Марк баён этган хушхабар
9 Бундан ташқари, Исо уларга: «Ишонаверинг, бу ерда турганлардан баъзилар, Худонинг Шоҳлиги катта қудрат билан келганини кўрмагунча ўлмайди»+,— деди. 2 Олти кундан кейин, Исо Бутрусни ва Ёқуб билан Юҳаннони баланд тоққа олиб чиқди. У ерда Исо уларнинг олдида қиёфасини ўзгартирди+. 3 Унинг устки кийими шунчалик оппоқ бўлиб ярқирар эдики, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи бундай оқартира олмасди. 4 Шунингдек, шогирдларнинг олдида Мусо ва Илёс пайғамбарлар пайдо бўлиб, улар Исо билан суҳбатлашаётган эди. 5 Шунда Бутрус Исога: «Устоз*, бу ерга келганимиз жуда яхши бўлди. Келинг, учта чодир қуриб берайлик. Бири сиз учун, бири Мусо ва яна бири Илёс пайғамбар учун бўлади»,— деди. 6 Аслида уларни қаттиқ ваҳима босгани учун, Бутрус нима дейишни билмай шу гапларни айтди. 7 Кейин уларни булут қоплади-да, булут ичидан: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир+. Унга қулоқ солинглар»+,— деган овоз+ янгради. 8 Бирданига шогирдлар атрофга қараб, уларнинг олдида Исодан ташқари ҳеч ким йўқлигини кўришди.
9 Улар тоғдан тушиб келишаётганда, Исо шогирдларига Инсон Ўғли тирилмагунча+, кўрганларини ҳеч кимга айтмасликни қатъий буюрди+. 10 Улар бу сўзларни юрагига яқин олишди*, лекин унинг тирилиши нимани англатиши мумкинлигини ўзаро муҳокама қилишди. 11 Шунинг учун шогирдлар Исодан сўрашди: «Нега уламолар, биринчи Илёс пайғамбар+ келиши керак дейишади?»+ 12 Исо уларга шундай жавоб берди: «Тўғри, Илёс пайғамбар биринчи бўлиб келади ва ҳамма нарсани тиклайди+. Лекин Инсон Ўғли кўп азоб чекиб+, рад этилиши керак+, деб нима учун ёзилган? 13 Сизларга айтиб қўяй, Илёс пайғамбар+ келган эди. Аммо у ҳақида ёзилганидек, одамлар у билан ўзлари хоҳлагандай муомала қилишди»+.
14 Улар бошқа шогирдларнинг олдига келишганда, атрофларида кўп одамларни ва улар билан баҳслашаётган уламоларни кўришди+. 15 Бутун халойиқ Исони кўргач, ҳайрон қолиб уни қаршилаш учун олдига югуриб борди. 16 Шунда Исо: «Улар билан нима ҳақда баҳслашяпсизлар?» — деб сўради. 17 Халойиқдан бир киши унга жавобан деди: «Устоз, олдингизга ўғлимни олиб келдим, чунки унинг ичига одамни соқов қиладиган жин кириб олган+. 18 Уни қаерда ушлаб олмасин, дарров ерга йиқитади. Кейин ўғлим оғзидан кўпик чиқариб, тишларини ғижирлатади ва ҳолдан тойиб қолади. Шогирдларингиздан жинни қувиб чиқаришни илтимос қилгандим, лекин улар эплай олишмади». 19 Исо уларга: «Эй имонсиз насл+, қачонгача сизлар билан бўлишим керак? Яна қанча сизларга чидашим керак? Болани олдимга олиб келинг»+,— деди. 20 Болани Исонинг олдига олиб келишганида, жин Исони кўргач, дарҳол болани тутқаноққа солди. Шунда бола ерга йиқилиб, оғзидан кўпик чиқарганча ағнаб ётаверди. 21 Кейин Исо боланинг отасидан: «Қачондан бери у бундай аҳволда?» — деб сўради. Отаси унга шундай деди: «Болалигидан бундай аҳволда. 22 Жин уни ўлдириш учун кўпинча оловга, шунингдек сувга ташлайди. Агар қўлингиздан келса, илтимос, бизга раҳм кўрсатиб, боламга ёрдам беринг». 23 Исо унга: «“Қўлингиздан келса” деяпсизми? Имонли кишининг қўлидан ҳамма нарса келади»+,— деди. 24 Шу заҳоти боланинг отаси баланд овозда: «Мен ишонаман! Агар имоним суст бўлса, менга ёрдам беринг!»+ — деди.
25 Исо уларнинг ёнига тўда-тўда одамлар югуриб келаётганини пайқаб, ёвуз руҳга дўқ уриб деди: «Эй, одамни соқов ва кар қиладиган жин, сенга буюраман: ундан чиқиб, бошқа кирма»+. 26 Жин бақириб, болани тутқаноққа солди-да, ичидан чиқиб кетди. Бола эса ўликка ўхшаб қолгани сабабли, кўпчилик: «У ўлди!» — дерди. 27 Лекин Исо болани қўлидан ушлаб, кўтарди ва у оёққа турди. 28 Улар уйга кирганда, шогирдлар ҳеч кимга эшиттирмай Исодан: «Нега биз жинни қувиб чиқара олмадик?» — деб сўрашди+. 29 Исо уларга: «Бу тоифа жинларни фақат ибодат билан қувиб чиқарса бўлади»,— деди.
30 Ўша ердан чиқиб, улар Жалила орқали боришди. Бироқ Исо бу ҳақда кимдир билиб қолишини хоҳламасди. 31 Сабаби, у шогирдларига таълим бериб: «Инсон Ўғли душманларининг қўлига тутиб берилади ва улар уни ўлдиришади+. Гарчи у ўлса ҳам, уч кундан кейин тирилади»+,— деб айтарди. 32 Аммо шогирдлар Исонинг сўзларини тушунишмасди, унга савол беришдан эса қўрқишарди.
33 Улар Кафарнаҳумга келишди. Исо уйда бўлганида, шогирдларидан: «Йўл-йўлакай нима тўғрисида баҳслашдингиз?»+ — деб сўради. 34 Улар индашмади, чунки йўлда ораларида ким буюк экани тўғрисида баҳслашишганди. 35 Шунда Исо ўтириб, олдига 12 шогирдини чақиртирди-да: «Ким биринчи бўлишни истаса, ҳаммадан охирги бўлиб, барчанинг хизматкори бўлиши керак»+,— деди. 36 Сўнг Исо кичкина болани олиб, ўрталарига қўйди-да, уни қучоқлаб шогирдларига: 37 «Кимки шундай жажжи болалардан+ бирини менинг номимдан қабул қилса, мени ҳам қабул қилган бўлади. Мени қабул қилган эса, нафақат мени, балки мени Юборганни ҳам қабул қилган бўлади»+,— деб айтди.
38 Шунда Юҳанно Исога деди: «Устоз, сизнинг исмингиз билан жинларни қувиб чиқараётган бир одамни кўрдик. Биз билан бирга юрмагани учун, унга тўсқинлик қилмоқчи бўлдик»+. 39 Аммо Исо қуйидагича деди: «Унга тўсқинлик қилманглар, ахир ким менинг номим билан қудратли ишларни бажарса, бундан кейин дарров мени ёмонлай олмайди. 40 Ахир ким бизга қарши бўлмаса, у биз томонда+. 41 Шунингдек, Масиҳнинг издоши бўлганингиз учун сизларга бир пиёла сув берган киши+, ишонаверинг, мукофотсиз қолмайди+. 42 Аммо менга ишонган бу кичикларнинг бирини ким имондан қайтарса*, бўйнига катта тегирмон тошини* осиб, денгизнинг чуқур жойида чўктириб юборишлари у учун яхшироқ бўлади+.
43 Агар қўлингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса*, уни чопиб ташланг. Икки қўл билан жаҳаннамга*, сўнмас оташга ташлангандан кўра, майиб бўлиб ҳаётга эришганингиз афзалроқ+. 44 * —— 45 Агар оёғингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса*, уни чопиб ташланг. Икки оёқ билан жаҳаннамга ташлангандан кўра, чўлоқ бўлиб ҳаётга эришганингиз афзалроқ+. 46 * —— 47 Шунингдек, агар кўзингиз гуноҳ қилишингизга сабаб бўлса*, уни ўйиб ташланг+. Икки кўзингиз билан жаҳаннамга ташлангандан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганингиз яхшироқ+. 48 У ерда қурт ҳам ўлмайди, олов ҳам ўчмайди+.
49 Чунки ҳар бир киши олов билан тузланиши керак+. 50 Туз яхши нарса, лекин у ўз кучини йўқотса, уни яна қандай шўр қилиш мумкин?+ Шундай экан, ичингизда туз бўлсин+ ва ўзаро тинч-тотув яшанглар»+.