Чиқиш
19 Исроил ўғиллари Миср юртидан чиққанларидан сўнг учинчи ойда, айнан ўша куни* Синай саҳросига келишди. 2 Улар Рафидимдан чиқиб+, Синай саҳросига етиб келишди ва у ерда қароргоҳ қуришди. Исроил халқи ўша ерга, тоғнинг қаршисига жойлашди+.
3 Мусо ҳақ Тангрининг ҳузурида туриш учун тоққа кўтарилганда, Яҳова унга тоғдан мурожаат қилиб+, шундай деди: «Ёқуб хонадонига, Исроил ўғилларига мана бундай деб айт: 4 “Мен сизларни бургут каби қанотларимда кўтариб+, ҳузуримга олиб келиш учун мисрликларга нималар қилганимни кўрдингизлар+. 5 Агар Менинг сўзларимга қатъий итоат этиб, сизлар билан қиладиган аҳдимга риоя этсангиз, барча халқлар орасида Менинг ўзгача* мулким бўласизлар+, чунки бутун ер юзи Менга тегишлидир+. 6 Сизлар Мен учун руҳонийлар шоҳлиги ва муқаддас халқ бўласизлар”+. Мазкур сўзларни Исроил ўғилларига етказ».
7 Мусо келиб, халқ оқсоқолларини чақирди ва Яҳова айтишни буюрган сўзларнинг барчасини уларга етказди+. 8 Бундан сўнг, бутун халқ бир овоздан: «Яҳованинг ҳамма айтганларини бажарамиз»+,— деди. Мусо ўша заҳотиёқ халқнинг жавобини Яҳовага айтди. 9 Яҳова Мусога: «Халқ сен билан гаплашганимни эшитиши ҳамда доимо сенга ишониши учун, Мен сенинг олдингга қора булут ичида келаман»,— деб айтди. Кейин Мусо халққа Яҳованинг сўзларини етказди.
10 Яҳова Мусога қуйидагиларни айтди: «Халқнинг олдига бориб, бугун ва эртага уларни муқаддас қил. Улар кийимларини ювишсин. 11 Учинчи куни эса тайёр бўлиб туришсин, чунки ўша куни, Мен Яҳова бутун халқнинг кўз олдида Синай тоғига тушаман. 12 Сен тоғ атрофига чегара қўй ва халққа шундай деб айт: “Тоққа чиқманглар, унинг чегарасига ҳам қадам босманглар! Тоққа қадам босган ҳар ким ўлдирилади. 13 Ҳеч ким ўша одамга қўл теккизмасин, у тошбўрон қилинади ёки ўқ отиб* ўлдирилади. Хоҳ одам бўлсин, хоҳ жонивор бўлсин, уни тирик қолдирмаслик даркор+. Бурғу чалингандан сўнггина+, улар тоққа чиқишлари мумкин”».
14 Кейин Мусо тоғдан халқнинг олдига тушиб, уларни муқаддас қилди ва халқ кийимларини ювди+. 15 У халққа: «Учинчи куни тайёр бўлиб туринглар. Жинсий алоқа қилишдан ўзингизни тийинглар»,— деб айтди.
16 Учинчи куни эрталаб, момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақди. Тоғ тепасида қуюқ булут пайдо бўлди+ ва бурғунинг баланд овози эшитилди. Шунда, қароргоҳдаги бутун халқни қўрқувдан титроқ босди+. 17 Мусо халқни ҳақ Тангри билан учраштириш учун қароргоҳдан олиб чиқди ва улар тоғ этагига келиб туришди. 18 Яҳова олов ичида+ пастга тушгани учун, бутун Синай тоғини тутун қоплади. Бу тутун хумдондан чиқаётган тутунга ўхшарди. Бутун тоғ эса қаттиқ силкинарди+. 19 Бурғу овози тобора баландлашиб борарди. Шунда Мусо гапира бошлади, ҳақ Худо* бўлса унга жавоб берарди.
20 Яҳова Синай тоғининг тепасига тушди. Кейин Яҳова Мусони тоғнинг тепасига чақирди ва Мусо ўша ерга чиқди+. 21 Яҳова Мусога қуйидагини айтди: «Пастга тушиб халқни огоҳлантир, улар жойидан силжиб, Яҳовани кўришга ҳаракат қилмасин. Акс ҳолда, улардан кўпчилиги қирилиб кетади. 22 Яҳовага мунтазам хизмат қиладиган руҳонийлар ҳам ўзларини муқаддас қилишсин. Бўлмаса, Яҳова уларни жазолайди»+. 23 Мусо Яҳовага жавобан: «Халқ Синай тоғига кўтарилмайди, чунки Сен аввал бизни огоҳлантириб: “Тоғнинг атрофига чегара қўйиб, уни муқаддас қилинглар”+,— деган эдинг». 24 Аммо Яҳова унга: «Пастга тушиб, Ҳорун билан бирга қайтиб чиқ. Бироқ руҳонийлар ва халқ Яҳованинг олдига чиқишга уринмасин. Акс ҳолда, Мен уларни жазолайман»+,— деб айтди. 25 Мусо пастга тушиб, бу гапларнинг ҳаммасини халққа етказди.