ХУДОГА ЯҚИНЛАШИНГЛАР
«Қайси амр энг муҳим ҳисобланади?»
Аллоҳни қандай рози қилса бўлади? У биздан кўп нарсани талаб қиладими? Минг қатла шукурки, кўп эмас. Худонинг азизи бўлмиш Исо алайҳиссаломнинг айтганига биноан, Худо биздан талаб қилаётган нарсани битта сўз билан ифодаласа бўлади (Марк 12:28–31- оятларни ўқинг).
Авваламбор, Исо пайғамбар ушбу сўзларни қандай вазиятда айтганига эътибор қаратайлик. Бу сўзларни у ўлимидан бир неча кун олдин, яъни 11- нисонда, маъбадда таълим бераётганида айтган. Ўшанда унинг душманлари ундан бирон-бир айб топиш ниятида унга мунозарали саволлар беришганди. Улар ҳар сафар унинг жавобларига лом-мим дея олишмасди. Ўшанда улар Исодан: «Қайси амр энг муҳим ҳисобланади?» — деб сўрашган (28- оят).
Бу мураккаб савол бўлган. Баъзи яҳудийлар Тавротдаги 600 та қонундан қайси бири энг муҳим ҳисобланганлиги тўғрисида баҳслашишган. Бошқалар эса барча қонунлар муҳим ва бир қонунни бошқасидан устун қўйиш нотўғри бўлади, деб баҳслашишганга ўхшайди. Лекин Исо бу саволга қандай жавоб берган экан?
Бунга жавобан Исо битта эмас иккита амрни айтган. Энг муҳим амр: «Тангринг Яҳовани бутун қалбинг, бутун жонинг, бутун онгинг ва бутун қувватинг билан сев»,— деди у (30- оят; Қонунлар 6:5). Гарчи Исо қалб, жон, онг ва қувватни алоҳида айтган бўлса-да, уларни бир-бири билан боғлаб, ҳар бир сўз инсоннинг ички дунёсига тааллуқли эканини таъкидлаб ўтган. Бу билан Исо тўла-тўкис жавоб бериб, Худога бўлган севги бутун инсонни, яъни унинг барча қобилиятларини, кучини ва моддий нарсаларини ўз ичига олишини кўрсатган. Бир китобда: «Худони бутунлайин севиш керак»,— деб ёзилган. Агар сиз шундай тарзда Аллоҳни севсангиз, Уни ҳар куни рози қилиш учун астойдил ҳаракат қиласиз (1 Юҳанно 5:3).
Иккинчиси эса: «Яқинингни ўзингни севгандай сев»,— деди Исо (31- оят; Левилар 19:18). Аллоҳга ва яқинга бўлган севги бир-бирига боғлиқдир. Иккинчи амр, биринчи амрнинг натижасидир (1 Юҳанно 4:20, 21). Агар биз яқинларимизни ўзимизни севгандек севсак, улар бизга қандай муносабатда бўлишларини хоҳласак, уларга ҳам шундай муносабатда бўламиз (Матто 7:12). Шу йўсинда, биз Худони севишимизни кўрсатамиз, чунки У ҳам бизни, ҳам уларни «Ўз суратидай» яратган (Ибтидо 1:26).
Аллоҳ Яҳова биздан талаб қилаётган нарсани битта сўз билан ифодаласа бўлади, бу ҳам бўлса севгидир
Хўш, Тангрини ва яқинни севиш қонуни қанчалик муҳим? Ҳазрати Исонинг сўзларига кўра, «бу амрлардан муҳимроқ амр йўқ» (31- оят). Таққос оятларда ҳам Исо Таврот қонуни ушбу иккита амрга асосланганлигини айтган (Матто 22:40).
Демак, Худони рози қилиш қийин эмас экан-да. У биздан талаб қилаётган нарсани битта сўз билан ифодаласа бўлади, бу ҳам бўлса севгидир. Тангри Ўз хизматчиларидан Уни севишни доимо талаб қилган ва талаб қилади. Аммо севги фақат сўзлар ёки ҳис-туйғуларни англатмайди, уни амалда кўрсатиш керак (1 Юҳанно 3:18). Шундай экан, сиз севги бўлмиш Аллоҳ Яҳовага нисбатан севгингизни қандай ривожлантиришингиз ва кўрсатишингиз мумкин? (1 Юҳанно 4:8).