49- ДАРС
Оилангиз қандай қилиб бахтли бўлиши мумкин? 1- қисм
Яқинда турмуш қурганлар никоҳ тўйида ҳис қилган бахт абадий бўлишига умид қилади. Бунинг имкони бор. Турмуш қурганига анча вақт бўлган ва Муқаддас Китобдаги маслаҳатларга амал қилишга жон куйдираётган масиҳий жуфтликлар бунинг имкони борлигини билади.
1. Муқаддас Китобда эрлар учун қандай маслаҳат бор?
Яҳова эрларни оила боши сифатида тайинлаган. (Эфесликларга 5:23 ни ўқинг.) Яҳова улардан оиласига фойда келтирадиган қарорлар чиқаришини кутади. Муқаддас Китобда эрлар учун: «Хотинларингизни доимо севинглар»,— деган маслаҳат бор. (Эфесликларга 5:25) Бу нима дегани? Севувчи эр хотини билан ҳам уйда, ҳам бошқалар олдида меҳр ила муомала қилади. У хотинини ҳимоя қилади, жисмоний ва ҳиссий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилиш учун жон куйдиради. (1 Тимўтийга 5:8) Энг муҳими, у хотинининг маънавий эҳтиёжларига ғамхўрлик қилишда ташаббус кўрсатади. (Матто 4:4) Масалан, у хотини билан ибодат қилиши ва Каломни ўқиши мумкин. Эр хотинига севги ила ғамхўрлик қилса, Яҳова билан бўлган муносабатини мустаҳкамлайди. (1 Бутрус 3:7 ни ўқинг.)
2. Муқаддас Китобда хотинлар учун қандай маслаҳат бор?
Худонинг Каломида хотинларга: «Эрини чуқур ҳурмат қилсин»,— деб маслаҳат берилган. (Эфесликларга 5:33) У буни қандай қила олади? Хотин эрининг ёқимли фазилатлари ва у оиласига ғамхўрлик қилиш учун жон куйдираётгани ҳақида фикр юритиши мумкин. Шунингдек, хотин эри чиқарган қарорларни қўллаб-қувватлаш, унга ва бошқаларга у ҳақда меҳр ила гапириш орқали уни ҳурмат қилаётганини кўрсата олади. Эри Яҳовага топинмайдиган хотинлар ҳам шундай йўл тутади.
3. Қай йўсин жуфтлик никоҳини мустаҳкамлай олади?
Муқаддас Китобда турмуш қурган жуфтликлар ҳақида шундай дейилган: «Иккови бир тан бўлади». (Матто 19:5) Бу эр-хотин уларни ажратадиган ҳар қандай нарсага қарши курашиши кераклигини англатади. Улар буни мунтазам бирга вақт ўтказиш ҳамда ўй-фикрларию ҳис-туйғуларини очиқ ва севги ила бўлишиш орқали қила олади. Улар Яҳовадан ташқари ҳеч ким ёки ҳеч нарса турмуш ўртоғидан устун бўлишига йўл қўймайди. Қолаверса, улар бошқа инсон билан жуда яқин муносабатларни бошлашдан эҳтиёт бўлади.
КЎПРОҚ БИЛИБ ОЛИНГ
Муқаддас Китобдаги қайси принциплар никоҳингизни мустаҳкамлашига диққат қаратинг.
4. Эрлар, хотинларингизни севиб, уларга ғамхўрлик қилинг
Муқаддас Китобда: «Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак»,— деб ёзилган. (Эфесликларга 5:28, 29) Бу нима дегани? ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Қайси йўллар орқали эр хотинини севишини ва унга ғамхўрлик қилаётганини кўрсата олади?
Колосаликларга 3:12 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Қандай қилиб эр никоҳида бу фазилатларни намоён эта олади?
5. Хотинлар, эрингизни севинг ва ҳурмат қилинг
Муқаддас Китобга кўра, хотин эри Яҳовага хизмат қиладими ё йўқми, уни ҳурмат қилиши лозим. 1 Бутрус 3:1, 2 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Эрингиз имондош бўлмаса, шубҳасизки, у Яҳовага топинишини истайсиз. Қизиқ, унга қай йўсин ёрдам бера оласиз? Бунда эрингизга ҳадеб ваъз қилишингиз кўпроқ фойда келтирадими ёки яхши хулқ-атворни ва ҳурмат қилаётганингизни кўрсатишми? Нега бундай фикрдасиз?
Эр-хотин бирга тўғри қарорлар чиқара олади. Бироқ баъзида хотин эрининг фикрига қўшилмас. Шунда, у ўй-фикрларини хотиржамлик ва ҳурмат ила билдириши мумкин. Аммо хотин оиласи учун нима яхши экани борасида қарор чиқариш масъулиятини Яҳова эрига тақдим этганини ёдда тутиши даркор. У эри чиқарган қарорни қўлидан келганча қўллаб-қувватлаши керак. Бундай йўл тутиб, хотин оиласи бахтли бўлишига ҳисса қўшади. 1 Бутрус 3:3–5 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Хотин эрига ҳурмат кўрсатганда Яҳова нимани ҳис қилади?
6. Никоҳингиздаги муаммоларни енга оласиз
Ҳеч бир оила мукаммал эмас. Шу боис, жуфтликлар қийинчиликларни биргаликда енгиш учун жон куйдириши керак. ВИДЕОНИ томоша қилинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Видеодаги бир жуфтликнинг никоҳи жар ёқасида турганини қайси белгилардан кўришимиз мумкин?
Никоҳини мустаҳкамлаш учун улар нима қилди?
1 Коринфликларга 10:24 ва Колосаликларга 3:13 ни ўқинг. Ҳар бир оятни ўқигандан сўнг, қуйидаги саволни муҳокама қилинг:
Бу маслаҳатга амал қилиш қандай қилиб никоҳни мустаҳкамлайди?
Муқаддас Китобда бир-биримизни ҳурмат қилишимиз кераклиги ёзилган. Бу меҳрибонлик кўрсатишни ва ҳурмат ила муносабат қилишни ўз ичига олади. Римликларга 12:10 ни ўқинг, сўнг қуйидаги саволларни муҳокама қилинг:
Эр ёки хотин ким биринчи бўлиб ҳурмат кўрсатишини кутиши керакми? Нега бундай фикрдасиз?
БАЪЗИЛАРНИНГ ФИКРИ: «Ҳозир олдингига қараганда, умр йўлдошим билан унча яқин эмасмиз».
Муқаддас Китоб уларга ёрдам бериши мумкинлигини қандай тушунтирган бўлардингиз?
ХУЛОСА
Эр-хотин бир-бирини севса, ҳурмат қилса ва Муқаддас Китобдаги принципларни ҳаётида қўлласа, бахтли бўла олади.
Такрорлаш
Қай йўсин эр никоҳи бахтли бўлишига ҳисса қўша олади?
Қай йўсин хотин никоҳи бахтли бўлишига ҳисса қўша олади?
Оила қурган бўлсангиз, Муқаддас Китобдаги қайси принциплар уни мустаҳкамлашга кўмаклашади?
ҚЎШИМЧА МАНБАЛАР
Оилада бахтли бўлишингизга ёрдам берадиган амалий маслаҳатларга диққат қаратинг.
Никоҳингизда Худонинг маслаҳатига амал қилиш баракалар олиб келишини кўрсатувчи видеони томоша қилинг.
Эрнинг бошчилигига бўйсуниш нимани англатиши борасида изланиш олиб боринг.
«Нега аёллар бошчиликка бўйсунишади?» («Қўриқчи минораси» 15 май, 2010)
Қай йўсин бир жуфтлик жиддий муаммоларни, жумладан, ажрашишни енгга олди?