«Фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар»
Эй фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар, чунки бу Раббимизга маъқулдир. ЭФЕСЛИКЛАРГА 6:1
1. Қандай қилиб итоаткорлик ҳимоялаши мумкин?
АйРИМ кишилар итоатсизликлари туфайли ҳаётдан маҳрум бўлишган. Биз эса эҳтимол итоаткор бўлганимиз учун яшаяпмиз. Бироқ қандай итоаткорлик ҳақида гап кетмоқда? Мисол учун, «ҳайбатли суратда» яратилган баданимизга эътибор берайлик (Забур 138:14). Кўзларимиз булутларни кўрганида, қулоқларимиз эса момақалдироқнинг гумбурлашини эшитганида, ҳавода электр кучланиши пайдо бўлиши сабабли сочларимиз тик турганида нима қиламиз? Ушбу аломатлардан хабардор бўлган киши, улар қанчалик хавфли эканлигини тушунади. Ҳа, бу аломатлар огоҳлантириш сифатида хизмат қилиб, одамни яқинлашиб келаётган чақмоқ, бўрон ва дўлдан ҳаётини сақлаб қолиш учун паноҳ излашга ундайди.
2. Нега болалар огоҳлантиришларга муҳтож ва нима учун улар итоатли бўлишлари муҳим?
2 Сиз фарзандлар, огоҳлантиришларга муҳтожсиз ва ота-онангиз буни қилишга масъулиятлидир. Эсингиздами, ота-онангиз сизга бундай деганлар: «Гугурт билан ўйнама». «Сувга яқин борма». «йўлдан ўтаётиб, ён томонларингга қараб ўт». Минг афсуски, болалар ушбу насиҳатларга қулоқ солмаганлиги учун жароҳат олишади ёки ҳатто ҳалок бўладилар. Ота-онага итоатли бўлиш — бу тўғри ва ўринли. Боз устига бундай йўл тутиш доноликнинг белгисидир (Ҳикматлар 8:33). Инжилнинг бошқа оятида итоаткорлик «Раббимизга [ҳазрати Исога, ЯДТ] маъқул келади», деб айтилган. Бундан ташқари, ота-онага итоатли бўлиш Аллоҳнинг амридир (Колосаликларга 3:20; 1 Коринфликларга 8:6).
Итоаткорлик фойда келтиради
3. Кўпчилигимиз учун «ҳақиқий ҳаёт» нимани англатади ва нима туфайли унга болалар эришади?
3 Итоаткорлик «ҳозирги» ҳаётда ҳимоя бўлиб, «келажакда ҳақиқий ҳаётга» эришишга замин яратади (1 Тимўтийга 4:8; 6:19). Ҳақиқий ҳаёт — ер юзидаги абадий ҳаётни англатади. Ушбу ҳаётга Худонинг амрларига бўйсунган инсонлар эришади. Мазкур муҳим амрлардан бири қуйидагичадир: «Бу ҳақдаги илоҳий буйруқ Худо ваъда қўшиб берган биринчи буйруқдир, чунончи: “Ота-онангни ҳурмат қил, токи барака топиб, ер юзида узоқ умр кўргайсан”». Демак ота-онага қулоқ солиб — бахтли бўласиз. Итоаткор бўлганларнинг келажаги бор, уларни ер юзидаги абадий ҳаёт кутмоқда (Эфесликларга 6:2, 3).
4. Қандай қилиб болалар Худовандни ҳурмат қила олишади ва бу уларга қандай фойда келтиради?
4 Итоаткорлигингиз билан ота-онангизни ҳурмат қилиб, ушбу амрни берган Аллоҳни ҳам ҳурмат қилган бўласиз. Бунинг барчаси сизнинг фойдангиз учундир. Зеро Тангри Яҳова фақат фойдали нарсаларга ўргатади (Ишаё 48:17; 1 Юҳанно 5:3). Хўш, итоаткорликнинг фойдаси нимада? Бундай йўл тутиб, ота-онангизни хурсанд қилган бўласиз, улар эса ўз навбатда ҳаётингизни бахтли қилишга уринишади (Ҳикматлар 23:22–25). Энг муҳими эса, итоаткорлигингиз билан Худовандни қувонтирасиз ва У сизга мукофот бериши шубҳасиздир! Келинг, «Мен ҳар доим Унга [Худога] маъқул бўлган ишларни қиламан», деган Исони Яҳова Таоло қандай қилиб ҳимоялаб, барака берганини кўриб чиқайлик (Юҳанно 8:29).
Меҳнатсевар Исо
5. Нега Исони меҳнатсевар деб айтиш мумкин?
5 Исо таваллуд топган оилада тўнғич ўғил эди. Онасининг исми Марям бўлган, унинг ўгай отаси Юсуф эса дурадгорлик қилганди. Исо ҳам отасидан бу ҳунарни ўрганиб, дурадгор бўлди (Матто 13:55; Марк 6:3; Луқо 1:26–31). Сизнингча, Исо қандай дурадгор бўлган экан? У ер юзига келишидан аввал, осмонда бўлганида, доноликнинг тимсоли тариқасида шундай деган эди: «Мен Унинг [Худонинг] ёнида мусаввир эдим; қошида кундан-кунга завқланиб, доимо қувонардим». Исо алайҳиссалом самода меҳнат қилиб, Худовандга мамнуният келтирган. Нима деб ўйлайсиз, Исо ерга келиб, ўсмирлик чоғида ҳам яхши ишлаб, моҳир дурадгор бўлишга ҳаракат қилганмикин? (Ҳикматлар 8:30; Колосаликларга 1:15, 16).
6. а) Исо болалигида уй ишларини қилганини қаердан биласиз? б) Болалар Исодан нимани ўрганишлари мумкин?
6 Тўғри, Муқаддас Китобга биноан, ўша замонда яшаган болалар каби, Исо болалигида баъзида ўйин ўйнарди (Закариё 8:5; Матто 11:16, 17). Аммо Исо оддий оилада катта фарзанд бўлиб, дурадгорликка ўрганишидан ташқари уй ишларини ҳам қиларди. Кейинчалик эса у қулай шароитларда ҳаёт кечиришга интилмай, ўзини бутунлай хизматга бағишлаб, ваъзгўй бўлди (Луқо 9:58; Юҳанно 5:17). Нима деб ўйлайсиз, Исодан нимани ўрганишингиз мумкин? Ота-онангиз хонангизни ёки бошқа бир уй ишини қилишни сўрашадими? Улар жамоат учрашувларига боришга, билимларингиз билан бўлишиб, Худога топинишга сизни ундашадими? Исо ўрнингизда бўлганида, қандай йўл тутган бўларди-а?
Муқаддас Китоб тадқиқотчиси ҳамда Устоз
7. а) Исо болалигида Фисиҳ байрамини нишонлаш учун кимлар билан борган бўлиши мумкин? б) Ҳамма уйга қайтишганида, Исо қаерда эди ва у ерда нима қилган эди?
7 Исроил оилаларидаги эркакларга, Яҳовага топиниш учун маъбадга, яҳудийларнинг учта байрамига бориш амр этилган эди (Амрлар 16:16). Масалан, Исо 12 ёшда бўлганда, бутун оиласи билан Фисиҳ байрамини нишонлаш учун Қуддусга борган. Балки уларнинг орасида Исонинг туғишган укалари ва сингиллари ҳам бор эди. Шунингдек, Марямнинг опаси ёки синглиси бўлган Саломия ҳамда унинг эри Забадий, кейинчалик ҳаворийлар бўлган Ёқуб ва Юҳанно исмли ўғиллари ҳам боришгандирa (Матто 4:20, 21; 13:54–56; 27:56; Марк 15:40; Юҳанно 19:25). Юсуф ва Марям уйга қайтаётиб, Исо қариндошлари билан келяпти деб, аввалига унинг йўқлигига ҳатто парво ҳам қилишмади. Аммо кейинроқ уни излаб, ниҳоят уч кундан сўнг маъбадда топдилар. «У муаллимлар орасида ўтириб, уларни тинглар ва ҳам саволлар берар» эди (Луқо 2:44–46).
8. Исо маъбадда нима қилган ва одамлар нимадан қойил қолишган?
8 Қайси маънода Исо муаллимларга «саволлар берарди»? Унинг саволлар бериши қизиқувчанлигини қондириш ёки бирон нарсани билиб олиш дастидан бўлмаган. Юнон тилида таржима қилинган ушбу ибора судда бериладиган қарама-қарши саволларни назарда тутиши мумкин. Кўриб турганимиздай, Исо болалигиданоқ Муқаддас Ёзувларнинг тадқиқотчиси бўлиб, ҳатто дин муаллимларини қойил қолдирган! Хуллас, Худонинг каломида айтилгандай: «Уни тинглаётганлар бари Унинг фаҳм-идрокига ва бераётган жавобларига ҳайрон эдилар» (Луқо 2:47).
9. Муқаддас Китобни ўрганишда Исодан қандай ўрнак олишингиз мумкин?
9 Нима деб ўйлайсиз, нега Исо ёшлик даврида ўз билимлари билан ҳатто тажрибали муаллимларни қойил қолдирган? Чунки Исонинг ота-онаси тақводор кишилар бўлган ва уни гўдаклигиданоқ Худонинг қонунларига ўргатишган (Чиқиш 12:24–27; Амрлар 6:6–9; Матто 1:18–20). Шак-шубҳасизки, Юсуф ўғли Исони ибодатхонага олиб борарди. У ерда Муқаддас Ёзувларни ўқиб, муҳокама қилишарди. Сиз ҳам бундай баракаларга эгамисиз? Сизни ҳам ота-онангиз Муқаддас Китобга ўргатиб, жамоат учрашувларига олиб боришадими? Ота-онангиз сиз учун қилаётган барча ишларнинг қадрига етяпсизми? Исодан ўрнак олиб, Худо ҳақидаги билимларингизни ўзгалар билан баҳам кўряпсизми?
Исо итоатли эди
10. а) Нега Исонинг ота-онаси уни қаердан топиш мумкинлигини билишлари керак эди? б) Исо болаларга қандай ўрнак кўрсатди?
10 Сизнингча, Марям ва Юсуф Исони ниҳоят учинчи кунга маъбадда топиб, нимани ҳис этишди? Албатта, улар хотиржам бўлишди. Лекин Исо ота-онаси у қаерда эканлигини билишмаганлигидан ҳайрон бўлди. Зотан, Исо мўъжизавий равишда дунёга келганидан иккаласи ҳам хабардор эди. Гарчи улар тафсилотлардан бехабар бўлишса-да, келажакда Исо Халоскор ва Худо Шоҳлигининг подшоҳи бўлишини билишарди (Матто 1:21; Луқо 1:32–35; 2:11). Шу сабабли Исо уларга: «Мени қидиришингизнинг нима кераги бор эди? Ёки Отамнинг ишлари билан машғул бўлишим кераклигини билмас эдингизми?» — дея сўради. Бунга қарамай, Исо итоаткорона ота-онаси билан бирга жўнаб, уйларига, Носира шаҳрига қайтиб кетди. Инжилда баён этилгандай, Исо алайҳиссалом уларга «итоатли бўлиб юрди». «Онаси эса бу гапларнинг ҳаммасини дилига тугиб олди» (Луқо 2:48–51).
11. Итоаткорликда Исонинг намунасидан нимани ўрганишингиз мумкин?
11 Исо каби ҳамиша ота-онангизга қулоқ солишингиз осонми? Балки ота-онангиз замонавий ҳаётдан унча хабари йўқ ва сиз улардан кўпроқ билаётгандек туюлаётгандир? Тўғри, сиз эҳтимол уяли телефон, компьютер ва бошқа замонавий техник жиҳозлардан қандай фойдаланишни яхшироқ биларсиз. Агар эсингизда бўлса, Исонинг «фаҳм-идрокига ва жавобларига» муаллимлар қойил қолишган. Шу боис, Исодан камроқ билимга эга эканлигингизни тан оларсиз. Лекин билими кўплигига қарамай, Исо ота-онасига қулоқ соларди. Шуни айтиб ўтиш керакки, у доим ҳам ота-онаси чиқарган қарорлари билан рози бўлмаган. Шу билан бир вақтда, у ҳатто ўсмир бўлган пайтда ҳам, ота-онасига «итоатли бўлиб юрди». Хўш, Исонинг намунасидан нимани ўрганишингиз мумкин? (Амрлар 5:16, 29).
Ҳамиша итоатли бўлиш осон эмас
12. Қандай қилиб итоаткорлик ҳаётни сақлаб қолиши мумкин?
12 Доимо қулоқ солиш осон эмас. Келинг, буни бир неча йил олдин юз берган воқеадан кўриб чиқайлик. Иккита қиз пиёдалар ўтадиган кўприкдан юришнинг ўрнига, автомобиллар зич юрадиган катта йўлдан югуриб ўтмоқчи бўлишган. Улар пиёдалар юрадиган кўприкдан ўтиш учун кетаётган болани: «Эй Джон, юр биз билан», деб чақиришди. У иккиланиб қолганда қизларнинг бири: «Ўл қўрқоқ!», деб унинг устидан кулди. Аслида Джон қўрқмас эди, лекин у шундай деди: «Ойимнинг гапига қулоқ солишим керак». Бир неча сониядан сўнг бола машинанинг чийиллаб тўхтаганини эшитди, пастга қаради-ю ўша қизларни машина уриб юборганини кўрди. Улардан биттаси ҳалок бўлди, иккинчи қизнинг оёғи эса шунчалик шикастланди-ки, уни кесиб ташлашга тўғри келди. Пиёдалар юрадиган кўприкдан юришни огоҳлантирган ўша қизчаларнинг онаси, Джоннинг ойисига кейинчалик бундай деб айтди: «Қанийди қизларим сизнинг ўғлингиз каби менга қулоқ солишганда эди-я» (Эфесликларга 6:1).
13. а) Нега ота-онага қулоқ солиш зарур? б) Қайси вазиятларда бола «одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиши керак»?
13 Нима сабабли Аллоҳ: «Эй фарзандлар, ота-онангизга итоат қилинглар», — деб буюрмоқда? Ота-онангизга қулоқ солиб, Худога бўйсунганингизни кўрсатасиз. Устига-устак, ота-онангизнинг ҳаётий тажрибаси сизникидан кўпроқ. Мисол учун, юқорида баён қилинган ҳикоядан беш йил илгарироқ, Джон онасининг дугонаси худди шу катта йўлдан югуриб ўтган боласидан жудо бўлди. Ҳа, ота-онага доимо қулоқ солиш осон эмас, бироқ Парвардигоримиз буни қилишингиз лозимлигини айтмоқда. Бошқа томондан, агар ота-онангиз ёки ўзга кишилар сизни ёлғон гапиришга, ўғирлик қилишга ё Худога маъқул бўлмаган бирон бир ишга қўл ўришга ундашса, шунда «одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилишингиз керак». Мана нима сабабдан Муқаддас Китобда «ота-онангизга итоат қилинглар», деган сўзлардан кейин «чунки бу Раббимизга маъқулдир», деб таъкидланган. Бу дегани, Худонинг қонун-қоидаларига мувофиқ бўлган барча нарсада ота-онага қулоқ солиш зарур (Ҳаворийлар 5:29).
14. Нима учун итоаткорликни намоён этиш мукаммал кишига осонроқ ва нега у барибир бунга ўрганиши муҳим?
14 Агар сиз Исо каби мукаммал, яъни «нуқсонсиз, гуноҳкорлардан айрилган» бўлганингизда доимо осонликча ота-онангизга бўйсуна олармидингиз? (Ибронийларга 7:26). Борди-ю, мукаммал бўлганингизда, ҳозиргидек ёмонлик қилишга мойиллигингиз йўқ бўларди (Ибтидо 8:21; Забур 50:7). Бироқ, ҳатто Исо итоаткорлик борасида айрим нарсаларни ўрганиши лозим эди. Шу сабабли, Инжилда шундай дейилган: «Гарчи У Худонинг Ўғли бўлса ҳам, азоб-уқубат чекиб, итоат қилишни ўрганди» (Ибронийларга 5:8). Қандай қилиб Исо азоб-уқубатлар туфайли итоаткорликка ўрганди?
15, 16. Қандай қилиб Исо итоаткорликка ўрганди?
15 Исо чақалоқ бўлганида, Юсуф билан Марям Тангри Яҳованинг раҳбарлиги остида унинг жонини сақлаб қолишди (Матто 2:7–23). Лекин кейинчалик, Худо Исони мўъжизакорона равишда ҳимояламай қўйди. Аллоҳнинг каломига биноан, турли азоб-уқубатлар шунчалик ошиб бордики, Исо Худовандга «зўр фарёд ва кўз ёшлари билан сиғиниб, ялиниб-ёлворди» (Ибронийларга 5:7). Бу воқеа қачон юз берган дейсизми?
16 Шайтон, Исонинг ер юзидаги ҳаётининг сўнгги соатларида, у бирон бир гуноҳ иш қилиб қўйишига бор кучини сарфлаганди. Исо алайҳиссаломни жиноятчи каби қатл қилишмоқчи эдилар. Бу самовий Отасининг исмига иснод келтиришидан қўрққан Исо, Гетсемания боғида «янада ҳафсала билан ибодат қилди. Ундан чиққан тер эса ерга томаётган қон томчиларига ўхшар эди». Бир неча соатдан сўнг, Исо азоб устунида «зўр фарёд ва кўз ёшлари билан» Аллоҳга ёлворди (Луқо 22:42–44; Марк 15:34). Шундай қилиб у «азоб-уқубат чекиб, итоат қилишни ўрганди» ва бу билан Парвардигорнинг қалбига қувонч келтирди. Энди Исо Масиҳ осмонда экан итоаткорлик учун олиб бораётган курашимиз қанчалик қийин эканини кўриб, бизга ҳамдард бўлиб турибди (Ҳикматлар 27:11; Ибронийларга 2:18; 4:15).
Итоаткорликка ўрганиш
17. Панд-насиҳатларга муносабатимиз қандай бўлиши лозим?
17 Ота-она сизга панд-насиҳатлар бераётган бўлса, демак улар сизни севиб, бахтли бўлишингизни исташади. Худонинг каломида қуйидагича савол мавжуд: «Қандай ўғил йўқки, отаси унга танбеҳ бермаса?!». Мабодо ота-онангизнинг сизга бўлган меҳри кам бўлганида, улар сизни тўғри йўлга солиш учун вақт ажратмаса, бу қанчалик қайғули бўларди-а? Тангримиз Яҳова ҳам бизни севгани учун тўғри йўлга соляпти. «Ҳар бир танбеҳ ҳозирги замонда севинч эмас, қайғу бўлиб кўринади. Аммо шу тариқа тарбияланганлар учун кейин солиҳлик ва тинчлик самараси униб-ўсади» (Ибронийларга 12:7–11).
18. а) Меҳр ила берилган танбеҳ нимани исботлайди? б) Танбеҳ туфайли яхши томонга ўзгарган кишиларнинг мисолини келтира оласизми?
18 Донолигини ҳатто Исо Масиҳ таъкидлаб ўтган шоҳ Сулаймон, болаларни севги ила тўғри йўлга солиш муҳимлигини айтган. Масалан у: «Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб-интизомга ўргатади», — деб ёзган. Шунингдек ҳазрати Сулаймон меҳр ила берилган танбеҳ, кишининг жонини ўлимдан сақлаши мумкин, деб айтган (Ҳикматлар 13:24; 23:13, 14; Матто 12:42). Мисол учун Худонинг хизматчиси бўлмиш бир аёл, болалигини эслаб, жамоат учрашувларида ўзини ёмон тутганини ва отасидан бу учун танбеҳ олганини ҳикоя қилиб берди. Ҳозир эса у отасининг меҳр ила берган танбеҳи учун миннатдорчилигини изҳор этмоқда. Ахир танбеҳ унга яхши томонга ўзгаришга ёрдамлашди.
19. Ота-онага итоатли бўлишингизнинг энг муҳим сабаби нимада?
19 Агар ота-онангиз меҳр ила сизни тўғри йўлга солиш учун вақт ва куч сарфлаётган бўлишса, буни қадрланг. Ҳазрати Исо ўз ота-онаси Юсуф ва Марямга қулоқ солганидай, сиз ҳам шундай йўл тутинг. Боз устига уларга итоатли бўлишингизни Эгамиз Яҳова буюрмоқда. Итоаткорлик сизнинг фойдангиз учундир. Шундай йўл тутсангиз «барака топиб, ер юзида узоқ умр кўргайсиз» (Эфесликларга 6:2, 3).
[Изоҳ]
a Яҳованинг Шоҳидлари томонидан кўп тилларга чоп этилган «Муқаддас Китобни англамоқ» энциклопедиясининг 2- жилд, 841- саҳифасига қаранг.
Қандай жавоб берардингиз?
• Ота-онага қулоқ солиш қандай фойда келтиради?
• Ота-онага итоат қилишда Исо қандай ўрнак кўрсатди?
• Қандай қилиб Исо итоаткорликка ўрганди?
[20- саҳифадаги расм]
Ўн икки ёшли Исо Муқаддас Ёзувларни зўр биларди
[22- саҳифадаги расм]
Қандай қилиб Исо азоб-уқубатлар туфайли итоаткорликка ўрганди?