Матто баён этган хушхабар
13 Ўша куни Исо уйдан чиқиб, денгиз бўйида ўтирган эди. 2 Унинг ёнига катта халойиқ йиғилиб келгани учун, у қайиққа тушиб ўтирди. Халойиқ эса соҳилда турарди+. 3 Шунда Исо уларга масаллар ёрдамида қуйидагича таълим бера бошлади+: «Уруғ сепувчи уруғ сепгани чиқибди+. 4 Уруғларни сепган экан, баъзилари йўл ёқасига тушибди ва қушлар келиб, уларни чўқиб кетибди+. 5 Айримлари тупроғи кам, тошлоқ жойга тушган экан, тупроқ саёз бўлгани учун уруғлар тез орада униб чиқибди+. 6 Аммо чуқур томир отмагани сабабли, қуёш чиқиб исий бошлаганида, қуриб қолибди. 7 Бошқалари тиканлар орасига тушган экан, тиканлар ўсиб чиқиб, уларни бўғиб қўйибди+. 8 Қолган уруғлар эса яхши тупроққа тушиб, баъзилари 100 баробар, баъзилари 60 баробар, баъзилари 30 баробар кўп ҳосил берибди+. 9 Қулоғи борлар уқиб олсин»+.
10 Сўнг шогирдлари унинг ёнига келиб, сўрашди: «Нега уларга масаллар ёрдамида таълим беряпсиз?»+ 11 Исо уларга шундай жавоб берди: «Худо сизларга Осмон Шоҳлигининг муқаддас сирларини очиб берди+, бу одамларга эса очиб бергани йўқ. 12 Кимда бор бўлса, унга яна берилади ва унда мўл-кўл бўлади. Кимда йўқ бўлса, унда бор бўлгани ҳам тортиб олинади+. 13 Уларга масаллар ёрдамида ўргатишимнинг сабаби шундаки, улар қараб туриб, кўришмайди, тинглаб туриб, эшитишмайди ва сўзларимнинг мағзини чақишмайди+. 14 Улар ҳақида Ишаё пайғамбар шундай деб башорат қилган эди: “Тинглашга тинглайсизлар, аммо маъносини тушунмайсизлар. Қарашга қарайсизлар, аммо кўра олмайсизлар+. 15 Чунки бу халқ қалбини тош қилган. Улар эшитишади-ю, аммо жавоб беришмайди, кўзларини эса юмиб олишган. Шу боис кўзлари кўрмайди, қулоқлари эшитмайди, сўзларимнинг маъноси қалбларига етиб бормайди ва Менга қайтишмайди, Мен ҳам уларга шифо бермайман”+.
16 Сизлар эса, буни ўз кўзларингиз билан кўриб, қулоқларингиз билан эшитаётганингиз учун бахтлисизлар+. 17 Ишонаверинг, кўпдан-кўп пайғамбарлару одил кишилар сизлар кўраётган нарсаларни кўришни орзу қилишган, аммо кўра олишмаган+, сизлар эшитаётганларни эшитишни хоҳлашган, бироқ эшита олишмаган.
18 Энди уруғ сепувчи ҳақидаги масалнинг маъносини эшитинглар+. 19 Шоҳлик тўғрисидаги хабарни эшитиб, мағзини чақмаган одамнинг олдига Шайтон*+ келиб, юрагига экилган уруғни ўғирлаб кетади. Бу — йўл ёқасига тушган уруғни англатади+. 20 Тошлоқ ерга тушган уруғ — хабарни эшитибоқ уни қувонч билан қабул қилган одамни билдиради+. 21 У чуқур томир отмагани сабабли, кўп тура олмайди ва шоҳлик хабари учун қайғу ёки қувғунга дучор бўлган заҳотиёқ ишончини йўқотади. 22 Тиканлар орасига тушган уруғ — Шоҳлик хабарини эшитган-у, лекин замонанинг* ташвишлари+ ва алдамчи бойлик хабарни бўғиб қўйишига йўл қўйиб, самарасиз қолган одамни англатади+. 23 Яхши тупроққа сепилган уруққа келадиган бўлсак — бу, Шоҳлик хабарини эшитиб, мағзини чаққан одамни билдиради. Бундай одамлар серҳосил бўлиб, айримлари 100 баробар, айримлари 60 баробар, айримлари 30 баробар кўп ҳосил беради»+.
24 Исо уларга бошқа масални ҳам айтиб берди: «Осмон Шоҳлиги, даласига яхши уруғ сепган кишига ўхшайди. 25 Ҳамма ухлаб ётган пайтда, душман келиб буғдойлар орасига бегона ўт уруғларини сепиб кетибди. 26 Буғдой етилиб, ҳосил бера бошлаганида, бегона ўтлар ҳам ўсиб чиқибди. 27 Шунда ер эгасининг хизматкорлари келиб: “Хўжайин, далангизга яхши уруғ сепмаганмидингиз? Унда бегона ўтлар қаердан пайдо бўлди?” — дея сўрашибди. 28 Ер эгаси уларга жавоб бериб: “Бу душманнинг иши”+,— дебди. Улар эса: “Истасангиз, бориб уларни юлиб ташлаймиз”,— дейишибди. 29 Бунга жавобан у: “Йўқ, тағин бегона ўтга қўшиб, буғдойларни ҳам юлиб олманглар. 30 Қўяверинглар, иккови ҳам ўрим-йиғимгача ўсаверсин. Ўрим-йиғим пайти келганида, мен ўроқчиларга, аввал бегона ўтларни йиғиб, боғ-боғ қилиб ёқишга тайёрлашни, сўнг эса буғдойларни омборимга тўплашни буюраман”+,— дебди».
31 Исо уларга яна бошқа масални ҳам айтиб берди: «Осмон Шоҳлиги хантал уруғига ўхшайди. Бир одам уни ўз даласига экибди+. 32 Гарчи бу уруғ барча уруғлар орасида энг кичиги бўлса-да, ўсиб чиққанида бошқа ўсимликлардан анчагина катта дарахтга айланибди ва унинг шохларида қушлар қўним топибди».
33 Шунингдек, Исо уларга бошқа бир масални ҳам айтиб берди: «Осмон Шоҳлиги хамиртурушга ўхшайди. Бир аёл уни ўн кило унга аралаштириб хамир тайёрлаган экан, у бутун хамирни ошириб юборибди»+.
34 Буларнинг барини Исо халққа масаллар ёрдамида ўргатарди. Уларга масалсиз ҳеч нарса гапирмасди+. 35 Шу йўсинда, пайғамбар орқали айтилган мана бу сўзлар бажо бўлди: «Оғиз жуфтлаб масаллар айтаман, бошидан* яширин бўлган нарсаларни эълон қиламан»+.
36 Халойиққа рухсат бергач, Исо уйга кирди. Шогирдлари эса унинг ёнига келиб: «Даладаги бегона ўтлар ҳақидаги масални бизларга тушунтириб беринг-чи»,— дейишди. 37 Бунга жавобан Исо қуйидагиларни айтди: «Яхши уруғни эккан — Инсон Ўғли. 38 Дала — дунё+, яхши уруғлар — Шоҳлик ўғиллари, бегона ўтлар эса Шайтоннинг* ўғиллари+. 39 Уларни эккан душман — Иблис. Ўрим-йиғим — охирзамон*, ўроқчилар эса фаришталар. 40 Хуллас, бегона ўтларни йиғиб, оловда ёқишганидек, охирзамонда ҳам худди шундай бўлади+. 41 Инсон Ўғли ўз фаришталарини юборганида, улар унинг Шоҳлигидан бошқаларни гуноҳга етаклайдиган* барча нарсани ва қонунбузарларни тўплаб, 42 ёнаётган ўчоққа ташлайдилар+. Улар у ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади. 43 Ўшанда одиллар Оталарининг Шоҳлигида қуёш каби порлайдилар+. Қулоғи борлар уқиб олсин.
44 Осмон Шоҳлиги далада яширилган хазинага ўхшайди. Бир киши уни топиб, яна яширибди-да, севинганидан бориб бутун мол-мулкини сотиб, ўша далани харид қилибди+.
45 Яна Осмон Шоҳлиги, ноёб марварид излаб юрган саёҳатчи савдогарга ўхшайди. 46 У қимматбаҳо марваридни топгач, дарҳол бор-будини сотибди-да, ўша марваридни харид қилибди+.
47 Тағин Осмон Шоҳлиги, денгизга ташланган ва турли балиқлар тушган тўрга ўхшайди. 48 Тўр тўлгач, уни қуруқликка тортиб, ёнига ўтиришибди-да, ичидаги яхши балиқларни+ идишларга солишибди. Ейишга яроқсизларини+ эса ташлаб юборишибди. 49 Охирзамонда ҳам шундай бўлади: фаришталар келиб, ёмон одамларни одил кишилардан ажратиб, 50 ёнаётган ўчоққа ташлашади. Улар у ерда йиғлаб, тишларини ғижирлатишади.
51 Айтганларимни тушундингизларми?» Улар унга жавоб бериб: «Тушундик»,— дейишди. 52 Сўнг Исо уларга шундай деди: «Ундай бўлса, Осмон Шоҳлиги тўғрисидаги ҳақиқатни билиб олиб, буни халққа ўргатаётган ҳар бир киши — омборидан* янги ва эски нарсаларни чиқараётган уй эгасига ўхшайди».
53 Масалларини айтиб бўлгач, Исо у ердан кетди. 54 Ўз юртига келиб+, халққа ибодатхонада таълим бера бошлади. Халқ бунга ҳайрон бўлиб, шундай дерди: «Бу киши шунча доноликни ва қудратли ишларни бажариш қобилиятини қаердан олди экан?+ 55 Ахир, у дурадгорнинг ўғли-ку!+ Онасининг исми Марям, укалари эса Ёқуб, Юсуф, Симун ва Яҳудо бўлса+. 56 Сингиллари-чи, улар биз билан битта шаҳарда туришади-ку. Ундай бўлса, бу киши барча бу нарсаларни қаердан олди экан?»+ 57 Шундай қилиб, халқнинг Исога ишонгиси келмади+. Исо эса уларга: «Пайғамбарни ҳар ерда эъзозлашади. Фақат ўз юрти ва ўз уйидагина уни ҳурмат қилишмайди»+,— деди. 58 Халқ унга ишонмагани учун, Исо у ерда кўп қудратли ишларни бажармади.