъасида Бенямин қабиласидан+ бўлган Мордахай+ исмли яҳудий киши бор эди. У Ёвирнинг, Ёвир Шимейнинг, Шимей Кишнинг ўғли эди. 6 У* Қуддусдан Яҳудо шоҳи Ёхониё*+ билан асир олиниб, Бобил шоҳи Навуходоносор* томонидан сургун қилинган кишилар орасида эди. 7 Мордахай ота-онасидан етим қолган амакисининг қизи Ҳадассани*, яъни Эстерни ўз тарбиясига олган эди+. Қиз хушбичим бўлиб, ниҳоятда гўзал эди. Ота-онасининг ўлимидан кейин Мордахай уни ўз қизидай катта қилди. 8 Шоҳнинг фармонига биноан, Суза қалъасига кўпгина қизлар олиб келинди ва Хегай қарамоғига топширилди+. Уларнинг орасида Эстер ҳам шоҳ саройига олиб келиниб, аёллар қўриқчиси Хегайнинг назоратига топширилди.
9 Эстер унга маъқул келиб, илтифотига* сазовор бўлди. Хегай ўша заҳотиёқ қизга мой суртилиб пардоз берилишини+ ва ўзгача таомлар бериб туришларини буюрди. Унга хизмат қилишлари учун шоҳ уйидан еттита хизматкор қизни танлади. Шунингдек, ҳарамдаги энг яхши жойни унга ва хизматкорларига ажратиб берди. 10 Эстер халқи+ ва қариндошлари+ ҳақида ҳеч кимга ҳеч нима демади, чунки Мордахай унга шундай деб тайинлаган эди+. 11 Эстернинг аҳволидан хабардор бўлиб туриш учун Мордахай ҳар куни ҳарам ҳовлиси олдида айланиб юрарди.
12 Ҳар бир қиз ўз навбати бўйича шоҳ Ахашверашнинг ҳузурига киришдан олдин, аёллар учун ўрнатилган қоидага кўра, ҳар бир қизга 12 ой мобайнида — олти ой мирра* мойи+, сўнг яна олти ой бальзам мойи+ билан турли мойларни суртиб пардоз бериларди. 13 Қиз шоҳнинг олдига киришга тайёр бўлгач, ҳарамдан чиқиб шоҳнинг уйига боришдан аввал, унга сўраган нарсаси бериларди. 14 Кечқурун қиз шоҳнинг олдига кирарди, эрталаб эса канизаклар қўриқчиси бўлмиш ҳарам оғаси Шашгаз назорати остидаги иккинчи ҳарамга борар эди+. Қиз шоҳга маъқул келиб, шоҳ унинг исмини айтиб чақирмагунча, у шоҳнинг олдига қайта кира олмасди+.
15 Мордахай асраб олган+ Абуҳайил қизи Эстернинг шоҳ олдига кириш навбати келди. У аёллар қўриқчиси бўлмиш ҳарам оғаси Хегай тавсия этган нарсадан бўлак ҳеч нима сўрамади. (Эстер уни кўрган барча одамларнинг назарида илтифот топарди.) 16 Шоҳ Ахашвераш ҳукмронлигининг еттинчи йили+, ўнинчи ойда, яъни табат* ойида Эстер шоҳ уйига олиб кетилди. 17 Барча аёллардан кўра, шоҳ Эстерни қаттиқ севиб қолди. Бошқа қизларга қараганда, Эстер шоҳнинг илтифотию таҳсинига* сазовор бўлди. Шоҳ унинг бошига шоҳона бош кийим* кийдириб, уни Ваштининг ўрнига+ малика қилди+. 18 Сўнг Эстер шарафига катта зиёфат уюштириб, барча бекларини ва хизматкорларини таклиф қилди. Ҳамма вилоятларда маҳбусларни қамоқдан* озод этишни эълон қилиб, шоҳга хос сахийлик билан ҳадялар улашди.
19 Қизларни+ иккинчи марта бирга йиғишганда, Мордахай шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирган эди. 20 Мордахай тайинлаганидай Эстер ўз халқи ва қариндошлари ҳақида ҳеч кимга ҳеч нима демаган эди+. У Мордахайнинг қарамоғида бўлган пайтларда қилганидай, унинг айтганларини бажарарди+.
21 Мордахай шоҳ саройининг дарвозаси олдида ўтирган кунлари, сарой мулозимлари — Бихтан билан Тараш исмли дарвозабонлар ғазабланиб, шоҳ Ахашверашни ўлдириш учун фитна уюштиришди. 22 Аммо Мордахай бу ҳақда билиб қолиб, дарҳол малика Эстерга хабар берди. Эстер бўлса Мордахайнинг номидан бу хабарни шоҳга етказди. 23 Бу масала текширилди ва тасдиқлангач, ўша икки киши устунга осилди. Буларнинг бари шоҳ ҳузурида тарихий қайдлар китобига ёзиб қўйилди+.