24-Боб
«Дадил бўл!»
Павлусни ўлдириш фитнаси; Павлус Феликс олдида ўзини ҳимоялайди
Ҳаворийлар 23:11–24:27 га асосланган
1, 2. Нега Павлус Қуддусда қувғунларга дуч келаётганидан ҳайрон эмасди?
ҚУДДУСДА Павлус ғазабга минган тўдадан омон қолиб, яна ҳибсга олинди. Бу ғайратли ҳаворий Қуддусда қувғунларга дуч келаётганидан ҳайрон эмасди. Ушбу шаҳарда уни «қамоқ ва қайғу-аламлар» кутаётгани айтилганди. (Ҳавор. 20:22, 23) Гарчи Павлус бошига нималар тушишини аниқ билмаса ҳам, илгаригидек Исонинг исми учун азоб чекишини билади. (Ҳавор. 9:16)
2 Ҳатто масиҳий пайғамбарлар ҳам Павлус боғланиб «ўзга халқларнинг қўлига» топширилиши тўғрисида уни огоҳлантиришган. (Ҳавор. 21:4, 10, 11) Яқинда яҳудийлар тўдаси Павлусни ўлдирмоқчи эди, кейин эса унинг дастидан жанжал кучайиб боргач, Олий Кенгаш аъзолари уни «тилка-пора қилиб юборишлари»га сал қолди. Энди эса у ҳибсда ва Рим аскарлари уни қўриқлашяпти, у яна ҳукм этилади ва айбланади. (Ҳавор. 21:31; 23:10) Дарҳақиқат, Павлус далдага муҳтож!
3. Ваъзгўйлик ишини давом эттира олишимиз учун далдани қай йўсин оляпмиз?
3 Ушбу охирзамонда «Исо Масиҳнинг издоши сифатида художўй бўлиб ҳаёт кечиришни истайдиган барча таъқибларга» дучор бўлишини биламиз. (2 Тим. 3:12) Ваъзгўйлик ишини давом эттиришимиз учун вақти-вақти билан далдага муҳтож бўламиз. «Ишончли ва ақлли хизматкор» томонидан тақдим этилаётган адабиётлар ва йиғилишлар орқали олаётган далда учун жудаям миннатдормиз! (Мат. 24:45) Яҳова хушхабарга қарши чиқаётганлар муваффақият қозонмаслигига бизни ишонтиряпти. Улар бизни гуруҳ сифатида йўқ қила олишмайди ҳамда ваъзгўйлик ишини ҳеч қачон тўхтата олишмайди. (Ишаё 54:17; Ерм. 1:19) Қизиқ, ҳаворий Павлус билан нима бўлди? Қаршиликларга қарамай, у кенг шоҳидлик беришда давом этиши учун далда олдими? Олган бўлса, бу қандай юз берди, у ким орқали далда олди ва бу унга қандай таъсир қилди?
Ичган «қасам»ни бажара олишмади (Ҳаворийлар 23:11–34)
4, 5. Павлус қандай далда олди ва нега бу ўз вақтида эди?
4 Олий Кенгашдан озод этилганидан кейинги кечаси ҳаворий Павлус муҳтож бўлган далдани олди. Баёнотда шундай ёзилган: «Ҳазратимиз Павлусга зоҳир бўлиб: “Дадил бўл! Қуддусда мен ҳақимда қандай шаҳодат берган бўлсанг, Римда ҳам шундай қилишинг керак”,— деб айтди». (Ҳавор. 23:11) Исонинг бу далдали сўзлари Павлусни ҳаммаси яхши бўлишига ишонтирди. У Римда ҳам Исо ҳақида шоҳидлик бера олишини билади.
5 Павлус ўз вақтида далда олди. Кейинги куни 40 дан зиёд яҳудий «фитна уюштириб, Павлусни ўлдирмагунча еб-ичмасликка» қасамёд қилди. Бу «қасам» яҳудийлар Павлусни ўлдиришни жуда истаётганини кўрсатди. Буни амалга ошира олишмаса, лаънати бўлишга қасам ичишди. (Ҳавор. 23:12–15) Олий руҳонийлару оқсоқоллар томонидан маъқул деб топилган режа бўйича, унга оид масалани батафсил кўриб чиқиш учун уни Олий Кенгашга олиб бориш керак эди. У ерга яқинлашиб қолганда эса фитна уюштирганлар Павлусга ҳужум қилиб, уни ўлдиришга келишиб олишди.
6. Павлус унга қарши уюштирилган фитна тўғрисида қандай билиб қолди ва ёшлар бу баёнотдан қандай сабоқ олиши мумкин?
6 Лекин Павлуснинг жияни фитна тўғрисида эшитиб, буни унга етказди. Павлус эса римлик мингбоши Клавдий Лусийга хабар бериш учун ёнига бу йигитни юборди. (Ҳавор. 23:16–22) Албатта, Яҳова Муқаддас Китобда исми тилга олинмаган бу йигит каби йўл тутаётган йигиту қизларни яхши кўради. Чунки улар ўзининг эмас, балки Аллоҳ халқининг фаровонлигини жасорат ила биринчи ўринга қўйиб, Шоҳлик манфаатларини олға суриш учун садоқат ила ҳаракат қилишяпти.
7, 8. Клавдий Лусий Павлусни қутқариш учун нима қилди?
7 Қўли остида 1 000 та аскар бўлган Клавдий Лусий Павлусга қарши уюштирилган фитна тўғрисида эшитибоқ, 470 кишидан иборат бўлган қўшинни — аскарларни, отлиқларни ва найзабардорларни тўплаб, ўша кечанинг ўзида Павлусни эсон-омон Қуддусдан Кесарияга олиб боришни буюрди. У ерда уни ҳоким Феликсгаa топшириш керак эди. Римга тегишли бўлган Яҳудиянинг маъмурий пойтахти Кесарияда кўп яҳудийлар яшаган бўлса-да, у ерда асосан ўзга халқ вакиллари истиқомат қиларди. У ердаги тинчлик ва тартиб Қуддусдагидан кескин фарқ қиларди. Чунки Қуддусда кўпчилик бошқа динларга қарши бўлиб, ғалаёнлар кўтарарди. Кесарияда Яҳудиядаги Рим қўшинларининг асосий идораси ҳам жойлашган эди.
8 Рим қонуни бўйича, Лусий ҳоким Феликсга бу борада мактуб ёзди. Лусий Павлус Рим фуқароси эканини эшитгач, уни яҳудийлар ўлдиришмоқчи бўлганида, уни қутқариб қолганини айтди. Шунингдек, у Павлусда «ўлимга ёки кишанга лойиқ ҳеч қандай айб» топмаганини, аммо унга қарши уюштирилган фитна туфайли уни Феликсга топшираётганини айтди. Токи ҳоким айбловчиларнинг гапларини эшитиб, бу иш бўйича қарор чиқарсин. (Ҳавор. 23:25–30)
9. а) Рим фуқароси бўлган Павлуснинг ҳуқуқлари қандай топталди? б) Қайси вазиятларда ҳуқуқларимиздан фойдаланишимизга тўғри келиши мумкин?
9 Лусий ёзган нарсалар ростмиди? Ҳаммаси ҳам эмас. У ҳокимда яхши таассурот қолдирмоқчи бўлганга ўхшайди. Лусий Павлус Рим фуқароси бўлгани учун ёрдам қўлини чўзмаганди. Бундан ташқари, Лусий уни «иккита занжир билан кишанлашни», кейинчалик эса «қамчилаб, сўроқ қилишни» буюрганини айтмади. (Ҳавор. 21:30–34; 22:24–29) Шу йўсин, у Павлуснинг Рим фуқароси сифатидаги ҳуқуқларини топтади. Бугун ҳам Шайтон таъқибларни кучайтириш мақсадида душманларнинг диний фанатизмидан фойдаланади. Улар бизни Худога топиниш ҳуқуқимиздан ҳам маҳрум қилишга интилиши ҳеч гап эмас. Лекин Павлус каби Худонинг хизматчилари одатда давлат томонидан фуқароларига кафолатланган ҳуқуқларидан фойдаланиб, қонунан ҳимояланиш йўлларини излаши мумкин.
«Олдингизда бемалол ўзимни ҳимоя қилиб гапираман» (Ҳаворийлар 23:35–24:21)
10. Павлусга қарши қандай жиддий айбловлар чиқарилди?
10 Кесарияда Павлусни «Ҳирод саройидаги соқчилар» қўриқларди. У айбловчилар Қуддусдан келишини кутарди. (Ҳавор. 23:35) Беш кундан кейин олий руҳоний Ҳанания, Тертул исмли ҳуқуқшунос ва баъзи оқсоқоллар келишди. Бошида Тертул, ҳойнаҳой, ҳоким Феликсга яхши кўриниш мақсадида яҳудийлар учун қилган ишларини мақтадиb. Кейин Тертул масалага ўтиб, Павлус ҳақида шундай деди: «Павлус деганлари тинчликбузар ва ер юзида яшовчи барча яҳудийлар орасида ғалаён кўтарадиган киши бўлиб, насронийлар мазҳабининг етакчисидир. У маъбадни ҳаром қилмоқчи бўлганида биз уни ушлаб олдик». Бу сўзларга бошқа яҳудийлар ҳам қўшилди ва «уни айблаб, айтилганларни тасдиқлашди». (Ҳавор. 24:5, 6, 9) Ғалаён кўтарадиган киши, хавфли мазҳабнинг етакчиси ва маъбадни ҳаром қилувчи — бу барча жиддий айбловлар бўйича ўлим жазосини чиқариш мумкин.
11, 12. Павлус барча айбловларни қандай рад этди?
11 Сўнг Павлусга сўз берилди. У шундай гап бошлади: «Мен олдингизда бемалол ўзимни ҳимоя қилиб гапираман». У барча айбловларни рад этди. Маъбадни у ҳаром қилмаган ва ғалаён кўтармоқчи бўлмаган. У Қуддусда «бир неча йил» бўлмаганини ва, эҳтимол, очарчилик ҳамда таъқиблар дастидан камбағал бўлган масиҳийларга «хайр-садақа», яъни хайр-эҳсон олиб келганини айтди. Павлус маъбадга киришдан аввал «покланиш маросимини» бажариши кераклигини ҳамда «Аллоҳга ва бандаларига қарши гуноҳ қилмай», виждонини тоза сақлашга интилганини таъкидлади. (Ҳавор. 24:10–13, 16–18)
12 Лекин Павлус «“мазҳаб” деб атаган йўлдан» юриб, ота-боболарининг Худосига муқаддас хизматни адо этганини тан олди. Аммо у «Таврот ҳамда пайғамбарлар китобларида ёзилганларнинг барига» ишонишини айтди. Айбловчилари каби у «ҳам адолатли ва адолатсиз одамларнинг тирилишига» умид боғлайди. Сўнг Павлус айбловчилар ҳам исботларини келтиришини талаб қилиб шундай деди: «Олий Кенгаш олдида турганимда мендан қандай айб топишганини айтишсин. Мен уларнинг орасида туриб: “Тирилишга бўлган умидим учун ҳукм қилиняпман”,— деганимни ҳисобга олмасак, бошқа айбим йўқ». (Ҳавор. 24:14, 15, 20, 21)
13–15. Ҳукмрон ҳокимиятларга жасорат ила шоҳидлик беришда нега Павлусга тақлид қилса арзийди?
13 Топинишимиз туфайли ҳукмрон ҳокимият олдида гапиришимизга тўғри келса ёки бизни зўравонликка қўл уришда ҳамда ҳукуматга қарши ғалаён кўтаришда ё «хавфли мазҳаб» аъзолари деб айблашса, Павлусдан ўрнак олишимиз мумкин. Тертулдан фарқли равишда, у ҳокимнинг кўнглини топиш учун лаганбардорлик қилмаган. У хотиржамликни сақлаб, ҳурмат ила гапирган. Павлус сўзларни танлаб, ростгўйлик ила аниқ гапирган. Павлус уни маъбадни ҳаром қилганликда айблаган «Осиё вилоятидан бўлган айрим яҳудийлар» у ерда бўлмаганини ва қонун бўйича улар билан гаплашиши ҳамда айбловларини эшитиши кераклигини айтиб ўтди. (Ҳавор. 24:18, 19)
14 Энг муҳими эса Павлус ўз эътиқоди тўғрисида шоҳидлик беришдан бош тортмади. У тирилишга бўлган ишончи ҳақида жасорат ила гапирди. Айнан бу масала туфайли Олий Кенгашда бақир-чақир бошланди. (Ҳавор. 23:6–10) Ўзини ҳимоялаб, Павлус тирилишга бўлган умидни алоҳида айтиб ўтди. Нега? Чунки у ўлганларнинг тирилиши ҳамда Исо тўғрисида шоҳидлик берган, айбловчилари эса бунга ишонмасди. (Ҳавор. 26:6–8, 22, 23) Ҳа, айнан тирилиш — аниқроғи, Исога ва унинг тирилишига бўлган ишонч — баҳснинг сабаби эди.
15 Павлус каби жасорат ила шоҳидлик беришимиз ва Исо шогирдларига: «Менинг номим туфайли одамлар сизлардан нафратланишади. Фақат охиригача чидаган қутулади»,— деб айтган сўзларидан куч олишимиз мумкин. Нима дер эканмиз деб ташвишланишимиз керакми? Йўқ, чунки Исо шундай деб ишонтирган: «Сизларни маҳкамага етаклаб боришганда эса, нима дейман деб ташвишланманглар. Ўша пайтда муқаддас руҳ томонидан сизларга нима берилса, шуни гапиринглар. Негаки сизлар эмас, балки муқаддас руҳ гапиради». (Марк 13:9–13)
«Феликс қўрқиб кетди» (Ҳаворийлар 24:22–27)
16, 17. а) Феликс Павлуснинг ишини қандай олиб борди? б) Феликс нега қўрқиб кетган бўлиши мумкин, лекин нима сабабдан у Павлус билан бир неча марта гаплашган?
16 Ҳоким Феликс масиҳийларнинг эътиқоди ҳақида бундан олдин ҳам эшитган. Баёнотда шундай ёзилган: «Ҳазратимизнинг йўли [бу ибора илк масиҳийликни тасвирлаш учун қўлланилган] тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлган Феликс: “Сизларнинг масалангиз бўйича қароримни мингбоши Лусий келганида чиқараман”,— деб тергов ишини кейинга қолдирди. Юзбошига бўлса Павлусни ҳибсга олишни, лекин енгиллик бериб, унга хизмат қилмоқчи бўлган дўстларига ҳеч қаршилик кўрсатмасликни буюрди». (Ҳавор. 24:22, 23)
17 Бир неча кун ўтиб, Феликс яҳудий хотини Друсилла билан Павлусни чақиртириб, «унинг Исо Масиҳга бўлган эътиқоди тўғрисидаги гапларини тинглади». (Ҳавор. 24:24) Лекин Павлус «адолат, ўзини тута билиш ҳамда бўлажак ҳукм тўғрисида гапирганда, Феликс қўрқиб кетди». Эҳтимол, Феликс кўп ёмон ишлар қилгани учун виждони қийналгандир. Шу боис у Павлусни қўйиб юбориб: «Ҳозирча боравер, вақтим бўлганда, сени яна чақиртираман»,— деди. Бундан сўнг Феликс чиндан ҳам Павлус билан бир неча марта гаплашган, аммо ҳақиқатни билиш эмас, ундан пора олиш ниятида бундай қилган. (Ҳавор. 24:25, 26)
18. Нега Павлус Феликс ва унинг хотини билан «адолат, ўзини тута билиш ҳамда бўлажак ҳукм» тўғрисида гаплашди?
18 Нега Павлус Феликс ва унинг хотини билан «адолат, ўзини тута билиш ҳамда бўлажак ҳукм» тўғрисида гаплашди? Эсингизда бўлса, улар «Исо Масиҳга бўлган эътиқоди тўғрисида» билмоқчи бўлишган. Павлус улар ахлоқсиз ҳаёт кечирганини, зулмкор ва адолатсиз эканини билгани учун Исонинг издоши бўлишни хоҳлаган барчадан нима талаб этилишини аниқ тушунтирди. Унинг гаплари Аллоҳнинг адолатли меъёрлари ҳамда Феликс ва унинг хотини кечираётган ҳаёт ўртасида катта фарқ борлигини кўрсатди. Бу уларга барча одамлар Худо олдида ўй-фикрлари, гаплари ва ишлари учун ҳисобот бериши ва У чиқарган қарор Феликс Павлусга қарши чиқарган қарордан анча муҳимроқ эканини тушунишга ёрдам бериши керак эди. Шунинг учун ҳам Феликс қўрқиб кетди!
19, 20. а) Ҳақиқатга қизиқиш кўрсатгандай туюлган, аслида эса ўз манфаатини кўзлайдиган одамларга қандай муносабатда бўлишимиз керак? б) Феликс Павлусга дўст бўлмаганини қаердан биламиз?
19 Хизматда Феликсга ўхшаган одамларни учратишимиз мумкин. Бир қарашда уларни ҳақиқат қизиқтиргандай туюлар, аслида эса улар ўз манфаатини кўзлаган бўлишади. Бундай одамлар билан эҳтиёткор бўлсак, оқилона йўл тутган бўламиз. Аммо Павлус каби уларга Худонинг адолатли меъёрлари ҳақида хушмуомалалик ила гапиришимиз мумкин. Эҳтимол, ҳақиқат уларнинг қалбини забт этар. Лекин улар Яҳова нафратланадиган ҳаёт тарзини ўзгартиришни истамаса, уларни қолдириб, ҳақиқатга муҳтож бўлган кишиларни қидирамиз.
20 Ҳоким Феликснинг асл ниятини қуйидаги сўзлардан кўриш мумкин: «Икки йилдан кейин Феликснинг ўрнига Порций Фест келди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб Павлусни қамоқда қолдирди». (Ҳавор. 24:27) Аслида Феликс Павлусга дўст бўлмаган. У «Ҳазратимизнинг йўли»дан юрганлар исёнкор ёки иғвогар бўлмаганини билган. (Ҳавор. 19:23) Шунингдек, у Павлус Рим қонунларининг ҳеч бирини бузмаганини билган. Шундай бўлса-да, Феликс «яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб Павлусни қамоқда қолдирди».
21. Феликснинг ўрнига Порций Фест келганда Павлус билан нима юз берди ва у қаердан куч оларди?
21 Ҳаворийлар 24-бобнинг охирги оятидан Феликснинг ўрнига Порций Фест келганда, Павлус ҳали ҳам қамоқхонада бўлганини биляпмиз. Бир неча марта Павлус турли амалдорларга шоҳидлик беришига тўғри келди. Ҳа, бу жасоратли ҳаворийни «шоҳлару ҳокимлар қошига» олиб боришган. (Луқо 21:12) У ўша пайтдаги жудаям обрўли бошқарувчига ҳам шоҳидлик беришини билиб оламиз. Ўша вазиятларнинг ҳеч бирида Павлуснинг имони заифлашмаган. Шубҳасизки, у Исонинг «Дадил бўл!» деган сўзларидан куч олишда давом этган.
a «Феликс — Яҳудиянинг ҳокими» номли 193-саҳифадаги рамкага қаранг.
b Феликс халққа «тинч-тотувлик» келтиргани учун Тертул унга миннатдорчилик билдирди. Аслида эса Феликс ҳукм сурган даврда ундан олдинги бошқарувчиларнинг пайтидан Римга қарши кўтарилган ғалаёнгача Яҳудияда тартибсизликлар кўпроқ бўлган эди. Шунингдек, яҳудийлар Феликснинг ислоҳотлари учун «катта миннатдорчилик» билдиришгани ҳам рост эмас эди. Аслини олганда, аксарият яҳудийлар Феликс ҳаётини бахтсиз қилгани ва ғалаёнларини шафқатсиз тарзда босди-босди қилгани учун ундан нафратланарди. (Ҳавор. 24:2, 3)