Худонинг руҳи бошқараётган Шоҳ
Унинг устида бўлади Эгамизнинг руҳи. ИШАЁ 11:2
1. Дунёдаги муаммолар борасида баъзилар қандай фикр билдиришяпти?
«БУТУН дунёда сиёсий ва ижтимоий тартибсизликлар ҳамда атроф-муҳит ифлосланиши авжига чиқаётгани боис, инсоният яна 100 йил яшай олармикан?» Бу саволни Стивен Хокинг исмли бир астрофизик 2006- йилда берган эди. Бир журналда эса қуйидагича ёзилган: «Дунёдаги камбағалчиликка чек қўйиб, тинчлик ўрнатишга кучсиз эканмиз. Аксинча, муаммоларни янада чигаллаштирдик. Албатта, яхшилик бўлишига уриняпмиз. Масалан, коммунизм ва бозор иқтисодиётини синадик, урушларни тўхтатиш ниятида Миллатлар Иттифоқи ҳамда ядро қуролларидан ҳам фойдаланиб кўрдик. Боз устига, урушларга якун ясаш мақсадида кўпдан-кўп урушлар ҳам қилдик» («New Statesman»).
2. Олий Ҳукмдор эканини Яҳова яқинда қандай намоён этади?
2 Шу каби маълумотлар Яҳованинг хизматчиларини ҳайрон қолдирмайди. Муқаддас Китобда айтилганидай, инсонлар ўзларини бошқариш учун яратилмаган экан (Ерм. 10:23). Танҳо Худойимиз Яҳова Олий Ҳукмдоримиздир. Шунинг учун, яшашимизнинг мақсадини белгилаб, унга қандай эришиш учун керакли меъёрларни фақатгина У ўрнатишга ҳақли. Аллоҳ яқин орада ушбу ҳуқуқидан фойдаланиб, инсониятнинг омадсизликка учраган бошқарувига чек қўяди. Шу қаторда, Яҳовани Олий Ҳукмдор сифатида тан олмай, одамларни гуноҳ, номукаммаллик ва «бу дунёнинг тангриси» Шайтон Иблисга қул қилаётганларни ҳам У йўқ қилади (2 Кор. 4:4).
3. Ишаё Масиҳ ҳақида нимани башорат қилган?
3 Янги дунёда меҳрибон Яҳова, Масиҳий Шоҳлик орқали инсоният устидан ҳукмдорлик қилади (Дон. 7:13, 14). Ушбу Шоҳликнинг подшоҳи тўғрисида Ишаё пайғамбар шундай башорат айтган: «Эссайнинг томиридан новда ўсиб чиқади, ҳа, унинг илдизидан кўчат ёйилади. Унинг устида бўлади Эгамизнинг руҳи. Бу донолик ҳамда ақл-идрок, насиҳат ва куч-қудрат руҳидир, Эгамизни билиш ва Ундан қўрқув руҳидир» (Ишаё 11:1, 2). Хўш, Аллоҳ қандай қилиб муқаддас руҳи орқали «Эссайнинг томиридан новда»ни, яъни Исони ҳукм суришга лаёқатли қилган? Унинг бошқаруви одамзодга қанақа баракалар келтиради? Бу қут-баракаларга эришиш учун нима қилишимиз керак?
Ҳукм суришга Худо лаёқатли қилган
4–6. Исо қандай билим туфайли доно ҳамда раҳмдил Шоҳ, Олий руҳоний ва Ҳакам сифатида хизмат қила олади?
4 Тангри Яҳова, Унга итоатли инсонлар чинакам доно ҳамда раҳмдил Шоҳ, Олий руҳоний ва Ҳакамнинг бошқаруви ёрдамида мукаммалликка эришишларини хоҳлайди. Худо айнан шу мақсадда Исо Масиҳни танлаб, топширган масъулиятларни бажариши учун муқаддас руҳи орқали унга қобилият ато этган. Келинг, нега айнан Исо, Аллоҳнинг топшириқларини аъло даражада бажаришга қодир эканини кўриб чиқайлик.
5 Исо Эгамизни яқиндан билади. Бошқалардан фарқли равишда, миллиард йиллар мобайнида Отаси билан бўлган ягона Ўғил Уни яқиндан билади. Ўша вақт давомида Исо, Яҳова тўғрисида шунчалик кўп билганки, ҳатто «кўринмас Худонинг инъикоси» сифатида тасвирланган (Колос. 1:15). Исо ўзи ҳақида: «Мени кўрган Отамни кўрган бўлади»,— деб айтган (Юҳан. 14:9).
6 Яҳовадан кейин, Исо барча мавжудотлар, жумладан инсоният ҳақида ҳамма нарсани билади. Колосаликларга 1:16, 17 да мана шуларни ўқиймиз: «Кўкдаги ва ердаги борлиқ мавжудот, кўринадиган ва кўринмайдиган махлуқот... У орқали ва У учун яратилган. Унинг Ўзи эса ҳамма нарсадан аввал мавжуд эди. Борлиқ мавжудот Унинг соясида мавжуддир». Бу нақадар ажойиб, шундай эмасми?! Исо, Худонинг «ёнида мусаввир», яъни моҳир ёрдамчи эди. У коинотдаги ҳар бир нарсани, ҳатто инсон миясининг фаолиятини ҳам яхши билади. Ҳа, Исо Масиҳ чиндан ҳам донолик тимсолидир! (Ҳик. 8:12, 22, 30, 31).
7, 8. Исога кўмаклашиш учун Худо муқаддас руҳдан қандай фойдаланган?
7 Аллоҳ Исони муқаддас руҳ билан мойлаган. Исо шундай деган: «Худованднинг Руҳи Менга ёр. У Мени муқаддас мой-ла мойлади. Бечораларга мужда етказмоқ учун, дилабгорларга шифо бермоқ учун, асирга: озод бўлгил, басирга: очилсин кўзинг, демоқ-чун, мазлумга эркинликни эълон этиб, марҳамат йили бўлгай, демоқ-чун, Худованд Мени юборди» (Луқо 4:18, 19). Исо сувга чўмгач, ер юзига келишидан аввал олган билимини, хусусан Масиҳ сифатида ер юзида у нималар қилиши кераклигини муқаддас руҳ унинг ёдига солган (Ишаё 42:1a; Луқо 3:21, 22; Юҳанно 12:50 ўқинг).
8 Исо муқаддас руҳга, мукаммал танаю онгга эга бўлгани учун, нафақат энг улуғ инсон, балки улуғ Устоз ҳам бўлган. Бекорга тингловчилари унинг таълим бериш тарзига қойил қолишмаган эди (Мат. 7:28). Улуғ Устозимиз, одамлар азоб чекаётганининг асл сабаби — гуноҳ, номукаммаллик ва Худо ҳақида етарлича билимга эга бўлишмаганида эканини биларди. Қолаверса, у инсон кўнглидаги фикрларни билар ва шунга мувофиқ йўл тутарди (Мат. 9:4; Юҳан. 1:47).
9. Исонинг ер юзидаги хизматини билиб олиш, у яхши Шоҳ бўлишига ишончингизни қандай оширди?
9 Исо инсон бўлган. У ер юзида орттирган тажрибаси ва номукаммал одамлар билан яқиндан мулоқот қилгани, яхши Шоҳ бўлишига катта ҳисса қўшган. Ҳаворий Павлус қуйидагиларни ёзган: «У [Исо] ҳар жиҳатдан биродарларига ўхшаб қолиши керак эди, халқнинг гуноҳлари учун Худо ҳузурида таважжуҳ қила оладиган марҳаматли ва содиқ Олий руҳоний бўлмоғи лозим эди. Ўзи синовдан ўтиб азоб чеккани учун, синовдан ўтаётганларга мадад бера олади» (Иброн. 2:17, 18). «Ўзи синовдан ўтгани» учун Исо қийналаётганларга ҳамдардлик кўрсатади. Унинг раҳмдиллиги ер юзидаги хизматида яққол намоён бўлган. Бемор, майиб ҳамда хўрланган кишилар ва ҳатто болалар ҳам унга бемалол мурожаат қила олишган (Марк 5:22–24, 38–42; 10:14–16). Шунингдек, камтарин ва Худо ҳақидаги билимга чанқоқ бўлган кимсалар ҳам унга яқинлашишган. Аксинча кеккайган, такаббур ва «Худога муҳаббати йўқ» бўлган кишилар Исодан нафратланишарди, уни рад этиб, қарши чиқишарди (Юҳан. 5:40–42; 11:47–53).
10. Бизга бўлган севгисини Исо қай тарзда исботлаган?
10 Исо ҳаётини биз учун бахш этган. Унинг биз учун ҳаётини тайёрлик ила бергани, ундан яхшироқ шоҳ бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлайди (Забур 39:7–11 ўқинг). Исо: «Ким ўз жонини дўстлари учун бағишласа, бундан ортиқ севги йўқ»,— деб айтган (Юҳан. 15:13). Фуқароларининг ҳисобидан дабдабали ҳаёт кечираётган номукаммал инсоний ҳокимлардан фарқли равишда, Исо Масиҳ одамлар учун ўз жонини фидо қилган (Мат. 20:28).
Исо тўлов қурбонлигининг баҳосини қўллайди
11. Исо Халоскоримиз эканига нега ишончимиз комил?
11 Олий руҳоний сифатида Исо тўлов қурбонлигининг баҳосини бизнинг фойдамиз учун қўллаши нақадар ўринли! Ер юзидаги хизмати мобайнида Ҳазратимиз Минг йиллик бошқаруви даврида, Халоскоримиз сифатида биз учун нималар қилишини кўрсатган. Агар содиқ қолсак, улардан баҳраманд бўламиз. Масалан, у касалларни ва майибларни даволарди, ўлганларни тирилтирарди, кўпчиликни тўйдирарди ва табиат кучларини назорат қилиш ҳам қўлидан келарди (Мат. 8:26; 14:14–21; Луқо 7:14, 15). Шуни айтиш керакки, Исо бу ишларни ўз ҳокимиятини ва кучини кўз-кўз қилиш учун эмас, раҳмдиллиги ва севгисини кўрсатиш ниятида бажарар эди. Мохов бир киши Исонинг олдида тиз чўкиб соғайтиришни сўраганда, у: «Истайман!» — дея, унга дарров шифо берган (Марк 1:40, 41). Минг йиллик бошқаруви даврида ҳам Ҳазратимиз Исо худди шундай раҳмдилликни жаҳон миқёсида намоён этади.
12. Ишаё 11:9 даги каромат қандай рўёбга чиқади?
12 Исо деярли 2 000 йил муқаддам бошлаган фаолиятни, ўзи ва у билан бирга шоҳлик қиладиганлар давом эттирмоқдалар. Ишаё пайғамбарнинг мана шу каромати ўшанда амалга ошади: «Худди сувлар денгиз тубини қоплагандай, ер юзи ҳам Эгамиз Яҳова ҳақидаги билимга тўлиб-тошган бўлади» (Ишаё 11:9, ЯДТ). Шубҳасизки, бу илоҳий таълим, Одам Атога топширилган вазифани, яъни ер юзига ва сон-саноқсиз мавжудотларга ғамхўрлик қилиш борасидаги йўл-йўриқларни ўз ичига олади. Минг йилликнинг сўнгида, Ибтидо 1:28 да ёзилган Аллоҳнинг илк нияти рўёбга чиқади ва тўлов қурбонлиги тўла-тўкис қўлланилади.
Исо Ҳакам
13. Адолатни севишини Исо қандай кўрсатган?
13 «Худо Исони тиригу ўликларни ҳукм қилувчи этиб тайинлаган» (Ҳавор. 10:42). У пулга сотилмайдиган, адолатли ва садоқатли бўлиб, бу фазилатлар унинг камари кабидир. Буни билиш бизга наҳотки тасалли бахш этмаса?! (Ишаё 11:5). Очкўз, иккиюзламачи ва зўравонлардан нафратланиб, Исо бошқаларнинг дардига бефарқ бўлган одамларни қораларди (Мат. 23:1–8, 25–28; Марк 3:5). Бунинг устига, у одамнинг ташқи кўринишига қараб хулоса чиқармасди. Зеро «инсон дилида нима борлигини У билар эди» (Юҳан. 2:25).
14. Исо адолат ва тўғриликни севишини қандай кўрсатяпти ва ўзимизга қанақа саволлар берсак бўлади?
14 Ҳазрати Исо адолат ва тўғриликни севишини, тарихдаги кенг кўламли воизлик ва шогирд орттириш ишини бошқариш билан кўрсатмоқда. Худонинг иродаси тамомила бажарилмагунча ҳеч бир одам, ҳеч қайси ҳукумат ва ҳеч қандай ёвуз руҳ бу фаолиятни тўхтата олмайди. Шак-шубҳасизки, Ҳор-Магидўндан кейин Аллоҳнинг адолати зафар қозонади (Ишаё 11:4b; Матто 16:27 ўқинг). Шундай экан, ўзингиздан сўранг: «Хизматда одамларга Исо каби муомала қиляпманми? Соғлигим ва шароитим йўл қўймаётган бўлса-да, Яҳовага қўлимдан келганича хизмат қиляпманми?»
15. Аллоҳга жон-жаҳдимиз билан хизмат қилишга нима ёрдам беради?
15 Агар ваъзгўйлик фаолиятини Аллоҳ бизга топширганини унутмасак, Унга жон-жаҳдимиз билан хизмат қила оламиз. Бу ишни Эгамиз буюрган ва уни Ўғли орқали бошқармоқда ҳамда унда қатнашаётганларни муқаддас руҳи билан қўллаб-қувватламоқда. Муқаддас руҳ бошқараётган Ўғил билан бирга Худонинг ҳамкорлари сифатида хизмат қилиш шарафини қадрлаяпсизми? Аксарияти «ўқимаган, оддийгина» кишилардан иборат бўлган етти миллиондан зиёд одамларни, 236 мамлакат ва ҳудудларда Шоҳлик хабарини ваъз қилишга Яҳовадан ташқари яна ким ҳам ундамоқда? (Ҳавор. 4:13).
Масиҳ орқали баракаларга эришинг!
16. Ибтидо 22:18 га биноан Худонинг баракаси ҳақида нима деса бўлади?
16 Яҳова Таоло Иброҳимга: «Сен гапимга қулоқ солганинг учун, ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар»,— деб айтган (Ибт. 22:18). Худога ва Унинг Ўғлига хизмат қилишни қадрлаётган кишилар ваъда қилинган насл баракалар келтиришини ишонч билан кутишмоқда. Мана шу қут-баракаларни эсда сақлаб, улар ғайрат ила Эгамизга хизмат қилишяпти.
17, 18. Яҳова Иброҳимнинг наслига қандай ваъда берган ва бу биз учун нимани англатади?
17 Яҳова айтганидек, Иброҳимнинг насли бўлмиш исроилликлар Унга қулоқ солишганида, қут-баракаларга эга бўлишарди (Амр. 28:2). Бугун ҳам худди шундай. Агар Яҳованинг баракаларига эришмоқчи бўлсангиз, Унга қулоқ солинг. Шунда Эгамизнинг марҳаматлари устингизга ёғилади. Хўш, Унга қулоқ солиш нимани англатади?
18 Худога қулоқ солиш, Унинг Каломига ва У бераётган маънавий озуқага жиддий муносабатда бўлишни англатади (Мат. 24:45). Бу шунингдек, Аллоҳ ва Унинг Ўғлига итоатли бўлишни билдиради. Исо шундай айтган: «Мени “Ё Раббий, ё Раббий” деб чақиргани билан ҳар бир одам Осмон Шоҳлигига киравермайди. Бунга осмондаги Отамнинг иродасини бажо келтирувчигина эришади» (Мат. 7:21). Имонлилар жамоатида «ҳадялар» сифатида тайинланган оқсоқолларга бўйсуниб ҳам Яҳовага қулоқ солган бўламиз (Эфес. 4:8).
19. Баракалардан баҳраманд бўлиш учун нима қилишимиз лозим?
19 Етакчи кенгаш аъзолари ҳам «ҳадялар» бўлиб, жамоатларнинг вакилларидир (Ҳавор. 15:2, 6). Масиҳнинг мана шу мойланган биродарларига муносабатимиз буюк мусибат келган даврда ҳукм қилинишимизга таъсир қилади (Мат. 25:34–40). Худонинг марҳаматидан баҳраманд бўлишни истасак, мойланган масиҳийларни хизматда қўллаб-қувватлашимиз шарт.
20. а) «Ҳадялар» сифатидаги кишилар учун нима муҳим аҳамиятга эга? б) Бундай биродарларни қадрлаётганимизни қандай кўрсатсак бўлади?
20 Муқаддас руҳ томонидан тайинланганларнинг ҳаммаси, жумладан Филиал қўмитасининг аъзолари, кўчма нозирлар ва оқсоқоллар ҳам «ҳадялардир» (Ҳавор. 20:28). Бундай биродарлар авваламбор Худонинг халқи равнақ топишига ғамхўрлик қилишади. «Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб-биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз» (Эфес. 4:13). Гарчи, улар ҳам биз каби номукаммал бўлса-да, уларнинг меҳри ва ғамхўрлиги учун жудаям миннатдормиз (Иброн. 13:7, 17).
21. Нега Худонинг Ўғлига бўйсунишимиз зарур?
21 Яқин келажакда Ҳазрати Исо Шайтоннинг ёвуз дунёсига қарши чиқади. Ўшанда, ҳаётимиз Исонинг қўлида бўлади. Негаки башорат қилинган улкан оломонни «оби ҳаёт булоқларига олиб боришга» уни айнан Худо тайинлаган (Ваҳ. 7:9, 16, 17). Келинг, бундан буён ҳам Яҳованинг руҳи бошқараётган Шоҳга тайёрлик ва миннатдорлик ила бўйсунайлик!
[Изоҳлар]
a Ишаё 42:1: «Эгам айтар: “Мана Менинг қулим, Ўзим уни қўллаб-қувватлайман. Мен Ўзим уни танлаганман. Ундан жуда мамнунман. Мен унга Ўз руҳимни бердим, У элатларга адолат келтиради”».
b Ишаё 11:4: «У солиҳлик ила бечорани ҳукм қилади, тўғрилик ила ер юзи мазлумларини ажрим қилади. Бир оғиз сўзи билан золимни жазолайди, нафаси ила фосиқни ўлдиради».
Нимани билиб олдингиз...
[17- саҳифадаги расм]
Яирнинг қизини тирилтирганда, Исо раҳмдил эканини намоён этган
[18- саҳифадаги расмлар]
Ҳазрати Исо тарихдаги кенг кўламли воизлик ишини бошқариб келмоқда