Юҳаннонинг учинчи мактуби
1 Мен оқсоқолдан, азиз ва севимли дўстим Гайга.
2 Қадрдон дўстим, аввалгидай тану жонинг соғ бўлиши, ишларинг эса ўнгидан келиши учун ибодат қилиб турибман. 3 Ҳақиқатда маҳкам туриб, унда юрганинг ҳақида биродарлардан эшитиб жуда қувондим+. 4 Чунки болаларимнинг ҳақиқат йўлида юраётганини эшитиш+, мен учун катта бахт*.
5 Азиз дўстим, сен таниш ва нотаниш биродарларга садоқат ила ёрдам қилаётган экансан+. 6 Улар бутун жамоат олдида муҳаббатинг тўғрисида шоҳидлик беришди. Илтимос, уларни Худога маъқул тарзда йўлга жўнатгин+. 7 Зеро ушбу биродарлар бошқа халқлардан ҳеч нарса олмай+, Аллоҳнинг номи ҳаққи сафарга чиқишган. 8 Бундай кишиларга меҳмондўстлик кўрсатишга бурчлимиз+, чунки улар ҳақиқат йўлидаги ҳамкорларимиздир+.
9 Мен жамоатга хат йўллагандим, аммо уларнинг орасида ўзини катта олишни яхши кўрадиган+ Диотреф биздан ҳеч нарсани ҳурмат билан қабул қилмаяпти+. 10 Агар борсам унинг ишларини, жумладан, биз ҳақимизда ёмон гап тарқатиб юрганини эслатаман+. Ўзи биродарларни ҳурмат билан қабул этмагани камлик қилгандай+, кутиб олишни истаганларга халал бериб, жамоатдан ҳайдашга уриняпти.
11 Севимли дўстим, ёмонликка эмас, балки яхшиликка тақлид қилгин+. Зотан яхшилик қилувчи Худодандир+, ёмонлик қилувчи эса Аллоҳни таниб-билгани йўқ+. 12 Димитрий ҳақиқатга муносиб яшаётгани борасида ҳамма яхши гувоҳлик бермоқда. Биз ҳам бунинг шоҳидимиз ва ҳақ эканимизга ўзинг аминсан.
13 Сенга ёзадиган ҳали кўп гапларим бор эди-ю, лекин қалам ва сиёҳ билан ёзишни хоҳламадим. 14 Негаки, тез кунда сен билан кўришиб, юзма-юз суҳбатлашишга умид қиламан.
Тинч-омон бўл!
Дўстлар сенга салом йўллашяпти. Сен ҳам дўстларимнинг ҳар бирига саломимни айтиб қўй.